Бир вақтнинг ўзида айтилган «уч талоқ»нинг ШАРЪИЙ ҲУКМИ

Мақолани .pdf форматда юклаб олиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Ўзбек халқи орасида никоҳ риштасининг уч талоқ билан бузилиши оила аъзолари учун уятли айб ва ор саналиши ҳеч кимга сир эмас. Халқимизнинг диний илмлардан хабари йўқ, фиқҳий тушунчалари мукаммал шаклланмаган қуйи қатлами орасида ҳам мабодо “фалончи аёлини уч талоқ қилибди”, деган гап бўлиб қолса, бу катта бир оилавий мусибат сифатида қабул қилиниб келган. Чунки, уч талоқ билан мусулмон оиласининг дарз кетиши турган гап, қайта тикланмас бўлиши турган гап. Магар, бошқа эрга тегиб чиқиш билангина ўз ҳолига қайтиши мумкин бўлган оғир ҳолатдир! Бу борада дин йўлида ғамхўр уламоларимиз тарафларидан такрор-такрор уқтириб келинган, қолаверса, бобо ва момоларимизнинг оилавий муносабатларга доир панд-насиҳатларида бу масаланинг ўрни катта бўлган.

bir-vaqtning-uzida-aytilgan-uch-taloq-hukmiКейинги даврларда мингдан-минг таассуфки, халқимиз орасида уч талоқ масаласида аждодларимиз таълимотига хилоф фикрлар кун-сайин ортиб бормоқда. Бу масалада уммат пешқадамларига хилоф тарзда чиқарилган фатволарни атрофга ёюувчилар учраб турибди. Уларнинг бу ҳаракатлари, фарзандларига “уч талоқ”, деган сўзни тилга олмасликни уқтириб, панд-насиҳат қилишда ҳоримай келаётган эътиқоди соғлом ҳалқимизнинг фикрларини чалғитмоқда, одамлар орасида икки хил фикр пайдо қилиб, келишмовчилик ва ихтилофларга сабаб бўлмоқда. Ундан ҳам ёмони—айрим оилаларда “уч талоқ ҳам бир талоққа ўтар экан-ку”, деган пуч хулосага таяниб, Аллоҳнинг ғазабини келтириб, Аршни ларзага солгудек сўзлар билан, қўрқмасдан аёлини “уч талоқ” қилиш ва қайта никоҳлатиб олиш ҳолатлари оддий-табиий ҳолга айланиб бормоқда.

Ўғлининг аёлига уч талоқ берганидан ота-оналар изтиробга тушиб турганда, фарзандлар парвойи фалак, кимларгадир бориб никоҳни янгилатиб олмоқда. Ана шу муаммолар бартараф бўлар, деган хайрли ният ила, аҳли суннат—салафи солиҳлар ва тўрт мазҳаб уламоларининг фиқҳий таълимоти асосида уч талоқ масаласини пухта ўрганишга ҳаракат қилинди. Тақдим қилинмиш мақолани таёрлаш жараёнида манбалардан кенг фойдаланилди ва мавзуга доир маълумотларни имкон қадар батафсил берилди. Мухолифларнинг ҳам далиллари, таҳлиллари чуқур ва атрофлича ўрганилди, хосил бўлган якуний хулосани ҳукмингизга ҳавола этилди. Мақолани холислик билан ўқиб чиққан ҳар кимсада икки томондан қайси бирининг сўзи қувватли ва ҳақ экани ойдек равшан бўлади деб умид қиламиз.

САҲОБАЛАР ИЖМОЪСИ ВА КЕЙИНГИ МУХОЛИФЛАР

Изланишлар натижасида маълум бўлдики, бир вақтда айтилган “уч талоқ” масаласида яъни ўз хотинини: “cени уч талоқ қилдим!”, “cен уч талоқсан!”, “хотинимни уч талоқ қилдим!”, “хотиним уч талоқ бўлсин!”, бир вақтнинг ўзида бўлиб-бўлиб “сени талоқ қилдим, талоқ қилдим, талоқ қилдим!”, ёки “Сен талоқсан, сен талоқсан, сен талоқсан!” каби гаплар билан хотинини бирданига уч талоқ қилишнинг ҳукмида Ислом умматининг бугунги ҳоли — уч хил фиқҳий қараш билан уч гуруҳга ажралган:

Биринчи гуруҳ:

Жумҳур саҳобалар, тобеъинлар, тўрт фиқҳий машҳур мазҳаб—ҳанафийлик, моликийлик, шофеъийлик ва ҳанбалийлик йўналиши вакилларининг барчаси, аҳли ҳадислар, салаф ва халафдан иборат катта жамоат ва унга эргашувчилар биринчи гуруҳга мансуб бўлиб, улар “бир вақтда айтилган уч талоқ учта талоққа ўтади”, деган фикр тарафдорларидир!

Аслида, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврида саҳобалар ижмоъси ила бир лафзда айтилган «уч талоқ» уч талоққа ўтади, деб қарор қилинган. Бу ҳукмни ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу эълон қилганидан сўнг, авом-у хосдан иборат саҳобаларнинг ҳаммаси бу қарорга рози бўлган, бош устига қабул қилган, ҳеч ким эътироз билдирмаган, мухолиф ҳам бўлмаган ва шу билан саҳобаларнинг ижмоъси собит бўлган.

Ислом оламида аҳли суннат ва жамоат номи билан танилган тўрт фиқҳий мазҳаб мужтаҳидларининг қарори ҳам, саҳобаи киромлардан иборат кенгаш иттифоқига мувофиқ бўлган. Шунингдек, тобеин ва табаа тобеинлар даврида бироз шаклланиб кейинчалик ривож топмай инқирозга учраган, Суфён ас-Саврий раҳматуллоҳи алайҳ, Авзоъий раҳматуллоҳи алайҳларнинг мазҳаблари каби бошқа фиқҳий йўналишларда ҳам “бирданига айтилган уч талоқ, бир талоққа ўтади”, деган иддао бўлган эмас!

Тарихда “аҳли ҳадислар” деб танилган ҳадисшунослардан, шунингдек, Ислом фиқҳида ўз шахсий қарашларига эга бўлган, илмий савия ва салоҳиятидан келиб чиқиб, ҳақли равишда ўз ижтиҳоди ила амал қилиб ўтган Абу Савр раҳматуллоҳи алайҳ, Ҳасан ал-Басрий раҳматуллоҳи алайҳ каби мустақил фақиҳларнинг бирортасидан ҳам, “бирданига уч талоқ қилинган аёлни бошқа эрга тегмасидан қайта никоҳлаб олса бўлаверади”, деган қавл асло нақл қилинган эмас.

Тарихда ижмоъ ва ихтилоф масалаларини жамлаб, кейинги умматга етказишда салмоқли ишларни амалга оширган олимлардан Абу Бакр ибн ал-Мунзир раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «АЛ-ИЖМОЪ» номли тўпламида эр хотинини бир лафзда биттадан ортиқ талоқ қилса, биттадан ортиқ талоқ воқе бўлиши ҳақидаги ижмоъий масалани бир эмас, икки хил кўринишда, 445-464 рақамлар билан қайдлаб келтирган. 445-рақамли масалада шундай дейилади: «Эр хотинини учтадан кўп талоқ қилса, хотин эридан учта талоқ билан ажрайди ва эрига ҳаром бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, «минг талоқсан», деган эрнинг никоҳи уч талоқ билан бузилади, қолган 997 таси беҳуда бўлади. 464-рақамли масалада эса, қуйидагича келтирилган: «Сен уч талоқсан, шундан уч талоқ мустасно» деса, бу ҳолда дарҳол уч талоқ юз беради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар». Кўриниб турганидек, икки масалада ҳам, муаллиф бирданига айтилган «уч талоқ» учта талоққа ҳисобланиши ҳақида умматнинг иттифоқий қарори борлигини нақл қилмоқда.

Таниқли тарихчи, ҳадисшунос олим Ибн Абдулбар раҳматуллоҳи алайҳ ҳам бу ҳақдаги ижмоъни қуйидагича нақл қилади: «Бир лафзда айтилган «уч талоқ» сўзи билан бир эмас, айнан уч талоқ воқе бўлади, аёлга қовушганми ёки йўқ, бундан қатъий назар уч талоқ юз беради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар». Ибн Абдулбар раҳматуллоҳи алайҳнинг нақл қилган ижмоъларини жамлаб, тартибловчи Фуад ибн Абдулазиз ва Абдулваҳҳоб ибн Зофирлар бу масалани 558-рақам билан қайдга олишган.

Ҳанафий олимларидан мавлоно мулла Али ал-Қори ҳазратлари “Мирқоту-л-мафотиҳ” 6/жуз 400-401/бетларда, саҳобаларнинг уч талоқ сўзи билан учта талоқ юз бериши ҳақидаги фатволарини қатор санаб ўтади ва айтадики: “Бу хабарларнинг зоҳирига қараб хулоса айтсак, масала ижмоъийдир!”.

Ҳижрий олтинчи асрда яшаб ижод қилган ҳанбалий мазҳаби олимларидан Вазийр ибн Ҳубайра раҳматуллоҳи алайҳ ҳам “Ижмоъ ул-аимматил-арбаъа ва ихтилафуҳум” номли тўпламида бу масалани 1852 рақми билан қайдлаб шундай ёзади: “Эр ғайри мадхулага: сен учта талоқсан деса, учта талоқ бўлади”.

Ҳижрий саккизинчи асрда яшаб ўтган Шофеъий мазҳабига мансуб Ибн Абдурраҳмон Димашқий Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ ҳам, ўзининг “Роҳмату-л-умма фи ихтилофи-л-аимма” номли асарида, ҳайз ҳолидаги аёлни талоқ қилиш ҳаром ва у билан талоқ юз бериши, шунингдек, бирданига айтилган уч талоқ билан аёл эрига ҳаром бўлади ва асосийси айтилганича адад воқеъ бўлади, деган мазмундаги масаланинг ижмоъий эканини билдирган. (Роҳмату-л-умма фи ихтилофи-л-аимма. 207/бет.)

Ҳанафий фиқҳида битилган машҳур асар “Эълоус-сунан”да ёзилишича, Умар розияллоҳу анҳу бошлиқ саҳобалар кенгашида бирданига айтилган “уч талоқ” учта талоққа ўтади деб қарор қилингач, бу ҳукмга ижмоъ қилинган. Баъзилардан ижмоъ қарорига хилоф гаплар эшитилгани рост. Бунинг сабаби шуки улар “уч талоқ бир талоққа ўтади”, деган ҳукмнинг бекор қилинганидан хабар топишмаган эди. Шу туфайли улардан кенгаш қарорига хилоф фикрлар ривоят қилинган бўлиши мумкин. (Элоус-сунан. 11/144).

Аллома Олусий ҳазратлари «Руҳ ал-маъоний» да шундай дейди: «Саҳоба ва тобеъинлардан иборат жумҳури уламо, улардан кейинги имомлар, шу қаторда тўрт мазҳаб асосчилари ҳам, бир лафзда айтилган «уч талоқ» билан учта талоқ воқе бўлади, деган фикрда бўлганлар. Ҳатто Ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ бунга саҳобаларнинг сукутий ижмоъси борлигини зикр қилган. (Фатҳул-қадир. 3/жуз. 26 /бет.) Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Ҳурайра, Усмон ибн Аффон, Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос розияллоҳу анҳум каби мужтаҳид саҳобаларларнинг аксари бу ҳақда очиқ-ойдин фатво берганлари ҳам нақл қилинган». (Руҳ ал-маъоний. Тағобун – 17).

Аллома Зоҳид Кавсарий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: Абулвалид ал-Божий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Мунтақо”да айтади: “Ким бир лафз билан уч талоқ қилса, учта талоқ воқе бўлади. Фуқаҳолар жамоъаси шундай қарор қилган. Бунинг далили саҳобаларнинг ижмоъсидир. Бу ҳукм Абдуллоҳ ибн Умар, Имрон ибн Ҳасийн, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Ҳурайра ва Оиша онамиздан (улардан Аллоҳ рози бўлсин) ривоят қилинган. (Саҳобалар ичида бунга) мухолифлар бўлмаган” (Ал-ишфоқ ъала аҳкомит-талоқ. 33/бет).

Демак, Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳунинг эълонидан кейин мазкур масалада ижмоъ собит бўлиб, унинг атрофида баҳс-мунозара қилиш ва унга хилоф янгича фатволар чиқариш эшиклари қатъий ёпилган. Усулий олимларнинг таъкидлашича, ҳар қандай ҳукмга ижмоъ қилингач, унинг ортидан учта ҳукмга амал қилиш вожиб бўлади:

1-Далил устида баҳс қилиш тугатилади. Яъни, ижмоъга асос бўлган далил атрофида баҳслашиш, фикрлашиш, янгича фикрлар билан муҳокама қилиш мумкин эмас. Янги ҳукм чиқариш учун ижтиҳодий баҳс ва фикрлаш жоиз бўлмайди. Бу нарсаларга ижмоъ билан чек қўйилади;

2-Ҳурматул мухолафа. Яъни, санад асосида чиқарилган, аниқроғи, Қуръон ва ҳадисдан далили бўлган ижмоъга мухолафат қилиш қатъий ҳаром бўлади;

3-Ижмоъ билан чиқарилган ҳукм қатъийга айланади ва уни қабул қилиш вожиб бўлади; мана шу қоида—аҳли сунна жамоъасининг қоидасидир. Унга амал қилмаган ва ижмоъий ҳукмларни ўзгартириб, хилоф фатво чиқарганлар ўз-ўзидан аҳли сунна жамоъасидан четга чиқади. Суннат йўлидан бидъат сўқмоқлари томон ажралади.

Иккинчи гуруҳ

Иккинчи гуруҳ Рофизий ва Шиалардан иборат бўлиб, улар: “Бир вақтда айтилган уч талоқ билан ҳеч қандай талоқ юз бермайди, никоҳ бузилмайди. Хоҳ “сен уч талоқсан!”, деб жамлаб айтсин, ёки бўлиб-бўлиб “сен талоқсан, сен талоқ сан, сен талоқсан!”, десин булар аҳамиятсиздир”, деган фикрни ёқлайдилар.

Ҳанафий олимлари ичида «уламолар подшоҳи», деб танилган, ҳамюртимиз Аллома Алоуддин Косонийнинг айтишича, уч талоқ масаласида ижмоъ собит бўлгач, аҳли суннадан ҳеч ким унга қарши чиққан эмас. Магар, (Шиалардан) Имомийялар аҳли суннага қўшилмаганлар. Улар бирданига уч талоқ қилишнинг бидъат ва ҳаромлигига суяниб, бу сўз билан ҳеч қандай талоқ воқе бўлмайди, никоҳ бузилмайди, деганлар (Бадойе, 4-ж. 206-бет).

Учинчи гуруҳ

Учинчи гуруҳда айрим зоҳирийлар, салафийлик асосчиси Аҳмад ибн Таймия ва унинг яқин талабаси Ибн Қаййим ал-Жавзий ва уларнинг издошларидан иборат мусулмонлар бўлиб, улар “Бир вақтда айтилган уч талоқ битта ражъий талоққа ўтади. Хоҳ “сен уч талоқсан!”, деб жамлаб айтсин, ёки бўлиб-бўлиб “сен талоқсан, сен талоқсан, сен талоқсан!”, десин бари бир хил, фақат битта талоқ тушади”, деган фикрни олға сурадилар.

Ҳанбалий мазҳабининг кўзга кўринган йирик олимларидан ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳнинг келтиришича, “Ато (ибн Абу Рабоҳ), Товус, Саъийд ибн Жубайр, Абу Шаъса (Абу Шаъса Жобир ибн Зайд ал-Аздий), Амр ибн Динор раҳматуллоҳи алайҳлар эса, эрга тегиб ҳали эри билан қовушмаган ғайри мадхула хотин уч талоқ қилинса, бир талоққа ўтади, дер эдилар.” (Ал-Муғний. 10/жуз. 334/бет).

Аммо, Муҳаммад Тақий Усмонй ҳазратлари “Такмилату фатҳил мулҳим”да айтишича, Ато ибн Абу Рабоҳ ва Товус раҳматуллоҳи алайҳима икковларининг бу фикрда бўлганлиги ишончсиз заиф маълумот. Чунки, аллома Зоҳид Кавсарий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-ишфоқ ъала аҳкомит-талоқ” номли рисоласида, Ато ва Товус раҳматуллоҳи алайҳ икковларига алоқадор ушбу ривоятларни келтиради:

قال الحسين ابن علي الكرابسي فى ادب القضاء: اخبرنا علي ابن عبد الله (و هو ابن المدينى) عن عبد الرزاق عن معمر عن ابن طاوس عن طاوس انه قال من حدثك عن طاوس انه كان يروى الطلاق الثلاث واحدة، كذبه

Ҳусайн ибн Али ал-Каробисий “Адабу-л-қазо”да айтди: бизга Али ибн Абдуллоҳ Абдураззоқдан хабар берди, у киши Муъаммардан, у киши ибн Товусдан, у киши Товусдан, Товус айтдики: “Кимки сенга “Товус уч талоқ биттага ўтади, деб ривоят қиларди”, деб айтса, уни ёлғончига чиқар!” (Ишфоқ ъала аҳкомит-талоқ. 32/бет).

و روى ابن جريج، قال: قلت لعطاء اسمعت ابن عباس يقول طلاق البكر الثلث واحدة؟ قال: لا، بلغنى ذلك عنه، و عطاء اعلم الناس بابن عباس

Ибн Журайж раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилиб айтди: Атодан сўрадим, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг “Бокира қизга айтилган уч талоқ биттага ўтади”, деганини эшитганмисиз? У киши: “Йўқ. У (Ибн Аббос)дан менга шундай гап етиб келган”, деб жавоб берди. Ато ибн Абу Рабоҳ Ибн Аббосни бошқалардан яхши биларди. (Ишфоқ ъала аҳкомит-талоқ. 32/бет.) Демак, ибн Аббос бокирага айтилган уч талоқ учта талоққа ўтади, деган фикрда бўлган эканлар.

ЖУМҲУРНИНГ ДАЛИЛЛАРИ

Мужтаҳидлар кенгаши тарафидан бирон ҳукм бировоздан қабул қилинар экан, албатта, унинг кучли суянчиғи, манбаси бўлади. Бирданига айтилган “уч талоқ” лафзи билан учта талоқ воқе бўлади, деб ижмоъ қилган олимларнинг далиллари қуйидагича бўлган:

Биринчи далил китоб — Қуръони каримдан:

يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ إِذَا طَلَّقْتُمُ النِّسَاءَ فَطَلِّقُوهُنَّ لِعِدَّتِهِنَّ وَأَحْصُوا الْعِدَّةَ وَاتَّقُوا اللَّهَ رَبَّكُمْ لا تُخْرِجُوهُنَّ مِنْ بُيُوتِهِنَّ وَلا يَخْرُجْنَ إِلَّا أَنْ يَأْتِينَ بِفَاحِشَةٍ مُبَيِّنَةٍ وَتِلْكَ حُدُودُ اللَّهِ وَمَنْ يَتَعَدَّ حُدُودَ اللَّهِ فَقَدْ ظَلَمَ نَفْسَهُ لا تَدْرِي لَعَلَّ اللَّهَ يُحْدِثُ بَعْدَ ذَلِكَ أَمْراً

“Эй Пайғамбар! Агар аёлларни талоқ қилсангиз, идда учун (покликда қовушмасдан) талоқ қилинг ва иддани ҳисобланг ва Роббингиз Аллоҳга тақво қилинг. Уларни уйларидан чиқарманглар ва ўзларича ҳам чиқмасинлар, магар, очиқ-ойдин фаҳш иш қилишган бўлса (чиқарилиб юборилади). Ана шу (айтилганлар) Аллоҳнинг чегаралари (қонунлари)дир. Ким Аллоҳнинг чегараларидан чиқса, (қонунларини бузса) бас, ҳақиқатан ўзига зулм (жабр) қилибди. Сиз билмайсиз, шоядки Аллоҳ ундан кейин бирор ишни пайдо қилар”. (Талоқ сураси, 1).

Яъни, “Эй Пайғамбар! Агар аёлларни талоқ қилсангиз, идда ўтиришлари енгилроқ бўлиши учун поклик вақтларида улар билан қовушмасдан талоқ қилинг”. Шу ояти каримага асосан, талоқ қўйишда шаръий қонун шуки аёлларнинг идда сақлашларида осонлик бўлсин, идда вақти чўзилиб кетмасин учун, уларнинг пок вақтида яқинлик қилмаган ҳолда битта талоқ қилишлик керак.

“ва иддани ҳисобланг ва Роббингиз Аллоҳга тақво қилинг”. Ояти кариманинг бу бандига асосан, агар эрлар биттадан ортиқ талоқ қилмоқчи бўлишса, аёлларнинг иддасини санаб, ҳисоблаб, ҳар ҳайздан пок бўлганда биттадан талоқ қилади. Талоқдан кейин қайтиб никоҳлаб олиб, пок бўлгач қовушмасдан яна битта талоқ қилади ва шу тариқа учтага етказади. Бу уч талоқ қилмоқчи бўлганлар учун шаръий қонундир.

Энди, ким агар шу қонунни бузса, масалан: ҳайз вақтида талоқ қилса, ёки учта талоқни орасида қайтиб никоҳламасдан уч марта талоқ қилса, ёки бир лафзнинг ўзидаёқ “сени уч талоқ қилдим!”, деганга ўхшаш сўз билан уч талоқ қилса, у инсон Аллоҳга тақво қилмапти ва ўзига зулм қилибди. Шундан келиб чиқиб айтиш жоизки, унинг бу иши ҳаром, бу билан эрга унинг хотини буткул ҳаром бўлади, илло бошқа эрга тегиб чиққач ҳалол бўлади.

Иккинчи далил суннатдан

Етти иқлимга донғи кетган бобомиз Имом Бухорий ҳазратларининг саҳиҳ тўпламида “باب من اجاز طلاق الثلاث”, яъни, “Уч талоқни учтага ўтади, деганлар ҳақидаги боб”, деб номланган бўлим бор. У киши мазкур бобда мавзуга доир учта ишончли ҳадис келтирганлар. Ундан биттаси жуда кўп аҳли илмларга машҳур, Рифоъа ал-Қурозийнинг хотинига айтилган “усайла ҳадиси” ҳисобланади. Иккитаси эса қуйида тақдим этилмиш икки хабардир:

Биринчи ҳадис:

Саҳобалардан Уваймир ал-Ижлоний розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига келади, Расулуллоҳ жанобларининг ҳузурида кўп инсонлар бор эди. Шунда ул зоти шарифдан хотинини бегона эркак билан ушлаб олган эр шариат бўйича қандай чора кўриши ҳақида сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу масалада Аллоҳнинг ҳукми нозил бўлганини айтиб, унга хотинини олиб келишни амр қилади. Воқеага гувоҳ бўлганлардан Саҳл розияллоҳу анҳу айтади:

فتلاعنا و انا مع الناس عند رسول الله صلي الله عليه و سلم، فلما فرغا قال عويمر: كذبت عليها يا رسول الله، إن امسكتها، فطلقها ثلاثا قبل ان يأمره رسول الله صلي الله عليه و سلم

Уваймир хотини билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдида мулоъана қилди, яъни бир-бирларини шариат қонунига кўра лаънатладилар. Одамлар орасида мен ҳам бор эдим. Мулоъанадан фориғ бўлишгач, Уваймир: “Мен унга ёлғондан айтгандим, энди уни сақлаб қолсам, (унга зулм қилган бўламан)”, деди-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга буюрмасдан олдин уч талоқ қилиб юборди. (Бухорий/5259).

Иккинчи ҳадис:

عن عائشة رضي الله عنها : أن رجلاً طلق امرأته ثلاثاَ فتزوجت فطلقت ، فسئل النبي صلى الله عليه وسلم أتحل للأول؟ قال  لا ، حتى يذوق عسيلتها كما ذاق الأول

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилиндики, бир киши аёлини уч талоқ қилди. Аёл (бошқа эрга) тегди ва ундан ҳам талоқ қилиниб ажрашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда сўралди: биринчисига (қайта никоҳланиши) ҳалол бўладими? Ул зот жавоб бердилар: “Йўқ, (иккинчи эр) у аёлнинг усайласидан тотиб кўрмагунча, (ҳалол бўлмайди), худди биринчи эр тотиб кўргандек (тотиб кўриши керак, яъни жинсий яқинлик қилиши керак)” (Бухорий/5261).

Юқоридаги икки ҳадисни муҳаддислар султони имом Бухорий ўз саҳиҳ тўпламида “باب من اجاز طلاق الثلاث”яъни, “уч талоқни учтага ўтади, деганлар ҳақидаги боб”да келтириши шунга ишора қиладики, юқоридаги воқеъаларда бирданига бир вақтнинг ўзида учта талоқ қилинган ва бу ривоятлар “уч талоқ сўзи учта талоққа ўтади”, дегувчиларни қўллаб-қувватловчи далиллар бўла олади.

Уваймир ал-Ижлоний ҳадисининг шарҳида Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Уваймир хотинини уч талоқ қилишининг сабаби шуки, у киши лиъон билан хотини орасида буткул ҳаромлик собит бўлмайди, деб ўйлаган ва у хотиндан воз кечиш ва қайта бирга бўлмаслик ниятида бирданига уч талоқ қилган”. Демак, саҳобалар билганки, бирданига уч талоқ қилиш билан ҳам эр-хотин бир-бирига ҳаром бўлган. (Лузумут-талоқис-салоас дуфъатан бима ла йастатийъу-л-олиму дафъаҳ. 43/ бет. Мадина муфтиси Муҳаммад Хузарий).

Ҳанафий мазҳабида мўътабар манбалардан бири бўлмиш “Эълоус сунан”да ҳам, қуйидаги ҳадиси шарифни бир лафзда айтилган уч талоқ масаласига бағишланган бўлимнинг аввалида учратиш мумкин:

عن محمود ابن لبيد رضي الله عنه قال:اخبر رسول الله صلي الله عليه و سلم عن رجل طلق امرأته ثلاث تطليقات جميعا، فقام غضبانا ثم قال: «أيلعب بكتاب الله و انا بين اظهركم؟» حتى قام رجل و قال يا رسول الله الا اقتله؟

Маҳмуд ибн Лабид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хотинини учта талоқни жамлаб талоқ қилган киши ҳақида хабар берилди, бас, ул зот ғазабнок ҳолда ўрнидан турдилар ва айтдилар: “Мен олдиларингизда бўлсам-у, Аллоҳнинг китоби билан ўйнашиладими?!” Ҳатто бир киши ўрнидан турди ва: “Эй Расулуллоҳ, уни ўлдирайми?”, деб юборди (Имом Насаий).

Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳнинг келтиришича, Ҳофиз Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳадиснинг иснодини жаййид, деган. Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳнинг бу сўзини Имом Шавконий “Найлу-л-автор”да ҳам нақл қилган. Бу ҳадиси шариф аҳли сунна уламоларининг далиллари ичида энг сариҳ, мақсадга очиқ-ойдин далолат қилувчисидир.

Маҳмуд ибн Лабид розияллоҳу анҳу ўз даврининг олимларидан бўлиб, ҳижрий 96-йили вафот этган. Ибн Аббос ва Итбон ибн Молик розияллоҳу анҳумадан ривоятлар қилган. У кишини имом Бухорий ҳазратлари саҳобалар қаторига қўшганлар, ибн Абдулбар ҳам имом Бухорийнинг фикрини тасдиқлаган. (Али Қори. Мирқот).

Аллома Зоҳид Кавсарий “Ал-ишфоқ ъала аҳкомит-талоқ” номли рисоласида шундай ёзади: Бир вақтда айтилган “уч талоқ” билан учта талоқ юз беришига очиқ далилардан яна бири, Байҳақий, Тобароний ва бошқалар ривоят қилган қуйидаги хабардир: Иброҳим ибн Абдулаълодан у киши Сувайд ибн Ғафладан у айтди: Оиша бинти Фазл розияллоҳу анҳо Ҳасан ибн Али (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набиралари)нинг никоҳида эди. Қачонки, Али розияллоҳу анҳу қатл қилиниб, Ҳасан розияллоҳу анҳу халифалик курсисига ўтирганди, унинг аёли шодлигидан эрини қутлаб, табрик изҳор қилди. Бу эса эрига ёқмади ва унга: “Амирул мўминин қатл этилганидан шод бўлганингни ошкор қиляпсанми?!” — деди ва ортидан انت طالق ثلاثا “Сен уч талоқсан!”, деди. Кейин (маълум вақт ўтгач): “Агар мен бобом соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, ёки бобомдан отам ривоят қилган ушбу:

إذا طلق الرجل إمرأته ثلاثا عند الأقراء او طلقها ثلاثا مبهمة لم تحل له حتي تنكح زوجا غيره، لراجعتها

Яъни, “Агар киши аёлини уч покликда учта талоқ қилса, ёки ноаниқ қилиб, учта талоқ қилса, бошқа эрга тегиб чиқмагунча унга ҳалол бўлмайди”, деган сўзларини эшитмаганимда, аёлимни қайтиб олардим, деганлар. (Аллома Кавсарий бунинг иснодини саҳиҳдир, деган).

Ҳофиз ибн Ражаб Ҳанбалий ўзининг “Баёну мушкули-л-аҳодийс ал-варида фи аннат-талоқас-саласа ваҳида” номли рисоласида, юқоридаги ҳадисни келтириб, шуни қўшимча қилади: Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳунинг Абу Муса ал-Ашъарийга ёзган мактубида:

من قال: انت طالق ثلالثا، فهى ثلالث

Яъни, “Ким агар: сен уч талоқсан—деса, унинг хотини учта талоқ (билан узил-кесил ажрай)дир”. Абу Наъийм ривоят қилган (Ал-ишфоқ ъала аҳкомит-талоқ. 23/бет).

Таниқли Ҳанафий олими Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳу-л-қодир”да айтишича, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳодисасининг Ибн Абу Шайба ва Дорақутнийлар ривоят қилган кўринишида шундай сўзлар ҳам мавжуд:

قلت: يا رسول الله أرأيت لو طلقتها ثلاثا؟ فقال «إذا قد عصيت ربك و بانت منك إمرأتك»

Мен (Ибн Умар) сўрадим: “Эй Расулуллоҳ, нима дейсиз, агар уни уч талоқ қилсам? (унинг ҳукми нима?)”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: “У ҳолда Роббингга осий бўласан ва аёлинг сендан узил-кесил ажрайди”. (Фатҳул-қадир. 3/25-бет).

Абдурраззоқ раҳматуллоҳи алайҳ Уббода ибн Сомит розияллоҳу анҳуга иснод бериб айтади: Уббода ибн Сомитнинг отаси аёлини минг талоқ қилди. Уббода шошиб Расулуллоҳнинг олдига борди ва ул зотдан бунинг ҳукмини сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:

بانت بثلاث فى معصية الله تعالي و بقي تسع مأة و سبع و تسون عدوانا و ظلما، إن شاء عذبه الله و إن شاء غفره

“Аллоҳга осийлик билан уч талоқ бўлибди. Тўққиз юз тўқсон еттитаси ҳаддан ошиш ва зулм ўлароқ қолибди, Аллоҳ хоҳласа азоблайди, хоҳласа уни кечиради” (Фатҳу-л-қадир. 3/жуз.26/бет).

Саҳобаларнинг фатволаридан

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илм булоғидан сув ичиб баракотланган, бошқа саҳобалар ичида ўзларининг юқори илмий салоҳияти ва фатво беришга лаёқати билан машҳур бўлган бир қанча мужтаҳид саҳобаи киромлардан ҳам уч талоқ масаласида далил қидирганларга кучли суянчиқ бўла оладиган қавллар бисёр бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтириб ўтиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “АЛ-УММ”, деб номланган машҳур асарида саҳобаи киромларга мансуб қуйидаги хабарларни нақл қилади:

قال الشافعى: اخبرنا مالك عن ابن شهاب، عن محمد ابن عبد الرحمان ابن ثوبان، عن محمد ابن إياس ابن بكير، قال: طلق رجل إمرأته ثلاثا قبل انيدخل بها، ثم بدا له ان ينكحها فجاء يستفتي، فذهبت معه أسأل له، فسأل ابا هريرة و عبد الله إبن عمر رضي الله عنهما عن ذلك، فقالا: لا نري ان تنكحها حتي تنكح زوجا غيرك. قال: إنما كان طلاقي إياها واحدة، فقال إبن عباس رضي الله عنه: انك ارسلت من يدك ما كان لك من فضل

Яъни, имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айтди: бизга ибн Шиҳобдан Молик хабар берган, ибн Шиҳоб эса Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Савбондан, у киши Муҳаммад ибн Ийёс ибн Букайрдан, у киши айтдики: “Бир киши ҳали хотини билан (биринчи бора) қовушмай туриб, уни уч талоқ қилиб қўйибди, сўнгра, уни қайта никоҳлаб олишга қарор қилиб, бу ҳақда фатво сўраб келди, мен ҳам у билан (ўша масалани яхшилаб билиб оламан, деб) бирга кетдим. У Абу Ҳурайра ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳума икковларидан сўради. Шунда улар: “Сендан бошқа эрга тегиб чиқмас экан, уни қайта никоҳлай олмайсан, деймиз”, деб жавоб бердилар. У киши: “Уни талоқ қилганим битта (га ўтади)ку?!”, — деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Сен қўлингдаги Аллоҳнинг неъматини бой берибсан!”, деди.” (“Ал-Умм”, 6/2403).

قال الشافعى: اخبرنا مالك عن يحي ابن سعيد، عن بكير، عن نعمان ابن ابي عياش الانصاري، عن عطاء ابن يسار قال: جاء رجل يستفتي عبد الله ابن عمرو عن رجل طلق إمرأته ثلاثا قبل ان يمسها. قال عطاء: قلت: إنما طلاق البكر واحدة. فقال عبد الله ابن عمرو: غنما انت قاص الواحدة تبينها و ثلاث تحرمها حتى تنكح زوجا غيره

Имом Шофеъий айтди: бизга Яҳйо ибн Саъийддан Молик хабар берган, у киши Букайрдан, у киши Нўъмон ибн Абу Аййош ал-Ансорийдан, у киши Ато ибн Ясордан хабар қилган, Ато ибн Ясор айтди: бир киши Абдуллоҳ ибн Амрнинг олдига, хотини билан (биринчи бор) қовушмай туриб, уч талоқ қилиб юборган одам ҳақида фатво сўраб келди. Шунда мен (яъни, Ато ибн Ясор): “Бокира қиз хотинларнинг талоғи фақат битта (га ўтади)”, дедим. Шунда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу менга: “Сен фақат қиссагўйсан (яъни, тарихий қиссаларни биласан холос. Бу мавзуда жавоб беришга ярамайсан), бир талоқ хотинни эрдан боин билан ажратади, уч талоқ эса бошқа эрга тегиб чиқмагунча, буткул ҳаром қилади”, деди (Ал-Умм, 6/2404).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини жамлаб, илк бор ҳадис тўпламини китоб шаклида таълиф этган муаллиф, Мадина имоми, моликийлик мазҳабининг муассиси, буюк мужтаҳид ва муҳаддис — Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ машҳур “Ал-Муватто” асарида қуйидаги хабарларни нақл қилади:

عن مالك، انه بلغه ان رجلا قال لعبد الله ابن عباس: إني طلقت إمرأتي مائة تطليقة. فماذا ترى علي؟ فقال له ابن عباس: طلقت منك لثلاث. و سبع و تسعون إتخذت بها ايات الله هزوا

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилиндики, бир киши Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга:

— “мен хотинимни юз талоқ қилдим. Бунга нима дейсиз?” — деди.

— Ибн Аббос унга жавоб берди: “сендан уч талоқ билан ажрабди. Тўқсон еттитаси (нинг ҳукми шуки), у билан Аллоҳнинг оятларини ўйин қилибсан!” (Ал-Муватто. Талоқ бўлими/1).

عن مالك، انه بلغه ان رجلا قال لعبد الله ابن مسعود. فقال: إني طلقت إمرأتي ثماني تطليقات. فقال ابن مسود: فماذا قيل لك؟ قال: قيل لي إنها قد بانت مني. فقال ابن مسعود: قد صدقوا. من طلق كما امره الله فقد بين الله له. و من لبس على نفسه لبسا, جعلنا لبسه ملصقا به. لا تلبسوا على انفسكم و نتحمله عنكم. هو كما يقولون

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилиндики, бир киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга деди:

— Мен хотинимни саккиз талоқ қилдим.

— Ибн Масъуд сўради: “сенга қандай ҳукм қилинди?”.

— У киши айтди: “хотиним мендан боин билан ажралганини айтишди”.

— Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу деди: “Ҳақ гапни айтибдилар. Ким Аллоҳ амр қилганидек (таълим берганидек) талоқ қилмоқчи бўлса, бас унга Аллоҳ (талоқ қилиш йўлларини) батафсил баён қилиб қўйган. Ва кимки ўзига (Аллоҳ кўрсатгандан бошқа) либосни кийса, унга кийган нарсасини ёпиштириб қўямиз. (Аллоҳ кўрсатгандан бошқа) либосни танламанглар, биз уни сизлардан кўтариб ололмаймиз. У (айтилган сўз) улар айтгандек (ҳукмда) бўлади” (Ал-Муатто. Талоқ бўлими/2).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафидан юқори баҳоланган, Исломнинг илк уч асри ичида яшаб ижод қилган олимлардан Абу Бакр ибн ал-Мунзир (р.ҳ.) қуйидаги хабарларни келтирган:

عن مجاهد قال: كنت قاعدا عند ابن عباس فجاءه رجل فقال: إنه طلق إمرأته ثلاثا، فسكت حتى ظننا انه سيردها عليه، ثم رفع رأسه و قال: ينطلق احدكم فيركب الأحموقة، ثم يقول: يا ابن عباس، قال الله عز و جل: (يا ايها النبي إذا طلقتم النساء فطلقوهن من قبل عدتهن) و إنك لم تفعل. و قال: (و من يتق الله يجعل له مخرجا) و إنك لم تتق الله، و لا اجد لك مخرجا، و بانت منك إمرأتك

Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинди, у киши айтдилар: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдида бирга ўтирган эдим, бир киши келди ва (ҳукмини билиш ниятида) хотинини уч талоқ қилганини айтди. Ибн Аббос жим бўлиб қолдилар, ҳатто биз: “у кишига хотинини никоҳлаб олишини айтармикан”, — деб ўйлаб қолдик. Кейин бошини кўтарди ва айтди: “Бебошлик қилиб қўясизлар-да, кейин ўзингизни гўлликка солиб, “Эй, Ибн Аббос, (ёрдам беринг)”, деб келасиз. Аллоҳ таоло айтган: “Эй Пайғамбар! Агар аёлларни талоқ қилсангиз, идда учун (покликда қовушмасдан) талоқ қилинг”, сен ундай қилмапсан.

Ва яна Аллоҳ айтган: “Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр”, сен тақво қилмапсан. Сен учун (муаммоингдан) чиқиш йўлини кўрмаяпман. Аёлинг сендан узил-кесил ажралибди” (ал-Авсат, 9/7605).

عن سالم، عن إبن عمر، قال: من طلق إمرأته ثلاثا طلقت و عصى ربه

Солим раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинди, у кишига Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Ибн Умар айтди: “Ким аёлини уч талоқ қилса, аёли талоқ бўлади ва у Аллоҳга осий бўлади” (ал-Авсат, 9/7612).

Муҳаддис Имом Дорақутний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу хабарни келтирган:

عن مجاهد قال: جاء رجل من قريش الي ابن عباس، فقال: يا ابا عباس إني طلقت إمرأتي ثلاثا و انا غضبان. فقال: إن ابا عباس لا يستطيع ان يحل لك ما حرم عليك، عصيت ربك، و حرمت عليك إمرأتك، إنك لم تتق الله فيجعل لك مخرجا،ثم قرأ  إِذَا طَلَّقْتُمُ النِّسَاءَ فَطَلِّقُوهُنَّ لِعِدَّتِهِنَّ

Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинди, у киши айтди: Қурайш қабиласидан бир одам Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг хузурига келиб:

— “Эй, Ибн Аббос! Ғазаб устида хотинимни уч талоқ қилиб қўйдим”, деди. Бас, у киши айтди:

— “Сенга ҳаром қилинган нарсани ҳалол қилиб беришликка Ибн Аббос қодир эмас, Роббингга осий бўлибсан, хотининг сенга ҳаром бўлибди, Роббингга тақво қилмапсан-ку, сенга бирон чиқиш йўлини берса..”. Сўнгра Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятни тиловат қилди: “Агар аёлларни талоқ қилсангиз, идда учун талоқ қилинг”.

(Сунани Дорақутний. Талоқ бўлими 38/ҳадис).

Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳу-л-қадир”да шундай ёзади: Абдурраззоқ Алқамага иснод бериб айтади: Бир киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг олдига келиб, аёлини тўқсон тўққиз талоқ қилганини айтди. Унга Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай жавоб қилди:

ثلاث تبينها و ساءرهن عدوان

“Уч талоқ билан ажрайди, қолгани ҳаддан ошиш (бўлибди)”.

Ваки раҳматуллоҳи алайҳ Аъмаш раҳматуллоҳи алайҳдан, у киши Ҳабиб ибн Собит раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилди: Бир киши Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг олдига келди ва: “Мен аёлимни минг талоқ қилдим?”—деди. Ҳазрати Али айтди:

بانت منك بثلاث و اقسم ساءرهن على نساءك

“Аёлинг сендан уч талоқ билан боин бўлибди. Қолган (997 таси)ни бошқа аёлларингга бўлиб бер”. (Ҳазрат Алининг бу сўзлари ғазабланганидан кесатиқ маъносида бўлган бўлса ажабмас). (Фатҳу-л-қадир. 3/жуз. 26/бет). Бу ривоятни Ибн Ҳазм Зоҳирий ҳам худди шу тариқдан ривоят қилган. Сунани Байҳақийда ҳам келган).

Ваки раҳматуллоҳи алайҳ Муовия ибн Абу Яҳёдан ривоят қилди: Бир киши Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг одига келиб аёлини минг талоқ қилганини айтди ва ҳукмини сўради. Усмон ибн Аффон жавоб бердилар:

بانت منك بثلاث

“Сендан уч талоқ билан ажрабди”. (Фатҳу-л-қадир. 3/жуз. 26/бет. Бу ривоятни Ибн Ҳазм Зоҳирий ҳам Вакий орқали ривоят қилган).

Уламоларнинг сўзларидан

Китоб, суннат, ижмоъ ва саҳобаларнинг фатволаридан ташқари, мухолифларнинг эс-ҳушини жойига келтириб қўйишга арзигулик яна бир қанча кучли далиллар ҳам бор. У ҳам бўлса, аҳли суннат жамоасига мансуб салаф-у халафдан иборат забардаст олимларнинг сўзларидир. Навбатда улардан айримларини тақдим қилинади:

Машҳур ҳанафий олими имом Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Асор” номли китобида тобеъинларнинг улуғларидан Иброҳим Нахаъий раҳматуллоҳи алайҳнинг бир талоқ қилиб учтани ният қилган ва уч талоқ қилиб биттани ният қилган киши ҳақидаги ушбу фикрини нақл қилади: “Агар бир талоқ, деб гапирса битта талоқ бўлади, ниятининг эътибори йўқ. Агар, уч талоқ, деб гапирса, учта талоқ бўлади, ниятининг эътибори йўқ”. Имом Муҳаммад айтади: “Биз ҳам шуни оламиз. Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзи ҳам шундай эди!” (Ал-ишфоқ ъала аҳкомит-талоқ 25/бет).

Абу Бакр ибн ал-Мунзир раҳматуллоҳи алайҳ “ал-Авсат”да бир вақтда айтилган уч талоқ билан оила буткул бузилишига доир оят ва ҳадисларни келтиргандан сўнг, саҳобаларнинг фатволаридан ҳам келтиради ва ўзининг ушбу мулоҳазасини билдиради: “Бу мавзуда китоб ва суннатдан далил бўлмасдан, фақатгина Умар ибн Хаттоб, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳум каби саҳобаларнинг қавллари бўлганида ҳам, биз учун уларга эргашмоқ ва уларнинг сўзларидан ташқарига чиқмаслик вожиб бўлар эди. Чунки, бизнинг асҳоблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари қавлидан четга чиқишни раво кўрмасдилар ” (ал-Авсат, 9/142 бет).

Ибн Қудома ал-Мақдисий ал-Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Агар бир сўз билан уч талоқ қилса, учта талоқ юз беради ва аёл бошқа эрга тегиб чиққунга қадар бу эрга ҳаром бўлади. Бу ҳолат духулдан олдинми ё кейинми (эр хотин қовушганми ё қовушмаганми) бунинг аҳамияти йўқ, Бу қарор Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Амр, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Ҳурайра, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган. Шунингдек, тобеъин ва улардан кейинги имомлардан иборат аксар аҳли илмларнинг ҳам сўзи шу эди”. (Ал-Муғний, 10/жуз. 334/бет).

Ёшлик чоғидан Ибн Таймия ва Ибн Қаййим ал-Жавзияларга чин дилдан ихлос қўйиб, уларга ҳавас билан мутобаъат қилиб келган Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳ кейинчалик, “бирданига уч талоқ қилинганда, бир талоқ бўлади” деган фикридан қайтади ва шу мавзуда устозлари Ибн Таймия ва Ибн Қаййимларга раддиялар ёза бошлайди. Бунинг сабаби, бу икки олимнинг ижмоъи умматга хилоф фикрлар билан янгиликлар пайдо қилиши бўлган. У киши ўзининг айни “уч талоқ” мавзусида ёзган “Баёну мушкули-л-аҳодийс ал-варида фи аннат-талоқас-саласа ваҳида” номли рисоласида шундай дейди: «Аёл кишига қовушгандан кейин, бирданига “уч талоқ”, деса, бир талоқ тушади”, деган гап на бирорта саҳоба ва на тобеъин ва на улардан кейинги, сўзи мўътабар бирорта олимдан ҳалол-ҳаром мавзусидаги фатволарида собит бўлмаган” (Ал-ишфоқ ъала аҳкомит-талоқ, 35/бет).

Аҳмад ибн Таймиянинг бобоси, Абулбаракот Маждуддин Абдуссалом ибн Таймия ал-Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-муҳаррар фи-л-фиқҳ” номли асарида шундай дейди: “Агар эр бир сўз билан икки ё уч талоқ қилса ёки покликда бир неча сўзлар билан, орада никоҳни янгиламасдан биттадан ортиқ талоқ қилса, айтганидек талоқ воқе бўлади, шу билан бирга сунний талоқ бўлади”. Ундан (имом Аҳмаддан) бошқа бир ривоятда эса, бидъий бўлади, дейилган. Яна бир қавлида, бир покликда талоқларни жамлаб айтиш бидъий, бир неча покликда бўлиб айтиш сунний бўлади, дейилган (Ал-муҳаррар фи-л-фиқҳ, 2/жуз. 51/бет).

Аммо, Абулбаракот Маждуддиннинг набираси, машҳур Аҳмад ибн Таймия ал-Ҳарранийнинг бобосидан ривоятига қараганда, унинг бобоси “бир лафзли уч талоқни биттага ўтади”, деб оғзаки, махфий тарзда фатво берар экан (Ал-ишфоқ ъала аҳкоми-т-талоқ, 37/бет).

Ҳалол-ҳаром мавзусида ёзилган китобидаги сўзига оғзаки фатвоси очиқчасига тескари бўлиши мумкинми?! Набиранинг бобоси ҳақида айтган гапини ўйлаб кўринг!

Мантиқий хулосадан:

Ўз қарорини асослаш учун аҳли сунна ва жамоъа уламоларининг нақлий далиллари етарлича, балки зиёда бўлса ҳам, ақлий далилни қўшимча қилишни фойдадан ҳоли эмас, деб топилди. Ақлан олиб қаралса, киши ўз никоҳидаги аёлини шароит тақозосига кўра, хоҳлаган вақтда талоқ қилиб, у билан бирга яшашга нуқта қўйиши мумкин. Бунинг учун ягона шарт аёл талоқ қилувчи эрнинг никоҳида бўлса кифоя! Шундай экан, бирданига жамлаб талоқ қиладими ёки бўлиб-бўлиб талоқ қиладими бунинг асло аҳамияти йўқ, Бу ерда фақат талоқнинг сунний ёки бидъийлигига эътибор қаратилади, аммо оилани бузишда, айтилган сўзнинг сифатига асло эътибор қилинмайди.

ИККИНЧИ ГУРУҲНИНГ ДАЛИЛЛАРИ ВА УЛАРГА ЖАВОБЛАР

Албатта, мухолиф томоннинг ҳам сўзлари қуруқ бўлмаган, уларнинг ҳам ўзларига хос далил ва асослари бўлган. Қуйида уларнинг далилларини қатор тақдим қилингач, аҳли сунна олимларининг уларга билдирган жавоблари ҳавола қилинади. Аввало уч талоқ масаласида иккинчи фикрни ёқлаб, ижмои умматга қарши чиққан шиаларларнинг далилларига тўхталамиз.

Шиаларнинг далиллари:

Улар бу қарорларини суннат ва қиёсга асосланган эканини иддао қилиб, қуйидагича изоҳлайдилар:

Шариатда маснун, машруъ талоқ бу — талоқни марта-мартага бўлиб-бўлиб айтишликдир. Бунга хилоф тарзда рақамлар йиғиндиси билан бирданига иккита ё учта талоқ қилиш бидъий — ғайри машруъ бўлади. Ношаръий талоқ сўзи билан эса, ҳеч қандай ҳукм собит бўлмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича марҳамат қилганлар:

عَنْ أُمِّ الْمُؤْمِنِينَ عَائِشَةَ — رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا -، قَالَتْ: قَالَ: رَسُولُ اللَّهِ — صلى الله عليه وسلم — «مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ»؛ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Яъни, Оиша онамиздан (Аллоҳ ул зоти шарифадан рози бўлсин) ривоят қилинди, онамиз айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Кимки бизнинг бу ишимизда (шариатимизда) ундан бўлмаган (унга ёт) нарсани пайдо қилса, бас, у мардуд (қабул қилинмаган)дир!” (Имом Бухорий).

Шу ҳадисга асосланиб шиа уламолари: “Бирданига айтилган “уч талоқ”, бидъий бўлгани туфайли шаръан мардуд бўлиб, шариъат нуқтаи назаридан ҳеч қандай ҳукмни собит қилмайди”, дейдилар.

Шунингдек, яна айтишадики, бу масалани қуйидаги масалага қиёс қилиш (таққослаш) йўли билан изоҳлаш ҳам мумкин: масалан, бир киши ўз хотинини талоқ қилишни бировга топширса ва унга: “Фалон куни талоқ қиласан”, деб тайинласа, вакил қилинган киши эса, эр айтган кундан бошқа вақтда талоқ қилса, талоқ воқе бўлмагани каби, Аллоҳ таоло кўрсатиб берган тариқдан бошқача тарзда талоқ қилиш билан ҳам талоқ воқе бўлмайди.

Шиаларга жавоб:

Рақамларни жамлаб, бирданига “уч талоқ” қилишлик ғайри машруъ, ношаръий ва бидъат экани имомийялар суянган ҳадисдан маълум бўлиши мумкин, унга биз ҳам қўшиламиз. Дарҳақиқат, бир сўз билан учта талоқ қилишлик аксар фақиҳларнинг наздида бидъат ва ҳаромдир (Гарчи Имом Шофеъий ва бир қавлда Имом Аҳмад роҳимаҳумаллоҳ рақамлар йиғиндиси бидъат ҳам, ҳаром ҳам эмас, аммо талоқ воқе бўлади, деган бўлсалар ҳам). Аммо, мазкур ҳадиси шариф: “Бидъий талоқ ҳеч қандай ҳукмни собит қилмайди”, деган даъвога асос бўла олмайди. Саҳиҳ тўпламларда бидъий сўзлар билан бидъий талоқ воқе бўлиши ва у билан никоҳ бузилишига етарлича ҳужжатлар мавжуд. Жумладан, бу мавзуда энг машҳур хабар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг оиласида бўлиб ўтган воқеъани мисол қилиш мумкин:

Ибн Умар розияллоҳу анҳу ўз аёлини ҳайзли ҳолатида талоқ қилади, у кишининг отаси Умар розияллоҳу анҳу бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрайдилар. Шунда ул зот Умар розияллоҳу анҳуга:

مره فليراجعها حتى تطهر، ثم تحيض حيضة اخرى، فاذا طهرت فليطلقها ان شاْء قبل ان يجامعها او يمسكها، فانها العدة التي امر الله ان تطلق لها النساْء

“Унга буюргин, то ҳайзидан пок бўлгунча (аёлини) қайтиб (никоҳлаб) олсин, сўнгра, яна бир ҳайз кўриб кейин пок бўлса, қовушмасдан олдин хоҳласа талоқ қилсин, хоҳласа у билан яшасин. Ана шундай қилиши, Аллоҳ аёлларни талоқ қилишда амр қилган йўриқдир”.—дейдилар  (Бухорий, Муслим, Имом Аҳмад, Байҳақийлар ривоят қилишган).

Муҳаммад ибн Қудома ал-Мақдисий раҳматуллоҳи алайҳ машҳур “Ал-Муғний” асарида талоқнинг турларини баён этилган фаслида, бидъий талоқнинг далиллари қаторида юқоридаги ҳадисни келтириб, унга қўшимча тарзда Имом ад-Дорақутнийнинг сунан тўпламида келтирган ривоятни ҳам тақдим қилади. Унда шундай дейилган:

عن ابن عمر، انه طلق إمرأته تطليقة و هي حائض، ثم اراد ان يتبعها بتطليقتين آخرتين عند القرأين، فبلغ ذلك رسول الله صلى الله عليه و سلم فقال: «يا ابن عمر ما هكذا امرك الله، إنك اخطات السنة، و السنة ان تستقبل الطهر، فتطلق لكل قرء» (سنن الدار قطني4 /31)

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинганки, у киши аёлини ҳайзли ҳолида бир талоқ қилди, сўнгра, уни ортидан яна иккита талоқни икки ҳайз вақтида қўйишни истади. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб борди. Шунда ул зот айтдилар: “Эй, Ибн Умар! Сенга Аллоҳ бундай қилишни амр қилмаган. Сен суннатда хато қилибсан. Суннат шуки, покликни кутиб турасан, сўнгра ҳар бир ҳайз олдидан талоқ қиласан!” (Ибн Қудома ал-Ҳанбалий. Ал-Муғний. 10-ж. 325-бет).

Ундан кейин, шиаларнинг қиёсига келсак, бу қиёс ойдек равшан насс — ҳужжат қаршисида ботил қиёс бўлиб, Абдуллоҳ ибн Умар  ҳадисига асло бас кела олмайди. Ва яна, ақл тарозусига солиб, мантиқан олиб қаралганда ҳам, бидъий талоқнинг воқеъ бўлиш тарафи тарозида тош босади.

Чунки биринчидан, “уч талоқ” сўзи ақл-ҳуши жойида бўлган шахсдан унинг ўз никоҳидаги хотинига айтилмоқда. Одатда мукаллаф шахс талоқни ўз ўрнида хитоб қилса, никоҳ бузилади, шунга кўра уч талоқ билан ҳам никоҳ бузилади.

Иккинчидан, талоқ савоб оладиган ибодат эмас. Шундай экан, уни суннатга мувофиқ бўлиши эътиборга олинмайди ва қай йўл билан айтилган бўлса ҳам, никоҳ бузилаверади.

Учинчидан, талоқ бу — суннатга мувофиқ бир талоқ қилганда ёки хотини ҳайздан пок ҳолида талоқ айтилганда ҳам, у Аллоҳ таолонинг ғазабини келтириб, Арши аълони ларзага солувчи ёқимсиз сўз ҳисобланади. Бу сўзни ўз хотинига қарата айтганларга шариатимиз жазо сифатида унинг оиласи бузилишини жорий қилган! Суннатга мувофиқ талоқ қилганларки, оиласидан ажраш билан жазоланганидан кейин, суннатга мухолиф талоқ қилганларнинг оиласи батариқа авло бузилиши лозим.

Тўртинчидан, шиаларнинг бу фатволари улар томонидан илоҳийлаштирилган ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва у кишининг ўғли Ҳасан розияллоҳу анҳудан нақл қилинган хабарларга ҳам очиқчасига зиддир. У икки хабар юқорида, саҳобаларнинг фатволари қаторида тақдим этилган.

УЧИНЧИ ГУРУҲНИНГ ДАЛИЛЛАРИ ВА УЛАРГА ЖАВОБЛАР

Аёл кишига қовушганми ёки йўқ бундан қатъий назар, уни уч талоқ қилинса, фақат битта талоқ воқеъ бўлади, бир талоқ юз беради, деган фикрнинг асли келиб чиқиши китобларда бевосита Аҳмад ибн Таймия ва унинг шогирди Ибн Қаййим ал-Жавзиянинг номлари ила боғланиб келади. Умумий тарзда — бир вақт ва бир лафзда айтилган уч талоқ биттага ўтади — деган гап ҳижрий еттинчи асрнинг охири ва саккизинчи асрнинг бошларига келибгина Аҳмад Ибн Таймия ва Ибн Қаййим иккиси тарафдан атрофга тарқатила бошлаган. Айтиш керакки, бу икки олим бир қанча масалалар қатори талоқ масаласида ҳам илк бор ижмоъи умматга қарши чиққан шахслар бўлиб тарихга муҳрланди. Афсуски, бугунги кунда ҳам ваҳҳобий, янги зоҳирий ва салафийлар кабилар, шунингек, ислом фиқҳини, аҳли сунна ва жамоани яхши билмайдиган, ўз мазҳаби фатволарини теран тушунмайдиганлар ҳам уларнинг гапларини кўтариб юришибди.

Шундай экан, энди навбат Ибн Таймия ва издошларининг далилларига ҳамда аҳли сунна ва жамоа уламоларининг уларга берган жавобларига тўхталмай иложимиз йўқ. Улар ўз қарорларини шариат далилларининг барча турлари — китоб, суннат, ижмоъ, қиёс ва ҳатто мантиқий-ақлий далиллар билан ҳам асослашга уринганлар.

Мухолифларнинг биринчи далили Қуръони каримдан:

«الطَّلاَقُ مَرَّتَانِ فَإِمْسَاكٌ بِمَعْرُوفٍ أَوْ تَسْرِيحٌ بِإِحْسَان»

«Талоқ икки мартадир. Сўнграяхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш…» (Бақара 229.)

Мухолиф томон ушбу ояти каримадан қуйидаги ҳукмларни олади:

А) Аллоҳ таоло машру қилган талоқ бу бир мартадан кейин яна бир марта қўйилган талоқдир;

Б) Хоҳ у биринчи мартасида «бир талоқ» десин ёки бирдан ортиқ рақамлар билан айтсин, бундан қатъий назар ҳар бир мартада айтилган талоқ биттага ўтади. Зотан, оятда «талоқ икки мартадир», дейилмоқда, «талоқ иккитадир», эмас;

В) Никоҳ фақатгина машру бўлган талоқ билан шаръий тарзда бузилади. Ғайри машру, ношаръий, бидъий талоқлар билан ношаръий талоқ воқе бўлмайди, балки бу сўзлар билан ҳам машруъ тарзда талоқ бўлиб, никоҳ ҳам шаръий тариқага кўра бузилади.

Жавоб:
Бақара сураси 229-ояти кариманинг сабаби нузулида муфассир уламолар қуйидагиларни айтадилар: Айни оят нозил бўлишидан олдин араблар орасида эр хотинини бир, икки, уч марта эмас, балки, юз марталаб талоқ қилиб, идда ичида қайтиб олиш одати мавжуд бўлган. Бир куни саҳобалар оиласидан бирида ушбу ҳодиса содир бўлди, эр хотинидан ғазабнок бўлиб унга: “لا اطلقك ابدا و لا آويك ابدا” яъни, “сен билан асло ажрашмайман ҳам, сенга асло бошпана бермайман (бирга яшамайман) ҳам”, деди. Буни яхши тушунмаган хотин: “бу нима деганинг?”, деди. Шунда эр: “сени бир марта талоқ қиламан ва идданг чиқишидан сал олдин қайтиб оламан, сўнг яна бир марта талоқ қилиб, идданг чиқишидан сал олдин яна қайтиб оламан, шу ҳолат то умринг бўйи давом этаверади”, деб жавоб қилди. Бу воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобларига етказилгач, Аллоҳ таоло:

«الطَّلاَقُ مَرَّتَانِ فَإِمْسَاكٌ بِمَعْرُوفٍ أَوْ تَسْرِيحٌ بِإِحْسَان»

“Талоқ икки мартадир. Сўнгра яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш”, деган ҳукмини нозил қилди, Ва шу билан Ислом аввалида бўлган, “эр хотинини неча марта бўлса ҳам талоқ қилиши ва қайта никоҳлаб олиши мумкин”, деган ҳукм бекор қилинди. Учта талоқдан кейин оила буткул бузилар ва фақатгина бошқа эрга тегиб чиққанидан кейин аввалги эрга қайтиши мумкин бўлди. Ояти каримадан кўзланган асл мақсад — хоҳлаганча марта-марта талоқ қилишларга барҳам бериш бўлган. Бу оятда учта талоқни фақатгина биттадан бўлиб айтилса, учта бўлади, жамлаб айтилса, учта эмас битта талоқ бўлади, деган иддаога сароҳатан ҳам ишоратан ҳам далолат мавжуд эмас.

Қолаверса, бу ояти кариманинг ўзида мухолифларнинг зарарига ишловчи далил бор. Яъни, Аллоҳ таоло “Талоқ икки мартадир”, деди. Масалан, биров “Сен талоқсан, сен талоқсан!”, деб бир вақтда икки марта айтса, иккита талоқ воқе бўлади, деган хулоса чиқади. Бу дегани, бир вақтнинг ўзида бўлиб-бўлиб айтилган талоқлар сони ҳисобга олинади, деганидир. Демак, бир вақтнинг ўзида “Сен талоқсан, сен талоқсан, сен талоқсан!”, деб уч марта айтса, бу учта талоқ дегани бўлади-ку?! Ваҳоланки, мухолиф томон “Бир вақтда айтилган биттадан ортиқ талоқлар фақат биттага ҳисобланади”, деб иддао қилишмоқда?!

Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш усулига суяниладиган бўлса ҳам Ибн Таймия ва унинг издошлари даъвосига қарши далил топса бўлади. “Аҳзоб” сурасида Аллоҳ таоло айтади:

وَمَن يَقْنُتْ مِنكُنَّ لِلَّهِ وَرَسُولِهِ وَتَعْمَلْ صَالِحاً نُّؤْتِهَا أَجْرَهَا مَرَّتَيْنِ وَأَعْتَدْنَا لَهَا رِزْقاً كَرِيماً

“Сизлардан ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоатда бўлса ва яхши амал қилса, унинг ажрини икки карра берамиз ва унинг учун гўзал ризқни тайёрлаб қўйганмиз”. (Аҳзоб/31).

Шу ояти каримада зикр қилинган “марротайни” сўзидан “икки ҳисса, икки баробар кўпайтирилган”, деган маънолар ирода қилинган. Худди шу маънони мухолифлар далил қилган “Бақара сурасининг 229-оятида келган “марротани” калимасида ҳам эътиборга олинса, бу оят уларнинг зарарига очиқ-ойдин ҳужжат бўлади.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳам саҳиҳ тўпламидаги باب من اجاز طلاق الثلاث уч талоқни учтага ўтади деганлар ҳақидаги бўлимнинг аввалида الطَّلاَقُ مَرَّتَانِ فَإِمْسَاكٌ بِمَعْرُوفٍ أَوْ تَسْرِيحٌ بِإِحْسَان ояти каримасини келтириши ҳам юқоридаги муносабат юзасидан бўлса ажабмас.

Ундан кейин, “Талоқ” сурасининг биринчи оятида Аллоҳ таоло талоқ қилишнинг шаръий қоидасини таълим беради ва белгиланган тартибни бузганлар осий ва ўзига зулм қилувчилардан бўлишини айтади. Яъни,

يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ إِذَا طَلَّقْتُمُ النِّسَاءَ فَطَلِّقُوهُنَّ لِعِدَّتِهِنَّ وَأَحْصُوا الْعِدَّةَ وَاتَّقُوا اللَّهَ رَبَّكُمْ لا تُخْرِجُوهُنَّ مِنْ بُيُوتِهِنَّ وَلا يَخْرُجْنَ إِلَّا أَنْ يَأْتِينَ بِفَاحِشَةٍ مُبَيِّنَةٍ وَتِلْكَ حُدُودُ اللَّهِ وَمَنْ يَتَعَدَّ حُدُودَ اللَّهِ فَقَدْ ظَلَمَ نَفْسَهُ لا تَدْرِي لَعَلَّ اللَّهَ يُحْدِثُ بَعْدَ ذَلِكَ أَمْراً

“Эй Пайғамбар! Агар аёлларни талоқ қилсангиз, идда учун (покликда қовушмасдан) талоқ қилинг ва иддани ҳисобланг ва Роббингиз Аллоҳга тақво қилинг. Уларни уйларидан чиқарманглар ва ўзларича ҳам чиқмасинлар, магар, очиқ-ойдин фаҳш иш қилишган бўлса (чиқарилиб юборилади). Ана шу (айтилганлар) Аллоҳнинг чегаралари (қонунлари)дир. Ким Аллоҳнинг чегараларидан чиқса, (қонунларини бузса) бас, ҳақиқатан ўзига зулм (жабр) қилибди. Сиз билмайсиз, шоядки Аллоҳ ундан кейин бирор ишни пайдо қилар” (Талоқ сураси/1).

Мазкур ояти кариманинг ушбу: “Ким Аллоҳнинг чегараларидан чиқса, (қонунларини бузса) бас, ҳақиқатан ўзига зулм (жабр) қилибди”, деган бандидан шу ҳукм маълум бўладики, маснун йўлдан чиқиб, нафси ва Шайтоннинг хоҳишига биноъан бидъий тарзда талоқ қилганлар ўзларига зулм қилади яъни, бу дегани, бирданига уч талоқ қилганлар оиласидан шу бир мартанинг ўзидаёқ буткул ажрайди, энди унинг хотини то бошқа эрга тегиб чиқмагунча, қайта эри билан яшай олмайди. Бу маънони исботи сифатида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдига хотинини уч талоқ қилиб қўйиб, ечим излаб келган кишига айтган жавобини эслаб ўтиш жоиз, у киши бундай деган эдилар: “Аллоҳ айтган: “Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр”, сен тақво қилмапсан. Сен учун (муаммоингдан) чиқиш йўлини кўрмаяпман. Аёлинг сендан узил-кесил ажралибди” (ал-Авсат, 9/7605).

Мухолифларнинг иккинчи далиллари суннатдан:

А) Мухолифлар ўз қарорларини изоҳлашда асосан икки хабарга суянадилар, уладан биринчиси “Рукона ҳадиси”дир.

عن ابن عباس قال : طلق ركانة بن عبد يزيد امرأته ثلاثاً في مجلس واحد ، فحزن عليه حزناُ شديداً ، قال : فسأله رسول الله صلى الله عليه وسلم : ((كيف طلقتها )) ، قال : طلقتها ثلاثاً قال؛ فقال :  في مجلس واحد  قال : نعم ، فقال :  فإنما تلك واحدة فارجعها إن شئت

Икрима розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилди, у киши айтдилар: Рукона ибн Абдуязид хотинини бир жойда уч талоқ қилди. (Талоқ қилди-ю аммо ўзи бу ишидан) қаттиқ ғамгин бўлди. (Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтди: бу ҳолатдан хабар топган) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Руконадан сўради: “Уни қандай талоқ қилдинг?”. Рукона жавоб берди: Бир жойнинг ўзида учта талоқ (қилдим). Бас, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “У битта (талоқ холос), хоҳласанг қайтиб ол!”.

Мазкур ҳадисни Имом Байҳақий, Имом Аҳмад ва Абу Яъло ривоят қилганлар. Абу Яъло Муҳаммад ибн Исҳоқ тариқидан ривоят қилинганини саҳиҳ, деган. Шунингдек, Ибн Қаййим “Эълому-л-мувқиъийн” асарида: “Имом Аҳмад шу иснод билан бу ҳадисни саҳиҳ деган”, деб келтиради.

Мухолифларнинг суннатдан келтирган далилларига жавоб:

Аҳли илмлар ичида “Рукона ҳадиси” номи билан танилган бу ҳадис мухолифлар суянган далиллар ичида энг сариҳ ва равшанидир. Унга аҳли сунна уламолари тарафдан бир неча хил жавоблар берилган:

Биринчидан, “Рукона ҳадиси”нинг турли ибораларда, хилма-хил кўринишлари бўлиб, мухолифлар келтиргани ишончли бўлмаган заиф ривоятдир! Муҳаммад Тақий Усмоний раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишича, Ибн Абдулбар бу ривоятни заиф, деган. Имом Бухорий уни иллатли ҳадислар қаторига қўшган.

Саҳоба Рукона ҳодисаси тасвирлаб айтилган хабарлар ичида энг ишончлиси имом Шофеъий, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ҳоким ва Байҳақий раҳимаҳумуллоҳлар ўз тўпламларида ривоят қилган туридир. Уларнинг ривоятлари агарчи сўзма-сўз бир хил бўлмаса-да, умумий маъно жиҳатидан барининг ривояти бир хил. Яъни, Рукона аёлини сароҳатан “сени уч талоқ қилдим” деган эмас, балки “сен баттасан”, деб талоқ қилган. Унда қуйидагича келтирилади:

ان ركانة طلق إمرأته البتة، فاخبر النبي صلي الله عليه و سلم بذلك، فقال له صلي الله عليه و سلم: «آلله ما اردت إلا واحدة؟» فقال ركانة: و الله ما اردت إلا واحدة. قال: «هو ما اردت» فردها عليه فطلقها ثانية فى زمن عمر، و الثالثة في زمن عثمان

Яъни, Рукона аёлини ”батта” сўзи билан талоқ қилди. Бас, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар берилди. Ул зот сўрадилар:

— “Бир талоқни ирода қилганингга қасам ичасанми?”.

— Рукона жавоб берди: “Аллоҳга қасам ичиб айтаман, мен фақат бир талоқни ирода қилгандим”.

— Расулуллоҳ жаноблари айтди: “У (батта сўзи) сен ирода қилган (маънода) бўлади.

Бас, шундан кейин унинг хотинини ўзига қайтарди”. У Ҳазрати Умарнинг даврида иккинчи, Ҳазрати Усмоннинг замонига келиб учинчи талоқни берди”.

Таъкилаш ўринлики, Имом Термизий: “бу ҳадисни фақат шу кўринишини биламиз (тан оламиз)”, деган. Имом Абу Довуд эса, бу кўринишни “асаҳҳ” — энг ишончлисидир, деган. Чунки, бу тариқ ровийлари ичида Руконанинг отаси ва ўғли бор. Киши ўз оиласи ичида бўлган ҳодисани аниқ эсда сақлаб қолиш эҳтимоли юқори эканига суяниб, Абу Довуд бу тариқдан келган турни асаҳҳ, деганлар. “Сунани Абу Довуд”ни таҳқиқ қилиб чиққан Албоний ҳам мазкур матнни ҳасан деган.

Муҳаммад Тақий Усмоний “Такмилату Фатҳи-л-мулҳим”да бундай дейди:
Рукона розияллоҳу анҳу хотинини аслида “уч талоқ” деб эмас, балки, “батта”, деб талоқ қўйган. “Батта” сўзининг умумий маъносидан учта талоқ ҳам тушунилгани туфайли орадаги айрим ровийлар рукона уч талоқ қилган эди, деб ўйлаган ва ривоят жараёнида сўзни алмаштириб қўйганлар (Такмила. 1/159 бет).

Иккинчидан, мухолифлар асос қилган кўриниш ровийлари ичида Муҳаммад ибн Исҳоқ бор. Бу ровийнинг ишончли экани шубҳали бўлиб, ҳатто Имом Молик уни Дажжолга ўхшатганлар. Имом Бухорий ҳазратлари ровийлар ичига Муҳаммад ибн Исҳоқ қўшилган бирорта ҳам ҳадис ривоят қилмаган. Имом Нававий Муҳаммад ибн Исҳоқ ва унинг шайхи Довуд ибн Ҳасийн иккисининг ҳадислари ишончсиз заъиф, деган.

Учинчидан, мухолифлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган турга суянишади ваҳоланки, бу ривоят саҳиҳ деб тан олинган тақдирда ҳам, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ўз фатволарига қарама-қаршидир. Юқорида (саҳобаларнинг фатволари ичида) келтириб ўтилганидек, Абдуллоҳ ибн Аббос уч талоқни учта талоққа ўтади, деб фатво берганлари саҳиҳ тўпламларда ўз тасдиғини топган. Ибн Аббосдек саҳоба Расулуллоҳ жанобларидан аниқ бир ҳукмни билиб, унга тескари фатво бериши асло мантиққа мос келмайди. Мабодо ўз ривоятига хилоф фатво берган бўлса, демак, бошқа кучлироқ далил ҳам борки, унинг ривоятини бекор қилган.

Тўртинчидан, “Рукона ҳадиси”нинг икки хил кўринишида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Руконадан “Қандай талоқ қилдинг?”, деган саволлари бор. Бу эса, унинг “батта” сўзи билан талоқ қилганини тасдиқлайди. Чунки, “батта” сўзи зоҳиран аниқ ададни англатмайди, балки, ниятга боғлиқ бўлади. Расулуллоҳ жаноблари ҳам шу нуқтаи назардан Руконанинг ниятини сўраганлар. Агар Рукона бирваракайига “уч талоқ”, деганида Руконанинг ниятини сўраб ўтирмасдилар. Балки, худди Маҳмуд ибн Лабиднинг ишидан ғазабнок бўлгани каби бунда ҳам Руконани қаттиқ койиб, аёлига ҳаром бўлганини айтган бўлар эдилар.

Мухолифларнинг ҳадисдан иккинчи далиллари:

Бирданига уч талоқ қилиш бир талоққа ўтади, деганларнинг ҳадислар ичида иккинчи далиллари Имом Муслим ўз саҳиҳ тўпламида келтирган қуйидаги хабарлардир:

عن ابن عباس رضي الله عنه ، قال :كان الطلاق الثلاث على عهد رسول الله صلى الله عليه وسلم وأبي بكر وسنتين من خلافة عمر طلاق الثلاث واحدة ، فقال عمر رضي الله عنه : إن الناس قد استعجلوا فيأمر كانت لهم فيه أناة ، فلو أمضيناه عليهم. فأمضاه عليهم

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи ва салламнинг, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ва Умар розияллоҳу анҳунинг халифалигидан икки йилгача бўлган даврда “уч талоқ” (сўзи) бир талоққа ҳисобланар эди. Бас, Умар ибн Ҳаттоб айтдики: “Одамлар сабр-бардошли бўлиши керак бўлган ишда шошқалоқлик қилиб юборишди, агар, уларга уч талоқ сўзини учта талоққа ўтадиган қилсак, (балки оила ишида шошқалоқлик қилмасалар керак). Бас, (Умар розияллоҳу анҳу уч талоқ сўзини учта талоққа) ўтадиган қилиб қарор чиқарди” (Имом Муслим).

عن ابن عباس : أن أبا الصهباء قال لابن عباس : هات من هناتك، ألم يكن الطلاق الثلاث على عهد رسول الله صلى الله تعالى عليه وسلم أبي بكر واحدة ؟َ! قال : قد كان بذلك ، فلما كان في عهد عمر تتابع الناس في الطلاق فأجازه عليهم

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилиндики, Абу Саҳба ибн Аббосга деди: “(Айтиб юрган) ҳалиги хабарларингизни (менга ҳам) келтирингчи, (ахир) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида уч талоқ биттага ўтмасмиди?!”. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу жавоб берди: “Ўшандай бўлган, қачонки, Умарнинг даврига келиб одамлар талоқ қўйишда шошилиб кетдилар, талоқни кўпайтириб юбордилар. Бас, Умар уларга (уч талоқни учтага) ўтадиган қилди” (Имом Муслим).

Мухолифларнинг суннатдан келтирган иккинчи далилларига жавоб:

Имом Муслим ривоят қилган бу икки хабар асли мазмун-моҳияти жиҳатидан биттадир. Аҳли сунна уламолари тарафдан бу хабарларнинг ҳам ижмоъи уммат йўлига “зидлиги” гўзал ва қониқарли тарзда изоҳлаб берилган.

Биринчидан, бу хабарда жамлаб айтилган “уч талоқ” эмас, балки, бир вақтнинг ўзида уч марта такрор айтилган “талоқ” сўзи ҳақида гап борган. Яъни, “Сен талоқсан, сен талоқсан, сен талоқсан!”, деган ибора билан. Дарҳақиқат, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврининг иккинчи йилига қадар “Сен талоқсан, сен талоқсан, сен талоқсан!”, деган иборада агар, таъкид ва истиъноф (янги талоқ) кўзда тутилмаган бўлса, ундан фақат битта талоқ тушунилган, ҳукми ҳам бир талоқ бўлган. Чунки, у даврларда яшаган зотларнинг қалби пок, сўзлари ўта ишончли бўлган. Юқоридаги тарзда талоқ қилган киши: “Мен таъкидни ҳам истиънофни ҳам ирода қилмаганман”, деса ёки фақат таъкидни ирода қилгандим, деса, унинг сўзига ишонилган. Лекин, вақтлар ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобларининг замоналари узоқлашган сари, аста-аста фитналар кўпайди, алдовлар оммалашиб, оилаларда бу ҳол кўп учрай бошлагач, Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу бу ҳолга чек қўйиш мақсадида, “сен талоқсан, сен талоқсан, сен талоқсан!”, деган сўз бугундан бошлаб истиъноф маъносида тушунилади, энди у сўз илгаргидек битта эмас, балки, учта талоққа ўтади”, деб ҳукм чиқардилар. Саҳобаи киромларнинг ҳаммалари бу қарорни якдиллик ила қабул қилди, ҳатто юқоридаги ривоятнинг соҳиби Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ўзи ҳам.

Аслида, асри саодатда ҳам бирданига айтилган, “сен уч талоқсан!” қабилидаги иборалардан битта эмас, учта талоқ юз берган. Бунга юқорида етарлича далиллар тақдим қилинган бўлса-да, қуйидагини ҳам қўшимча қилиб ўтиш фойдадан ҳоли эмас:

Абу Бакр ибн ал-Мунзир раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг фиқҳий ихтилоф ва ижмоъ масалаларига аталган “ал-Авсат” номли асарида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг аёлини талоқ қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига биноан қайта никоҳлаб олгани ҳақидаги машҳур хабарни 7598-рақам билан қайдга олади ва унинг шарҳида бу хабар еттита маънога далолат қилишини айтиб, уларни қатор санаб ўтади. Шу маъноларнинг биринчиси, “Ибн Умар аёлини бир талоқ қилган эди, чунки, у киши агар уч талоқ қилганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига хотинини қайтиб олишни амр қилмасдилар”, дейди. (Авсат. 9/134бет). Ибн ал-Мунзирнинг бу изоҳи шунга ишора қиладики, асри саодатда ҳам бир вақтда жамлаб айтилган “уч талоқ” учта талоққа ҳисобланган.

Иккинчидан, бу ҳадисда келтирилган “уч талоқ” сўзидан сароҳатан уч талоқ эмас балки, “батта” сўзи ирода қилинган бўлиши мумкин. Чунки, илгари “сен баттасан”, деган сўздан ҳеч қандай рақам кўзланмаса, уч талоққа ҳукм қилинар, агар бир талоқ кўзланса, биттага ҳукм қилинар эди. Қачонки, Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу даври келгач, одамлар орасида тўғрисўз ва ишонч камайиб кетгани боис, “Мен бир талоқни ирода қилгандим”, дегувчиларга ҳам, “батта” сўзининг умумий маъноси бўйича, уч талоқ ҳукми чиқарилган. Хабарда айнан “батта” сўзи эмас, балки “уч талоқ” ибораси қўлланилганига келсак, мумкин, орадаги ровийлардан бири “батта” сўзининг умумий маъносига таяниб, уни “уч талоқ” сўзига алмаштириб қўйган бўлиши керак. Бу хулосани ушбу хабар билан асослаш мумкин:

Умар ибн Абдулазиз айтганлар: агар талоқнинг адади мингта бўлса ҳам, “батта” сўзи уни қамраб олган бўларди (Ал-ишфоқ ъала аҳкомит-талоқ, 25/бет). Яъни, انت بتة , “Сен баттасан!” деб айтса, учта талоқ воқе бўлади. Мабодо талоқнинг адади мингтагача бўлганида эди, у сўз билан мингта ҳам воқе бўларди, демоқчи. “Ал-Муватто”да келтирилишича, Имом Моликнинг наздида “батта” сўзи билан ҳамиша уч талоқ тушади.

Учинчидан, бу ҳадис умумий эмас, балки ғайри мадхула (эри билан бир марта ҳам қовушмаган) аёллар ҳақида айтилган бўлиши мумкин. Дарҳақиқат, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврига қадар эри билан қовушмаган аёлларга айтилган “уч талоқ” битта талоққа ҳукм қилинган. Ҳазрати Умарнинг даврига келиб, одамлар оила ишларида енгил бўлиб, талоқ қилишга шошиб кетганларини ҳисобга олиб, уларга жазо тариқасида, ғайри мадхула аёлларга айтилган уч талоқни ҳам учтага ўтади, деб ҳукм қилинган. Бу хулосани қуйидаги хабар билан асослаш мумкин:

عن طاوس، ان رجلا يقال له: ابو الصهباء كان كثير السوأل لإبن عباس، قال: أما علمت أن الرجل كان إذا طلق امرأته ثلاثا قبل ان يدخل بها جعلوها واحدة على عهد رسول الله صلى الله تعالى عليه وسلم أبي بكر و صدر من امارة عمر؟ قال ابن عباس: بلى، كان الرجل إذا طلق امرأته ثلاثا قبل ان يدخل بها جعلوها واحدة على عهد رسول الله صلى الله تعالى عليه وسلم أبي بكر و صدر من امارة عمر، فلما رأى الناس قد تتابعوا فيها قال: اجيزوهن عليهم

Товус раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинди: Абу Саҳбо деб аталган бир киши ибн Аббосга кўп савол берарди. Бир кун шундай деди:

— “Биласизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврида, Абу Бакрнинг даврида ва Умарнинг илк амирлигида, ғайри мадхула аёлга айтилган “уч талоқ” биттага ўтар эди-ку?!”.

— Ибн Аббос жавоб бердилар: “Ҳа шундай, дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврида, Абу Бакрнинг даврида ва Умарнинг илк амирлигида, жинсий яқинлик қилинмаган аёлга айтилган “уч талоқ” биттага ўтар эди. Қачонки, Умар одамларнинг шошқалоқликларини кўргач, “ғайри мадхулага айтилган “уч талоқ”ни ҳам учтага ўтказинглар!”, деб амр қилди.

(Абу Довуд, Байҳақий ривоятлари).

Бу хулосага таяниб айтиш мукинки: имом Муслим ривоятига суяниб, мухолифларнинг умумий тарзда: “Бир сўз билан айтилган уч талоқ биттага ўтади”, деб қарор қилишларига ҳеч қандай далил ва асос йўқ! Бу ривоят фақат ҳали эр гўшангага кирмасдан, янги эр-хотин жинсий яқинлик қилиб улгурмасдан олдин “уч талоқ” қилинган аёлларга хос бўлиб, у ҳам бўлса Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳунинг давригача амалда бўлган холос.

Хулласи калом, ҳазрат Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳунинг қароридан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврида, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврида ва ҳазрат Умар разияллоҳу анҳунинг илк амирлик даврида бир талоққа ҳукм қилинган “уч талоқ” кейинчалик бекордан-бекорга уч талоққа ўтказилмаган! Албатта, унинг асоси ва далили бўлган!

Зотан шуни унутмаслик керакки, тарихда “Умари одил”, деб ном қолдирган, Расулуллоҳ жаноблари тарафларидан “Умар қаерда бўлса ҳақ ўша ердадир!”, деб таъриф берилган ва тириклик чоғидаёқ жаннат башоратини нақд қилиб қўйган, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яқин биродари Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу уммат устида бир ҳукмни бекор қилиб, бошқасини чиқарар экан, обдон ўйлаб, саҳобалар билан кенгашиб ва, шубҳасиз, кучли далилга асосланиб қарор қилганлар. Ким бундан шубҳаланса, Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳуни яхши танимас экан!

Мухолифларнинг учинчи далили ижмоъдан:

Ибн Таймия ва Ибн Қаййим мавзуга доир шахсий қарашларини ижмоъ билан асослашдан олдин, жумҳур томондан айтиб келинаётган ижмоъни инкор қиладилар. Уларнинг фикрича, “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг уч талоқни учта талоққа ўтказиб чиқарган қарорлари умумий бўлмаган, балки вақтинчалик таъзир қабилидаги ҳукм бўлган холос. Асли ижмоъ эса, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврида собит бўлган. Яъни, уч талоқ бир талоққа ўтади, деган ҳукмнинг ижмоъси. Умар розияллоҳу анҳу бу қарорни ўзгартирганидан кейин, айрим саҳобалар унинг қарорига мувофиқ бир вақтда айтилган уч талоқ учта талоққа ўтади, деб фатво берганлари рост. Аммо, бу оилавий муносабатларда енгилтак одамларга таъзир — жазо тариқасида чиқарилган фатволар эди, умумий эмас”.

Шунингдек, улар жумҳур томонга раддия сифатида айтишадики, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилган даврда минглаб саҳобалар бор эди. Табиийки, уларнинг бари уч талоқни бир талоққа ўтади, деб билишган. Сизлар эса адади атиги йигирматага ҳам етмаган саҳобаларнинг ривоятларига суяниб, Умар ибн Хаттобнинг эълонига саҳобалар ижмоъси собит бўлган, демоқдасиз. Бу даражада озчиликнинг сўзи билан ижмоъни даъво қилишнинг ўзи дуруст эмас-ку?! Умар ибн Хаттобнинг даврида ижмоъ бўлмаган. Балки, биз айтгандек, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврида бир лафзли уч талоқ бир талоққа ўтади, деб ижмоъ қилингандир, биз ўша ижмоъга суянамиз”.

Учинчи далилга жавоб:

Мухолиф томоннинг бу истидлолларига Мавлоно Мулла Али ал-қори ҳазратлари (Мирқот. 6/401 бет) қуйидаги мазмунда жавоб берганлар:

Баъзи Ҳанбалийларнинг (бу ерда Ибн Таймия ва Ибн Қаййим роҳимаҳумаллоҳ иккиси назарда тутилган) мазҳаби бўйича, бир вақтда айтилган уч талоқ бир талоққа ўтади. Улар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноблари вафот қилган вақтда минг-минглаб саҳобалар бор эди, уларнинг ҳаммаси бир лафзда айтилган уч талоқ бир талоққа ўтади, деб билганлар. Қачонки Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даври келиб, айрим сабаблар туфайли бу қарор вақтинча ўзгартилди, унинг бу қарори нари борса йигирматача саҳобадан нақл қилинган холос, сизлар шуни ижмоъ деб даъво қилмоқдасиз?”, —деб жумҳур томонга раддия қилишади. Уларнинг бу раддияси бир неча жиҳатдан ботилдир:
Биринчидан, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврига қадар уч талоқ масаласи ижмоъий бўлмаган. Агар ижмоъий бўлганида Умар ибн Хаттоб уни асло ўзгартирмас эдилар.

Иккинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилган вақтдаги минглаб саҳобаларнинг ҳаммаси ҳам аҳли ижмоъ даражасидаги мужтаҳид олим бўлмаган, ваҳоланки, ижмоъни ижмоъ деб тан олиниши учун мужтаҳидлар томондан иттифоқий қарор бўлиши шарт, авомнинг фикри шарт эмас. У даврда эса ижтиҳод мақомига етган саҳобалар бармоқ билан санагудек даражада оз эди. Улар — Халифалар, (Умар, Усмон, Али) Абодила, (Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос), Зайд ибн Собит, Муоз ибн Жабал, Анас ибн Молик, Абу Ҳурайра ва яна умумий адади йигирматага ҳам етмаган, бир нечтагина саҳобалар бўлган. Розийаллоҳу анҳум ажмаъин. Қолган минглаб саҳобалар фатво сўраб шуларга мурожаат қилар эдилар.

Учинчидан, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврида шубҳасиз ошкора ижмоъ бўлган, чунки, ўша даврда фатво беришга лаёқатли саҳобаларнинг бирортаси ҳам ҳазрати Умарга хилоф фикр билдирган эмас. Ваҳоланки, саҳобаи киромлар ҳақни гапиришга келганда жонларини ҳам аямасдилар. Улар сукут қилдими, демак, халифанинг қарори ҳақ бўлган. Шунинг ўзи ижмоъ учун етарлидир!

Тўртинчидан, ижмоъни ижмоъ деб тан олиниши учун нақл қилувчиларнинг исмларини жилд-жилд китобларга бирма-бир ёзиб чиқиш шарт эмас. Қарор кенгаш тарафдан эълон қилингач, узоғи билан уч кун ичида унга ҳеч ким эътироз билдирмаса, бу ҳукм ижмоъий бўлди, деб тан олинади. Умар ибн Хаттобнинг эълони худди шунингдек бўлган. Шу нуқтаи назардан жумҳур уламолар айтганки, агар бирорта қози уч талоқни биттага ўтади, деб ҳукм чиқарса, унинг бу ҳукми тан олинмайди ва амалда қўлланмайди. Чунки, бу масалага Халифа Умарнинг даврида якуний қарор чиқариб бўлинган, энди бу мавзуда ижтиҳод қилиш ва янги қарор чиқаришга йўл йўқ. Тамом вассалом!

“Аллоҳ ҳақни Умарнинг қалбига жойлаган, Умар уни тили билан сўйлайди!”, “Мендан кейин пайғамбар чиқса, шубҳасиз, у Умар бўлар эди!”, деган Расулуллоҳга саловатлар бўлсин! Ҳазрат Умардан Аллоҳ рози бўлсин!

Мухолифларнинг тўртинчи далили қиёсдан:

Бирданига айтилган “уч талоқ” бир талоққа ўтади, деган Ибн Таймия ва Ибн Қаййим иккисининг навбатдаги истидлоллари уч талоқни “лиъон шаҳодати”га таққослаш бўлган. Одатда хотинини зино сўз билан сўккан ва зинода айблаган эрнинг хотини маҳкамага ўз ҳаққини талаб қилиб эри устидан арз қилса, эрнинг гувоҳи бўлмаса, шариатимиз қонунига кўра орада “лиъон” жорий қилинади. Лиъонда эр-хотин ўзларининг ҳақликларини исботлаш учун, аввалда тўрт бора ўзининг ростгўй эканини шаҳодат лафзи (Аллоҳ ҳаққи, гувоҳлик бераманки, деган гап) билан айтади. Сўнгра бешинчисида ёлғончи бўлса ўзларига, ростгўй бўлса, қарши тарафга лаънат бўлишини сўрайдилар. Лиъонда ҳар икки томон ўз сўзини тўрт марта айтиши шартдир. Бирданига: “Аёлим зино қилганига тўртта гувоҳлик бераман”, деб айтиши ҳисобга ўтмайди. Худди шунингдек, талоқни ҳам уч марта бўлиб-бўлиб айтса учта талоқ бўлади, бир лафзда “уч талоқ”, деса учта талоққа ҳисоб қилинмайди.

Шунингдек, Ибн Таймия ва унинг шогирди Ибн Қаййим бирданига айтилган “уч талоқ” бир талоққа ўтади, деган гапларига келтирган иккинчи қиёслари ҳаж амалида Шайтонга тош отувчилар тошларни битта-битталаб етти марта отишлари керак бўлиши ҳақидаги масаладир. Агар, еттита тошни жамлаб бирданига улоқтирса, суннат ўрнида қабул қилинмайди. Худди шунингдек, учта талоқни ҳам жамлаб айтса, учта эмас биттага ўтади.

Мухолифларнинг қиёсий далилларига жавоб:

Аҳли сунна уламолари тарафдан, бу истидлолга ҳам жуда қониқарли жавоблар берилган. Мухолиф томоннинг қиёсий далиллари ҳам бир неча сабаблар билан асоссиздир.
Биринчидан, мухолиф томоннинг қиёсий далиллари асоссиз эканини исботлаш учун, қиёсларининг насс (китоб ва суннатдан бўлган очиқ-ойдин ҳужжат) ва ижмоъга қарши эканини айтишнинг ўзи етарлидир. Чунки, усулий олимларнинг таъкидлашича, қиёсий ҳужжат ҳеч қачон насс ва ижмоъга қарши тура олмайди, тенглаша ҳам олмайди, балки ижмоъга қарши қиёс ботил қиёс, деб баҳоланади.

Иккинчидан, уларнинг қиёси фарқли қиёсдир. Яъни, бир-бирига таққосланаётган икки ҳукм орасида асло ўхшашлик йўқ, балки орада катта фарқ бор. Нимагаки, лиъон шаҳодатида масалан, бир марта шаҳодат лафзини айтиб, лиъонни тўхтатиб қўйса, унинг бу лиъони ҳисобга ўтмайди. Талоқда эса, бир марта талоқ қилиб, кейин бас қилса, бу билан никоҳ бузилади ва талоқ ҳисобга ўтади. Шунингдек, шайтонга тош отишда ҳам бир дона тош отиш билан бас қилса, унинг бу иши суннатдан ҳисобланмайди, аммо талоқда эса, бир марта талоқ қилиб, сўнгра бас қилса, бу билан никоҳ бузилади. Шундай экан, талоқ билан “лиъон шаҳодати”ни ва шайтонга тош отиш амалини бир-бирларига таққослашлик усулийлар тарафдан қўйилган шартга хилофдир.

Учинчидан, лиъонда тўрт карра айтиладиган шаҳодат калималари, бировга зино айбини қўюувчилар томонидан келтирилиши лозим бўлган тўртта гувоҳнинг ўрнида бўлади. Зинога гувоҳ бўлганларнинг биттаси гувоҳлигини айтиб қолганлари жим бўлса, уларнинг гувоҳлиги ҳисобга олинмагани каби, бу ҳолатга ўхшатилмиш лиъон шаҳодатида ҳам тўрт карра гувоҳлигини айтиши шарт қилинган. Аммо талоқда эса бу каби маънолар йўқ, шундай экан талоқни лиъонга қиёслаш ботилдир. Шунингдек, шайтонга етти марта тош отиш бу таъаббудий (ибодат маъносидаги) иш бўлиб, унинг ҳикмати фақат Аллоҳ таолога аёндир, одатда таъаббудий ҳукмларга бошқа нарсалар қиёс қилинмайди. Талоқ эса, биринчидан ибодат эмас, иккинчидан уни шайтонга тош отиш ибодатига таққосланмайди.

Мухолифларнинг бешинчи далили мантиқдан:

Рақамлар йиғиндиси билан айтилган “уч талоқ” битта талоқ бўлади, деган фикр тарафдорлари ўз даъволарини нақлиётдан ортиб мантиқий далиллар билан ҳам қувватлаганлар. Уларнинг фикрича, мусулмон оилаларни бузилиб кетишдан, оталарни сўққабошлик, оналарни тулликдан, фарзандлар тарбиясини салбий таъсирлардан ва уларни “тирик етим” бўлиб қолишдан сақлаб қолишдек хайрли мақсадларда, бир сўз билан аёлига уч талоқ берган эрни афв этилади ва унинг сўзини битта талоққа ҳукм қилинади.

Ақлий далилга ақлий ва нақлий жавоб:

Албатта, булар хайрли тадбир эканида шубҳа йўқ! Аммо, омматан саҳобалар, айниқса, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ташқари, тириклигидаёқ Жаннат ҳушхабарини олган тўққиз саҳоба нима учун уч талоқ қилганларни авф этмадилар?! Тобеъинлар ва уларга эргашган салаф ва халаф олимлари нима учун уч талоқ қилганларни афв этмадилар?! Улар биргина “уч талоқ” билан оилалар бузилиб кетиши, оталар сўққабош, оналар тул, болалар тирик етим бўлиб қолишини билмасмидилар, уларга ачинмасмидилар?! Йўқ, албатта! Ул зотлар бу яхшиликларни билардилар. Бироқ, гап бошқа ёқда. Ундай бўлганида саҳоба ва тобеъинлар, ундан кейинги салаф ва халаф уламолари ўғриларнинг қўли чопилиб, абадул-абад қўлсиз бўлиб қолишига, зино қилганларнинг тошбўрон қилиниб жисмонан йўқ қилинишига ҳам ачинган бўлардилар, Аллоҳ ва унинг Расули буюрган ўша ҳукмларни ҳам осонроғига, масалан, турма ва зиндонга ташлаш, юртдан бадарға қилиш кабиларга ўзгартирган бўлмасмидилар?!

Аслида, уч талоқ қилганларнинг ҳолига ачинишдан олдин, уларга уч талоқ қилишнинг оқибатларини уқтириш манфаатлироқ бўларди. Наҳот юқоридаги баҳона билан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилишга йўл бўлса?! Шу ўринда такрор бўлса-да, ушбу хабарни қайта эслаб ўтиш ўринли бўларди:

عن مجاهد قال: جاء رجل من قريش الي ابن عباس، فقال: يا ابا عباس إني طلقت إمرأتي ثلاثا و انا غضبان. فقال: إن ابا عباس لا يستطيع ان يحل لك ما حرم عليك، عصيت ربك، و حرمت عليك إمرأتك، إنك لم تتق الله فيجعل لك مخرجا،ثم قرأ » إِذَا طَلَّقْتُمُ النِّسَاءَ فَطَلِّقُوهُنَّ لِعِدَّتِهِنَّ «

Мужоҳиддан ривоят қилинди, у киши айтди: Қурайш қабиласидан бир одам Абдуллоҳ ибн Аббоснинг хузурига келиб:

— “Эй, Ибн Аббос! Ғазаб устида хотинимни уч талоқ қилиб қўйдим”—деди.

— Бас, ул зот айтди: “Сенга ҳаром қилинган нарсани ҳалол қилиб беришликка Ибн Аббос қодир эмас, Раббингга осий бўлибсан, хотининг сенга ҳаром бўлибди, Роббингга тақво қилмапсан-ку, сенга бирон чиқиш йўли берса …”.

Сўнгра ушбу оятни тиловат қилди: “Агар аёлларни талоқ қилсангиз, идда учун талоқ қилинг” (Сунани Дорақутний. Талоқ бўлими 38/ҳадис).

Ҳа, фатво бера оладиган саҳобалар хузурига уч талоқ ҳақида ҳукм сўраб келганларнинг барчасида, оиламни қайта тиклашга зора бир йўл чиқиб қолар, деган илинж бўлган. Шу умидда улар олим саҳобаларга мурожаат қилганлар. Аммо, бирорта саҳоба “сенинг болаларинг ёш, уларни тирик етим қилиш дуруст эмас, устига устак хотинингни яхши кўрар экансан, қилган ишингдан пушаймон эканингни ҳам ҳисобга олиб, аёлингни қайтиб олишинг жоиз бўлади”, деган эмас. Чунки, улар Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол дейишнинг зарари, “бир мусулмон оиласини сақлаб қолиш”нинг фойдасидан хтарлироқ эканини яхши билар эдилар!

Шуни яхши билиш лозимки, жамиятда уч талоқдан сўнг қайта никоҳланган оилалар кўпаяр экан, ўша жамият албатта таназзулга юз тутади. Чунки, бир-бирига ҳаром бўлган эр-хотиндан вужудга келган авлоддан юрт, миллат, Ватан ва ҳалқ манфаати йўлида ҳеч қандай яхшиликни кутиб бўлмайди. Аксинча, зинодан вужудга келган фарзанд келажакда жиноятчи, ноқобил, жамиятга фойдаси йўқ бўлиб ўсиб-униши ахлоқ-одобга доир китобларда таъкидланган.

ХУЛОСА

Юқорида тақдим этилган маълумотлардан шу хосил бўладики, бир лафзда жамлаб, бирданига: “сени уч талоқ қилдим!”, “сен уч талоқсан!”, “хотинимни уч талоқ қилдим!”, “хотиним уч талоқ бўлсин!”, шунингдек, бир вақтнинг ўзида бўлиб-бўлиб “сени талоқ қилдим, талоқ қилдим, талоқ қилдим!” ёки “сен талоқсан, сен талоқсан, сен талоқсан!”, деган сўзлар билан шубҳасиз, албатта учта талоқ воқеъ бўлади. Бу ҳукмнинг ижмоъий экани ва ижмоъ аҳлининг ўта кучли далиллари ҳам мавжудлигида ҳеч-ҳеч иккиланиб ўтиришга асос йўқ! Балки, бу қарорни тўлақонли ишонч ва кўнгил хотиржамлиги билан қабул қилишга асослар етарли.

Кейинги даврда чиққан мухолифларнинг фикрларига эса, аҳли суннада собитқадам келаётган халқимиз чалғимасликлари керак, ҳатто кейинги янги қарорлар аслида эътиборга ҳам молик эмас. Чунки юқорида батафсил келтириб ўтилганидек, жумҳурнинг далиллари ўта ва жуда кучлидирки, мухолифларнинг далиллари билан таққосланса, жумҳурнинг далилига тарозуда тенг келиш у ёқда турсин ҳатто ўрнидан қимирлатишга ҳам қодир эмас.

Уч талоқ масаласи ва унинг ҳукмини ҳалқимизнинг барча қатлами, авом-у хос жуда пухта билиб олиши лозим. Чунки шариатимизнинг оилавий муносабатларга доир аҳкомлари ҳар-бир оила аъзоси билиши шарт бўлган зарурий илмлар қаторига қўшилади.

Талоқ сўзи айтилса Раҳмоннинг арши титрашига шубҳа йўқ. Оилаларни мустаҳкам ва барқарор сақлашга ҳар бир эркак ва аёл масъулдир. Улар бу борада жамият, давлат ва келажак авлод олдида бурчлидирлар. Бироқ, шошқалоқлик, ғазаб отига миниб оилада “уч талоқ” содир этилган бўлса, чаласавод айрим “домла”лар хузурига чопмасдан, ҳудуд мутасаддилари бўлмиш, таниқли уламолар ва расмий диний идора ходимларига мурожаат этиш керак бўлади. Албатта, юртимиз диний идораларида ислом фиқҳини яхши биладиган мутахасислар бор бўлиб, улар уч талоқ масалаларини обдон ўрганиб, жумҳурнинг қавлига, аҳли суннанинг энг кўп уламолари иттифоқ ва ижмоъ қилганига мувофиқ қарор чиқариб берадилар. Зотан, ҳаром-ҳариш оила қуриб олиш жамиятга ҳам, авлодларга ҳам ҳеч қандай наф бермайди!

Мақола муаллифи: Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Таҳрир қилувчи: Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 2 та

  1. Дилфуза:

    Рахмат сизларга .Оллох сизлардан Рози болсин . Манда ухшаш холат болган ,Энди орамиз очик вахоланки никох укиб куйишган болса хам шуни билдимки уч талркдан кейин бу никох кур курона никох .Астойдил тавба килдим Оллохим УЗИ кечирсин .
    Битта саволим бор ,бундан буён Эр Хотин болмасдан Бир хонадонда яшаса боладими ёки йук .Гунохимизни ювиш учун Нима килишимиз керак .23 йил шундай яшаб келибмиз Бир биримизга харом болиб .

  2. Дилфуза:

    Уч талок борасидаги маколага хат ёзганидим жавоб ни кутиб коламан
    Бир мартамас Икки маротаба тушган бизга ,укиб куйилган никохни узимга алдаш деб тушунвомиз ва тавба килишдан бошка чорамиз йук
    Эндиликда узимизни Эр ва Хотин деб хисобламаяпмиз .
    Саволим Бир уйда яшаш мумкинми ёки йук ва укилган никохни Нима килишимиз керэ
    Жавобилани кутиб коламиз

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *