Тил одоблари ва уни сақлаш

Lotin alifbosida

Аллоҳ таоло инсонларга чексиз неъматларни инъом қилган. Бу неъматларнинг ичида энг буюги, афзали, нодир бўлган неъматлардан бири бу – тил (сўзлаш, нутуқ) неъматидир. Берилган ушбу неъматни қандай ишлатиш керак, уни нималар билан машғул қилмоқ керак бу борада ҳам кўп тавсиялар ва кўрсатмалар берилган.

عَلَّمَهُ الْبَيَانَ

Яъни: “Унга баённи (нутқни) таълим берди”, деб марҳамат қилган. (Ар-Роҳман — 4).

 Тил одоблари ҳақида ва уни фаҳш сўзлардан, беҳаё сўзларга ишлатмаслик балким, яхшиликка, тиловатга, зикрга, ибодатга Юртни, жамиятни, мўмин-мусулмонларнинг манфаати йўлида ишлатишга динимиз таълимотларида бод-бод такрарланган.

 Жумладан:

Ибн Масъуд (р.а.) ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мўмин киши кўп сўкувчи ҳам, кўп лаънатлагувчи ҳам, фаҳш сўзларни айтувчи ҳам, одобсиз ҳам бўлмайди”, деб марҳамат қилганлар. Имом Термизий ривоят қилган.

Мазкур ҳадисдан инсонлар ўз тилини беҳаё фаҳш сўзларга ишлатмаслиги лозимлиги маълум бўлади.

Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилинади: Набий (с.а.в.) “Мусулмонни сўкиш фосиқликдир. У билан уришиш куфрдир”, деб марҳамат қилганлар. Икки шайх ва Имом Термизий ривоят қилганлар.

Анас (р.а.) ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Фаҳш нарса борки, у шармандалик келтиради. Ҳаё нарса борки, у зийнат келтиради”, дедилар. Имом термизий ва Ибн Можа ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисдан ҳам кишилар тилни фақат ҳайрлик сўзларга ишлатиш лозимлиги келиб чиқади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.): “Тилдан кўра қамоқда туришга ҳожатлироқ нарса йўқ” деганлар. Яъни киши тилини кўпроқ сукут сақлаб турса фойдалик бўлиши келиб чиқмоқда.

Абу Дардо (р.а.): “Икки қулоғингни оғзингдан сақла. Оз гапириб, кўп эшитишинг учун сенга битта оғиз, иккита қулоқ берилган” деб марҳамат қилганлар. Ушбудан бандалар тилларидан ҳар хил бўлар-бўлмас сўзлар чиқармасдан, гапирмасдан балким кўпроқ эшитиб, фақат манфаатли сўзларни гапиришлари тушунилади.

Мухалад ибн Ҳусайн: “Эллик йилдан бери узр айтишга сабаб бўладиган бирор оғиз сўз айтмадим” деганлар. Яъни кишилар узр сўрайдиган ишни, гапни айтишдан олдин ўша ҳолатни юзага келишитдан эҳтиёт бўлишлари лозим бўлади.

Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қиладилар: Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилдилар: “Ким Аллоҳга ва оҳират кунига иймн келтирган бўлса, қўшниси ва меҳмонини ҳурмат қилсин, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин” деганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Инсоннинг бошига келадиган балоси, унинг тилидан келади” деганлар.

Луқмон Ҳаким ўғлига шундай васият қилганлар: “Эй ўғлгинам, ким ёмонлик эгасининг суҳбатида бўлса, омон бўлмайди, ким ёмонлик кирадиган жойга кирса, туҳматланади ва ким тилига эгалик қилмаса, пушаймон бўлади” деб ўз ўғилларини гапирганда ҳам дунё ва оҳирати учун, дин учун, ватан учун манфаати тегадиган сўзларни сўзламак кераклигини таълим берди.

Ҳасан Басрий айтадилар: “Донишманднинг тили юрагигинг орқасида бўлади. Агар гапирмоқчи бўлса, юрагига қарайди, мабодо унда яхшилик бўлса, гапиради. Агар бировнинг зарарига бўлса, гапирмасдан сукут сақлайди. Жоҳилнинг юраги тилининг атрофида бўлади. У юрагига қарамайди. Тилига нима келса гапираверади” деганлар. Яъни инсонлар гапирганда ҳам этибор билан, ниҳоятда одоб, ахлоқ, динимиз таълимотлаида келган тавсиялар ва кўрсатмаларга зид бўлмаган ҳолда сўзламак бу инсоннинг кўркидир. Аксинча бўлса, у инсонга зийнат эмас, балки унинг онгсиз маҳлуқотлардан фарқи қолмайди.

Ҳакимлардан марҳамат қилинади: “Жим туришлик (тилни сақлашлик)да етти минг яхшилик бор. Унинг ҳаммаси етти калимада жам бўлади. Ҳар калимада минг яхшилик бор”, деганлар.

1. Жим туришлик чарчоғи йўқ ибодатдир;
2. Безаксиз зийнатдир;
3. Давлатсиз ҳайбатдир;
4. Деворсиз қўрғондир;
5. Бировларга узр айтишдан беҳожатдир;
6. Яхшилик ва ёмонлик амалларни ёзувчи фаришталарга роҳатдир;
7. Айблари учун беркитувчидир. Ҳакимлар айтадилар: жим туришлик олим учун зийнат, жоҳил учун сатр (парда)дир, деб марҳамат қилганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Муоз ибн Жабални Яманга юбораётганларида Муоз: Эй Аллоҳнинг расули, менга васият қилинг деди. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в.) тилларига ишора қилиб, яъни тилингни сақлагил, деганлар. Муоз буни осон санаб, “Эй Аллоҳнинг элчиси, васият қилинг” деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Онанг сени йўқотиб қўйсин. Одамларнинг юзлари билан дўзахга тушишларига сабаб тилларининг ёмонлигидандир”, деб марҳамат қилганлар. Бундан инсонлар тилларини жамиики манфаатсиз сўзлардан сақламоқликлари лозим бўлади.

Ҳасан Басрий айтади: “Кимнинг сўзии кўпайса, хатоси кўпаяди; кимнинг моли кўпайса, гуноҳи кўпаяди; кимни ҳулқини ёмон қилса, ўзига азоб беради” деди. Яъни гап-сўзи кўпайган инсон дунёда ҳам оҳиратда ҳа барака топмасликларини эслатиб қўймоқдалар.

Сўфён Саврийдан ривоят қилинган ҳикматда: “Менга камоннинг ўқини отгани тили билан отгандан яхшироқдир. Чунки тилининг отгани хато қилмайди, ўқни отса гоҳида хато қилади” деб барча инсонларни гапирганда фақат ўйлаб, тафаккур, тадаббур қилиб, ундан кейин манфаати кўп бўлса гапирмоқлиги яхшидир. Агар манфаати бўлмаса гапирмасдан сукут сақлагани яхши бўлар экан.

Аллоҳ субҳанау ватаоло барчамизни тилларимизни ёмон, фаҳш, беҳаё сўзлардан сақлаб, фақат Ўзини розичилиги мужассам бўлган сўзларни гапиришни насиб этсин. Умрларимизни оҳиригача динимиз кўрсатмаларида тил одоблари ҳақида келган барча кўрсатмаларга, тавсияларга, таълим-тарбияларга амал қилиб ҳаёт кечиришдек бахтга сазавор қилсин.

  Исомиддин АХРОРОВ

Ўзбекистон мусулмонлар идораси

Тошкент шаҳар вакиллиги ходими,

“Оқилон” жоме масжиди имом-хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *