Шайх Юсуф Ҳамадоний: «ОДОБИ ТАРИҚАТ»

Lotin alifbosida

odobi_tariqatБисмиллаҳир роҳманир роҳим
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан).

Аллоҳу таолога ҳамду санолар, Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалоту ва салламга дуруд ва салавотлар бўлсин.

(Комил) бир шайх билан бевосита суҳбатдан маҳрум бўлган мурид (Ҳақ йўли толиби) ҳар куни авлиёуллоҳ тоифаси (Худонинг дўстлари) сўзларидан саккиз варақ (ўн олти бет) мутолаа этиши керак. Бу сўзлар таъсирида муриднинг кўнгли жонланади. Шунга биноан мурид (солик) ўз йўли (сулуки)ни ва йўналишини қуйидаги тўрт асосга кўра белгилаши, бино қилиши лозим:

БИРИНЧИ АСОС – нафс риёзатидирки, тафсилоти узун бўлса ҳам қисқача таърифлаб ўтамиз: инсон шаҳват, яъни дунёвий орзу­истаги ўлчовида эмас, балки ҳожат доирасида ейиши, ичиши, кийиниши керак. Агар бир кеча­кундузда бир марта таом ейиш кифоя қилса, икки марта ейиши керак эмас. Агар бир марта озгина ейиш кифоя қилса, тўйиб емаслиги лозим. Модомики, очлик оғир бир машаққат экан, мурид ҳаётини очлик асосига қуриши керак эмас. У ҳолдан тойиши ва нобуд бўлиши мумкин. То нафс машаққатларга мослашмаса, шайтон ундан йироқлашмайди. Дунё хаёли кўз ўнгидан кетмаса ва шаҳвати ўлмаса, мақсадга (Ҳақ ризосига) эришолмайди. То узоқ муддат очликни ўзига одат ва касб қилиб олмаса, албатта, бу асрор ва маънавий ҳоллар қўлга киритилмайди.

Риёзатнинг яна бир кўриниши узлат бўлиб, унинг ҳам бир қанча шартлари мавжуд. Албатта, бу шартларни ушбу мўъжаз рисоламизда бирма­бир шарҳлай олмаймиз. Хилват ва узлат – тариқатнинг муборак бир асосларидан бўлиб, унинг натижаларидан бири, кўнгил ва зеҳннинг муҳофаза этилишидир. Яъни, кўнгилни (ҳар турли иллатлардан) авайлаб ­асраш ва зеҳнни соғлом ақл­-идрокда тутиш фақатгина хилват билангина амалга ошади.

Риёзатнинг бошқа бир тури эса кам ухлашдир. Кўп уйқу умрни зоеъ этади, баданни бўшаштиради, иш унуми ва иштиёқини йўқотади. Имом Ғаззолий бу ҳақда ёзадилар: «Киши бир кунда саккиз соатдан ортиқ ухламаслиги керак. Акс ҳолда инсон умрининг учдан бирини йўқотган бўлади». Азиз умрнинг учдан бирини зоеъ қилиш ҳоллари ҳаётимизда кўп учрайди.

Ейиш ва ухлаш ўз шартига мувофиқ бўлса, зиёни кам бўлади. Уларнинг шарту даражалари кўпдир. Биринчиси, мурид қорни очиб, эҳтиёж сезганида, таҳоратли ҳолда ва яқинлари билан биргаликда овқатланиши керак. Оғзига луқмани кичикроқ олиши, очарчиликда қолгандек (шоша­пиша) овқатланмаслиги лозим. Албатта, суннатга мувофиқ, аввало, қўл­оғзини чайқаши, бировнинг луқмасини емаслиги, «бисмиллоҳ» деб ейиши ва неъмат шукронасини бажо келтириши керак.

Уйқуга келсак, таҳоратли ҳолда ётиши лозим, қорни тўқ ухламаслиги, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда саҳобалардан нақл этилган дуоларни ўқиб, салавот айтиб, Аллоҳни зикр қилган ҳолда уйқуга кетилади. Уйғониб ўрнидан турганида, биринчи, Худони зикр қилиши, иккинчи, таҳорат олиши, учинчи, намозга ғайрат кўрсатиши, кун чиққунга қадар ухлаб қолмаслиги керак.

ИККИНЧИ АСОС – луқманинг ва хирқанинг ҳалол бўлиши. Чунки ҳаром луқма туфайли қалбда нур ҳосил бўлмайди. Ҳаром либос билан эса ибодат завқини тотиб бўлмайди. Шайх Жунайд Бағдодий (Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин) ҳазратлари бу ҳақда: «Ейиш-ичиш ва турар жой пок бўлса, бошқа барча ишлар тузалади», дейдилар. Бундай дейишларига сабаб, Ҳақ йўлининг муриди ва охират сафарининг солики кўп дунёвий ишлардан фориғ бўлиб, оз нарса билан кифояланади.

Ҳар бир инсон қуйидаги уч нарсани тўғри йўлга қўйиши зарур: хирқа, луқма ва маскан. Буларнинг учаласи ҳам пок ва ҳалол бўлган тақдирда, кишининг барча ишлари ривож топади. Ҳаром ва маъсиятлардан эҳтиёт бўлиш ва парҳез қилиш вожибдир. Ҳаромхўр ва фосиқлардан йироқлашиш лозим. Тўғри йўлга кирмаган, сенинг йўлингда бўлмаган кишилар суҳбатидан узоқлашишинг керак. Соликни фосиқ­ фожирларнинг суҳбатидек бошқа бирор нарса йўлдан адаштирмайди. Бу маъно зоҳир, мушоҳада қилинган ва аниқдир. Дин ва шариат йўлида юрмаган киши бир кунда минглаб ғайриодатий ҳолатлар содир этса ҳам, у шайтонга эргашган ҳисобланади. Суннатга хилоф нарсага эътиқод қўйган одам дунёнинг илмини ёд олган бўлишига қарамай, у йўлтўсар қароқчи ҳисобланади.

УЧИНЧИ АСОС – мужоҳада бўлиб, у шайтон, дунё ва ёмонликка буюрувчи нафс сингари ботиний душманларга қарши мужоҳада қилмоқ – курашмоқдир. Шуни билгинки, нафс, шайтон ва дунё – дин йўлидан оздириш учун банданинг ирода ва ихтиёр йўлига ғов бўлиб ўтириб олишган. Шайтон васваса қилиб, гуноҳ ишлар қилишга даъват этади, нафс ҳийла­найранг орқали фисқу фасодга чақиради. Дунё эса кўз олдингда ўзига оро бериб, жилваланади, ўзига хизмат қилишга чорлайди. Мужоҳада сенинг ихтиёр ва ироданг ўрин олган кўнгил дарвозасига ўтириб, муроқабага даъват қилади. Қалбга келган фикр-­хотиралар агар гуноҳ бўлса, шайтондан келаётганини англаб, уни даф қилишга машғул бўлади, яъни, садоқат ва ҳузур билан Аллоҳнинг даргоҳига илтижо қилади. Банда Аллоҳ таолонинг даргоҳидан мадад сўрашни ўзига қалқон қилиб, шайтонга қарши туради. Шу йўл билан инсон гуноҳ қилишдан сақланади ва шайтон даф бўлади. Агар қалбга келаётган фикр нафсоний роҳат ва истаклардан иборат шаҳвоний хотира бўлса, Аллоҳ таолонинг ҳузурига сиғиниб, оч қолиш, кечаси ибодат қилиш, хайрли бир сафарга яёв чиқиш ёки халқ орасида ўзини маломат қилувчи, омманинг нафратига сазовор этувчи бир иш содир этадики, бу орқали нафсига ор, нафрат ва маломат келтиради. Зеро, душманни бир марта енгиб, қуролини қўлидан тортиб олдингми, энди у билан курашиш осон кечади.

Орифлар султони Боязид Бастомий ҳазратларидан: «Аллоҳ таоло бу йўлда бошингизга солган энг катта бало қандай эди?», деб сўрашди. «Айтсам, эшитишга тоқат қилолмайсизлар», дея жавоб берди у. «Ҳеч бўлмаса, энг кичик бало қандай эди?», деб такрор сўралди. У яна: «Эшитишга тоқат қилолмайсизлар», деди. Яна: «Сизнинг ўзингизга етказган энг кичик бало нима эди?», деб сўраганларида, ниҳоят: «Нафсимни бўйсундиришга ҳаракат қилдим, бўйсунмади. Мен эса бир йил мобайнида унинг айтганларини қилмай қўйдим», – деди.

Демак, улуғ машойихлар айтганларки, «Агар бир юз йигирма тўрт минг Пайғамбарни ўз нафсингга шафеъ келтирсанг­у, ўзингдан астойдил бирон­бир ҳаракат бўлмаса, ҳеч фойдаси йўқ. Билгинки, нафсингни оч­наҳор ва яланғоч ташлаб қўйсанг, барча хоҳишларинг амалга ошаверади».

Хуллас, шариат йўлида юришнинг усули – шайтонга мухолифат айлаш билан бирга, кўп тоат ва гўзал ибодат қилишдир. Охират йўли шайтонга қарши курашиш орқали ойдинлашади. Қурб – Аллоҳга яқинлик мақомига эришиш, каромат – Ҳақнинг икромига ноил бўлиш, маърифат – Унинг сифатлари ва зотининг ҳақиқатларига етиш, жамолу жалолини мушоҳада этиш, сирлари ва нурларининг тажаллисини кашф этиш – буларнинг барчаси нафсга мухолифат қилиш орқали рўёбга чиқади. Хулоса қилиб айтганда, дунё – охиратнинг пардаси, шайтон – шариатнинг пардаси, инсоннинг борлиғи эса ҳақиқатнинг пардасидир. Инсон дунёни тарк этишга ҳаракат қилса, яъни дунёвий орзу-­ҳавасларни кўнглидан чиқаришга интилса, унга албатта охиратнинг жамоли кўринади.

Нафсни синдириш, тизгинлаш учун курашса, унинг истакларига мухолифатда бўлса, албатта, Зулжалол (Аллоҳ)нинг зоти ва сифатларини мушоҳада этиш намоён бўлади. Шайтон васвасасидан ҳазар қилиб, ўзларини маъсиятдан ва Аллоҳга мухолифатда бўлишдан сақланганликлари учун мазҳаб арбоблари, уламолар ва ўтмиш солиҳ зотларга минглаб ҳақиқат эшиклари ва маъною шарҳлар кенг очилган.

Дин усули ва фуруъи (қоидалари)да инсонлар шундай буюклар соясида: «Бизнинг (йўлимизда) жиҳод қилган – курашган зотларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилгувчилар билан биргадир» (Анкабут сураси, 69-оят) маърифатига ноил бўлишган.

Инсон қалбида юзага келган фикр-­тушунчалар тўрт хил бўлади: шайтоний васваса, нафс ҳийласи, дунё севгиси билан таскин топиш ва Аллоҳ таолонинг амри билан фариштадан келадиган илҳом. Бу туйғуларни фақатгина қалб нури орқали билиш ва улар орасидаги тафовутни фарқлаш мумкин. Кўнгил нури эса фақат Аллоҳни зикр қилиш билангина ҳосил бўлади. Чунончи, Аллоҳ таоло буюради: «Улар Аллоҳ зикр қилинганида диллари қўрқувга тушадиган, ўзларига етган балоларга сабр-тоқат қиладиган зотлардир» (Ҳаж сураси, 35-оят).

ТЎРТИНЧИ АСОС – зикр. Шуни билгинки, ибодат, тақво, риёзат ва мужоҳада сингари бир қанча йўллар бўлса­да, аммо Жаноби Ҳақни зикр қилмагунча ҳақиқат йўли очилмайди. Хожа Абу Али Даққоқ: «Зикр валийликнинг билагузугидир», демиш. Шу боис зикр мақомига эришганлар учун валийлик даражаси эҳсон этилди, зикрдан йироқлашганларни эса валийликдан маҳрум қилдилар. Ҳақиқий зикр қалб билан бўлади. Қалб зикрига муяссар бўлган солик фарз ва суннатлардан ташқари қолган вақтини зикрдан бошқа нарса билан ўтказмаслиги керак. Аллоҳ таолони кўплаб исмлари билан зикр қилиш мумкин бўлса­да, исмларининг султони «Аллоҳ»дир. Бундай кейин эса Ҳақнинг тўрт афзал зикри қуйидагилардир: «Субҳоналлоҳ», «Алҳамдулиллаҳ», «Ла илаҳа илаллоҳ» ва «Аллоҳу акбар».

«Субҳоналлоҳ» Аллоҳ таолони тасбеҳ этиш – поклаш, «Алҳамдулиллаҳ» таҳмид – Унга ҳамд айтиш, «Ла илаҳа иллаллоҳ» тавҳид – Унинг ягоналигини эътироф этиш, «Аллоҳу акбар» эса такбир – Уни улуғлашдир. Бу калималардан қайси бирини танлаб зикр қилинса ҳам аълодир. Аммо соликларнинг кўпи «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни ихтиёр этишган. Чунки кишини мосуво – дунёвий алоқа ва тўсиқлардан халос айлаб, ҳақиқат ва тариқатларга етказадиган, ўртадан пардани кўтарадиган калима ҳам шу. Шундай экан, солик бир кеча­кундузда бир неча муайян соатда уйда танҳо ўтириб, таҳоратли ҳолда, покиза либос кийиб, таъзим ва ҳурмат билан қиблага юзланиб, кўзларини юмади ва «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни мадд (чўзиқ унли ҳарф)ларини чўзиб ўқийди, ботинини назорат остига олади. Кўнгилга келадиган Ҳақдан ташқари ҳар қандай ўткинчи фикр, хаёл ва ҳою ҳавасларни мана шу калима (зикр усули) билан йироқлаштиради. Натижада, у қалбда Аллоҳ мушоҳада этилади. Бу калимани доимий такрорлаш билан унинг ҳақиқати шу қадар аён бўладики, бу ҳақда Қуръони каримда айтилади: «Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар» (Оли Имрон сураси, 191-оят).

Ушбу оятда буюрилганидек, доимий зикр туфайли солик ўнгидан парда, зулмат ва хаёллар кўтарилади, Аллоҳнинг лутф булути уни қамраб олади, фазилат ёмғири ёға бошлайди, латофат ва саодат шамоли эсади. Ана шунда баъзи сирлар намоён бўлади, баъзи латоиф садолари эшитилади. Сўз билан тушунтириб, изоҳлаб бўлмайдиган баъзи илоҳий лаззатларнинг мазаси тотилади. Айтганларидек, байт:

Ишқинг туфайли пайдо бўлган ул дардни,
Ҳис қилиш мумкин-у, англатиб бўлмас…

Рисола тугади.

Форс тилидан Сайфиддин Сайфуллоҳ ва Нодир Ҳасан таржимаси.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...