Шайх ҳазратлари раҳимаҳуллоҳ ва мухолифлар

Мақолани .pdf форматда юклаб олиш

 

shayx_hazratlari_va_muxoliflariБисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло инсониятнинг саодати учун бир неча асли бир динлар қаторида охирги дини – Ислом динини мақбул санаб, “Инна-д-дийна ъиндаллоҳи-л-Ислом!” (“Албатта, Аллоҳ наздидаги дин Исломдир!”) деб танлаб қўйди (Оли Имрон сураси, 19-оят).

Инсониятнинг энг мукаррами Худодан қўрқувчи тақводорроқ кимса эканини – “Инна акрамакум ъиндаллоҳи атқокум!” (“Албатта сизларнинг энг мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир!”) деб эълон қилди (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Энг тақводорроқ кимса эса фақат ва фақат уламолар бўлишини – “Иннама йахшаллоҳа мин ибодиҳи – ал-Уламау!” (“Шак йўқки, бандалари орасида фақат уламоларгина Аллоҳдан қўрқади!) деб баён қилди (Фотир сураси, 28-оят).

Ҳа, шундай! Аллоҳ таолонинг дини – Ислом динидаги давримиздан ва юртимиздан чиққан энг мукаррам, энг тақводор ҳамда уламоларнинг энг аълами Шайх ҳазратлари Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи ҳазратлари эдилар! Ҳазрат устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ XVI-чи асрдан буёғида – Марказий Осиёдан чиққан буюк уламолардан, асримизнинг Ўрта Осиёдан чиққан диннинг мужаддидларидан эканлигида менинг ўзимда шак-шубҳа йўқ! Мен тарихчиман, тарихни, хусусан, Ислом тарихини яхши биламан. Охирги тўрт юз йилда Марказий Осиёда юзлаб асар битган олимни тарих билмайди, охирги тўрт юз йилда Марказий Осиёда Шайх ҳазратларичалик уламо сифатида дунёга танилган, Ислом оламида шуҳрат қозонган одамни ҳам биров билмайди.

Аллоҳ таоло менга кўп яхшилик қилган! Мен ўз давримнинг улуғ олимларида диний таълим олдим. Ана шундай олимларидан бири Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ эдилар. Биз ул зотни давримизнинг буюк олимларидан эканликларини; ўз даврининг илм-ирфонда юксак даражада эканликларини; жуда кўпчилик уламолардан кўра аъламроқ ва фиросатлироқ эканликларини; ўз вақтининг авлиёуллоҳларидан бири бўлганлигини; ўзига хос ва ўз даврига мос ҳол аҳлидан бўлганини; мана-ман деган инсонлардан кўра инсонийлиги ва одамгарчилиги юқори бўлганлигини кўп бора мушоҳада қилганмиз, ўз кўзимиз билан кўриб, қалбан тасдиқлаганмиз. Бироқ, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замондошлари орасида Ул зотга қарши бўлганлар каби, Ул зотнинг давраларида бирга бўлганлар орасида ҳақиқий мухолифлар ҳам бўлгани каби Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ворис Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳни ҳам ёқтирмайдиган, ул зотга мухолиф бўлганлар топилиши табиий эди. Бу мақола ана шу олимнинг улуғликларини яна бир бор тасдиқлашга ва уларга мухолиф чиққанлик сабабларини таҳлил қилишга бағишланади. Шоядки, бизнинг Сизга муболаға ва ортиқча эҳтирос бўлиб туюлувчи муҳаббатга йўғрилган сатрларимиз Сизнинг қалбингизда ҳам Шайх ҳазратлари Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи ҳазратларига нисбатан муҳаббат уйғотса, иншаАллоҳ!

ОЛИМЛАРГА ҚАРШИ ЧИҚУВЧИЛАР БОР

Ҳар бир ҳаққоний ва раббоний олимга таъна қилингани ва мухолиф чиқадиган одамлар топилгани каби Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳга ҳам мухолиф одамлар чиққанлиги рост. Бу ҳолат ул зоти шариф дорилфанодан дорилбақога реҳлат қилганларидан сўнг ҳам давом этиб келмоқда. Аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги амрларига амал қилган яхшироқ эди:

أذكروا محاسن موتاكم و كفّوا عن مساويهم

Ўлганларингизнинг яхши хислатларини эсланглар, уларнинг ёмонликларидан тилингизни тийинглар!”. (Абу Довуд, 4/4902; Термизий, 3/1019; Байҳақий, 2/7440; Ибн Ҳиббон, 7/3020; Табароний, 12/13599).

Ҳужжат ул-ислом Имом ал-Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳининг баъзи китобларига айрим ноқобиллар таъналар етказганлар: “Унинг асарлари ўтган давр уламоларининг китобларига тескари, мутакаллим машойихларга қарши, айниқса, у аҳли суннат ва жамоатнинг ашъария таълимотидан ташқари чиққан, унинг асарларида куфр излари бор, унинг асарлари одамларни адаштиради, уларда залолат ва хусрон мавжуд”, дейдиганлар кўпайиб кетган. Қаранг, ҳозир ҳам Имом ал-Ғаззолийдек исломнинг ҳужжати сифатида тан олинган зотнинг асарларига таъна қиладиганлар топилиб туради. У зотнинг асарларини ўқимасликка тарғиб қиладиган, у зотнинг асарларидаги айрим фикрларга, ҳадисларга гап топадиганлар ҳозир ҳам бор. Ана шундайлардан бирига қарши Имом ал-Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи жаноблари ўзларининг “Файсал ут-тафриқа” асарларини битганлар. Асар муқаддимасида у зот бундай дейдилар:

فأىّ داع أكمل و أعقل من سيد المرسلين صلى الله تعالى عليه و سلم و قد قالوا انه مجنون من المجانين و اىّ كلام اجلّ و اصدق من كلام ربّ العالمين و قد قالوا انه أساطير الاوّلين
و ايّاك ان تشتغل بخصامهم و تطمع فى افحامهم فتطمع فى غير مطمع و تصوت فى غير مسمع!

“Бас, қайси даъватчи пайғамбарлар саййиди Муҳамад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра комилроқ ва ақллироқ эканлар, ахир, у зотни ҳам мажнунлардан бир мажнун деганлар-ку?! Қайси гап Раббилоламиннинг каломидан кўра буюкроқ ва тўғрироқ экан, ахир, уни ҳам аввалгилардан қолган асотирлар – афсоналар деганлар-ку?!

Сен ўша (раббоний ва ҳаққоний) олимларга қарши чиқишга машғул бўлишдан узоқ бўл ва уларнинг оғизларини ёпиб қўйишни тама қилишдан ўзингни сақла! Зотан, у ҳолда сен умид қилиб бўлмайдиган нарсани тама қилган бўласан, (умрингда) эшитмаган нарсангни эшитиб қоласан!”. (Имом ал-Ғаззолий. Файсал ут-тафриқа байн ал-ислом ва-з-зиндиқа. – Миср: Саодат, 1907. – Б. 3).

Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳ ўзларининг Абу-л-Ҳасан ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳига туҳмат ва бўҳтон қилувчиларга раддия сифатида битган асарларида: لحوم العلماء مسمومة – “Уламолар гўшти заҳарлидир!”, деганлар. (“Табйин кизб ал-муфтарий”, 1/5).

Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ “ал-Мажмуъ” асарларида буюк фақиҳ саҳоба Абдуллоҳ ибн Aббос разийаллоҳу анҳунинг мана бу гапларини келтирганлар:

من آذى فقيها فقد آذى رسول الله صلى الله عليه و سلم و من آذى رسول الله صلى الله عليه و سلم فقد آذى الله تعالى عز و جل

“Кимки бирор фақиҳга озор берса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берган бўлади. Кимки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берса, Аллоҳ таолога озор етказган бўлади”.

Аллоҳ таолога озор етказиш оқибати нима? “Саҳиҳ ал-Бухорий”да мана бу ҳадиси қудсий келтирилган:

من عادى لى وليّا فقد آذنته بالحرب

“Кимки менинг валий дўстимга душманлик қилса, батаҳқиқ унга уруш эълон қиламан!”. (Бухорий, 8/6502; Ибн Ҳиббон, 2/347; Байҳақий, 2/6622; Табароний, 12/12719).

Уламолар эса Аллоҳнинг валийларидир. Буни Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ келтирганлар:

ان لم يكن الفقهاء اولياء الله فليس لله ولى

“Агар фақиҳлар Аллоҳнинг валийлари бўлмаса, унда Аллоҳнинг валийси йўқ экан!”.

Аҳли суннат ва жамоатдаги ҳар қандай олимга қарши чиқувчилар, уни эътироф қилмайдиганлар, унга таъна қилувчилар, унинг фикрларига ва қарашларига қўшилмайдиганлар топилиб туради. Қарши чиқилганлик ва мухолиф бўлганликнинг сабаблари ўрганилса, қуйида кўрсатиладиган тўртта сабаб (асли ҳаромилик ва хоинлик; ғулувга кетиш ва таассуб; ҳасад ва кўролмаслик; ҳамда илмий баҳс) мавжудлиги маълум бўлади. Биз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳга нисбатан қарши ва мухолиф бўлганлар мисолида уларни кўриб чиқамиз.

Ҳозир эса, аввало мақоламиз муқаддимасида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳни аср мужаддиди деб таърифлаган гапимизнинг исботи сифатида айрим маълумотларни тақдим қилишимиз керак бўлади. Зотан, бу буюклик олдида қарши чиқилганлик ва мухолиф бўлганлик ҳеч нарса бўлмай қолади.

АСР МУЖАДДИДИ

Ислом динига эътиқод қилувчилар илму фаннинг турли соҳаларида бошқа халқларга нисбатан пешқадам ва ўрнак бўлиб келганлар. Диний илмлар ўз-ўзидан диннинг ривожи учун тараққий қилдирилган. Шу билан бирга дунёвий илмлар – тиббиёт, жуғрофия, нужум, фалакиёт, зироат, ҳайъат, ва ҳатто, мусиқа жуда ривожланган ва Оврўпо халқларининг илмий асосларига пойдевор бўлган.

Бироқ, илм тараққиёти ва ривожи билан бирга таназзули ва таваққуфи ҳам табиий равишда кузатилади. Бир юртда ривожланаётган илм бошқа юртда йўқолиш даражасига тушиб қолиши мумкин. Ана шундай вақтларда илмнинг пасайиб қолган, тўхталиш кузатилаётган соҳасини ривожлантирадиган, одамларни маълум бир фан соҳасига қизиқишларини уйғотиб юборадиган, маълум бир илм соҳасида энг пешқадам устози даражасига кўтарилган, халқ ўша илм соҳасида унга мурожаат қиладиган илмпарвар, билимдон кимсаларга эҳтиёж туғилади. Мана шундай муҳтож бўлинадиган зотлар ҳар асрда пайдо бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари башорат қилган эканлар.

Машҳур саҳоба Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

انّ الله تعالى يبعث لهذه الأمّة على رأس كلّ مائة سنةٍ من يجدّد لها دينها

“Албатта Аллоҳ таоло бу уммат учун ҳар юз йилнинг бошида уларга динини янгилаб турадиган кимсани юборади”. (Абу Довуд, 2/4291; Ҳоким, 4/8592).

Яъни, ҳар бир асрда суннатни бидъатдан ажратиб берадиган; илмни кўпайтирадиган; илм аҳлининг қадри юксаклигини кўрсатиб қўядиган, азиз қиладиган; бидъатларни йўқотиб, бидъат аҳлини синдирадиган; бир сўз билан айтганда, дини исломга қувват ва ривож бағишлайдиган кимса вужудга келади. Мана шу олим, ҳадисда башорат қилинганидек, мужаддид деб аталади. “Мужаддид” – янгиловчи ва тозаловчи, деган маънода бўлиб, у “мужтаҳид”дан фарқ қилади. Мужтаҳид йўқ жойда янги ариқ-анҳор қазиб чиқарса, мужаддид бирор сабаб билан қуриб қолган ёки кўмилиб кетган ана шу ариқ-анҳорда яна янгидан сув оқишига сабаб бўладиган, кўмилиб қолган ариқ-анҳорни тозалаб, унда сув равон оқишини таъминлаб берадиганни айтилади. Мужтаҳид билан мужаддиднинг фарқи шу ерда.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари Марказий Осиёда фаолият олиб борган ана шундай зотлардан бири эдилар. У зот аҳли суннат ва жамоат ақоидида мотуридий ақидасида, амалиётда ҳанафий мазҳабида, тариқатда эса нақшбандий бўлган давримизнинг буюк зотларидан бири эдилар. Буни ул зотнинг ҳаётини кузатган, илмий ишларини тадқиқ этган, хайрли амалларини таҳлил этган минглаб, балки миллионлаб одамларнинг диний саводи ошишига ҳисса қўшганлигини тушунган ҳар бир одам яхши билади.

Жумладан, у зот диний илмларнинг ҳар бир соҳаси учун алоҳида, содда ва барча тушунадиган услубда китоблар таълиф қилдилар. Мужаддидликнинг аҳамияти ҳам шу ерда: у зот араб тилида ёки ўзлари яхши билган бошқа тилларда асарларини ёзганларида, эҳтимол, бундан-да кўра обрўлироқ, машҳурроқ бўлар эдилар. Лекин, у зот том маънода ўз халқининг одами эди, ўз юртини, Ватанини севадиган инсон эди. Шунинг учун ҳам, асарларини шу юрт, шу халқнинг тилида ёзишни ўзига лозим тутдилар.

Биз таъкидлаётган мужаддидликнинг моҳиятини билишнинг бир йўли бор. Ҳар бир нарса солиштириш ва қиёслаш билан ойдинлашади:

Охирги тўрт юз йил ичида Марказий Осиёда барча илмлар ва миллий маданият қатори диний илмлар ҳам сусайиб борди. Ҳанафийлик мазҳабига асосланган диний илм-фан ҳақли равишда Истанбул тарафларга, ундан эса Ҳиндистон томонларга ўтиб кетган эди. Натижада, Марказий Осиёда илмий соҳалар ростакамига қотиб қолди, қилни қирқ ёрадиган уламолар, ҳар нарсага қодир мударрислар, тоғни талқон қиладиган толиби илмлар беш юз йил аввалги Бухоронинг ва Мовароуннаҳрнинг буюклигига маҳлиё бўлиб, ўша даврларда битилган асарларни, унда ҳам ҳаммасини эмас, балки бир-икки – фақатгина ўлкадагина мутадовил (урфга кирган) китобларни ўқиб юравердилар. Уларга ҳеч бўлмаганда тушунтириш ёки изоҳлар битишга уруниб ҳам кўрмадилар. Тушунтириш ёки изоҳлар битиш у ёқда турсин, ҳанафийликда мана шу ўлкада мутадовил бўлган ана шу китоблардан бошқа ҳам китоблар борлиги, унда ҳам ҳанафийликнинг энг асосий, энг мукаммал баёни келтирилиши мумкинлигини тан олмадилар, “Бу бизнинг ўлкаларда мутадовил китоб эмас!”, дея ҳатто ўқиб кўриш ва варақлашдан ҳам қайтариб келдилар. Энг ачинарлиси, ана шу мутадовил бўлган китобларнинг ҳатто ҳаммасини – бошдан-охир ўқиб чиқмадилар. Мадрасада дарслик бўлган катта-катта китобларнинг муқаддимаси, бошланиши, нари борса биринчи жилди ўқитилиб қолди …

Тўғри, бир қанча шарҳлар бор, лекин уларнинг барчаси, ишонасизми, мантиқ, исломий фалсафа ҳақидадир, араб тилшунослигининг энг-энг нозик масалаларига бағишлангандир. Соф диний илмлар – тафсир, ҳадис, калом ва ниҳоят фиқҳ кабилар, аксар уламолар, аниқроғи барчанинг назаридан четда қолиб келаверди. Бунга урунганларни эса “мужтаҳидлик даъво қилмоқда”, “фиқҳдан ҳам илм бўлибдими, ҳақиқий илм “Мушкилот”дадир”, “бу оддий “Мухтасар”хон-ку?!”, “бу чўлоқ банданинг қўлидан нима ҳам келарди!”, дея бўлар-бўлмас ҳақоратлар қилиб келинди. Қуръондан ёки ҳадисдан гапирганларни ижтиҳод даъвогари деб айбланди. Аслида, ижтиҳод фақатгина аҳком оят ва ҳадисларга тегишли, фақат ва фақат шариатнинг ҳукм олинадиган манбаларига тааллуқлидир. Шундай экан, ҳеч бўлмаганда, одоб-ахлоққа оид оят-ҳадислар, тарихга оид қуръоний ва ҳадисий қиссалар тафсир ва шарҳ қилиниши мумкин эди-ку?! Бироқ, минг афсуслар бўлсинки, ана шу тўрт юз йилда бу хилдаги ишлар ҳам қилинган эмас. Ҳа, охирги тўрт юз йилда буюк Мовароуннаҳр, буюк Туркистоннинг диний аҳволи мана шу эди! Бу ўтган тўрт юз йиллик уламоларни ёмонлаш эмас, асло. Балки, бу ўша даврлар тарихини билдириб, тарихдан сабоқ чиқариш учундир. Зотан, мозийга қайтиб иш кўриш хайрлидир!

Ва ниҳоят, руслар босқини юз берганидан сўнг, диний илмларни бутунлай борбод қилинди, одамлар диндан узоқлашиб кетдилар, диний илм ўқиш у ёқда турсин, Қуръонни ёдлаб, сақлаб қолишнинг ўзи мураккаб иш бўлиб қолди. Яширин таълим-тарбия ишлари ҳам тезликда, асосий дарсликларни ўқитиш ва қисқа матнларни ёд олдириш билан амалга оширилиб келди. Бундан бошқа иложи ҳам йўқ эди, китоб ёзиш, уни оммага тақдим қилиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Шукрки, истиқлол неъмати бизга буюк ислом неъматини олиб келди, диний саводхонликни, диний билимларда олим ва уламо бўлишни олиб келди. Биласизми, мустақилликдан энг кўп дин ва диндорлар ютди!

Шундай вақтда тарих саҳнасига буюк уламо Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ чиқиб келдилар. У зот қўлларидан келган барча ишларни изчиллик билан, қатъий режа ва тартиб билан амалга оширдилар. Унга Парвардигори оламнинг ўзи мададкор бўлди, Аллоҳ таоло унга хайрихоҳларни кўпайтирди, унинг ишини қўллаб-қувватлаб турувчиларнинг сонини оширди, унга ихлос қўйган бутун бошли, озод ва обод буюк давлатда яшовчи ЎЗБЕК ХАЛҚИни юзага чиқарди. Шу орада, унга ҳасад ила боқадиганлар ҳам топилиб қолди, унинг ишига тўсқинлик қилишни мақсад қилганлар ҳам фаолият олиб борди. Бироқ, уларнинг қўлларидан ҳеч нарса келмади, келмайди ҳам. Зотан, Қуръон оятидан маълумки, ҳақ келганда ботил йўқ бўлувчидир (Исро, 81).

Унинг ишларини инсоф билан кузатиб, унга инсоф билан хайрихоҳ бўлмай илож йўқ. Қаранг, бир таҳлил қилишга урунсак:

1) “Тафсири Ҳилол”. Бу китоб олти жилддан иборат бўлиб, ўзбек тилида қилинган йирик ҳажмли илк тафсир ҳисобланади! Тўғри, ундан олдин, фақат XIX-чи асрга келибгина Хоразмда “Тафсири Ҳусайний” ўзбек тилига таржима этилди. Уни Алишер Навоий раҳимаҳуллоҳ даврида яшаган улуғ олим Ҳусайн Воиз Кошифий раҳимаҳуллоҳ форс тилида битган, катта ҳажмли бир жилддан иборат тафсир. Бироқ, бу “Тафсири Ҳусайний”нинг ўзбекча таржимаси ҳам қўлёзма ҳолида бир-икки нусха кўчирилган, холос. ХХ асрда эса ўзбек тилида иккита тафсир битилди. Улар Олтинхон тўра Маҳмуд Тарозий раҳимаҳуллоҳ ва Мавлавий Домла Ҳиндистоний раҳимаҳуллоҳнинг тафсирлари бўлиб, улар бир ёки икки жилдли, кўпроқ таржима маъносида эди. Замона одамига тушунарли, содда ва кенг тушунчалар билан қилинган тафсир ҳозиргача “Тафсири Ҳилол” ҳисобланади. Ундан сўнг Шайх Абдулазиз Мансур ҳафизаҳуллоҳнинг Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири халқимиз учун энг-энг керакли китоб бўлиб турибди.

Қуръон каримни ўрганиш борасида алоҳида илм шаклланган. Уни “Улум ал-Қуръон” (“Қуръон илмлари”) деб аталади. Унда тафсир қилиш усуллари, қироат илми, носих ва мансух масалалари кабилар ўргатилади. Охирги 400 йиллик тарихда Ўрта Осиё мадрасаларида ушбу соҳага оид бирорта асар ўқитилгани ёки шу ерлик олимларнинг бирортаси ушбу соҳага оид асар ёзганлиги маълум эмас! Шайх ҳазратлари илк бор ўлиб кетган бу илмни ҳам тирилтиришга ҳаракат қилиб, “Қуръон илмлари” деган алоҳида катта ҳажмдаги асарларини битиб, кўп нусхада нашр қилдирдилар.

2) “Ҳадис ва ҳаёт”. Бу 39 жилддан иборат йирик ҳажмли, ҳадис соҳасида қомусий асарлардан бири. Бу ҳажмдаги иш охирги 400 йил ичида Марказий Осиё ҳудудида қилинган эмас! Агар фаразан уни илмий текшириш институти жамоаси қилишга урунганида ҳам бутун бошли институтнинг мана-ман деган илмий жамоаси ҳукуматдан катта-катта маошлар олиш эвазига ўн йиллар давомида қилиши мумкин эди, холос. Бу гапда муболаға йўқ! Хуллас, ушбу асар битилиб оммага тақдим этулгунга қадар ҳадис соҳасида Марказий Осиёда фақат ва фақат кичик ҳажмли “Арбаъин”лар тузилган ёки уларгагина шарҳлар битилган. Лекин, улар ҳам бутун дунёга машҳур ва “Арбаъин”лар орасида алоҳида юксак мавқеъга эга Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳнинг асарига шарҳ қилинган эмас. Афсуски, Мовароуннаҳр ва Ўрта Осиё мадрасаларида тинмай ўқитилган, ихлос билан ўқилган “Мишкот ал-масобеҳ”га ҳам бирорта шарҳ ёзилган эмас, бунга уруниб ҳам кўрилмаган. Яна Хоразмда XIX-чи асрда Ҳиндистонда туғилиб-ўсган, асли келиб-чииши ўзимиздан бўлган ҳадисшунос олим Абдулҳақ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳнинг “Ашъат ул-ламаот” номли шарҳи таржима қилинишга урунилган. Бироқ, ушбу таржима оммага ва ҳатто уламоларга ҳам тарқатилмасдан, қўлёзма ҳолида қолиб кетган, албатта.

Ҳадис фанини мукаммал ва изчил ўргатишдан аввал унинг назарий қисми “Мусталаҳ ул-ҳадис” (“Ҳадис фанида ишлатиладиган атамалар изоҳи”)га оид рисола ва маълумотлар ўқитилган. Бироқ, афсуски, ҳадис илмида ўта муҳим бўлган ушбу соҳа ҳам охирги 400 йиллик даврда Марказий Осиёнинг мадраса таълим дастурларида учрамайди, бу борада бирорта арзигулик асар битилганлиги маълум эмас! Тўғри, Бухоронинг улуғ муфтийларидан бири, XVII асрда яшаган Муҳаммад Шариф ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ бу борада битта рисола ёзишга ҳаракат қилган ва у 3-4 варақли ҳажмда бўлиб, қўлёзма ҳолида қолиб кетган. Шайх ҳазратлари эса ушбу ўлиб, йўқ бўлиб кетган соҳани ҳам тирилтириб, алоҳида “Мусталаҳул-ҳадис” номли йирик ҳажмли асарни чоп қилдирдилар. Бу соҳага ҳозирда қизиқиш ортиб бормоқда, ўзимиздаги исломий ўқув даргоҳларининг ўқув дастурларига киритилган.

Бундан ташқари буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Адаб ал-муфрад” асарининг 4 жилддан иборат “Одоблар хазийнаси” номли таржима ва изоҳли шарҳи, Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий раҳимаҳуллоҳнинг “Китоб ал-бирри ва сила” асарининг “Яхшилик ва силаи раҳм” номи билан қилинган таржима ва шарҳи, 4 та кичик ҳажмли алоҳида-алоҳида рисолалардан иборат “Исломнинг мадори бўлган ҳадислар” рукнининг эълон қилиниши ҳадис илми соҳасида бир шахс томонидан асрларни ёритиб турадиган нақадар улуғ ишларни амалга оширилганини англатади.

3) Ақоид ва илми калом бўйича қилинган илмий ишлар. Бу борада алоҳида йирик ҳажмли 3 та асар битилган. “Сунний ақидалар”, “Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар”, “Ақийдатут-таҳовия” шарҳининг талхиси кабилар оммага тушунарли тарзда битилганки, мусулмонлар уларни ўқиб, ўзларининг ақидаларини тўғрилаб, аҳли суннат ва жамоат ақидасида мустаҳкам бўлишлари шак-шубҳасиздир. Қадимда ақида ва калом илмига оид асарлар битилган. Жумладан, XVII-XIX асрларда “Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия”га, “Шарҳ Мулла Жалол Даввоний”га бир қанча ҳошиялар ва таълиқалар қилинди. Бироқ, мазкур асарлар ўша даврлардаёқ таълим дастурларининг “Мушкилот” қисмига оид бўлиб, уларнинг мазмуни ақидадан анча олислаб, мантиқ ва фалсафий маъно-мазмунларга чулғаниб кетган эди. Ҳозирда қўлёзма ва тошбосма асарлар каталогларини тайёрловчи мутахассислар ушбу асарларни ақида соҳасига эмас, фалсафа ёки мантиқ бўлимларига жойлаштиришларининг сабаби ҳам шунда. Хуллас, ақида ва каломга оид асарлар чоп қилдирган ўтмиш ва замондош аҳли илмларнинг ҳурматини жойига қўйган ҳолда айтишим керак, охирги 400 йил ичида халқ севиб ўқийдиган, ўз ақидаларини тўғрилаш мақсадида қўлига оладиган, ақидага оид энг оммабоп асарлар Шайх ҳазратлари томонларидан битилди.

4) Фиқҳ соҳаси. Оҳ! Бу борада қилинган ишларнинг таъсири 400 йиллик тарихни бемалол ёритиб туради! Шайх ҳазратлари ХХ аср охири – XXI аср бошларидаги Ўрта Осиё, айниқса, Ўзбекистон ҳудудида яшовчи халқлар учун ҳанафий фиқҳи соҳасида асрларга татигулик буюк мерос қолдирди. Ҳанафий мазҳабининг улуғ мўътамад матни “Мухтасар ал-Виқоя”га “Кифоя” номли шарҳ битилди. Айтиш керакки, XVI-чи асрдан бери унга далиллар билан таъминланган шарҳ битилмаган! “Мухтасар ал-Виқоя” – мадрасаларда фиқҳдан энг асосий дарслик бўлишига қарамасдан, уни толиби илмлар тўла ёд олганларига қарамасдан, на араб тилида ва на форс ва на туркий тилида унга шарҳ ёзилмаган! Албатта бу эътироф анча кенг тарқалган ва оммабоп бўлган бир неча шарҳларни назарда тутмагандадир. XVI-чи асрда Марказий Осиёда “Мухтасар ал-Виқоя”га Шамсиддин Кўҳистоний раҳимаҳуллоҳнинг “Жомеъ ар-румуз”, Мавлоно Абу-л-Макорим раҳимаҳуллоҳнинг “Шарҳи Ниқоя”, Абдулали ал-Биржандий раҳимаҳуллоҳнинг “Шарҳ ан-Ниқоя” ҳамда Жалолиддин ад-Даввоний раҳимаҳуллоҳ, Жамолиддин Гўримирий раҳимаҳуллоҳ ва Муҳаммад Солиҳ раҳимаҳуллоҳнинг форс тилидаги шарҳ-таржималари битилган. Ундан сўнг то ХХ аср бошигача бирорта шарҳ учрамайди. Шу вақт туркий тилда “Мажмаъ ал-мақсуд” ва “Назми Мухтасар” битилди. Улар ҳам XVI аср биринчи ярмида битилган, “Мухтасар ал-Виқоя”нинг ажойиб шарҳи “Жомеъ ар-румуз” асосида ёзилган. Мазкур шарҳларнинг ҳаммасида ҳанафий мазҳаби фиқҳининг оят ва ҳадислардан далиллари учрамайди. Шундай экан, оммага ва инсофли уламоларга мақбул бўлган, асосийси, далиллар билан таъминланган шарҳни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари битдилар, дея оламиз. Авлиёи барҳақ, олими мутлақ устозим Шайх Дўстмуҳаммад Турсун қуддиса сирруҳу ушбу “Кифоя”ни сотиб олиб, шахсан ўзлари одамларга тарқатганлиги, уларнинг ҳузурларида “Кифоя”дан тўлиқ битта китоби – бўлимлари ўқилиб эшиттирилгани каби ҳолатларни халқ ва домлалар орасидан олиб мисол тариқасида юзлаб келтириш мумкин.

Фиқҳнинг назарий масалаларига бағишланган соҳаси усул ал-фиқҳ ва фиқҳий йўналишларни ўрганиш соҳаси бўлиб, бу соҳа ҳақиқатдан ҳам Ўрта Осиёда охирги 400 йил давомида ўлиб бўлган соҳа эди. Бу даврда ушбу соҳага оид бирорта асар Ўрта Осиёда ёзилганини тарих билмайди! Шайх ҳазратлари “Усулул фиқҳ”, “Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” каби катта ҳажмли асарлари ана шу долзарб ва муҳим соҳага бағишланган.
Фиқҳ ҳақида гапирилар экан, фиқҳий ихтилофлар, одамлар орасидаги тушунмовчиликлар, ҳар хил масалаларга жавоб беришларни эсламасдан иложимиз йўқ. Бу соҳаларда Шайх ҳазратлари яна катта фидоийлик кўрсатиб, жуда катта ва улкан ишларни амалга оширдилар. Ўтган 400 йиллик муфтийларнинг ва фатво берувчиларнинг фатволари бунчалик оммалашмаган, берилган фатволарнинг амалига бунчалик кўп одамлар ёппасига киришмаган эди. “Мазҳаблар – бирлик рамзи”, “Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар”, 4 жилддан иборат “Зикр аҳлидан сўранг” асари ва шу номдаги 100 дан ортиқ сондаги ойномалари, “Бозор ва унга боғлиқ масалалар”, “Қарз ва унга боғлиқ масалалар”, “Мўминнинг меърожи – муфассал намоз китоби”, “Рамазонни қаршилаб” каби асарлари халқимизнинг, ўзбек халқининг, Ўрта Осиё халқларининг ҳанафий мазҳабида мустаҳкам туришлари, мазҳабга ихлосли бўлишлари, фиқҳий масалаларда саводхон бўлишилари учун қиёси йўқ катта диний хизмат ҳисобланади.

5) Исломнинг учинчи йирик йўналиши бўлмиш тасаввуф ва руҳий тарбия соҳасида ҳам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ буюк ишларни амалга оширдилар. Ҳақиқатдан ҳам, Шайх ҳазратлари тасаввуфни, тариқатни тўғри тушунтириб берган ва қабул қилдира олган зот ҳисобланади. “Тасаввуф ҳақида тасаввур” асарлари, 3 жилддан иборат “Руҳий тарбия” асарлари, исломий муомала ва одоб-ахлоққа оид ўнлаб катта-кичик асарлари, “Исломда инсон ҳуқуқлари”, “Ижтимоий одоблар”, “Исломда экология”, “Ислом – соф табиат дини”, “Ёлғон”, “Исроф” ва фолбинликка қарши ёзилган асарлари кабилар шулар жумласидандир. Айниқса, 5 жилддан иборат “Хислатли ҳикматлар шарҳи” бу йўналишдаги битилган ишларнинг энг чўққиси бўлиб қолди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ замон билан ҳамнафас яшар, балки тафаккур сарҳадларида ўз элдошларидан анча олдинлаб кетган, одамларни тўғри йўлда бўлишларига ҳамда тинчликда, фароғатда ҳаёт кечиришларига ҳарисманд зот эдилар. “Оила фароғат қасри”, “Бахтиёр оила”, “Кексаларни эъзозлаш”, “Соғлом бола”, ва ниҳоят, “Дин насиҳатдир”, “Очиқ хат” каби катта-кичик китоб ва рисолалари бу гапимизни тасдиқлаб турибди.

6) Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бу хилдаги буюк асарларни таълиф қилиш ва нашр эттириш билан чекланиб қолганлари йўқ, уларни рус ва қозоқ тилларига таржима қилдириб, нашр қилдирдилар. Энг асосийси, тасвирли ва овозли дискларда 50 дан ортиқ чиқишлар қилдилар. Радиода ҳар ҳафта мунтазам чиқишлари, Рамазон ойида масжидларда ҳар кунги суҳбатлари тўхтамасдан бўлиб турди. Булар ҳам ҳозирги тараққиёт даврида китоб ўрнини босадиган ўта долзарб ва муҳим ишлардан ҳисобланади.

Интернет соҳасида ўзида 20 дан ортиқ сайтни бирлаштирган Islom.uz порталига раҳбарлик қилишлари, ҳар куни 200 га яқин одамларнинг сўровларига шаръий жавоблар беришлари ҳам у зотнинг буюклигининг бир нишонасидир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ишлари булар билан тугаб қолмади. Афсуски, қисқа умр айрим ишларини тугатишга ва натижасини кўришга вафо қилмади. “Олтин Силсила” лойиҳасида сиҳоҳи тисъа – тўққизта саҳиҳ ҳадислар тўпламидан иборат исломнинг энг буюк ҳадис китобларининг таржимасини қарийб 50 жилдли қилиб нашрга тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда эди. Улардан фақат йирик ҳамли 5 жилди нашр қилинди. Шунингдек, 10 жилддан ортиқ бўлиши кўзланаётган “Ислом қомуси”ни тайёрлаш ишлари қизғинлик билан бошлаб юборилган эди. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг “ал-Фиқҳ ал-акбар” асарлари таржима ва шарҳ қилинган эди. Машҳур “Баҳр ар-роиқ” асарининг муаллифи Ибн Нужайм ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Ашбоҳ ва-н-Назоир” асарлари, таниқли замондош фақиҳлардан Муҳаммад Тақий ал-Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг замонавий масалаларга бағишланган 2 жилддан иборат “Буҳус” китоби кабиларнинг таржималари нашрга тайёрланмоқда эди. Шунингдек, 2 жилддан иборат “Ислом тарихи” асарлари ҳам нашрга тайёрланган. Буюк ҳанафий фақиҳи Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳининг буюк асари “ал-Ҳидоя”нинг тўлиқ таржимасининг таҳрир ишлари устида ўтирган эдилар.

Шунингдек, ҳафтанинг бер неча кунида бир неча ҳалқадан иборат шогирдлар даврасида илмий сабоқ ва дарслар, ойда икки бора шогирд ва ҳаммаслаклар билан бирга илмий баҳслар ва маслаҳатлар бўлиб турган.
Бу хилдаги йирик ҳажмли илмий ишларнинг кўлами ва миқёсини кўриб, тан олмасдан илож йўқ! Ҳақиқатдан ҳам буларнинг бари Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳни қадим Мовароуннаҳр ва Туркистондаги асримиз мужаддиди сифатида кўрсатишга ҳақли эканлигимизни англатади.

ҲАРОМИ ВА ХОИНЛАР УЛАМОЛАРГА ҚАРШИ ЧИҚАДИ

Заҳарнинг заҳар эканлигини калласида ақли бор барча инсон зоти билади, заҳарнинг ўлдирувчи эканлигини исботлаб ўтириш шарт эмас. Бироқ, асли калласида “иш” бор, ақли-ҳуши жойида бўлмаган, зоти паст, бир сўз билан айтганда ҳароми инсонлар юқорида айтиб ўтилган لحوم العلماء مسمومة“Уламолар гўшти заҳарлидир!”, деган ҳикматнинг асл маъносини билишмайди. “Валади зино ўзига яхшилик қилган инсонга ёмонлик қилмагунча дунёдан ўтмайди!”, деган нақл ҳам бор. Ҳаққоний уламоларга ёмонлик қиладиган, уларнинг ҳурматини поймол қилишга урунадиган, элу юртда обрў қозонган уламоларни ёмонотлиқ қилишга ҳаракат қиладиган, раббоний уламоларнинг виқори-салобатидан ҳайиқмайдиган касларни мен ўшанга ўхшатаман. Бу борада Имом аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг бир қиссасини келтириш мумкин:

Исломнинг энг буюк уламоларидан бири Имом аш-Шофиъий раҳимаҳуллоҳ бир куни уламолар ва шогирдлар даврасида илмий суҳбат қуриб ўтирган эканлар. Мадраса дарвозаси очиқ экан. Мадраса олдида ёш болалар копток ўйнаб юрар, уларнинг бақир-чақири ва шовқин-сурони эшитилиб тураркан. Шунда, ногаҳон, копток дарвозадан кириб келиб, уламолар даврасига тушибди. Бирдан болалар шовқин-сурони жим бўлибди, болалар уламоларнинг илми-ирфони, виқор-салобати сабабидан коптокни келиб, олиб кетишга қўрқибдилар, ийманибдилар, уялибдилар. Болалар дарвоза олдида қотиб қолибдилар. Шунда бир бола журъат қилиб мадрасага кирибди ва уламоларнинг дарс ҳалқаси ўртасидан коптокни олиб кетибди. Имом аш-Шофиъий раҳимаҳуллоҳ: “Уламолардан ҳаё қилмаган бу бола валади зино – ҳароми бўлса керак. Бошқа болалар уламолардан ийманиб, илмий даврага суқилишга ҳаё қилдилар”, дебдилар. Шогирдлар суриштириб-қарашса, дарҳақиқат Имом аш-Шофиъий раҳимаҳуллоҳнинг фаросатлари тўғри чиқибди…

Бугунги кунда юртимизда туғилиб-ўсган, тузини еб, тузлиғига тупурган, жонажон Ватандан бош олиб чиқиб кетган, ҳозирда ватангадо бўлиб юрган айрим кимсалар уламоларимизни ва домла-имомларимизни сўкиб, ҳақорат қилиб, азиз юртдошларимизни ёмонлаб чиқишмоқда. Аввалига давлат ва ҳукумат аҳлини ёмонлаб юрганлар, ҳеч иш чиқара олмагани боис уламоларимизга ўтди. Уларнинг энг катта нишони Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бўлиб қолди. Менимча, ҳар бир юртни ёмонотлиқ қилувчи, яхшиликдан ҳам ёмонлик қидирувчи, буюликка интилаётган давлатларни кўра олмайдиган иғвогар, чақимчи ва туҳматчиларнинг тузоғига илинганлар барча замонларда ва ҳамма маконларда мавжуддир.

Уларнинг асосий айбловлари Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳни, шунингдек, бошқа домла ва имом-хатибларни сарой уламоси, давлат ва ҳукумат малайи деб айблашларидир. Улар бундан бошқа айб топа олишмайди, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг китобларини ҳам тўлиқ ўқиб чиқишмаган, узоқ-узоқларда туриб, валақлашаверади. Ҳа, аслида, пухта суриштириб чиқсангиз, ана шу айбловни айтаётганларнинг ўзлари турган маконларидаги давлат ва бошқарувнинг гумашталари эканлигига шубҳа йўқ. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ сиёсатга учталоқ берган зот эдилар. У зот ҳар бир нарсани шариат тарозиси билан ўлчар, шаръий ҳукмлардан келиб чиқиб, ўз ҳукмини айтар эдилар. Афъоллари шариат кўрсатмасига мувофиқ бўларди…

Динсиз советлар даврида реакцион уламолар, сарой шоири ва маддоҳи деб қанча-қанча уламолар, адиблар бадарға қилинганини, ҳаёти ва ижодини ўрганишдан четлатилганини зиёлилар қатлами яхши билишади. Бугунги кунда ҳам ана шундай бўлмағур айбловни, асосан, ғўр ёшлар, Ватандан ташқарида юрган ватангадолар ҳамда юрт озодлиги ва ободлигини кўра олмаётган кучлар тез-тез тилга олишмоқда ва ёзувларида тез-тез қайд қилиб кетмоқдалар. Улар бутун халқнинг ва ҳукуматнинг ҳурматига сазовор бўлган уламоларга ва домлаларга ҳам шу таънани отмоқдалар. Масалан, ғирт иғвогар қайсидир радио, газета ёки интернет саҳифаси ҳам “сарой шоири”, “сарой маддоҳи”, “сарой уламоси”, ҳатто “сарой ҳофизи” ва “сарой хонандаси” каби жумлаларни тез-тез қўллайди…

Ўтган жами уламолар ва маърифат аҳлининг ҳаёти-фаолияти кузатилса, уларнинг аксарияти ўз давлати ва ҳукумати аҳли билан яқин борди-келдида, уларнинг моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаши натижасида илмий фаолият олиб борганлар. Шунинг натижасида тинчлик ва ободонликка, диний ишларнинг ривожланишига, диний илмларнинг тараққий этишига буюк ҳисса қўшганлар.

Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу ва Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу каби саҳобалар; Ҳасан ал-Басрий раҳматуллоҳи алайҳи каби буюк тобеъинлар; Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ва Имом Молик раҳимаҳуллоҳ каби мужтаҳидлар; Абу Райҳон Беруний раҳимаҳуллоҳ, Қозизода Румий раҳимаҳуллоҳ каби қомусий олимлар; Саййид Шариф Журжоний раҳимаҳуллоҳ ва Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ каби мутакаллимлар; Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ каби ислом динининг ҳужжатлари давлат раҳбарлари билан яқин муносабатда, сарой аҳли билан борди-келдида бўлиб, илм-фан ва диний илмларнинг тараққиётига буюк ҳисса қўшгандилар. Бу рўйхатни узоқ давом қилдириш мумкин…

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳга айб қўяётганлар ўзлари кўрган ёки эшитган айрим муаммоларни пеш қилиб, буларнинг сабабчисини гўё Шайх ҳазратлари деб кўриб, у зотни сиёсатни бутун туриши билан ёқловчи, муаммолар ҳақида умуман гапирмайдиган, зулму-ситамларга қарши чиқмайдиган кимса деб гумон қилдилар. Айрим гумонлар гуноҳ эканлиги Қуръонда айтилган (Ҳужурот, 12). Ана шу гумонлари сабабли улар гуноҳга ботганлигига менда шак-шубҳа йўқ! Шайх ҳазратлари муаммолар ечими ҳақида бош қотирганлари, ўшалар жабру ситам деяётган ҳолатлар ҳақида сиёсат аҳлига айтганлари, эслатганлари, муаммолар ечими борасида маслаҳат солганлари, айрим ҳолатлар ҳақида норозилик билдирганларида ҳам менда шак-шубҳа йўқ. Аслида, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари анавилар гапираётган муаммолардан кўра каттароқ ва кўпроқ масалалар борасида қайғурар, бош қотирар, ечимини излаб умр ўтказар эдилар…

Ҳа, шу ерда савол беришга ҳақлимиз: Ватанга тош отаётганлар, Ватан ободлиги ва буюклиги учун ҳормай-толмай хизмат қилаётганларга таъна қилаётганлар, элу юртда обрў қозониб, қўлидан келганча диний хизматда камарбаста бўлиб турганларни ёмонлаётганларнинг ўзлари Ватанга ва бу дунёга нима қилиб қўйдилар?! Бирорта рисола ёзиб, динга хизмат қилдиларми? Ҳақиқий ва илмий равишда изчиллик билан талабаларга диний таълим-тарбия бердиларми? Халқ хизматида туриб, намозининг, ибодатининг комил бўлиши йўлида ўзининг бор билими ва имкониятини сарфлаб, авом халқнинг диний савиясини сал-пал бўлса-да ошишига ҳисса қўшдиларми? Ўзининг ишлаб-топган маблағининг бир қисмини ажратиб, бирорта масжид қурилишигами, маҳалланинг ободончилигигами ҳомийлик қилдиларми? Йўқ, улар нуқул китоб ёзганларни ёмонлайдилар, қўлидан келганча хизмат қилаётганларга таъна қиладилар, ободончилик ишларига ҳомийлик қилиш ўрнига вайронкорликни, урушни тарғиб қиладилар. Шунинг учун уларнинг айтган ва айтаётган гапларига эътибор бермаслик керак!

ҲАСАД ВА КЎРОЛМАСЛИК

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ бир неча асарларида зикр қилган мана бу мазмунни унутмаслик даркор:

كلام الأقران بعضهم فى بعض لا يعبأ به لا سيما اذا كان لعداوة او لحسد او مذهب او هوى

“Замондош (олимлар)нинг бир-бирлари ҳақида айтган гапларига эътибор берилмаслиги керак. Хусусан, бу адоватдан, ҳасаддан, мазҳабидан ёки нафси ҳавосидан келиб чиқиб айтилган бўлса!”. (“Таърихи Ислом”, 12/453; 27/324; “Тазкират ал-ҳуффоз”, 2/682; “Мезон ал-эътидол”, 1/438; “Сияр аълом ан-нубало”, 13/52; 19/74).

Ҳасад инсоннинг қалбини вайрон қилувчи хислат бўлиб, у бундан бошқага ярамайди. Суфён ибн Уйайна раҳматуллоҳи алайҳи: “Самода ҳам, Ер юзида ҳам Аллоҳ таолога осийлик қилинган энг биринчи гуноҳ бу ҳасаддир!”, деган эканлар (“ал-Мужоласа ва жавоҳир ал-илм”, 3/659).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ҳасаднинг касофатини бундай тушунтирганлар:

إيّاكم و الحسد فإنّ الحسد يأكل الحسنات كما تأكل النارُ الحَطَبَ

“Ҳасаддан сақланинглар! Чунки, ҳасад олов худди ўтинни еганидек яхшиликларни еб битиради”. (Абу Довуд, 4/4905; Ибн Можа, 4/4210; Ибн Абу Шайба, 5/26594).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳга мухолиф бўлишнинг сабабларидан бири ҳам ана шу ҳасад ва кўролмаслик эди. Халқ орасида аҳли илм бўлиб кўринган, умрида бирор китоб ёки рисола ёзиб кўрмаган, Шайх ҳазратларичалик обрў қозона олмаган айрим кимсалар у зотга ҳасад қилганлиги табиий ҳолат. Шунингдек, бир-икки китоб-рисола ёзиб ёки ёздириб қўйганлар орасида Шайх ҳазратларининг китоблари “учиб” кетаётганини кўриб, “Нимага Шайхнинг китоблари чиқаверади, унинг китобларига кўп нусхада рухсат беришади?!”, деб ҳасаддан ёниб юрганлар қанча? Демак, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳга ҳасад қилганлар ва кўра олмай юрганлар икки тоифа – у зотдек обрў қозона олмаганлар ҳамда ёзган-ёздирган китоб ва рисолалари машҳур бўлмаганлар экан. Кўнгилларидаги ҳасад алангаси ўзларидаги бор ҳасаналарни ҳам еб битирмасдан илгари аллақачон раҳмати бўлиб кетган жойи жаннатда бўлгур Шайх ҳазратларини тинч қўйиб, энди ўзлари Шайх бўлиб олсинларчи, ўзлари юзлаб китоб ёзиб қўйсинларчи? Номи олдига шайх сўзини ёзиб қўйгани билан, ўзини шайх деб эълон қилгани билан халқ уни Шайх сифатида тан олармикин?! Ёзган китобини биров кўзига суртиб ва қўлма-қўл қилиб ўқирмикин?! Ёки китоб ёзиш қўлидан келмагани учун янги диний асар ёзиш мумкин эмас, янги замонавий китобларни ўқиш мумкин эмас, деб юрибдиларми?! Ёки Шайх ҳазратларининг китобларидаги айрим имловий хатоларни (аслида бу хатолар муҳаррирларнинг зиммасига юклатилиши керак) гапириб юрибдиларми?! Шу вақтгача Ўзбекистонда диннинг шайхи, тариқатнинг машойихи, қорилар раҳнамоси, уламолар пешвоси бўлишни истаган одамнинг олди тўсилган эмас! Халққа, миллатга ва динга фойдаси тегадиган диний китоб ёзиб келган ёки таржима қилиб чиққан одамга қаршилик қилинган эмас! Фақат бу ишларни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ сингари қойиллатиб адо қиладиган одам йўқ-да! У зотга Павардигори оламнинг алоҳида назари тушганди-да, илтифоти ва эътибори хос бўлди-да! Ана шу ҳақиқат олдида бош эгиб, ҳасад ва кўролмасликни йиғиштириб қўйиб, ўз авлодларингиздан ҳам ўша зотдек буюк инсон чиқишини Худодан сўрасангиз бўлмайдими?!

ҒУЛУВ ВА ТААССУБ

“Ғулув” сўзи луғатда “ҳаддан ошиш”, “муболаға” маъноларида, “таассуб” эса “бирор нарсага боғланиб қолмоқ; ўзига алоқадор нарсага ортиқ даражада муҳаббат боғламоқ; ўз фикрига маҳкам ёпишиб олмоқ; ашаддий берилганлик ва тарафкашлик” каби маъноларда бўлиб, амалда шариат буюрган чегарадан ошишга айтилади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг роппа-роса икки оятида аҳли китобга (яъни, насроний ва яҳудийларга) хитоб қилиб, динда “ғулув”га кетмасликни буюрган:

ياهل الكتاب لا تغلوا فى دينكم

“Эй, аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз!”. (Нисо сураси, 171-оят).

Бу оятда пайғамбар Исо алайҳиссаломни илоҳ даражасига кўтариб, ҳаддан ошишга ишора қилиниб, ундан қайтарилган бўлса, кейинги оятда умумий тарзда ҳаддан ошишдан қайтарилган:

قل ياهل الكتاب لا تغلوا فى دينكم غير الحق و لا تتّبعوا أهواء قوم قد ضلوا من قبلُ و أضلوا كثيرا و ضلوا عن سواء السبيل

“Айтинг: “Эй, аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғитганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида, 77).

Динда “ғулув”га кетмаслик ҳақидаги аъло даражада саҳиҳ бўлган ҳадиси шариф қуйидагича:

يا أيّها الناس، و إيّاكم و الغلوَّ فى الدين فإنّما أهلك من كان قبلكم الغلوُّ فى الدين

“Эй, одамлар! Динда “ғулув”га кетишдан сақланинг! Зотан, сиздан олдинги кимсаларни динда “ғулув”га кетиш ҳалок қилган”. (Насоий, 5/3057; Ибн Можа, 2/3029; Ибн Ҳиббон, 9/3871; Ибн Хузайма, 4/2867; Ҳоким, 1/1711; Табароний, 12/12747; Байҳақий, 5/9317; Абу Яъло, 4/2427).

Ғулув ва таассуб оқибатида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳга ҳам айб тақаш кузатилади. Бу асосан анъаналарга кўр-кўрона ёпишиб олиш ва мазҳабий таассуб ҳисобланади. Айримлар урф-одат билан ҳақиқий шаръий ҳукм орасини фарқлай олмагани, мазҳабнинг асл фатволари ва мақсадларини англай олмаслиги оқибатида Шайх ҳазратларини ҳанафий мазҳабидан оғишганликда ёки мотуридийликдан четлашганликда айблайдилар. Энг қизиғи, у зотни бемазҳабликда ёки ваҳҳобийликда айблаганлари сингари асил бемазҳаб ва ваҳҳобийлар ҳам у зотни мазҳабга – ҳанафийлик ва мотуридийликка ёпишиб олганликда айблайдилар. Таассуб ва ғулувнинг моҳияти ҳам шу ерда! Демак, мантиқ илмига асосан ёндашадиган бўлсак, бир-бирига қарама-қарши бу икки фикр ҳам эътибордан соқитдир! Ҳанафийлик ва мотуридийликни фақат ўзлари ўқиб юрган ва шу юртдагина мутадовил (урфда) бўлган китобларда деб тушунадиганлардан айримлари ана шу ҳанафийлик ва мотуридийликка оид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ўқиган ва ўзлаштирган китоб ва манбаларни кўрмаган ва ҳатто номларини эшитмаган ҳам бўлиши мумкин. Шайх ҳазратларини бемазҳабликда айблаганлар ҳам, мазҳабга ёпишиб олганликда қоралаганлар ҳам ўз сўзларига ҳали бирорта ишонарли ва асосли ҳужжат келтира олмадилар. Агар уларнинг бу гап-сўзлари ғулув ва таассуб бўлмаганда, улар ўз айбловлари ва айтаётган сўзларига Шайх ҳазратларидан тушунтириш ва изоҳ сўраган ҳамда самимий ва холис туриб, бу борада маслаҳатлашган бўлардилар. Таассуб ва ғулувнинг бўлмағурлиги ҳам шу ерда! Нима ҳам дердик!

ИЛМИЙ БАҲС

Илм-фан ҳеч қачон бир жойда қотиб қолмайди. Фикрлар кетидан фикрлар, далиллар ортидан далиллар, саволлар устига саволлар келаверади. Жавоб топилган жойдан яна ўнлаб саволлар чиқади. Диний илмларда мустаҳкам ўрнашган, ижмоъ қилинган, ўзгартириб бўлмайдиган қарашлар озгина. Бомдод намозининг икки ракъат фарзи, таҳоратда юз ювилиши кераклиги, ароқнинг ҳаромлиги сингари ўзгармас ҳукмлар билан бирга маконлар, замонлар ва шахсларга қараб ўзгариб турадиган ҳукмлар талайгина. Шунинг учун ҳам: إختلاف أمّتى رحمة – “Умматимнинг ихтилофи – турли фикр-қарашлари раҳматдир!” деган ҳикмат мавжуд. Уни ҳадиси шариф, деган уламолар ҳам бор. Жумладан, Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳикматнинг ҳадисда асли борлигини таҳқиқ қилганлар. Шунинг учун уламоларимиз фиқҳий мавзуларда ҳар хил фикр ва қарашларни илгари суриб келганлар. Замон ва маконга қараб, шахслар ва халққа қараб ўз ҳукмлари ва фатволарини айтиб келганлар. Айниқса, бу фиқҳда ёққол кузатилади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг чиқарган фатволари ва шаръий ҳукмни билдирганларига қайсидир олим ёки тадқиқотчи қўшилмаслиги, бошқача фатво ва шаръий ҳукмни айтиши табиий ҳолдир. Бундай мухолафат умумий мақсадлар, маслаклари якдил одамлар орасида айрим жузъий масалалардаги фарқлар сифатидагина кўринади ва бу илмий тақозодан келиб чиқади. Бундай мухолафат адоватдан, кўролмасликдан, таассубдан пайдо бўлмайди, бир-бировга муҳаббат ва самимият уфуриб туради.

Шунингдек, инсон хато ва камчиликдан холи эмас. Камчилик ва хатолар аниқ бўлса, унга асос кўрсатилса, уни тан олмай илож йўқ. Шайх ҳазратлари ҳам барча буюк, ҳаққоний ва раббоний олимлар сингари бу ҳолатга табиий қарар эдилар. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдларининг ҳам ўз устозларига қўшилмаган фикрлари бўлганлигини айтар, ўз фикрларига қўшилмаган шогирдларини фикр эркинлиги сифатида қўллаб-қувватлардилар. Асарларидаги имловий ёки наҳвий камчиликлар кўрсатилса, тўғриланишини айтар ва ваъда берардилар. Энг муҳими, эътироз асосли ва самимий бўлмоғи керак. Ғаразли эътироз бўлмағур таъна ва оқибатсиз айблов кабидир.

ХУЛОСА

Биз мазкур мақоламизда Марказий Осиёнинг охирги юз йилликларининг энг таниқли уламоси, шайхулисломи Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи ҳақида у зотга мухолиф бўлганлар ва бунинг сабаблари мисолида қисқа тўхтаб ўтдик, холос. Мухолиф бўлганларни ва қарши фикрларни номма-ном ва сўзма-сўз келтириш ҳам мумкин эди. Бироқ, уларни келтиришнинг ўзи суи-адаб бўларди, у ҳолда ғийбатчилардан фарқимиз қолмай қоларди… Зотан, шундай буюк уламога нисбатан қаршилик ва мухолиф бўлиш ана шу буюкликнинг олдида ҳечдир!

Мақола бошида айтилган фикрни яна такрорлайман: охирги тўрт юз йилда Марказий Осиёда юзлаб асар битган диндор олимни тарих билмайди, охирги тўрт юз йилда Марказий Осиёда Шайх ҳазратларичалик уламо сифатида дунёга танилган, ислом оламида шуҳрат қозонган одамни ҳам биров билмайди. Билса, айтсин!
Шунинг учун, унга замондош бўлганингизга, у зотнинг асарларини ўқиб турганингизга шукр қилинг, унинг ҳаққига дуои хайр қилинг. Уни яхшилик билан эсланг. Ҳаромилар ишини тутманг; ҳасад қилиб, уни кўролмаслик касалига йўлиқманг; ғулувга берилиб, таассуб ҳам қилманг. Яхшилар қаторидан жой олмоқчи экансиз, ўз юрти ва бутун дунёда уламо сифатида, мотуридий-ҳанафий-нақшбандий бўлиб танилган бир олимга муҳаббат қилаверинг. “Муҳаббат оламни қутқаради!”, деганларидек, бу дунёда мунофиқликдан, у оламда дўзах ўтидан ўзингизни қутқаринг. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ эса бу фитнаангиз замонда бор имконияти етгунча ўтказган илмий ҳаёти ва диний фаолияти билан ўзларини қутқариб кетган бўлсалар, ажаб эмас. ИншаАллоҳ, шундай бўлсин!

Карвон бор маҳобати ва ўзига ортилган савоб юклари ила салобат билан ўтиб кетди, унга қараб ҳуриб-ҳуриб турган енгилтаклар қолди, холос.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг руҳларини шод қилсин, жойларини жаннатдан айласин, ётган ўринларини равҳи райҳон қилсин! Омин!

Ҳамидуллоҳ Беруний

11.03.2016й.

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 3 та

  1. Абдуолим Акбаржон:

    Домла Аллоҳ сиздан рози бўлсин , яхши мақола ёзибсиз. Шайх ҳазратларининг ёзиб тугатолмаган китоблари ва режалаштириб қўйган хайрли ишлари нима бўляпти? Шогирдлари давом этказдираяптими ёки тўхтаб қолганми? Ноўрин савол берган бўлсам узр.

  2. Иззатиллоҳ:

    Аллоҳ Ҳазратнинг жойларини жаннати аълодан қилсин! Домла Ҳамидуллоҳдан Аллоҳ рози бўлсин!

  3. Алоуддин Ҳофий:

    Аллоҳнинг ўқларидан бир ўқ бўлибди ушбу мақола. Баракаллоҳ, Беруний домла!
    Аллоҳ таоло сизга ўхшаган инсонларни орамизда кўпайтирсин. Сизга омонлик берсин.

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *