Ибн Обидин

Lotin alifbosida

(ҳ.1198-1252/м.1783-1836)

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Тўлиқ исми Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Абдурраҳим ибн Нажмиддин ибн Муҳаммад Салоҳиддин ибн Обидин ад-Димашқий раҳимаҳуллоҳ мелодий 1783 йилда Шомнинг Дамашқ шаҳрида солиҳ тижоратчи оиласида таваллуд топганлар. У зот болалик пайтидаёқ Қуръони каримни тўлиқ ёд олган бўлган. Болаликдаги иши отасининг дўконида Қуръон ўқиб ўтирар эди. Бир куни дўконга келган харидорлардан бири унинг қироатига эътироз билдиради. Биринчидан, у Қуръонни тажвид қоидаларига тўла риоя қилмаётганини айтади, иккинчидан эса тиловатни эшитиш вожиб бўлишига қарамасдан дўкондаги одамлар тижорат, олди-сотди билан машғул эканликларини айтиб, уларни гуноҳга гирифтор қилаётганини айтади. Бу эътироз Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳга жуда қаттиқ таъсир қилди ва бутун ҳаётининг буюкликка юз тутишига сабаб бўлди. У сакраб ўрнидан туради ва давридаги энг машҳур қорининг кимлигини суриштира бошлайди. Унга ўша вақтдаги қорилар шайхи Саид ал-Ҳалабий ал-Ҳамавий (1774-1843) раҳимаҳуллоҳ эканини кўрсатадилар.

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ қорилар шайхи Саид ал-Ҳалабий ал-Ҳамавий раҳимаҳуллоҳ олдиларида Қуръони каримни қайта ўқиб ўтказади, қироат илми бўйича энг машҳур асарлар – “Жазария” ва “Шотибия”ни ёд олади, шунингдек, сарф-наҳв (грамматика) қоидаларини ва шофиъийлик мазҳаби бўйича фиқҳни ўрганади.

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ ўсмирлик ёшида Муҳаммад ас-Солимий ал-Омирий ал-Аққод (1744-1807) раҳимаҳуллоҳ олдиларида ҳадис, тафсир ва мантиқ илмларидан таҳсил оладилар. Ҳадисшунос, ҳадис илмида ҳофиз саналмиш ушбу устозлари унга ҳақиқий илм ҳанафийлар олдида эканини, фиқҳ эса том маънода ҳанафийлар қўлидалигини англатади ва уни ҳанафийлик мазҳабига таклиф қилади. Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ мазкур устози олдида ҳанафийлик фиқҳи ва усулини чуқур ўрганади, мукаммал ва муфассал равишда фиқҳ илмига ошно бўлади. Бу билан у зот ўз даврининг энг пешқадам ҳанафий фақиҳига айланадилар ва “Ибн Обидин” лақаби ила шуҳрат қозонадилар.

Шундан кейин Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ ўша даврлардаги илм марказларидан бири бўлмиш Мисрга йўл олади ва у ернинг таниқли олимларидан бирма-бир ижозалар ва шаҳодатномалар қўлга киритади. Дарс бериш ва китоб ёзиш ишларини бошлаб юборадилар. Ҳатто XIX асрнинг энг буюк фақиҳларидан бири сифатида донг таратадилар ҳамда ўз даврнинг машҳур олимларига устозлик қиладилар.

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ ўз асарлари ила тадқиқ ва таҳқиқ ишларини камолга етказганлигини кўрсатиб берди, фиқҳни теран англашини барчага намоён қилди. Шу сабабли, у фиқҳнинг мумтоз даврининг энг охирги фақиҳларидан бири сифатида тарихда қолди. Бугунги кунда унинг асарларисиз ҳанафий фиқҳини тасаввур қилиб бўлмайди. Уламолар томонидан қайта-қайта мурожаат қилинадиган энг машҳур китоблари қуйидагилардир:

1) “ар-Радд ал-муҳтор ъала ад-Дурр ал-мухтор” (“Ихтиёр қилинган дур” номли асарга ҳайратланарли изоҳлар”). Бу Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳни шуҳратларга буркаган мазкур шоҳ асари Муҳаммад ал-Ҳаскафий (1616-1677) раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб “ад-Дурр ал-мухтор” шарҳига битилган ҳошиядир. Мазкур “ад-Дурр ал-мухтор” эса асли келиб-чиқиши хоразмлик бўлган ҳанафий фақиҳи Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Хатиб ал-Ҳанафий ат-Темиртоший (1532-1595) раҳимаҳуллоҳнинг ҳанафий фиқҳига оид матн китоби “Танвир ал-абсор” номли асарига битилган шарҳ ҳисобланади.
Бугунги кунда “ар-Радд ал-муҳтор”ни кўрмаган одам фиқҳни теран англай олмайди, уни ўқиб чиқмаган толиби илм ҳанафий фиқҳини мукаммал била олмайди, фиқҳнинг дақиқ масалаларини, нозик жиҳатларини тушунмай қолаверади. Бошқа мазҳаб вакиллари ҳам ҳанафий фиқҳини билишда “ар-Радд ал-муҳтор”га мурожаат қилмай қолмайдилар. Мазкур шоҳ асар 6 жилд қилиб тошбосмаларда нашр этилган, унинг замонавий нашрлари 11 ва 14 жилд қилиб чоп этилмоқда.

2) “ал-Уқуд ад-дуррия фий танқиҳ “ал-Фатовий ал-ҳомидия” (“Мақтовчи фатволар”ни тозалашда маржон шодалари”). Бу Ҳомид ибн Али ибн Иброҳим ал-Имодий ад-Димишқий (1692-1757) раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб асарининг тузатилган ва қайта ишланган варианти ҳисобланади. Муаллиф ушбу фатволар тўпламини 1725-1742 йилларда 18 йил Шомда қозилик қилган вақтда тушган саволларга жавобан яратган эди. “ал-Уқуд ад-дуррия” 2 жилд қилиб Қоҳирада нашр этилган.

3) “Насамот ал-асҳор ъала шарҳ “ал-Манор” (“Чироғдон” номли асарнинг шарҳида саҳарлар шабадаси”). Бу таниқли ҳанафий олими, “Тафсири Насафия”, “Канз ад-дақоиқ” асарлари муаллифи Ҳофизиддин Абу-л-Баракот ан-Насафий (1232-1310) раҳимаҳуллоҳнинг усул ал-фиқҳга оид китобининг шарҳи ҳисобланади.

4) “Минҳат ал-Холиқ ъала ал-Баҳр ар-роиқ” (“Ширин денгиз” номли асарга Яратганнинг инъоми”). Бу машҳур ҳанафий олими Зайниддин (Зайн ал-обидин) ибн Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Нужайм ал-Мисрий (1519-1563) раҳимаҳуллоҳ асарига битилган ҳошия шарҳдир. У “ал-Баҳр ар-роиқ” билан бирга нашр қилинган.

5) “Мажмуат ар-расоил” (“Рисолалар тўплами”). Бу Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳнинг 32 (ўттиз иккита) рисоласи жам қилинган тўплам бўлиб, унда олимнинг энг муҳим рисолалари тўпланган. Роппа-роса 600 саҳифадан ортиқроқ мазкур тўплам 2 жилд қилинган ва улар ҳанафийлик фиқҳи ривожига катта ҳисса бўлиб қўшилган.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг авлодларига бағишланган “ал-Илм аз-зоҳир”, фатво бериш қоидаларига бағишланган “Уқуди расм ал-муфтий”, ҳайз масалаларига оид “Манҳал ал-воридин”, ишорати саббоба ҳақидаги рисола, маййит маросимлари ва тиловатга ҳақ олиш масалаларига оид “Шифо ал-алил”, рамазон ойини кўриш масаласига оид “Танбеҳ ал-ғофил”, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва саҳобаларни ҳақорат қилганларнинг ҳукмига оид “Танбеҳ ал-вулот ва-л-ҳукком”, нақд ва қоғоз пуллар масаласига доир “Танбеҳ ар-руқуд ъала масоил ан-нуқуд”, урф-одат масалаларига бағишланган “Нашр ал-урф” сингари рисолалар жуда муҳим аҳамиятга эга.

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳнинг ўғли Алоуддин Муҳаммад ад-Димишқий (1828-1889) раҳимаҳуллоҳ ҳам ўз даврининг таниқли фақиҳи сифатида илмий фаолият олиб борганлар. У исломнинг илк замонавий конституцияси сифатида кўриладиган машҳур “ал-Мажаллат ал-адлия”ни тузувчилардан бири. У отасининг тугалланмай қолган “ар-Радд ал-муҳтор” асарини тугаллаб, “Қуррату уйун ал-ахёр”, деб номлаганлар. “Нур ал-ийзоҳ”га “Меърож ан-нажоҳ” номли шарҳ битганлар, шунингдек, содда тил билан ёзилган “ал-Ҳадийят ал-алоия” номли фиқҳий асари ҳам бор.

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ мелодий 1836 йилда Дамашқда вафот қилганлар, “Боб ас-сағир” қабристонига дафн қилинганлар. Раҳматуллоҳи алайҳи раҳматан восиъаҳ!

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *