МУҲАММАД ИБН ЖАРИР ТАБАРИЙ

304037Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий

(224-311/839-923)

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ибн Язид ибн Касир ибн Ғолиб ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ 224/839 йилда Табаристон вилоятининг Омул шаҳрида дунёга келган. У етти ёшида Қуръонни ёд олган, тўққиз ёшидан эса ҳадисларни ёза бошлаган. Бироз муддат Рай шаҳрида яшайди ва у ерда юз мингдан ортиқ ҳадисларни имло қилиб олади. Ат-Табарий машҳур муҳаддис ва фақиҳ Аҳмад ибн Ҳанбал (780-855)дан сабоқ олиш мақсадида Боғдодга боради, лекин у вафот этган бўлади. Басра, Кўфа шаҳарларига сафар қилади, Кўфада Абу Қутайба ал-Ҳамадоний (вафоти 241/855)дан ҳадис фанидан сабоқ олади.  Сўнг Бағдодга келиб бир неча йил яшайди ва Шом орқали 253/867 йилда Мисрга келади. Умрининг охирги йилларини ат-Табарий Бағдодда ўтказди. Шу ерда у ўзининг фиқҳий мазҳаби – жаририйага асос солди. Ат-Табарий отаси номига қўйилган мазкур мазҳабини тузмасидан аввал шофиъийлик мазҳабида бўлгани манбаларда қайд қилинган. Унинг фиқҳий мактаби узоқ вақт фаолият юритмаган.

Абу Жаъфар ат-Табарий ўз даврининг энг таниқли тақводор олимларидан саналган, қозилик мансаби таклиф қилинганда рад қилган, ҳеч кимдан совға олмаган. У ҳижрий 310 йилнинг 26-шаввол ойи (923 йил, 16-февраль)да вафот қилган.

Абу Жаъфар ат-Табарий йигирмадан ортиқ асарлар ёзган бўлиб, улардан энг машҳури иккитасидир. Бири тафсир соҳасига, иккинчиси тарих соҳасига тегишли. Абу Жаъфар ат-Табарийнинг айнан мужаддидлар сафига қўшилишига унинг янги мазҳаб барпо қилгани эмас, балки мазкур тафсир ва тарихга оид асарлари сабаб бўлган бўлса ажаб эмас. Зотан, унинг мазкур тафсир ва тарихга оид асари кейинги давр мусулмон тафсирчилари ва тарихчиларига намунавий манба бўлиб келгани шубҳасиз. Имом ан-Нававий (1233-1277): “ат-Табарийнинг тафсиридек бошқа тафсир ёзилмаганига уламолар иттифоқ қилганлар”, деган эди.

Абу Жаъфар ат-Табарийнинг баъзи асарлари қуйидагича:

1.“Жомиъ ал-баён фий тафсир ал-Қуръон” (Қуръон тафсирида баён қилиш тўплами). Қуръони каримнинг мазкур тафсири йирик ҳажмда – 30 жилдли бўлиб, тафсири би-л-маъсур (ҳадис ривоятларига асосланиб тафсир қилиш) услубига киради. Мазкур асар нақлий тафсирлар орасида энг машҳури ва энг ишончлиси бўлиши билан бирга, ақлий тафсирлар орасида ҳам энг ишончли ва мўътабар тафсир ҳисобланади.

2.“Тарих ар-русул ва ал-мулук” (Подшоҳ ва пайғамбарлар тарихи). Йирик ҳажмли мазкур тарихий асар араб тилида ёзилган бўлиб, бизгача унинг форсий таржимасигина етиб келган. Бироқ, ушбу тарихий асарнинг ёзилиш услуби ва баён қилиш усули кейинги тарихий асарларга намуна бўлган. Шу сабабли уни “Мусулмонлар тарихининг отаси” деб тан олинган.

3.“Басит ал-қавл фий аҳкоми шаройиъ ал-ислом” (Ислом шариати ҳукмлари борасида кенгроқ гап). Мазкур асарида ат-Табарий ўзи тузган мазҳабига мувофиқ ижтиҳод қилиб фиқҳий масъалаларни баён қилган.

4.“Латиф ал-қавл фий аҳкоми шаройиъ ал-ислом” (Ислом шариати ҳукмлари борасида гўзал гап). Мазкур асарида ат-Табарий ўзи тузган мазҳабига мувофиқ ижтиҳод қилиб фиқҳий масъалаларни қисқача баён қилган ва олдинги асарининг мухтасари ҳисобланади.

5.“Адаб ан-нуфус” (Руҳлар одоби). Мазкур рисола тасаввуфий-ахлоқий мавзуда бўлиб, унда маънавий хулқлар баён этилган.

6.“Одоб ал-маносик” (Ҳаж расм-русумлари одоби). Мазкур рисолада ат-Табарий ҳажнинг шарт-шароитлари, бажариш қонун-қоидалари ҳақида сўз юритган.

7.“Китобу шарҳи сунна” (Суннатга шарҳ). Мазкур асари ҳадисшуносликка оид бўлиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларини ат-Табарий ўз мазҳабига мувофиқ изоҳлаган.

8.“Китобу ихтилоф ал-фуқаҳо” (Фақиҳларнинг ихтилофлари китоби). Мазкур асарда ат-Табарий фиқҳий мазҳаб фақиҳларининг турли қарашлари, бирбиридан фарқлари, ихтилоф ва қарашлари ҳақида сўз юритган, лекин асарини охиригача етказа олмаган.

9.“Китоб ал-қироат” (Қироатлар китоби). Мазкур рисолада муаллиф Қуръони карим қироатлари, уларнинг турлари, қироат олимлари ҳақида баҳс юритади. Қуръон қироатларининг бир-биридан фарқлари борасида батафсил тўхталган.

10.“Тарих ар-рижол мин ас-саҳобат ва ат-тобиъин” (Саҳоба ва тобиъинлар улуғларининг тарихи). Мазкур асарда муаллиф саҳоба ва тобиъинларнинг библиографиясига тўхталади.

11.“ат-Табсир фий усул ад-дин” (Дин асосларига чуқур назар). Мазкур асар калом илмига бағишланган.

Абу Жаъфар ат-Табарийнинг мазҳаби фаолияти кўпга чўзилмаган бўлса-да, лекин унинг асарлари асрлар давомида мусулмон муаллифлари учун асосий манбалар бўлиб келган ва бу асарлар уни мужтаҳид ва мужаддид сифатида намоён қилиб турган. Ат-Табарий асарларининг аҳамияти бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *