ИСЛОМДА ЖАНГОВОР ШАЙЛИК

2fca052188fb74a8b297bc3abcf97d7114 январь – қуролли кучларимиз куни муносабати билан

Шариатимиз инсониятнинг бахтли яшаши учун керак бўлган барча соҳада ўз сабоқ ва таълимини беради. Жумладан, ҳарбий соҳада ҳам. Мўмин-мусулмонлар яшаб турган ватанларини душмандан қўриқлаши уларнинг зиммасидаги ҳам мўминлик ҳам фуқаролик бурчларидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

وَأَعِدُّواْ لَهُم مَّا اسْتَطَعْتُم مِّن قُوَّةٍ وَمِن رِّبَاطِ الْخَيْلِ تُرْهِبُونَ بِهِ عَدْوَّ اللّهِ وَعَدُوَّكُمْ وَآخَرِينَ مِن دُونِهِمْ لاَ تَعْلَمُونَهُمُ اللّهُ يَعْلَمُهُمْ وَمَا تُنفِقُواْ مِن شَيْءٍ فِي سَبِيلِ اللّهِ يُوَفَّ إِلَيْكُمْ وَأَنتُمْ لاَ تُظْلَمُونَ

Улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёр қўйингиз, бу билан Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни ва улардан бошқа ўзингиз билмайдиганларни қўрқитасиз. Уларни Аллоҳ биладир. Аллоҳ йўлида нимани сарф қилсангиз, сизга тўлиқ қайтарилур. Сизга зулм қилинмас. (Анфол сураси /60. Тафсири ҳилол).

Ушбу оят мусулмон жамиятининг қуролли кучлари доимо шай туриши уларнинг зиммасидаги мажбурияти эканига далил бўлади. Ҳар бир мусулмон жамият қўлидан келганича ҳарбий тайёргарликни кўриб қўйиш билан Аллоҳнинг амрини бажарган бўлади. Ўзига хос бир ибодат қилган бўлишади. Оятга кўра, ҳар бир давлат тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида Аллоҳнинг ва ўзларининг душманларини босиб туриш учун қурол ишлаб чиқариши ё сотиб олиб бўлсада жанговор шайлик ҳолатида туриши лозимдир.

Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бу мавзуда аскарларни руҳлантирувчи, ватан ҳимоясига шайликка тарғиб этувчи бир қанча ҳадислар айтганлар. Жумладан Ул зот шундай марҳамат қиладилар:

عن عقبة ابن عامر الجهنى قال سمعت رسول الله صلى الله عليه و سلم يقول: إن الله يدخل بالسهم الواحد ثلاثة نفر الجنة صانعه الذى يحتسب فى صنعته الخير و الذى يجهز به فى سبيل الله و الذى يرمى به فى سبيل الله

و قال ارموا و اركبوا و ان ترموا خير من ان تركبوا

و قال كل شيء يلهو به ابن آدام فهو باطل إلا ثلاث رمية عن قوسه و تأديبه فرسه و ملاعبته اهله فإنهن من الحق و من علم الرمى ثم تركه فهى نعمة كفرها

Уқба ибн Омир ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган экан, ул Зот айтар эканлар: “Аллоҳ таоло бир дона ўқ билан уч нафар кишини жаннатга киритади: савоб умидида ясаган; Аллоҳ йўлида уни отишга жиҳозлаган; Аллоҳ ризолиги учун уни душманга йўналтириб отганни”.

Ва яна Расулуллоҳ шундай деганлар: “Ўқ отинглар ва от мининглар. Ўқ отмоқ от минмоқдан яхшироқдир!”.

Ҳабибимиз яна дедилар: “Одам боласининг ҳар бир ўйини ботил-бекорчиликдир. Илло, учта ўйин мустасно: камондан ўқ отмоқ; от ўргатмоқ; аҳли аёли билан мулоаба қилмоқ. Чунки бу уччови ҳақлидир.  Кимки ўқ отишни ўрганиб кейин ташлаб қўйса, у Аллоҳ берган неъматнинг қадрига етмапти”. (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ҳоким ва Байҳақий ривоятлари).

Юқоридаги ҳадислардан маълум бўлишича, хайрли ният билан савоб умидида ҳарбий саноат, ҳарбий таълим ва ё соҳанинг бошқа турлари бўлсин, шуғулланмоқ ибодат ҳисобланади. Банданинг охиратдаги ҳаёти гўзал бўлишига восита бўлади. Аллоҳ йўлида ҳарбий сафарга чиққан, ҳарбий машғулот ўтказган, қурол ишлатишни ўзлаштирганлар холис ниятлари билан жаннатга киришлари мумкин.

Ботиржон қори

Шаробиддин МУСАБОЕВ

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид имом хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *