ИСЛОМДА ВАТАНГА МУҲАББАТ

minor55Ватанга муҳаббат аввало инсонниг ўз оиласи, уйи, маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига меҳр-муҳаббатидир. Ватанга муҳаббат юксак инсоний, яхши фазилатлардан ҳисобланади. Бу ҳақда “Ватанни севмоқ иймондандир” дейилган ҳикматни эсга олиш кифоя. Дарҳақиқат Ислом инсонпарвар, ватанпарвар, миллатпарвар дин. У барча инсоний туйғу ва қадриятларни улуғлайди ва инсонларни шунга ўргатади. “Ватан” атамаси аслида арабча сўз бўлиб, она юрт маъносини англатади. Ибн Халдун “Ватан- бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ мехр қўйган ўчоғидир”,- деб таъриф берган. Пайғамбаримиз (с.а.в) Маккадан Мадинага ҳижрат қила туриб, Макка чегарасига етганларида орқаларига қараб: “Эй, туғилган она юртим,агар ўз қавмим мени мажбур қилмаганида, сени тарк этмас эдим”,-дея ноиложликдан кўчиб кетаётганликларини изхор қилганлар. Оиша онамиз ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в) мадинага келганларида Абу Бакр (р.а) билан Билол Хабаший иситмалаб бемор бўлиб қолишди. Мен уларнинг хузурига кириб: “Эй, падари бузруквор (яъни Абу Бакр), эй Билол, ўзингизни қандай хис қилмоқдасиз?”,-деб сўрадим.  Абу Бакр (р.а) иситма зўриққанда:

Уйимда бўлсайдим жон чиқар махал,

Поябзал ипидин яқиндир ажал,-дер эди.

Билол (р.а) эса иситма бироз пасайганда, йиғлаб:

Тақдирим не эрур, билмасман, э воҳ,

Бошимга ажалдан келурми сипоҳ?

Бир кеча бўлса ҳам, она водийим,

Қўйнида ётсайдим, мехрибон Аллоҳ!

Қониб ичсам эрдим, шаффоф сувлврин,

Қанийди, ташласам, унга бир нигоҳ!-дер эди.

Кўриниб турибдики, икки улуғ сахоба- Абу Бакр ва Билол (р.анхум) Пайғамбаримиз (с.а.в) билан бирга “Саодат асри”да яшаб, кундалик нозил бўлаётган ваҳийдан  бахраманд бўлишдек бахтга муяссар бўлсалар-да, ўз туғилиб ўсган Ватан соғинчида яшаганлар. Албатта Ватан- муқаддас даргох. Уни химоя қилиш, турли хил душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида ҳизмат қилиш хар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Пайғамбаримиз (а.с)дан Саид ибн Зайд (р.а) ривоят қилиб: “Молини, жонини, динини ва ахлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир”,-деганлар. Ҳадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила инсон хаётининг мазмуни-унинг Ватанини ифода этади. Шариатимиз манбаларида Ватанни ҳимоя қилиш фарзи айн, яъни барчага баробар буюрилган амал, деб белгилаб қўйилган. Демак бундан маълум бўладики мен Аллоҳни бандаси, Расулини уммати ва мана шу жаннатмисол Ўзбекистон Ватанини фарзандиман деган хар бир инсон тинч ва осуда хаёт кечириб яшаб келаётган давлатимизни янада гуллаши ва обод бўлиши йўлида ўз хиссаларимизни қўшиб керак бўлса  жонимизни фидо қилсак ҳам арзийди. Ватан химояси муқаддас амаллардан экани, ундан юз ўгириш ёки бирор бахона рўкач қилиб қочиб қолиш оғир гунохлиги хақида Қуръони каримда бани Исроил мисолида қуйидагича баён этилган: “Мусодан кейин Исроил авлодининг зодагонларини кўрмадингизми?”! Улар ўзларининг Пайғамбарига: “Бизга бир подшох юборгин, (биз у билан) бирга Аллоҳ йўлида жанг қилайлик”,-дейишди. “Балким сизларга уруш фарз қилинса, урушмассиз”,-деди (Пайғамбар). Улар: “Юртимиздан ва фарзандларимиздан жудо қилиниб турибмиз-ку, нега Аллоҳ йўлида урушмас эканмиз?”,-дедилар. Уруш фарз қилинганда эса, озгина кишилардан ташқарилари (жангга чиқишдан) бош тортдилар. Аллоҳ золимларни яхши билувчидир” (Бақара, 246). Ушбу биргина оятдан ҳам кўриниб турибдики, Ватан химояси, тинчлиги учун курашиш, унинг озодлиги, чегараларининг дахлсизлигини қўриқлаш муқаддас бурчдир. Дархақиқат Ватан химояси машаққатли вазифа бўлсада аммо жуда савобли амаллардан хисобланади.Пайғамбаримиз (а.с): “Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиш минг кунлик рўза тутиш ва минг кеча қоим туришдан яхшидир”,-дедилар. Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Ибн Аббос (р.а) ривоят қилган хадисда: Пайғамбар (а.с): “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси- Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”,-деб мархамат қилганлар. Азизлар бир тафаккур қилиб кўрайлик хозирги вақтда бир қанча давлатларда нотинчлик, қўпорувчилик, қаторида бегунох одамларни ҳам қони тўкилган, Аллоҳга бехисоб шукурлар айтамизки биз тинч ва хотиржам яшаб келмоқдамиз. Шу ўринда бир савол хаёлимизга келадики бу тинчлик хотиржамлик неъматига қандай эга бўлдик?. Албатта энг аввало мехрибон Роббимиз Аллоҳ таоло бу неъматларни сизу бизларга омонат қилиб Ўзи берди. Бундан ташқари бу неъматларга эга бўлишимизга сабабчи барча харбийларимизни ҳам доимо эслаб уларни хақларига яхши дуоларда бўлишимиз зарур, хақиқатни тан оламизки сизу-бизлар хотиржам тинч ором олиб ухлаб ётганимизда, улар сархадларимизни қўриқлаб, жонларини юртимиз тинчлигига фидо қилиб, қийинчилик ва машаққат билан оила яқинларидан ҳам аввал барча ватандошларимиз хавфсизлиги билан туну-кун хизматдалар. Мана шу сабабдан ҳам юртимизда Ватан химоячиларини қадрлаб 14 январни “Ватан химоячилари куни” деб белгилаб қўйилган. Аллоҳим аввало жаннатмакон диёримизни турли бало ва офатлардан, ёмон кўз ва сўзлардан Ўз панохида асрасин. Давлатимиз тинчлиги ва ободлиги йўлида хизмат қилиб турган барча харбийларимиздан Ўзи рози бўлсин ҳамда Ўз  панохида сақласин. ОМИН.

Шаробиддин МУСАБОЕВ

Андижон шаҳридаги «Абу Хурайра» жоме масжиди  имом хатиби

 

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *