ИСЛОМДА КАТТАЛАРНИНГ ФАЗЛИ

304c27c20067b3b1d7a47e648a542983Жамият аъзолари исломий одоб-ахлоқ меъёрларига амал қилишни уддаcидан чиқса, Ислом шариати бундай жамиятни тараққиёт чўққисига олиб чиқишига, мукаммал даражада ислоҳ қила олишига шубҳа йўқ. Зотан, Ислом тартиб-интизом қоидалари энг етук бўлган гўзал диндир. Мусулмончиликнинг ҳавасга арзигулик қоидаларидан бири бу – катталарнинг кичиклар устига фазилатли қилинганидир. Исломда ёши катталарни ҳурмат қилиш, иззат-икромини жойига қўйиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан суннат тарзида йўлга қўйилган тахсинга сазовор одоблардандир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Кичикларимизга меҳрибон бўлмаганлар, катталаримиз ҳаққини билмаганлар биздан эмас”. Имом Бухорий.

Ҳадис матнига диққат қилар эканмиз қуйидагилар маълум бўлади: мусулмончиликда аввало катталар кичикларга меҳрли бўлиши лозим. Катта деганда ҳақиқий маънода ёши катталарни, шунингдек, мажозий маънода мансаби, рутбаси катталарни ҳам тушуниш мумкин. Қайси маънода бўлмасин, катталар кичикларга меҳрли бўлиши Исломда ўрнатилган тартиблардан бири экан.

Ҳадиснинг кейинги бандида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “катталаримиз ҳаққини билмаганлар биздан эмас” – демоқдалар. Демак, Исломда катталарнинг кичиклар устида ҳаққи бор ва у ҳақни Аллоҳ белгилаган. Уни билиш, тан олиш ва риоясини қилиш эса кичикларга лозим. Бу ҳақни эътироф қилмаганларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “биздан эмас” демоқдалар.

Албатта, бу билан катталарни ҳурматини сақламаганларни Ислом доирасидан чиқариб ташлашга журъатимиз етмайди. Аммо ҳадисга кўра, катталарнинг катталик ҳаққини тан олмаганлар қиёмат куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига қарашга уялиб қолишлари аниқ.

Афсуски, охирги пайтларда, хоҳ том маънода ёши катта бўлсин, ёки мажозий маънода рутбаси катталар бўлсин катталарнинг ҳаққини тан олмайдиганлар жуда кўпайиб кетди. Айниқса, ижтимоий тармоқларда катталарнинг ҳурматини ер билан битта қилиб ташлайдиган беодобларимиз жуда кўпайиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Меҳроб имомидан тортиб, мусулмонлар раҳбари — муфтий ҳазратларигача, маҳалла раисидан тортиб юртбошимизгача беҳурмат қиладиган одобсизлар кам эмас.

Улар шуни билишлари керакки, уларнинг бу қилиқлари Исломдан эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундайларни “биздан эмас” деганлар.

Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳу ривоят қилган яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Кичикларимизга раҳм қилмаганлар, катталаримизни улуғламаганлар биздан эмас”. Бухорий ривояти.

Мўмин мусулмон киши, ўзидан ёши ё рутбаси катта бўлган ҳар қандай мўминни катталик ҳурматини жойига қўйиши чин мусулмонлик талаби, бунинг акси эса мусулмончиликка зид экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалар, тобеинлар ва қўйингки жамики салафи солиҳларимиз ҳамиша катталарнинг каттталик ҳурматини сақлаб келишган. Ҳамонки, салафларга эргашишни даъво қилар эканмиз, катталаримизни ҳурматини билайлик! Шунда Расулимиз алайҳиссаломнинг чин умматлари сафида бўламиз.

Шарбидин МУСАБОЕВ.

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид имоми

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *