КАТТАЛАРНИ УЛУҒЛАМОҚ  — АЛЛОҲНИ УЛУҒЛАМОҚ

304c27c20067b3b1d7a47e648a542983Ислом шариати катталарни улуғлайди ва мусулмонларга ҳам катталарни улуғлашни таълим беради. Ёши катта бўлсин ё мансаб-мақоми катта бўлсин барибир, у Ислом ардоғида бўлади. Ислом катталарга катталик ҳурматини белгилаган ва кичикларга уни тан олиш вазифасини юклаган. Шу нуқтаи назардан Исломда улуғланганларни улуғлаганлар шариатни ва унинг Эгаси бўлган Аллоҳни улуғлаган бўлади.

Абу Мусо ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Соч-соқоли оқарган мусулмонни улуғлаш, Қуръонга (ботил таъвиллар ила) чуқурлашмаган ва (амалсиз) ташлаб қўймаган қориларни улуғлаш, адолатли султонни улуғлаш Аллоҳни улуғлаш турларидандир(Имом Бухорий. Ал-Адаб ал-муфрад 357).

Мазкур ҳадисни имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Ал-Адаб ал-муфрад” асарида “Ёши катталарни улуғмоқ ҳақидаги БОБ”да келтирган. Имом Бухорий ҳазратларининг бу асарда шундай боб қўйишларининг ўзи алоҳида эътиборга молик. У киши бу билан нима демоқчи, у киши: “исломда катталар ардоқланади, Аллоҳ ёши катта мусулмонларни улуғлайди ва кичикларга ҳам катталрни улуғлашни амр қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам катталарни ҳурматини жойига қўяр эдилар. Бу иш Расулуллоҳнинг суннати эди. Саҳобалар ҳам бу суннатга садоқат билан амал қилишган. Саҳобалардан таълим олган тобеинлар ҳам катталарнинг каталик ҳурматини ўрнига қўйишар эди. Шундай экан, биз ҳам Исломдаги бу суннатга садоқатла амал қилмоғимиз лозим” – демоқчи бўлган бўлсалар ажабмас.

Нега катталарни улуғлаш Аллоҳни улуғлаш турига киради. Чунки Аллоҳнинг Ўзи катталарни улуғлаб қўйган. Катталарни улуғлаганлар Аллоҳнинг суннатини қоим қилган бўлади, Расулуллоҳнинг суннатини жонлантирган бўлади. Салафи солиҳлар — саҳоба ва тобеинлар изидан юрган бўлади. Шунинг учун ҳам катталарни ҳурматини билиш Аллоҳни улуғлаш туридан деб тавсифланмоқда.

Шунингдек, ҳадисда яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръони каримни ёд олиб, қалбида сақлаб унга амал қилиб, маъноларида ўзича чуқурлашмасдан ҳаддини билган ҳофизи қуръонларни ҳам ҳурматини сақлашга тарғиб қиляпти. Булар ҳам Ислом ардоғидаги ҳурматли шахслар ҳисобланар экан. Ривоят қилинишича Умар розияллоҳу анҳу айтган эканлар: «Ҳой! Албатта, Набийингиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, Аллоҳ бу Китоб билан баъзи одамларни юксалтиради, бошқаларни пастлатади», деганлар» Имом Муслим ва Ибн Можа ривоятлари. Қуръонни ёдлаб унинг маъно ва аҳкомларида ҳаддидан ошмаганларни Аллоҳ улуғлайди. Ҳаддини билмаганларни эса хор қилади.

Ҳадиснинг сўнгги бандида эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одил раҳбарлар ҳам Аллоҳнинг ҳурматида эканига эътибор қаратмоқдалар. Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ айтган экан: “Тавротда шундай ёзилган: “Аллоҳ таоло айтади: “Подшоларнинг қалби менинг измимда. Менга итоат қилганларга подшоларини раҳмат қилиб қўяман. Исён қилганларга эса подшоларини азоб қилиб қўяман. Шундай экан, подшоларни ҳақоратлаб овора бўлмангалар, балки менга тавба қилинглар, подшоларни сизларга меҳрибон қилиб қўяман” Танбеҳ ал-муғтаррин. 44 –Б.

Умуман олиб қараганда ҳадисда айтилган ҳар уччала синф ҳам катталар ҳисобланади. Соч-соқоли оқарган мусулмон том маънода катта бўлса, қорилар ва раҳбарлар гарчи ёши кичик бўлсада мақом ва мартаба жиҳатидан катталардир. Буларнинг катталигини эътироф қилиш ва ҳурматини жоийга қўйиш эса Аллоҳ таолонинг ҳаққини эътироф қилиш ва Уни улуғлашдир.

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар “Ғиштли” жоме масжид имоми

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *