ИСЛОМДА САЛОМЛАШИШГА ДОИР ҲУКМЛАР

Shaking-Hands-after-Praye-SunnahСаломлашиш ҳукми

Исломда биринчи бўлиб салом бериш суннат унга алик олиш эса фарз. Имом Абдулбар раҳимаҳуллоҳ ва бошқа уламолар “Биринчи бўлиб салом бериш суннат, унга алик олиб жавоб қайтариш эса фарздир”, деб Ислом уммати ижмоъ қилганини нақл қилганлар.

Аммо кўпчиликка салом берилганда ҳаммаси бирдек алик олиши шарт эмас, балки, жамоадан бир киши алик олса қолганлардан алик фарзияти соқит бўлади. Саломга алик олиш салом беришдан кўра муҳимроқ эканининг сабаби шуки, салом берган мусулмонга жавоб қайтармаслик бир мусулмонни менсимаслик, кўзга илмаслик деб баҳоланади. Бу эса шаръан ҳаромдир. Шу нуқтаи назардан салом берган мусулмонга алик олиб жавоб қайтаришнинг даражаси юқори туради.

Лекин шундай бўлсада, биринчи бўлиб салом берганнинг савоби кўпроқ бўлади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон ўз биродарига йўлиққанда униси ҳам буниси ҳам бир-биридан юз ўгириб, уч кундан ортиқ ташлаб қўйиши ҳалол эмас. Шу ҳолатда қайси бири дастлаб салом берса ўшаниси яхшироқдир.” – деганлар. (Саҳиҳ ал-Бухорий 8/65).

Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй Аллоҳнинг Расули, икки киши йўлиққанда қайси бири биринчи бўлиб салом беради?” Деб савол берилди. Шунда ул зот: “Аллоҳ таолога яқинроғи.” – деб жавоб бердилар”. (Сунани Термизий 4/154).

Саломга алик олишда салом берувчи эшитадиган даражада жавоб қайтармаса, алик олиши ҳисобга ўтмайди. Аммо салом берган киши кар бўлса унга шунчаки лабларни қимирлатиб алик олса жоиз.

Алик олишда “ Ва алайкум ассалом” демасдан қўл билан ишора қилиб жавоб қайтариш макруҳ бўлиб, бу Исломий алик олиш эмас. Балки бу насоро ва яҳудларнинг алик олиш услубларидандир. Амр ибн Шуайб отасидан, у бобосидан ривоят қилиб айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Биздан бошқаларга (ҳавас қилиб) ўзини ўхшатганлар биздан эмас. Яҳуд ва насороларга ўзларингизни ўхшатманглар! Зотан, яҳудларнинг саломлашиши бармоқлар ишораси билан, насороларники эса кафтлар ишораси биландир.(Сунани Термизий 4/155).

Ёш болаларга салом бериш ҳукми

Ёш болага катталарнинг салом бериши Исломда меҳрибончилик деб баҳоланади. Ёш болага салом берган катта одам ҳам бир суннатни қоим қилгани учун ва ҳам ёшларга меҳр кўрсатгани учун икки ҳисса ажр олади. Бундан ташқари яна ёшларга салом бериш уларга одобдан таълим беришнинг ўзига хос услубидир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бу мавзуда қуйидагича ривоят қилинди: “Бир куни бизнинг олдимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келдилар. Ўшандан мен ёш бола эдим. Расулулло келиб бизга салом бердилар ва менинг қўлимдан ушлаб бир жойга бир жойга бир юмуш билан бориб келишимни буюрдилар ва ўзлари бир девор соясига ўтирдилар. Мен буюрилган ишни тугатиб ул зотнинг олдига қатиб келдим”. (Сунани Абу Довуд 4/352).

Аёллар билан саломлашиш ҳукми

Бегона аёлларга эркакларнинг салом бериши макруҳ. Шунингдек, ёш қиз-жувонлар овозларини эшитилар даражада кўтариб саломга алик олишлари ҳам макруҳ. Бу ишлар фитнага боис бўлгани учун шариатда ундан қайтарилган. Аммо фитна хавфи йўқ бўлса, масалан аёл ёши ўтган кампир бўлса унга салом беришнинг ҳам, унинг алик олишининг ҳам кароҳияти йўқ. Зотан бу каби ҳолатлар саҳобалар даврида ҳам бўлган. Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у айтди: “Жума куни келса хурсанд бўлиб кетар эдик. Нимага? Чунки бизда бир кампир бор эди, Бузоъага у-бу нарса жўнатиб турарди. Ибн Салама айтади, Мадинада Хурмо кўп эди. У аёл қандлавлагининг илдизини қозонга солиб, унга арпа аралаштириб пиширарди. Биз жумани ўқиб бўлгач унинг олдига келиб салом берардик. У кампир эса ўзи тайёрлаган ўша таомдан бизга берарди. Шу учун хурсанд бўлардик. Биз Жума куни дам ҳам олмасдик, нонушта ҳам қилмасдик, илло жумадан кейин ўша ширин таомдан ердик”. (Саҳиҳ ал-Бухорий 8/68).

Авазбек МЎМИНОВ

Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *