ИЛМ АҲЛИГА ЎЗ ҲИСОБИДАН МАОШ БЕРГАН МУЖТАҲИД

440px-أبو_حنيفة_النعمانМазҳаббошимиз Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг саҳовати ўз даврида  тилларда достон бўлган. У киши тижорат билан кун кўргани, тижоратида ҳалоллиги билан эл оғзига тушган ҳам ҳақиқат. Тижоарти кенг бўлишига қарамасдан дунёга муҳаббати йўқ, бойликни фақат Аллоҳ йўлида сарф-харажат қилиш учун, бойларнинг қўлига қарам бўлиб қолмаслик учун топар эдилар. Абдураҳмон Раъфат Бошо “Тобеъинлар ҳаётидан лавҳалар” номли асарида мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ таржимасини зикр қилар экан, қуйидаги ажиб маълумотларни ҳам алоҳида қайдлаб ўтган:

Бир куни халифа Мансур Имом Аъзам ҳазратларини чорлаб ҳурмат-иззатини жойига қўйди. Ёнига ўтиргизиб диний ва дунёвий масалалар юзасида ҳар хил саволлар берди, фикр алмашди, маслаҳатлар сўради. Имом қайтишга изн сўраган чоғ халифа ўттиз минг дирҳам (маълумот учун бугунги сўм миқдорида  икки миллиард тўрт юз миллион сўм) ҳадя қилди.

Имом Аъзам халифага: Эй амир, мен Бағдодда ғариб бир одамман. Бунча катта маблағни сақлаш имконим йўқ. Хўп десангиз шу пул байтулмолда турсин. Албатта, менинг ҳисобимда. Қачон муҳтож бўлсам сўрайман, ўшанда берасиз—деди. Халифа Мансур рози бўлиб, мазҳаббошимиз ҳисобига хазинага 30 000 дирҳам қўйдирди.

Аммо, имомимиз шу воқеадан кейин узоқ яшамадилар. Орадан кўп ўтмасдан қазо қилди. Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг уйидан ўттиз мингдан бир неча баробар кўп маблағ топилди. У пулларнинг ҳаммаси одамлар тарафдан омонатга қўйилган маблағлар эди.

Воқеадан хабар топган халифа Мансур: Абу Ҳанифани Аллоҳ раҳматига чулғасин. Биздан бирор танга ҳам олмади, берган пулларимизни рад қилишда ҳам латифлик қилди. Қўлимизни қайтарарди-ю, аммо ранжитмасдан уддабуронлик билан қайтарарди—деди.

Имом Абу Ҳанифанинг бу иши ажабланарли эмас, чунки ул зотнинг ҳаётдаги шиори бундай бўлган: “Ҳеч нарса ўз қўл меҳнати билан топилганидан ширинроқ бўлолмайди!”. Шунинг учун ҳам у киши вақтининг бир қисмини тижоратга ажратарди. Бировдан, айниқса бой-амирлардан асло бирор нарса олмасди.

Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг тижорат дўкони доим харидорлар билан тўла бўларди. У кишининг дўконида ҳалоллик, барака, садоқат ҳамиша ҳамроҳ эди. Имомимиз тижоратидан барка топган савдогарлардан эди. Ҳалол топиб ҳалол сарфлар эдилар.

У киши ҳақидаги машҳуру маъруф хабарлардан яна бири шуки, Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ аҳли илмлар учун ўз ҳисобидан махсус нафақа тайинлаб қўйган эдилар. Йиллик даромадини ҳар йили ҳисоблар, оилавий эҳтиёжи учун етарли миқдорини олиб, ортиғини сотар ва қориларга, фақиҳларга, муҳаддисларга, илм толибларига тақсимлаб берар эканлар. Уларга ҳар ойлик нафақасини беришда: Бу сизларнинг илм йўлидаги хизматингиз учун Аллоҳ берган маош. Уни Аллоҳ менинг қўлим билан сизларга етказмоқда—деб айтар экан. Аллоҳ мазҳаббошимиздан рози бўлсин! Баракасидан бизларни ҳам манфаатлантирсин! Омин!

Холидов ФАРОХИДДИН

“Усмон Зиннурайн” жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *