ЖАНОЗА ВА УНГА БОҒЛИҚ МАСАЛАЛАР 3

to

(Савол-жавоб)

— Намозхон турган жойдан ташқари яна бирор жой пок бўлиши шарт қилинган намоз ҳам борми?

— Бор. Жанози намози. Жаноза намозида намозхонлар турган жойдан ташқари маййит турган жойнинг ҳам пок бўлиши шарт қилинган. “ал-Қуня”да: жанозада имом ва маййитнинг жойи, либоси, бадани поклиги, аврати сатр қилинган бўлмоғи шарт дейилган. Лекин “Оламгирия”да “Музмарот”дан нақл қилиб “маййитнинг жойи пок бўлиши шарт эмас”—дейилган.

— Қандай намозда қаҳқаҳа отиб кулмоқ намозхон таҳоратини синдирмайди?

— Жаноза намозида. “Рамзул-ҳақоиқ”да шундай келган.

— Қандай намоз эркак ва аёл ёнма-ён туриши билан бузилмайди?

— Жаноза намози. “Маъданул-ҳақоиқ”да шундай дейилган.

— Масжид ичида қандай намоз макруҳ бўлади?

— Жаноза намози. Лекин бунинг сабабида фуқаҳолар ихтилоф қилган: Баъзилари айтганки, масжид жаноза ўқиш учун қурилмаган, шундай экан унинг ичида жаноза ўқиш макруҳ бўлади. Буларнинг сўзига кўра кароҳият танзиҳийдир. Яна баъзи фақиҳлар, масжид ичи ифлос бўлиб кетиш хавфидан макруҳ бўлади деганлар. Буларнинг сўзига кўра кароҳият таҳримий бўлади. Аллома Қосим раҳматуллоҳи алайҳ шу фикрни таржиҳ қилган. Саҳиҳ гап шуки, масжид ичида жаноза ўқишдан ман қилишнинг сабаби бу — жаноза намози бўлгани учундир. Агарчи унинг ичида маййит йўқ бўлса ҳам, магар ёмғир ёки шу каби узрлар туфайли олиб кирилган бўлса ҳам. “Ашбоҳ”да “масжид ҳукмлари” баҳсида шундай дейилган.

“Хулоса”да бундай дейилган: Жоме масжид ичида жаноза намози ўқиш макруҳ бўлади! Хоҳ маййит ва жамоат масжид ичида бўлсин, ёки маййит ташқарида жамоат ичкарида бўлсин, ёки имом қавмнинг баъзиси билан ташқарида туриб қолганлар ичкарида бўлсин, ёки маййит ичкарида имом ва жамоат ташқарида бўлсин ҳар қандай ҳолатда ҳам макруҳ бўлади. “ал-Фатавас-суғро”да шу мухтор, танланган қавл деб айтилган.

“Мажмаъул-баҳрайн”да “Биз, (ҳанафийлар) масжид ичида жаноза ўқишдан, бирор аъзога жаноза ўқишдан, ғоибдаги маййитга жаноза ўқишдан қайтарамиз”—дейилган.

“Баҳрур-роиқ”да “Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда мутлақ келгани учун, таъқиқни ҳам мутлақ қилган мувофиқроқ бўларди” дейилган. (Абу Довуд ривоят қилган ҳадис қуйидагича: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

من صلى على جِنازة في مسجد فلا شيء له

Ким масжид ичида жаноза намоз ўқиса унга ҳеч нарса йўқдир”.

Бу ҳадисни Абу Довуд ва Ибн Можа Абу Зувайбдан, у эса Тавъаманинг мавлоси Солиҳдан, у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Ибн Можанинг лафзи “فليس له شيء” (унга ҳеч нарса йўқ) ибораси бўлган. Яна бир ривоятда “فلا شيء عليه” (унга зарар йўқ), бошқа бир ривоятда эса “فلا اجر له” (унга ажр йўқ) ибораси билан ҳам келган. Ибн Абу Шайба эса ўз “Мусаннаф”ида “فلا صلاة له” (унга намоз йўқ. Яъни унинг намози намоз эмас) ибораси билан ривоят қилган.

Ибн Абдулбар раҳматуллоҳи алайҳ: “فلا اجر له” (унга ажр йўқ) ибораси очиқ-ойдин хато. Саҳиҳи “فلا شيء له” (унга ҳеч нарса йўқ)  дейилган ривоятдир—деган. Тарж). “Фатҳул-қадир”да шундай дейилган.

“Ғоятул-баён” ва “Иноя”да “Агар имом ва қавмнинг баъзиси ташқарида туриб қавмнинг қолганлари масжид ичида бўлса, макруҳ бўлмайди деб айтилган” гапнинг ўзи мамнуъдир.

“ал-Бурҳон шарҳу Мавоҳибир-роҳман”да масжид ичида жаноза ўқиш танзиҳан макруҳдир, деган гапни баъзи муҳаққиқлар ихтиёр этган—дейилган.

Абдулҳай Лакнавийнинг «Нафъул-муфти вас-саил бижамъи мутафарриқотил-масаил» номли фатво тўпламидан.

Элмурод Қўзиев

Андижон тумани, «Холдорбой Ҳожи» жоме масжид имом-хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *