ЁЛҒОН — ЭНГ УЛКАН ХИЁНАТ

Sonnenlicht (Sunlight)

Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёда энг гўзал хулқ соҳиблари эдилар. Умматнинг ислоҳи учун ғамхўр ва жонкуяр зот эдилар. Ул зоти шарифнинг ҳар бир сўзида биз осий умматларнинг икки дунё саодатига етишимиз учун етарлича дарс ва сабоқлар бор. Қуйидаги икки ҳадисдан маънавий иллат – ёлғончилик ҳақида керакли сабоқ олишимиз мумкин:

عن سفيان ابن اسد الخضرمى, قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه و سلم يقول:
كبرت خيانة ان تحدث اخاك حديثا هو لك به مصدق و انت به كاذب» رواه ابو داود

Суфён ибн Асад ал-Хазрамийдан ривоят келтирилди. У киши айтадики: мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган эдим, у киши шундай дер эдилар: “Мусулмон биродарингга сўзлаётган сўзингга у ишонса-ю аммо сен ёлғон сўзлаётган бўлсанг, мана шу хулқинг энг катта хиёнатдир!”. Абу Довуд ривоят қилган. (Мирқотул-мафотиҳ 4845).

Инсон бирор дўстига, мўмин ва диндош сифатида ишониб, қулоқ солса-ю аммо у кимса ишончни оқламаса, уни алдаб ёлғон сўзласа, бу унинг диндошига нисбатан энг катта хиёнати экан. Дўстимиз ва биродарларимиз билан суҳбат чоғида фақат Аллоҳдан қўрқиб, уялиб сўзлашмоғимиз лозим. Инсондан уялиб, ёки ундан қўрқиб уни норози бўлишини истамаслик баҳонаси ила ёлғонга йўл қилсак, бу бизнинг иймонимизга хиёнат, диндошимизга хиёнат, Расулимизга хиёнат, Раббимизга хиёнат ўлароқ баҳоланади. Бу суҳбат қандай ҳолда бўлишининг аҳамияти йўқ. Хоҳ у юзма-юз бўлсин, ёҳуд телефон орқали, ва ёки ижтимоий тармоқлар орқали бўлсин. Бари бирдек баҳоланади.

عن ام كلثم, قالت: قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: «ليس الكذاب الذى يصلح بين الناس و يقول خيرا و ينمى خيرا» متفق عليه

Ақаба ибн Абу Муъийтнинг қизи Умму Кулсум розияллоҳу анҳодан ривоят келтирилди, у аёл айтди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтгандилар: “Одамлар орасини ислоҳ қилиб, яхши гап гапириб, хайриятга етқазган киши каззоб эмасдир.” (Бухорий, Муслим. Мирқот. 4825).

Икки аразлашиб қолган мўмин орасини ислоҳ қилиш жуда катта хайрли ишдир. Ҳатто бу савоблик амални бажариш жараёнида ёлғон сўзлашга зарурат туғилса, шариатимиз бу тур ёлғонга рухсат беради. Эр-хотин, икки дўст, ака-ука ва ҳоказолар орасида бандачилик қусури туфайли турли келишмовчиликлар учраб туриши табиий ҳол. Агар ўшандай вазиятга тушганларга шоҳид бўлсак дарҳол улар орасини ислоҳ қилиш пайига тушмоғимиз керак.
Шунингдек, бу жараёнда ёлғон сўздан фойдаланганларни “сен ёлғончи экансан”—деб маломат қилиш ярамайди. Чунки уларни Расулуллоҳнинг ўзлари ёлғончи эмас деб айтмоқдалар. Демак инсон қилаётган амалида яхшиликни кўзлаб, икки дўст орасини ёки бузилган оилани қайта тиклар экан, унга ёлғончилик тамғаси босилмайди.

Абдуллаев Ўктамжон

Андижон шаҳар “Мирпўстин ота” жоме масжид ноиб имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *