ИЛМ АҲЛИНИ ҚАНДАЙ БИЛСА БЎЛАДИ?

131

Олдинги мақоламизда чин маънодаги олимнинг қандай бўлиши ҳақида қисқача сҳбатлашдик. Энди, ўзини илм аҳли – олим, талаба, муҳиб-мухлис ҳисобловчиларнинг белги ва аломатлари ҳақида суҳбатлашсак. Том маънодаги илм аҳлининг бир қанча аломатлари бўлиб, улар воситасида уларнинг аслида кимлигини билиб олиш мумкин. Илм аҳлини биринчи ўринда:

  • Илм исташи, талабчанлиги билан, фиқҳни ўрганишга астойдил киришиши билан, устозлар оғзидан чиққан илм дурдоналари узлуксиз дафтар-қоғозга қайдалаб юриши билан, узоқ вақт устозлар ортидан қолмасдан бирга юриши билан танилади. Иброҳим ибн Ашъас раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: “Бирор одамнинг тинимсиз илм излаб юрганини, олимлар мажлисларида давомийлигини кўрсангиз, унинг оғзидан чиққан ҳикматларни ёзиб олаверинглар!”.
  • Ва яна илм аҳлини унинг устозларига қараб ҳам билиш мумкин. Кимнинг шогирди? Қандай одамларнинг шогирди? Устозлари ҳаққоний ва раббоний олим бўлса, уларнинг бу шогирди ҳақида фикри қандай? Устозлари унга ижоза берганми? Шу нарсаларни аниқлаштириш билан ҳам кишининг илмга аҳл ё ноаҳл экани ажратилади.
    Имом Молик Раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: “Киши ўзидан кўра олимроқ одамдан сўраб ўрганмагунча ўзини илм аҳли деб ҳисоблаши нотўғри. Мен фатвога киришишдан олдин Рабийъа ва Яҳё раҳимаҳумаллоҳдан сўраганман. Улар амр этишгачгина фатво беришга киришганман. Ҳадис айтиш ё фатво бериш учун масжидда ўтиришга ҳар кимнинг ҳам ҳаққи йўқ. Қачонки шу соҳада салоҳиятли аҳли фазл устозлар билан маслаҳатлашиб улардан розилик олсагина кейин ҳақли бўлади. Менинг ўзим то етмиш нафар шайхлардан “сен фатво беришга лойиқсан” деган ижозани эшитмагунимча фатвога киришган эмасман!”.
  • Шунингдек яна, бир инсоннинг илм аҳлидан эканини билиш учун унинг Аҳли сунна вал-жамоа манҳажига садоқати ҳам текширилади. Агар салафи солиҳлар эътиқодига содиқ бўлса демак у тўлиқ маънода илм аҳлидир. Агар ҳаво, бидъат ва залолат аҳлидан бўлса, уни илм аҳли дейилмайди! Уларни аҳли ҳаво ва аҳли бидъат, дейилади.
  • Илмий асарлари, илмий ишлари, ёзган китоблари, етиштирган шогирдлари ва айтган фатволари билан ҳам билиш мумкин. Қўлидан бир саҳифа илмий асар ёзиш келмайди-ю аммо ўзини илм аҳли деб, бошқа олимларни қоралаб юрганлар қуруқ сафсатабоз бўлади холос. Ҳақиқий олим ва илм аҳли, ўз билганларини кейинги авлодга қолдириш ғами билан яшайди. Бу эса тасниф ва таълиф билан мукаммал бўлади.
  • Ибодат, тақво, хавф, одамгарчилик ва гўзал ахлоқи билан ҳам кишини илмга аҳл экани маълум бўлади. Фосиқ бўлса, оғзидан фахш гаплар чиқса, биров билан хусуматлашганда сўкинса, ахлоқи бузуқ бўлса, у одамнинг ичида тонналаб китоб бўлса ҳам аҳли илм дейилмайди!
  • Ақллар шошиб қоладиган нозик ерларда ўз эътиқодига содиқлиги ва собитқадамлиги билан, кимларнидир хурсанд қилиш учун илмига зид амал қилмаслиги билан ҳам илм аҳлини ноаҳллардан ажратиш мумкин.
    Уламолардан бири айтган экан: илмига росих олим денгиз мавжидек кўб шубҳалар орасидан ҳам саломат чиқади, ишончи-иймонига футур етмайди, шакка тушмайди! Чунки унинг илми пухта ва унга шубҳалар таъсир қила олмайди! Балки бундай олимларга шубҳали мавзулар арз этилса, дарҳол раддияга киришади! Шулар том маънода илм аҳлларидир!

Муҳаммад Аҳмад Исмоилнинг “Ҳурмату аҳлил-илм” рисоласи асосида

Муҳаммадали ПИРҚЎЗИЕВ

“Ҳазрати Умар Одил” масжиди имом хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *