МУСУЛМОН КЕЧИРАДИ МУНОФИҚ АЙБДОР ҚИЛАДИ

اكتئاب-1Айбдор айбини тан олиб кечирим сўраганда унинг узрини қабул қилмоқ Аллоҳ таолонинг суннатидир. Аллоҳ кечиримли Зот ва кечиримли бандаларини севади. Кибрга берилиб кечирмаганларни, биродарининг узрини рад қилганларни эса Аллоҳ хуш кўрмайди. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

من اعتذر الى اخيه المسلم فلم يقبل منه كان عليه مثل خطيئة صاحب مكس

Кимки бирор мусулмон биродаридан узр сўраса, у эса унинг узрини қабул қилмаса, унинг бўйнига тижорат молларидан закот олувчининг хатосига берилган гуноҳ каби гуноҳ юкланади (Ибн Можа).

Мусулмонларнинг закот молларидан ўмариб қолувчига ёзиладиган гуноҳ кабира гуноҳлар қаторига киради. Демак, узрни рад қилган мутакаббирга ҳам худди ўшандай миқдорда катта гуноҳ ёзилади.

Муҳаммад Ходимий раҳматуллоҳи алайҳ ҳадиснинг шарҳида айтади: узр сўровчилар уч хил бўлади:

  • Бу айбни қилмаганман деб ўзини оқлайди ва айбдор қилувчиларни ёлғончига чиқарадиганлар;
  • Рост қилдим, лекин фалон мақсадда қилганман деб ўзини оқлайдиганлар;
  • Тўғри, шу айбни қилдим аммо энди бошқа такрорламайман дейдиганлар.

Бу айбни қилмаганман деб инкор этиб, уни айбдор қилганларнинг ўзлари ёлғончи эканини исботлаб берганлар тўлақонли оқланади.

Жиноятни қилиб, узр сўраш ўрнига “мен қилмаганман” деб инкор этганлар эса ўзини нодонликка солди деб ҳукм қилинади. Агар айбига иқрор бўлса, у инсон албатта кечирилишга ҳақли ҳисобланади. Мабодо айбини тан олиб бу ишни қайта қилмасликка сўз берса, бу тавба ҳисобланади. Уни қабул қилиш лозим бўлади.

Имом Ғаззолий айтганлар: узр сўраб келган одамга бадгумонлик билан ишонмаган инсонни кўрсангиз билингки унинг ботини, маънавияти бузуқдир. У бошқалардан гумонсираганда аслида ўзининг ичидаги хабисликни бировларда кўрган бўлади. Мўмин узрни қабул қилади ва айбдорнинг узр сўрашини истайди. Мунофиқ эса айб қидиради, айбдор қилади.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

عفوا تعف نسائكم و بروا ابائكم يبركم ابنائكم و من اعتذر الى اخيه فلم يقبل عذره لم يرد على الحوض

Фаҳш ишлардан тийилинг, хотинларингиз ҳам тийилади. Ота онангизга яхшилик қилинг, ўғилларингиз ҳам сизга яхшилик қилади. Кимки бир биродаридан узр сўраса-ю, у қабул қилмаса, менинг хавзимга келмайди. (Тобароний).

Бу ҳадисда айбдорнинг узрини қабул этмайдиган керикларнинг манзили қай даражада тубан бўлишига ишора бор.

Зиёддинов ИБРОҲИМЖОН

“Нажмидин қори” жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *