АВВАЛ ФАҚИҲЛАР КИРАДИ…

131Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ Баккор ибн Қутайбадан ривоят қилади, у Абулвалид Таёлисийдан эшитган экан: Ҳанафий мазҳабининг йирик олими Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ Басрага келганда, ҳовлиси олдида аҳли ҳадислар (муҳаддислар) билан аҳли рай (фақиҳлар) жамоаси тўпланиб, имомнинг олдига биринчи бўлиб кириш масаласида тортишувга боришди.

Имом Абу Юсуф ҳазратлари икки жамоани ҳам ҳурмат қилар эди. Ташқарига чиқиб: мен ҳар икки жамоани ҳам ҳурмат қиламан ва ўзимни икки жамоага мансуб деб биламан. Ўшанинг учун хозир бир савол бераман, тўғри жавоб берган жамоани аввал қабул қиламан—дедилар.

Савол шундай эди: Бир одам шу қўлимдаги узугимни оғзига солиб, чайнаб синдириб қўйди. Менга бадалини қандай тўлайди?

Аҳли ҳадислар жамоаси хилма хил қониқарсиз жавоблар беришди.

Фақиҳлардан жамоаси эса якдиллик билан шундай жавоб берди: У худди ўша узукни бутун ҳолидаги қийматини тўлаб, синиқ узукни ўзига олиб қолади. Лекин, узук эгаси синиқ узукни ўзида қолишини истаса, синдириб қўйган одамга ҳеч нарса вожиб бўлмайди.

Бу тўғри жавоб эди. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ  йиғилганларга қарата: аввал фақиҳлар киради. Аҳли ҳадислар одоб сақлаб туради—деди.

Қиссадан ҳисса шуки динимизда фақиҳларнинг мақоми муҳаддисларникидин юқори туради. Ҳадисларнинг асл мазмун-моҳиятини фиқҳшунослар теранроқ англайди. Муҳаддис ҳадиснинг соғлом ва носоғломлигини ўрганади холос. Фақиҳ эса ҳадиснинг сиҳҳати билан бирга унинг асл мақсадини ҳам ўрганади. Шунга кўра, фатво фақиҳлардан сўралади, муҳаддислардан эмас. Бу ҳақиқатни бугунги кунда “биз аҳли ҳадислармиз” деб кўкрак кериб фиқҳий мазҳабларни менсимай юрган “билимдон”лар билиб олиши керак.

Ҳадисшуносликда етти иқлимга донғи кетган имом Аъмаш раҳматуллоҳи алайҳ бир куни фақиҳлар устози Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга фалон масалада фикрингиз қандай? – деб савол қилади. Абу Ҳанифа у кишинга қониқарли жавоб қилгач, имом Аъмаш ҳайрон қолиб: буни қаердан биласиз, дейди. У: сиз ривоят қилган фалон ҳадисдан—деб жавоб беради.

Шунда имом Аъмаш: “Эй фуқаҳолар! Сизлар гўёки табибсизлар! Биз эса оддий доришуносмиз холос!”—дейди. Яъни, биз ҳадисларни ёдлаймиз, уларнинг саҳиҳ ва заифларини ажратамиз. Аммо улардан шаръий масалаларни чиқаришни уддалай олмаймиз. Худди доришунослар дори воситаларининг таркибини аниқ билсаларда аммо қайси дардга даво бўлишини табиблардек яхши билмагани каби.

Зиёддинов ИБРОҲИМЖОН

“Нажмидин қори” жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *