ТОЖИДДИН АС-СУБКИЙ (р.ҳ.) МАЗҲАБЛАР ҲАҚИДА

Untitled-2-620x330

Тожиддин Абдулваҳҳоб ибн Али ибн Абдулкофий ас-Субкий (728-771 ҳ./1328-1370 м.) раҳимаҳуллоҳ машҳур “Табақот аш-шофеъия”, “Жамъ ал-жавомеъ”, “ал-Ашбоҳ ва-н-назоир” каби ўнлаб асарларнинг муаллифидир. У зот ўзларининг “Муид ан-ниъам ва мубид ан-ниқам” номли асарларида мазҳаблар тўғрисида бундай деганлар:

و هؤلاء الحنفية و الشافعية و المالكية و فضلاء الحنابلة، و لله الحمد، فى العقائد يد واحدة، كلهم على رأى أهل السنة و الجماعة، يدينون الله تعالى بطريق شيخ السنة أبى الحسن الأشعرى رحمه الله، لا يحيد عنها الا رَعَاع من الحنفية و الشافعية، لحقوا بأهل الإعتزال، و رعاع من الحنابلة لحقوا بأهل التجسيم، و برّأ الله المالكية فلم نر مالكيّا الا أشعريّا عقيدة. و بالجملة عقيدة الأشعرى، هى ما تضمنته عقيدة أبى جعفر الطحاوى التى تلقّاها علماء المذاهب بالقبول و رضوها عقيدة. و قد ختمنا كتابنا جمع الجوامع بعقيدة ذكرنا أن سلف الأمّة عليها. و هى و عقيدة الطحاوى و عقيدة أبى القاسم القشيرى و العقيدة المسمّاة بالمُرْشِدَة مشتركات فى أصول أهل السنة و الجماعة.

“Ушбу ҳанафийлар, шофеъийлар, моликийлар ва ҳанбалийларнинг фозиллари, Аллоҳга шукр, ақидаларда битта қўлдир! Уларнинг ҳаммаси аҳли суннат ва жамоат таълимотидадир! Улар Аллоҳ таолога суннат шайхи Абулҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ (ва ҳидоят имоми Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳ) йўли билан дин-диёнат қиладилар. Улар бу йўлдан (асло) оғишмаганлар. Ҳанафий ва шофеъийлардан бир озгина гуруҳи ушбу йўлдан оғишиб мўътазилийликка, ҳанбалийлардан бир гуруҳи эса мужассималикка кириб кетганлар. Моликийларни эса Аллоҳнинг ўзи асраган! Моликийларни фақатгина ашъарий ақидада эканини кўрамиз.

Хуллас, Имом ал-Ашъарий ақидасини Абу Жаъфар ат-Таҳовий ақидаси қамраб олган бўлиб, бу ақидани тўрт мазҳаб уламолари қабул қилганлар, ушбу ақидага рози бўлганлар. Биз “Жамъ ал-жавомеъ” номли китобимизни: “Умматнинг ўтганлари ушбу ақидададир!”, деган маънода бу ақидани зикр қилиб тугатганмиз. У ва Имом ат-Таҳовийнинг ақидаси, Абулқосим ал-Қушайрийнинг ақидаси, “ал-Муршида” деб аталган ақида аҳли суннат ва жамоат асосларида муштаракдир!” (Тожиддин ас-Субкий. Муид ан-ниъам ва мубид ан-ниқам. – Байрут: Муассаса ал-кутуб ас-сақофия, 1986. – Б. 62).

Тожиддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ анъанавий исломдаги тўрт мазҳаб – ҳанафийлик, шофеъийлик, моликийлик ва ҳанбалийликнинг ақидалари битта эканини қайд қилганлар. Мазкур тўрт мазҳаб аҳли суннат ва жамоат таълимотида якдил, бир хил ва иттифоқдадирлар. Зотан, уларнинг сарчашмаси бирдир, улар битта булоқдан сув ичадилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг булоқлари. У саҳобалар, тобеъинлар ва табъа тобеъинлар қониб ичган булоқдир. Ушбу тўрт мазҳабнинг ақидаси ва йўли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ақидалари ва йўлларидир. Ушбу тўрт мазҳабнинг ақидаси ва йўли саҳобалар, тобеъинлар ва табъа тобеъинларнинг ақидаси ва йўлларидир. Булар орасида фарқ йўқ, ўзгачалик йўқ. Буларнинг барчаларининг ақидаларига эргашганлар ва амал қилганлар бугун “аҳли суннат ва жамоат” деб аталади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тузиб берган, саҳобалар, тобеъинлар ва табъа тобеъинлар эргашган, анъанавий исломдаги тўрт мазҳаб аҳли қабул қилган ақидалар мажмуаси аҳли суннат ва жамоат бўлиб, уларни Абулҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ ва Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳ тартибга солиб, асослаб, мавзуларга ажратиб, далилларини жой-жойига қўйиб берганлар. Абулҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ ва Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ақидалари ашъария ва мотуридия бўлиб, айни аҳли суннат ва жамоат таълимотининг ўзгинасидир.

Ўзлари анъанавий исломдаги тўрт мазҳабга – ҳанафийлик, шофеъийлик, моликийлик ва ҳанбалийликка амал қилишса-да, бироқ, ашъария ва мотуридиядан, яъни, Абулҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ ва Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ақидаларидан оғишган бир-икки нафар уламолар ҳам бор. Булар ҳақида таржима ва табақот жанридаги асарларда маълумотлар мавжуд. Уларнинг ақидалари яхшилаб ўрганилса, аҳли суннат ва жамоатдан оғишганлари яққол маълум бўлади.

Масалан, ҳанафийликда Маҳмуд аз-Замахшарий раҳимаҳуллоҳ, Нажмиддин аз-Зоҳидий раҳимаҳуллоҳ, Нўъмониддин ал-Хоразмий раҳимаҳуллоҳ каби олимлар мўътазилийликнинг қаттиқ таъсирига тушганлар дейилади. Лекин, уларнинг асарларидаги бундай таъсирлар ўз вақтида аниқланиб, шарҳ ва ҳошияларда батафсил бирма-бир кўрсатиб берилган.

Тожиддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ фикрича, ҳанбалийларнинг бир оз қисми (ҳозирги кунларда эса кўпчилик қисми дейишимиз мумкин) аҳли суннат ва жамоат таълимотидан оғишиб, мужассималик домига илинганлар. Мужассималик бу – Аллоҳ таолони жисм деб тасаввур қилиш, Унинг аъзолари бор деб ўйлаш, Унинг макони бор (Арш устида ёки Осмонда) дейишдир. Қадимдан Усмон ибн Саъид ад-Доримий раҳимаҳуллоҳ, Ибн Абу Осим раҳимаҳуллоҳ, Абу Бакр ал-Халлол раҳимаҳуллоҳ, Шайхулислом Абу Исмоил Абдуллоҳ ал-Ҳаравий раҳимаҳуллоҳ, Қози Абу Яъло раҳимаҳуллоҳ ва, ниҳоят, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ кабилар мужассималикка куч бериб кетган олимлар ҳисобланади.

Тўрт мазҳаб уламолари қабул қилган ва рози бўлган ақида бу Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг машҳур ақида матнидир. У зот бизнинг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг тузиб бериб кетган ҳанафий мазҳабининг энг машҳур олимларидан биридирлар. “ал-Ақида ат-Таҳовия” – Абулҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ ва Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ақидасининг энг қисқа матн ҳолида тузилган буюк асардир. Мазкур асарни аҳли суннат ва жамоат вакиллари билан бирга мужассималик ва бемазҳаблик йўлини тутганлар ҳам ўқиб-ўрганиб келадилар. Уларнинг бу асарни ўқиб-ўрганишлари ундаги ақидалар мажмуасини тўлиқ қабул қилиш эмас, балки ўзларини ҳам аҳли суннат ва жамоатдан деб кўрсатиш учундир, ундан ниқоб сифатида фойдаланишдир. Шунинг учун, ушбу асарга улар томонидан битилган шарҳларнинг барчасида унинг муаллифи Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳни хато қилганликда ва адашганликда айблаб, бот-бот таъна қилинганини кўриш мумкин. Аслида, Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг мазкур ақидалар мажмуасидаги барча жумла-иборалар аҳли суннат ва жамоат таълимотига тўлиқ мос келади.

Тожиддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Жамъ ал-жавомеъ” асарининг охирида келтирган ақидалар мажмуаси, шунингдек, Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Ақида ат-Таҳовия” асари, машҳур сўфий Абулқосим ал-Қушайрий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Ақида ал-қушайрия”си, Ибн Тумарт раҳимаҳуллоҳ тузган “ал-Муршида” деб аталган ақидалар тўплами – буларнинг барчаси битта – аҳли суннат ва жамоат таълимотини ташкил қилади.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чароғон суннатларига ҳамиша эргашишга муяссар айласин! Саҳоба, тобеъин ва табъа тобеъинларнинг йўлларида мустаҳкам қилсин! Аҳли суннат ва жамоат таълимотидан бизни асло узоқлаштирмасин! Мазкур таълимотларни тартибга солиб берган Абулҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ ва Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ақидаларидан айирмасин! Асослари, сарчашмалари бир бўлмиш тўрт мазҳаб – ҳанафийлик, шофеъийлик, моликийлик ва ҳанбалийлик доирасидан чиқармасин! “ал-Ақида ат-Таҳовия” асари сингари ақидавий манбаларга ихлосли, улардан юз ўгирмайдиган, уларни адашганга ва яглишганга чиқармайдиган соф ва соғлом ақидали мўъмин-мусулмон айласин! Омин, ё раҳматан лил-оламийн!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *