СОЧ ҚЎЙИШ ВА ҚИРИБ ОЛИШ ҲУКМИ

tp-celebrity-long-hair-menСавол:

Исломда соч қўйишнинг ҳукми нима? Сочни қириб олишнинг ҳукмичи?

Жавоб:

Исломда мусулмон эркак сочини қириб олиши ҳам, ёки соч қўйиб юриши ҳам мубоҳ даражасидаги амалдир. Фуқаҳолар тарафдан бу масаланинг ижмоъий экани ҳақида ривоятлар бор.

Жумладан: Ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ шундай деган:

قد اجمع العلماء فى جميع الافاق على إباحة حبس الشعر و إباحة الحلق و كفى بهذا حجة

Барча ўлкалардаги уламолар сочни олдирмасдан жойида қолдириш ва ҳамда тагидан қирдириб олиб юришнинг мубоҳлигига ижмоъ қилган. Шунинг ўзи етарли ҳужжатдир. (Тамҳид. 22/138).

Ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳдан эса Ибн Қудома “Ал-Муғний”да, имом Қуртубий тафсирида нақл қилганлар. Бу масалага ҳанафийлар, шофеъийлар ва моликийлар ҳам қўшилган. Масалага санад сифатида қуйидаги ҳадис келтирилади:

Мадинага Жаъфар розияллоҳу анҳунинг вафоти ҳақидаги хабар келгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг оиласига уч кун муҳлат бердилар. Уч кундан кейин уларнинг ҳонадонига келиб “бугундан кейин йиғламанглар” дедилар ва “биродаримнинг ўғилларини менга чақиринглар” деб хузурига унинг ўғилларини чорладилар. Болалар келгач, “менга ҳаллоқ (сартарош) чақиринглар” дедилар ва унга Жаъфар розияллоҳу анҳунинг ўғилларини сочларини қириб олишни тайинладилар.

Ҳадис шунга далолат қиладики, сочни қириб олиш мубоҳ амал. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амр қилган ишнинг ҳукми энг камида мубоҳ бўлади.

Шофеъий уламоларидан баъзилари бу масалада хилоф фикр билдирган. Улар “янги туғилган чақалоқ, энди мусулмон бўлган кофир, ҳожи ва умрачилар сочини қириб олиши мубоҳ, улардан бошқасига сочни қириб олиш ҳаром ва бидъатдир”, деганлар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларини фақат ҳажда қирдирганлар холос.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳдан келган бир ривоятда сочни қириб олиш макруҳ дейилган. У киши Умар ибн Ҳаттоб ва Абдуллоҳ Аббос розияллоҳу анҳумо икковлари соч қиришни кариҳ кўрар эди, деган. (Ал-Муғний 1/122).

Буларнинг далили Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хаворижлар ҳақида айтган ушбу ҳадислари бўлган: “…уларнинг аломати сочларини қириб юришларидир.(Бухорий).

Ҳаж ва умрадан бошқа пайтда инсон сочини қириб олдириши қурбат ҳисобланмайди, бу ишига савоб ҳам ёзилмайди. Ҳанафий уламоларимиздан баъзилари, шофеъийлар ва моликийлар бу масалада ҳамфикр бўлган. Лекин баъзи ҳанафийлар сочни қириб олиш суннат деганлар. Аммо бу сўзларига далил келтирмаган. Улар поклик нуқтаи назаридан шундай деган холос. (Родд ал-мухтор. 6/407).

Бошнинг ҳар-ҳар еридан қириб олдириш эса макруҳдир. Буни араб тилида “қазаъ قزع” дейилади. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай деган:

Уламолар шунга ижмоъ қилдиларки, бошнинг ҳар-ҳар еридан қириб олдириш макруҳ. Лекин зарурарт юзасидан, даво-муолажа мақсадида бўлса жоиз, шунда ҳам танзиҳан макруҳдир”. (Шарҳи Муслим. 14/101).

Бу масалага Оиша онамиз розияллоҳу анҳо, ҳанафий уламоларимиз, моликий ва шофеъийлар қўшилган. Ижмоънинг санади Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қилган ушбу ҳадисдир:

نهى رسول الله صلى الله عليه و سلم عن القزع فقيل لنافع: ما القزع؟ قال: ان يحلق بعض راس الصبى و يترك بعض

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қазаъдан қайтардилар. Шунда ровийлардан бўлган Нофеъга: “қазаъ нима?” деб савол қилинди. У : боланинг бошидан баъзисини қириб баъзисини қолдириш – деб таърифлади. (Бухорий).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, сочни қириб олиш қандай амал бўлса уни қирмасдан қўйиб юриш ҳам шундай амал. Сочини қирган хавориж деб айтилмайди, шунингдек сочини қирмасдан юрганлар ҳам ваҳҳобий дейилмайди. Илло сочни қўйган киши покликка жиддий эътибор қаратиши талаб этилади.

Сочни бошнинг ҳар-ҳар жойидан қириб олиш эса шаръан макруҳдир ва унинг макруҳлигига ижмоъ собит бўлган! Валлоҳу аълам! «Ислом фиқҳида ижмоъ энциклапедияси» 1 — Ж. 201 -207 Бетлар асосида

Тожибоев БОТИРЖОН

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид ноиби

ТИИ сиртқи бўлим, иккинчи босқич талабаси

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 2 та

  1. Muslimbek:

    Assalomu alaykum BOTIRJON qoraka vaqtinchalik nikoh bizni masxabda haromi

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *