ҚУЛЛИК ВА ҚУЛДОРЛИК

15433596292020Савол. Маърузаларда, китобда қул ҳақида ўқийсан. Олдинлари қул савдоси бўлган. Шунга тушунмадим. Одам бир одамга қандай қилиб қул бўлиб қолиши мумкин. Масалан, шу киноларда кўрамиз, ип боғлаб, судраб, олиб юрганлар, сотганлар. Қул савдоси бўлган, қулга зулм қилишган. Шу ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб. Қулдорлик тузуми даврида қуллар бўлган. Мактабларда ҳам тарих фанида булар ўтилади. Ўша даврларда қуллар ва чўрилар бўлган. Уруш ёки қароқчилик пайтида, бир юртни босиб олиб, мағлуб бўлган халқларни қул қилишган, чўри қилишган, ўз юртларига олиб келиб, сотиб юборишган ёки сотиб олишган. Гоҳида жиноят қилган ёки қарзларини тўлай олмаган озод инсонларни ҳам қулликка маҳкум қилишган. Хива хонлигида ҳам, Бухоро амирлигида ҳам қуллар бозори бўлган. Қулдорлик XIX асрнинг охирига келиб батамом тугатилди. Бутун дунё – мусулмон олами ҳам, ғайридинлар ҳам бу фикрга қўшилиб, қулдорликни тугатдилар. Муҳаммад Раҳимхон Феруз даврида Хива хонлигида бир вақтнинг ўзида 50 мингдан ортиқ қуллар озод қилинди. Юртимиздаги “қуллар овули”, “қуллар қишлоғи” деган мавзелар ўша озодкарда одамлар ва уларнинг авлодлари яшаётган жойлар ҳисобланади.

Ислом қулликка қарши курашиб, унинг олдини олиб келган умуминсоний дин ҳисобланади. Исломда қулларга бўлган ижобий муносабат шаклланган эди. Яъни, “Инсон аслида ҳурдир, инсон аслида беайбдир!” қоидасига кўра унга муносабат билдирилган. Шунинг натижасида, Мисрда мамлуклар (яъни, қуллар) бутун бошли сулолага асос солиб, ҳукмдорлар даражасигача кўтарилган. Ғазнавийлар давлатининг муассиси Носириддин Сабуктегин асли қул бўлган эди.

Ислом дини қулдорликни йўқотиш мақсадида жуда катта ва улуғ ишларни жорий қилган. Садақанинг энг-энг афзали қул озод қилиш дейилган:

أَيُّمَا رَجُلٍ أَعْتَقَ امْرَأً مُسْلِمًا اسْتَنْقَذَ اللَّهُ بِكُلِّ عُضْوٍ مِنْهُ عُضْوًا مِنْهُ مِنْ النَّارِ

“Қайсидир инсон бирор мусулмон кишини қулликдан озод қилса, Аллоҳ унинг ҳар бир аъзоси учун бунинг аъзоларини дўзахдан қутқаради” (Бухорий, 3/2517; Муслим, 3/3795-3798).

Масалан, Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу Ҳазрати Билол разийаллоҳу анҳуни қул пайтида сотиб олиб озод қилган. Қул Каъбанинг устига чиқиб озон айтадиган, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг энг яқин сўфиси бўлган. Уни ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра 50 000 долларлик маблағга сотиб олган.

Исломда кщп жиноятларнинг жазосига қул озод қилиш таъйинланган. Рўзани бузиб қўйса ҳам қул озод қилиш бор, қасамини бузиб қўйса ҳам қул озод қилиш бор, ўз хотинига: “Сен мен учун онам кабисан!” ёки “Мен учун қорнинг ёки орқанг онамнинг қорни ёки орқаси кабидир!” деб “зиҳор” қилса ҳам қул озод қилиш бор, хотинига: “Сенга 4 ёки 5 ёки 6 ой ёки 1 йил яқинлик қилмайман!”, деб “ийло” қилиб қўйса ҳам қул озод қилиш бор, ибодатни бузиш жиноятининг жазосига қулни озод қилиш айтилган. Ҳатто осмонда қуёш ёки ой тутилса ҳам қул озод қилиш буюрилган:

أَمَرَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِالْعَتَاقَةِ فِي كُسُوفِ الشَّمْس

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш тутилганда қул озод қилишга буюрганлар” (Бухорий, 3/2519).

Биров ўз ота-онаси ёки қариндошини сотиб олса, у ўз-ўзидан озод инсонга айланади. Саҳиҳ ҳадиси шарифда: مَنْ مَلَكَ ذَا رَحِمٍ مَحْرَمٍ فَهُوَ حُرٌّ – “Кимки ўз қариндош маҳрамига эга бўлса, у озоддир!”, деб ҳукм қилинган (Термизий, 3/1365; Абу Довуд, 4/3951; Ибн Можа, 2/2524).

Чўри агар хўжасидан бола орттирса, шариатга кўра бола ўз-ўзидан озод инсонга айланади. Шариатда чўрига яхши тарбия бериб, сўнг унга уйланса, икки карра ажр-савоб бўлиши айтилган:

مَنْ كَانَتْ لَهُ جَارِيَةٌ فَعَالَهَا فَأَحْسَنَ إِلَيْهَا ثُمَّ أَعْتَقَهَا وَتَزَوَّجَهَا كَانَ لَهُ أَجْرَانِ

“Кимнинг чўриси бўлса, уни оиласига олиб, унга яхшилик қилиб, сўнг уни озод этиб, унга уйланса, унга икки карра ажр бўлади” (Бухорий, 3/2544).

Қулига: «Бу менинг болам» ёки “Бу ўғлим” деб қўйса, ёки «Фалон ишни қилсанг, озодсан» ёки “Шу ишни қилсам, қулим озод бўлсин!” деган бўлса, шариатга кўра шу бир оғиз гапи билан қул озод инсонга айланади. «Мен вафот этсам, қулларим озод», деб бир марта айтиб қўйган одам вафот этган заҳоти қуллари ўз-ўзидан озод инсонга айланишади. Бу гапларни бекор айтувдим, ўйнаб айтувдим, билмай қолиб айтувдим, айтган гапимни қайтариб оламан, деган гаплари ўтмайди, хўжайиннинг оғзидан чиққан шу биргина гапи учун қули озод бўлган ҳисобланади. Шариат қулдорликни тугатишни шу хилда муолажа қилган.

Қулларни уларнинг розилигисиз бир-бирларидан ажратишдан қайтарилган. Шу маънода Расулуллоҳ (с.а.в.) мана бундай марҳамат қилганлар:

مَنْ فَرَّقَ فَلَيْسَ مِنَّا قَالَ أَسَد : يُفَرِّقُ بَيْنَ الْوَلَدِ وَ أُمِّهِ وَ بَيْنَ الْاُخُوَّةِ

“Кимки она билан боланинг, ака-укаларнинг орасини ажратса, биздан эмас!” (Табароний “ал-Мўъжам ал-кабир” 20/535).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом қулларингизни худди ўзингиздек кийинтиринг, уларни ўзингиз еган-ичган нарса билан едириб-ичиринг, деганлар. Абу Зар ал-Ғифорий разийаллоҳу анҳуни қуллари орасида неча одамлар чалкаштириб, у деб ўйлаб қулига мурожаат қилишган. Яъни, кийинишда ва ўзини тутишда қуллари хўжаларнинг олдида шундай кўринган. Бунга мана бу саҳиҳ ҳадиси шариф сабаб бўлган:

إِخْوَانُكُمْ جَعَلَهُمُ اللَّهُ تَحْتَ أَيْدِيكُمْ فَمَنْ كَانَ أَخُوهُ تَحْتَ يَدَيْهِ فَلْيُطْعِمْهُ مِمَّا يَأْكُلُ وَلْيَكْسُهُ مِمَّا يَلْبَسُ وَلاَ يُكَلِّفْهُ مَا يَغْلِبُهُ فَإِنْ كَلَّفَهُ مَا يَغْلِبُهُ فَلْيُعِنْه

“Қуллар ҳам сизларнинг биродарларингиздир. Аллоҳ уларни сизнинг қўл остингизда қилиб қўйди. Кимнинг биродари унинг қўл остига тушиб қолса, еган нарсасидан унга ҳам едирсин, кийган нарсасидан уни ҳам кийинтирсин. Унга оғир бўладиган ишни буюрмасин. Агар оғир ишни буюрса, унга ўзи ҳам ёрдамлашсин!” (Абу Довуд, 4/5160).

Кимки қулини ўзи каби тута олмаса, унга мулойимлик қила олмаса, уни озод қилиш ёки бошқага сотиб юборишга буюрилган:

مَنْ لاَءَمَكُمْ مِنْ مَمْلُوكِيكُمْ فَأَطْعِمُوهُ مِمَّا تَأْكُلُونَ وَاكْسُوهُ مِمَّا تَكْتَسُونَ وَمَنْ لَمْ يُلاَئِمْكُمْ مِنْهُمْ فَبِيعُوهُ وَلاَ تُعَذِّبُوا خَلْقَ اللَّهِ

“Сизлар қулларингизга мулойим бўлинглар. Еганларингиздан едиринглар, кийганларингиздан кийдиринглар. Кимки уларга мулойимлик қила олмаса, (ҳеч бўлмаса) уни сотиб юборсин. Аллоҳнинг яратганларига азоб берманглар!” (Абу Довуд, 4/5163).

Қуллар ўқиса, илм олса, хўжалардан устун ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг энг севимли аёллари Ойша онамиз разийаллоҳу анҳога қуллари Заквон имомлик қилиб таровеҳ ўқиб берарди. Исломда илк қурилган масжид Мадинадаги Қубо масжидига илк кунларда қул Солим имомлик қилган. Чунки, у бу вақтларда “Қуръон”ни энг кўп ёдлаган саҳоба эди. Унга Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу ва Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу каби буюк саҳобалар ҳам иқтидо қилаверганлар (Бухорий, 7/7175).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўрт нафар одамдан “Қуръон” ўрганишни саҳобаларга буюриб қўйган эдилар. Улар орасида шу қул Солим ҳам бор эди (Бухорий, 5/3808; Муслим, 4/2464).

Қуллар бой-бадавлат бўлса ҳам, қуллик даврида закот бериш мажбуриятидан озод қилинадилар. Агар қуллар жиноят қилса, уларга озод инсонлар жазосининг ярми таъйинланади (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон: Хоритонов, 1911. – Б. 161-162).

Шариатда қулларга зулм қилиш асло мумкин эмас. Абу Масъуд ал-Ансорий разийаллоҳу анҳунинг ўз қулини ураётганини кўриб қолган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни жеркиб берганлар. У дарҳол: “Мен бу қулимни Аллоҳ учун озод қилдим!”, деб хатосини тузатган. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар уни озод қилмаганингда, мени дўзахга тиқтирар эдим”, деганлар (Абу Довуд, 4/5161).

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, хизматкор хато қилиб қўйса, уни неча марта кечириш керак, деб сўраган. Қаранг, бу оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг барча замонлар ва барча маконлар учун ўрнак бўладиган буюк кўрсатмаларидир. Расулуллоҳга жоним фидо бўлсин:

اعْفُوا عَنْهُ فِى كُلِّ يَوْمٍ سَبْعِينَ مَرَّةً

“Уни ҳар куни етмиш маротаба кечиринглар!” (Абу Довуд, 4/5166).

Шунинг учун ҳам, у зоти бобаракот:  مَنْ لَطَمَ مَمْلُوكَهُ أَوْ ضَرَبَهُ فَكَفَّارَتُهُ أَنْ يُعْتِقَهُ – “Кимки ўз қулини урса, унинг каффорати уни озод қилишдир”, деб марҳамат қилганлар (Муслим, 3/1657; Абу Довуд, 4/5170; Байҳақий, 2/16214).

Исломда қуллар занжирланиб сақланмайди, бўйинлари тахтакач билан тутилмайди. Бу иш шаръан ҳаром ҳисобланади. Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳ “ал-Ҳидоя” асарларида уни золимлар орасидаги одат ва дўзах аҳлининг уқубати, деб айтилган. Фақат қул қочқоқ ва ўғри бўлса, боғлаб жазоланиши мумкин, дейилган (Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 2-жилд. – Лакнау: Алавий, 1865. – Б. 378).

 Ҳозирда қулдорлик мутлақо тугатилган. 1948 йили БМТ қабул қилган Инсон ҳуқуқи умумий декларациясида қуллик ва қул савдосининг барча турлари таъқиқланиши эълон қилинган. 1956 йили эса Жневада дунё давлатлари қул савдоси ва қулликка ўхшаш одатлар, масалан, мажбурий меҳнат кабиларни бекор қилишга доир конвенцияни қабул қилишган. Ҳукуматлар қулликнинг ҳар хил кўринишларининг олдини олиш мақсадида қонунлар ишлаб чиқишган, қулликка солиш ишлари, мажбурий меҳнатга жалб қилиш ишлари қаттиқ таъқиб қилинади. Масалан, ҳеч қандай ҳақ бермасдан бировни меҳнатга мажбурлаш, мардикорнинг ҳақини бермасдан ҳайдаб юбориш, бировни ишлатиб-ишлатиб ҳеч нарса бермаслик кабилар шаръан ҳам, қонунан ҳам жазо муқаррардир. “Саҳиҳи Бухорий”да икки марта келтирилган ривоятга қараганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб огоҳлантирганлар:

قَالَ اللَّهُ ثَلَاثَةٌ أَنَا خَصْمُهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ رَجُلٌ أَعْطَى بِي ثُمَّ غَدَرَ وَرَجُلٌ بَاعَ حُرًّا فَأَكَلَ ثَمَنَهُ وَرَجُلٌ اسْتَأْجَرَ أَجِيرًا فَاسْتَوْفَى مِنْهُ وَلَمْ يُعْطِ أَجْرَهُ

“Аллоҳ азза ва жалла: “Мен Қиёмат куни қуйидаги уч тоифа одамнинг душманиман: менинг номим билан онт ичиб ваъда бергач, ваъдасига вафо қилмаганнинг, озод одамни (қул қилиб) сотиб, пулини еганнинг ва бир одамни ёллаб ишлатиб, сўнг ҳақини бермаганнинг (душманидирман)”, дейди” (Бухорий, 3/2227; 2270).

Хуллас, ислом қулликка қарши курашиб ва унинг олдини олиб келган  умуминсоний диндир!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *