ИМОМ МУҲАММАД

Yeni_Mosque_Istanbul_Tu64Ҳанафий мазҳабининг дунёга ёйилишида ўзининг муносиб ҳиссаси билан машҳури жаҳон бўлган имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг насаби: Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Фарқад аш-Шайбонийдир. Отаси асли Дамашқлик бўлган. Кейинчалик Ироққа кўчиб ўтган. Имом Муҳаммад Ироқнинг Восит деган қасабасида ҳижратнинг 132 йили дунёга келган.

Отаси у кишини Кўфага олиб боради ва ёшлиги ўша ерда ўтади. Имом Муҳаммаднинг дастлабки устози мазҳабимиз муассиси имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бўлиб, у кишидан бир муддат таълим олади. Кейин имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга талаба бўлган ва у кишининг қўлида моҳир фақиҳ бўлиб етишади.

Имом Муҳаммад яна Мисъар ибн Кидом, Молик ибн Миғвал, Умар ибн Зарр ал-Ҳамадоний, Суфён Саврий, имом Авзаъий, имом Молик ибн Анас раҳимаҳумуллоҳдан ҳам сабоқ олган. Имом Муҳаммад ўзлари айтган: имом Моликнинг ҳонадонида уч йил турдим. Шу вақт мобайнида ундан етти юздан ортиқ ҳадисни сўзма сўз ўрганиб олдим.

Имом Абу Юсуфдан кейин Ироқда фиқҳий риёсат имом Муҳаммадга юклатилган. Кўплаб шогирдлар тарбиялаган, китоблар ёзган. Халифа Ҳорун ар-Рашид даврида “қозилар қозиси” лавозимида ишлаган.

Имом Шофеъий, Абу Убайд қосим ибн Саллом, Ҳишом ибн Убайдуллоҳ ар-Розий, Али ибн Муслим ат-Тувсий, Амр ибн Абу Амр, Яҳё ибн Маъин, муҳаммад ибн Самоъа, Яҳё ибн Солиҳ Вуҳозий ва бошқалар имом Муҳаммаддан эшитган ривоятларини кейинги умматга етказиб берганлар.

Аҳмад ибн Атийя “Абу Убайднинг Муҳаммад ибн Ҳасандан кўра Қуръонни яхшироқ биладиган одамни танимайман”—деганини эшитганман, деган.

Имом Муҳаммад ниҳоятда фасоҳатли сўзлардилар. Имом Шофеъий укишининг гўзал нотиқлик санъатига қойил қолиб шундай деган: “Қуръон Муҳаммад ибн Ҳасаннинг луғатида нозил бўлган—деб айтсам, унинг фасоҳати туфайли айтган бўлардим…”—деганлар.

Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ жисмонан семиз аммо ниҳоятда совуққон ва кришимли инсон бўлганлар. Имом Шофеъий айтар эканлар: “Имом Муҳаммаддан кўра, семиз ва киришимли одамни билмайман. Агар Қуръон ўқиса маҳорат билан ўқирдики, худди Қуръон шу кишининг луғатида нозил бўлгандек тасаввур ҳосил бўларди. Менинг у кишидан олган илмим бир туяга юк бўладиган китоб бўларди. Ҳаётимда ким билан илмий мунозара олиб борган бўлсам, албатта унинг юзи ўзгарар эди. Аммо Имом Муҳаммад улардан ташқари. У доимо хотиржам, асло ғазаби келмасди”.

Муҳаммад ибн Самоъанинг айтишича, имом муҳаммад қуйидаги байтни кўп такрорлаб юрар экан:

محسدون و شر الناس منزلة * من عاش فى الناس يوما غير محسود

Ҳасадга учраганлар… одамларнинг энг ёмони одамлар орасида бирор кун ҳам ҳасад қилинмасдан яшаганларидир.

Сулаймон ибн Шуайб Кайсоний отасидан ривоят қилади, отаси айтган: мен Муҳаммад ибн Ҳасан шайбонийдан эшитганман, у айтарди: бирор масалада ихтилоф бўлиб қолса бир фақиҳ “ҳаром” дейди, яна бири “ҳалол” дейди. Иккови ҳам ижтиҳодга ҳақли. Лекин Аллоҳнинг наздида тўғри ҳукм битта бўлади. Ҳалол ё Ҳаром. Аллоҳнинг наздида битта нарса ҳам ҳалол ҳам ҳаром бўлмайди. “Битта масаланинг ечимида фалончи фақиҳ ҳаром деди, фалончиси ҳалол деди. Иккиси ҳам Аллоҳнинг наздида тўғри”—деб айтиш мумкин эмас. Лекин, Аллоҳнинг наздида тўғри ҳукм битта бўлади. Ҳар бир фақиҳ қўлидан келганча ижтиҳод қилади. Бу имом Абу Ҳанифанинг, имом Абу Юсуфнинг ва бизнинг ҳам фикримиздир!

Имом Муҳаммад талабалик чоғидаги ҳаражатлари ҳақида шундай дейди: Отам 30 000 (ўттиз минг) дирҳам қолдирган эди. 15 000 минггини наҳв ва шеъриятни ўрганишга, 15 000 минггини эса ҳадис ва фиқҳ ўрганишга сарфладим. Маълумот учун: 30 000 минг дирҳам бугунги кунимизда тахминан 2 400 000 000 (икки миллиард тўрт юз миллион) сўм бўлади.

Имом Таҳовийнинг ривоят қилишича имом Муҳаммаднинг ҳар кунлик тиловат вазифаси Қуръонинг учдан бири яъни ўн жуз ўқир эканлар.

Имом Муҳаммад Рай шаҳрида, бир танишининг уйида қазо қилган. Ўлим тўшагида ётганда йиғлаган эканлар. Шунда уй эгаси: “шунча илмингиз билан нега йиғлайсиз?”—дебди. Имом Муҳаммад: Аллоҳ мени тўхтатиб: “сени Рай шаҳрига нима олиб келди? Менинг йўлимда жиҳод қилиб келдингми ё ризолигимни истаб келдингми?”—деб саволга тутса, нима дейман?—деб жавоб берган эканлар. (Имом Заҳабийнинг “Маноқиби Аби Ҳанифа ва соҳибайҳи” асари асосида).

Нодирбек КЕНЖАЕВ

“Бува Таваккул” жоме масжид имом-хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *