СЎЗИНИ АЛЛОҲ ТАСДИҚЛАГАН ЙИГИТЧА

257615-INNERRESIZED600-600-334Мадиналик Умайр ибн Саъднинг отаси қазо қилганда у ҳали 10 ёшга ҳам етмаган гўдак эди. Умайр ва унинг онасига отасидан мерос тариқасида деярли ҳеч нарса қолмади. Она-бола қашшоқликдан қийналиб турганларида уларнинг жонига Жулос ибн Сувайд исмли бир бадавлат киши оро кирди. Жулос Умайрнинг онасига уйланди. Умайрни ҳам тарбиясига олди. Жулос саҳоватли, меҳрибон киши эди. Умайрни ўгайситмасдан, худди ўз ўғлидек меҳр билан тарбия қила бошлади. Умайр ҳам Жулосни яхши кўриб қолди. Отаси каби кўра бошлади. Чунки ҳеч нимадан камчилиги йўқ, ҳамма нарсаси етарли, етимлиги асло билинмас эди.

Умайр ҳар куни беш вақт намозни жамоат билан масжидун-набавийда ўқирди. Эндигина 10 ёшдан сал ўтган йигитча жамоатдан узрсиз қолмас эди. Жулос билан хотини Умайрнинг ихлоси, муҳаббати ва иймонига садоқатини кўриб кўзлари қувнар эди. Умайр шу зайлда фаровон ҳаёт кечириб бораркан, кунларнинг бирида Аллоҳ бу йигитчани оғир имтиҳонга солди. Унинг ёшида бу каби синовларга камдан кам учралар эди.

Ҳижратнинг тўққизинчи йили. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда эълон қилиб, Табукда румликларга қарши жанг бўлиши ва унга ҳарбий тайёргарлик кўриш ҳақида буйруқ бердилар.

Ҳарбий юриш ҳаражатлари учун маблағ йиғила бошланди. Муҳожир ва ансория аёллар тилло тақинчоқларини келтиришар, яна кимдир озиқ-овқат келтирса кимдир қурол-яроғ билан ҳисса қўшарди. Усмон ибн Аффон минг динор тилло танга келтирди. Абдураҳмон ибн Авф ҳам елкалаб жуда катта маблағ олиб келиб Расулуллоҳга топширди. Яна бир саҳоба уйидаги тўшагини сотиб пулига битта қилич олиб келтирди. Бир гуруҳ одамлар келишди. Уларнинг ҳеч вақоси йўқ эди, Расулуллоҳга  рўйҳатга қўшиб қўйишларини илтимос қилди. Аммо Ул зоти шариф уларга етарли қурол, от-улов қолмаганини айтиб ортларига қайтарди. Умайр буларнинг ҳаммасини кўриб турарди.

Жулоснинг сустлиги, ҳимматсизлиги Умайрнинг бағрини эзди. Жулос бой эди, кўп нарсага қодир эди, бироқ ҳарбий ҳаражатлар учун ҳисса қўшай демасди. Умайр чидамади. Жулосга: “масжидда мусулмонлар катта ҳарбий юришга тайёргарлик кўряпти. Расулуллоҳ ҳаражат учун маблағ йиғишга эълон берганлар. Бир гуруҳ аскарлар етарли қурол-аслаҳа йўқлиги учун ортига қайтарилди. Сиз ҳам бирон нарса берсангиз бўларди…”—деди.

Умайрнинг сўзлари охирига етиб-етмасдан Жулос унга “Муҳаммад пайғамбарман деб иддао қилишида ростгўй бўладиган бўлса, бизни эшшакчалик ҳам ақлимиз йўқ эканда…”—деди. Яъни, бу дегани Муҳаммад пайғамбар эмас. Бизнинг эсимиз жойида, унинг кимлигини яхши биламиз—дегани эди.

Умайр бу сўзлардан кейин даҳшатга тушиб қолди, кўз олди қоронғулашиб кетди, бирозга эсини йўқотди. Чунки Умайрнинг ўз отасидек бўлиб қолган яқин инсони мунофиқлигини тан олиб турганди. Умайр ўзига келиб ўйланиб қолди. Отасининг гапини Расулуллоҳга айтсамикин ёки йўқ. Охир оқибат эътиқодига бўлган садоқати ғолиб бўлди. Жулоснинг Расулуллоҳ шаънида айтган гапларини Ул зотга етказмасликни дини ва пайғамбарига хиёнат деб билди ва тўғри бориб Расулуллоҳга бўлган воқеани баён қилди.

Расулуллоҳ Жулосни чақиртирди ва Умайрнинг гапи ростми? — деб сўради. Жулос тан олмади. Ёш бола нимани биларди, сизни алдаяпти, ёлғончи бу — деди. Бошқа мунофиқлар Умайрни “кўрнамак, етимлигигни билдирмай катта қилган одамга айтган «раҳмат»инг шуми ҳали”—дейишди.

Мўминлардан “биз Уайрни яхши биламиз, иймонига содиқ бола. Унинг қўлидан бировга туҳмат қилиш келмайди”—деганлари ҳам бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умайрга қаради. Унинг кўзлари жиққа ёш, юзи эса қип-қизил. Лабалари “Эй Раббим, набиййингга менинг сўзларим ҳақида оят нозил қил, Эй Раббим, набиййингга менинг сўзларим ҳақида оят нозил қил”—деб пичирлар эди.

Жулос эса, пинагини бузмасдан Расулуллоҳга: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳақман. Умайр каззоб. Хоҳласангиз қасам ичаман”—деб қасам ича бошлади. Унинг қасами охирига етмасдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ваҳй ҳолатига тушдилар. Саҳобалар дарҳол жим бўлди. Орада бироз сукунат ҳукумрон бўлди. Бироздан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятларни ўқий бошладилар:

يَحْلِفُونَ بِاللّهِ مَا قَالُواْ وَلَقَدْ قَالُواْ كَلِمَةَ الْكُفْرِ وَكَفَرُواْ بَعْدَ إِسْلاَمِهِمْ وَهَمُّواْ بِمَا لَمْ يَنَالُواْ وَمَا نَقَمُواْ إِلاَّ أَنْ أَغْنَاهُمُ اللّهُ وَرَسُولُهُ مِن فَضْلِهِ فَإِن يَتُوبُواْ يَكُ خَيْراً لَّهُمْ وَإِن يَتَوَلَّوْا يُعَذِّبْهُمُ اللّهُ عَذَاباً أَلِيماً فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ وَمَا لَهُمْ فِي الأَرْضِ مِن وَلِيٍّ وَلاَ نَصِيرٍ

Улар (гапирган гапларини гапирмаганмиз деб) гапирмаганлари ҳақида Аллоҳнинг номи ила қасам ичишади. Батаҳқиқ, куфр калимасини айтдилар ва Исломларидан кейин куфр келтирдилар ҳамда ета олмаган нарсаларга қасд қилдилар. Аллоҳ ва Унинг Расули уларни Ўз фазлидан бой қилиб қўйганларидан бошқа «айб» топа олмадилар. Агар тавба қилсалар, ўзларига яхши бўлади. Гар юз ўгириб кетсалар, Аллоҳ уларни бу дунёю охиратда аламли азоб билан азоблайди. Ер юзида уларга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқ. (Тавба/74).

Жулос бу оятларни эшитгач қалтираб тиз чўкди. Тили бирор сўз дея олмай талмовсиранарди. Бироздан кейин ўзига келди ва Расулуллоҳга “мен тавба қиламан, мен тавба қиламан. Умайр рост айтди, аслида мен сизни алдагандим Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ менинг тавбамни қабул этишини сўрайман”, деб йиғлай бошлади.

Шу чоғ Расулимиз Умайрга қаради. Унинг кўзларидан севинч ёшлари оқарди, юзида эса табассум. Чунки уни боқиб катта қилган ўгай отаси мунофиқлик тўнини ечиб чин мўмин бўлган эди. Расулуллоҳ Умайрнинг қулоқларидан ушлаб: “Эй йигитча, қулоқларинг сени алдамаган экан. Раббинг сени тасдиқлади”—дедилар.

Файзуллаев ФУРҚАТ

Сирдарё вилоят Сардоба туман «Янги қишлоқ» ж/м

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *