ҲАНАФИЙЛАРНИНГ ИККИ УСТУНИНИ БИРЛАШТИРГАН ВОҚЕА

1397493182_old-baghdadҲанафий мазҳабимизнинг асосчиси имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бўлса, уни дунёга тарқалишида беқиёс ҳисса қўшган олим имом муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийдир. Биламиз, имом Муҳаммад имом Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг энг машҳур икки шогирдининг биттаси ҳисобланади. Мазҳабимизнинг бу икки машҳур уламолари илк бора қандай учрашгани ҳақида биласизми?

Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ эсини таниб эндигина 14 ёшга етган куни Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг илм мажлисига бир савол билан мурожаат қилади. Бу имом Муҳаммаднинг имом Аъзам хузурига биринчи марта бориши эди. У киши мазҳаббошимиздан шундай савол сўрайди:

  • Эй шайҳ, нима дейсиз, ёш йигит хуфтон намозини ўқиб олгач иҳтилом бўлиб балоғатга етса, хуфтонни қайтариб ўқийдими ё йўқ?
  • Имом Аъзам: ҳа, қайтариб ўқийди—деб жавоб беради.

Шу чоқ имом Муҳаммад ўрнидан туриб масжиднинг бир четига бориб ҳуфтон намозини қайтариб ўқийди. Бу имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳнинг имом Абу Ҳанифадан дастлабки ўрганган фиқҳий сабоғи эди.

Эндигина балоғатга етган ёшгина йигитчанинг ибодатига жиддий эътиборидан таажжубланган имом Аъзам раҳимаҳуллоҳ тингловчи шогирдларига қарата: “Иншааллоҳ, бу йигитнинг келажаги порлоқ бўлади”—деди. Ўшандай бўлди ҳам.

Имом Муҳаммад имом Аъзамнинг мажлиси кенглигини, шогирдлари кўплигини, одоби гўзаллигини, ҳалимлиги, илм ва илм аҳлларига нисбатан сермуҳаббатлигини кўрди ва қалбида имом Аъзамга нисбатан муҳаббат пайдо бўлиб, у кишидан фиқҳ ўрганиш учун илм ҳалқасига қатнай бошлади.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳар бир шогирдини олдин Қуръонни тўлиқ ёд олдирар, ана ундан кейин фиқҳ илмини ўргатар эди. Имом Муҳаммадга ҳам ўша услубни қўллади. Унга: фиқҳ ўрганмоқчи бўлсанг, аввал Қуръонни тўлиқ ёдлашинг керак. Чунки бизнинг йўналишда биринчи ҳужжат Қуръондир. Энг кўп мурожаат этиладиган манбамиз ҳам Қуръондир. Қуръонни билмаганлар фақиҳ бўла олмайди—деб ортига қайтариб юборди.

Имом Муҳаммад Қуръонни тўлиқ ёд олмаган эди. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг гапидан кейин етти кун илм ҳалқасига келмади. Саккизинчи куни отаси билан бирга келиб имом Абу Ҳанифага Қуръонни тўлиқ ёд олиб бўлдим, деди ва шу кундан бошлаб узлуксиз тарзда имом Аъзамдан фиқҳ илмини ўргана бошлади.

Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ шу зайлда тўрт йил имом Аъзамдан фиқҳ илмини ўрганади ва тўрт йилдан кейин мазҳаббошимиз вафот этадилар. Сўнгра имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан имом Аъзам мазҳаби бўйича фиқҳий таълимни давом эттиради.

(Муҳаммад Зоҳид Кавсарий. Булуғ ул-амоний фи сийрати Муҳаммад ибн Ҳасан шайбоний)

Нодирбек КЕНЖАЕВ

“Бува таваккул” жоме масжид имом-хатиби

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...