ИМОМ ЎЗИГА ЎЗИ ЖАВОБ БЕРАДИ

B6yQ9K7IgAELR87Охирги пайтларда масжидларимизда имомлик вазифасида турган аҳли илмларнинг шахсий камчиликларини пеш қилиб, уларга иқтидо қилмай алоҳида намоз ўқийдиган “тақводор”лар учраб қолмоқда. Масжидга киришиб жамоатга қўшилмасдан ёлғиз намоз ўқишади. Сабабини сўрасангиз, бу имомнинг тақвоси йўқ, эътиқоди чатоқ, ундоқ-бундоқ ва ҳоказо важлар. Аслида эса уларнинг қалбини кибр балоси чиритган. Имом домлаларимиз ортида туриб саждага бош қўйишга нафслари йўл бермайди. Улар тўғри қилишадими, жамоатдан ажраб намоз ўқишлари учун имомнинг камчиликлари асос бўладими?

Мазҳаббошимиз имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни кўпчилик билади. Ул зотнинг тақвоси, илми ва амали, Аллоҳдан қўрқинчи, суннатга мутобаати, саҳобалар йўлини маҳкам тутгани, бидъатдан хазар қилиб суннатга мувофақати тилларда достон бўлган. Шу зоти шариф ўзининг “ал-Фиқҳ ул-акбар” номли машҳур асарида шундай ёзади?

و الصلوة خلف كل بر و فاجر من المومنين جائزة

Мўминлардан иборат ҳар бир яхши ва ёмон одам ортида намоз ўқиш жоиздир!

Бу матн аҳли сунна вал-жамоа эътиқодий масалаларидан муҳим бир масалани баён этмоқда, яъни ўзини суннат ва жамоат йўлидаман деб билган ҳар бир мусулмон яхшими ёмонми, хулқи қандай бўлишидан қатъий назар намоз аҳкомларидан хабардор ҳар қандай имомнинг ортида намоз ўқишни жоиз деб эътиқод қилиши керак.

 Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бу ибора билан аҳли суннат йўлини баён қилиш билан бирга ўша даврдаги хаворижларга раддия бериб кетмоқдалар. Хаворижларнинг энг расво эътиқодларидан бири шуки, улар мухолиф фикрловчиларни мусулмон ҳисоблашмайди, ортида намоз ўқишни ҳаром деб фатво беришади.

Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

صلوا خلف كل بر و فاجر و صلوا على كل بر و فاجر و جاهدوا مع كل بر و فاجر

Ҳар бир яхши ва ёмон ортида ва ҳар бир яхши ва ёмон одамга намоз ўқинглар. Ҳар бир яхши ва ёмон бошлиқ ёнида туриб душманга қарши жиҳод қилинглар. (Байҳақий).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Ҳажжожни ортида намоз ўқирди., Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳу Марвон ибн Ҳакамни ортида ҳайит намозини ўқиган. Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумалар ҳам Марвон ибн Ҳакамни ортида намоз ўқишар эди. Ҳатто одамлар уйларига борганда намозни қайтариб ўқишса керак деб суриштиришган, лекин улар қайтаришмас экан. Иброҳим Нахаъий раҳимаҳуллоҳ айтади: Саҳобаларнинг ҳаммаси амирларнинг ортида, улар қандай одам бўлишидан қатъий назар намозга иқтидо қилиб ўқишар эди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, аҳли сунна йўлида юрган мусулмон фожир имом ортидан ҳам эргашиб намоз ўқийверади. Имом ўз гуноҳига ўзи жавоб беради, иқтидо қилганлар эмас. Ўзини тақводор тутиб жамоатга қўшилмаганлар билиб қўйсин, улар бир суннатни тарк этиб бидъат йўлига кириб қолишган. Чунки, асл суннийликда яхши ва ёмон одам орқасида ҳам намоз ўқиш жоиз, уни тан олмаганлар эса аҳли бидъат бўлади!

Нодирбек КЕНЖАЕВ

“Бува таваккул” жоме масжид имом-хатиби

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 1 та

  1. Аллох умириларни узок илмиларни эса бунданда Зиёда айласин Хамидиллох ака сизга хам Рахмат мен Бир ожизни Дуо Килинг зуриёдимдан сизга ухшаган олим ва олималар чиксин олдиндан рахмат

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *