ШАҲИД ВА ШАҲИДЛИК

пррпрп312Савол. Инсон қандай вазиятларда ўлса, шаҳид ҳисобланади. Яъни, қандай шаҳидлик мақомига етишади. Илтимос, шу ҳақида тўлиқроқ тушунча берсангиз.

Жавоб. Шаҳидлик ўлимнинг олий даражасидир! Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ, айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас! Баъзи бировлар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Зотан, ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас! Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Ниятни холис қилиб жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар ҳаётда жуда кўп. Биз шулардан ўрнак олишимиз керак! Бу ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, ҳадиси шарифлар, баёнотлар мавжуд.

Аввало, билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:

1) “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб, ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади. Бу икки ҳолатда ҳам ўлган кимса мусулмон бўлиши, балоғатга етган ақл-ҳуши жойида бўлган, пок таҳоратли (ҳайз-нифосдан ва жунублик ҳолатидан пок) бўлиши ҳамда тил тортмай ўша заҳотиёқ ўлиши шартдир. Ана шу ҳолатда ўлган кимса ўлимнинг энг олий даражаси – шаҳидликни топган бўлади. Унинг кўйлак-иштонидан бошқа кийганлари ечиб ташланади, уч қават кафанликка тўлдирилади (кийими бир қават деб ҳисобланади), ювиб ўтирмасдан қони билан бирга жаноза ўқиб (!) дафн қилинади.

2) “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланадилар. Бу зотлар кафанланади, ювилади ва жаноза ўқиб (!) дафн қилинади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматининг шаҳидлигининг бир неча ўринларини кўрсатиб берганлар. Шунга биноан, шариат томонидан шаҳид бўлган деб ҳукм қилинганлар тоифасини, жумладан, Имом ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ 30 (ўттиз) га етказган бўлсалар, бошқа уламолар 70 (етмиш) хилга етказганлар. Ушбу зотлар ҳам қиёмат кунида, иншаАллоҳ, шаҳидлар қаторида турадилар.

Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Радд ал-муҳтор”да айтишича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди. Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимсани жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғирлик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ёки ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у шаҳид бўлмайди! Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом ар-Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор. 3-жилд. –Риёз: Дор олам ал-кутуб, 2003. – Б. 166.).

Демак, айрим аҳмоқ аёлларга ўхшаб ўзини-ўзи ўлдириш шаҳидлик эмас! ИШИД каби мусулмонларга кулли зарар бераётган жойларга бориб ўлиш шаҳидлик эмас! Диний экстремистик оқим вакиллари каби камикадзелик қилиб, ўзини-ўзи портлатиш ва қурбон қилиш шаҳидлик эмас!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кимсалар шаҳидлик мақомига эга бўладилар:

اَلطَّاعُونُ وَ الْغَرِقُ وَ الْبَطِنُ وَ الْحَرِقُ وَ النُّفَسَاءُ شَهَادَةٌ لِأُمَّتِي

«Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!» (Суютий «Жомеъ ас-сағир» 3/5334; «Жамъ ул-жавомеъ» 1/93)

Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича санаганлар:

اَلْقَتَيِلُ فِي سَبِيلِ اللهِ شَهِيدٌ، وَ الْمَبْطُونُ شَهِيدٌ، وَ الْمَطْعُونُ شَهِيدٌ، وَ الْغَرِيقُ شَهِيدٌ، وَ النُّفَسَاءُ شَهِيدَةٌ

«Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир» (Табароний, 2/1280)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ:

الَشَّهَادَةُ سَبْعٌ سِوَى الْقَتْلِ فِي سَبِيلِ اللهِ اَلْمَطْعُونُ شَهِيدٌ وَ الْمَبْطُونُ شَهِيدٌ وَ الْغَرْقُ شَهِيدٌ وَ صَاحِبُ الْهَدَمِ شَهِيدٌ وَ صَاحِبُ ذَاتِ الْجَنْبِ شَهِيدٌ وَ صَاحِبُ الْحَرَقِ شَهِيدٌ وَ الْمَرْأَةُ تَمُوتُ بِجَمْعٍ شَهِيدَةٌ

«Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган кимса шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) кимса шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган кимса шаҳиддир; оловда куйиб ўлган кимса шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир» (Насоий, 1/1973; Табароний, 2/1779)

Ҳомиладорлик жиҳод билан тенглаштирилган, ҳомиладор аёл туғса, шаҳидлик савоб берилади унга. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай ҳадислари бор:

إِنَّ شُهَدَاءَ أُمَّتِي إِذَنْ لَقَلِيلٌ: اَلْمَقْتُولُ فِي سَبِيلِ اللهِ شَهِيدٌ وَ الْمَرْءُ يَمُوتُ عَلَى فِرَاشِهِ فِي سَبِيلِ اللهِ شَهِيدٌ وَ الْمَبْطُونُ شَهِيدٌ وَ اللَّدِيغُ شَهِيدٌ وَ الْغَرِيقُ شَهِيدٌ وَ الشَّرِيقُ شَهِيدٌ وَ الَّذِي يَفْتَرِسُهُ السَّبُعُ شَهِيدٌ وَ الْخَارُ عَنْ دَابَّتِهِ شَهِيدٌ وَ صَاحِبُ الْهَدَمِ شَهِيدٌ وَ صَاحِبُ ذَاتِ الْجَنْبِ شَهِيدٌ وَ النُّفَسَاءُ يَقْتُلُهَا وَلَدُهَا نَحَرَهَا بِسَرَرِهِ إِلَى الْجَنَّةِ

«Тўғри, умматимнинг шаҳидлари оз бўлади. Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилган кимса шаҳиддир; инсон ўз тўшагида Аллоҳ йўлида ётганида ўлса, шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир; чаён ёки илон чаққанидан ўлган кимса шаҳиддир; сувга ғарқ бўлиб ўлган кимса шаҳиддир; йиртқич ҳайвон ташланганидан ўлган кимса шаҳиддир; уловидан йиқилиб ўлган кимса шаҳиддир; вайрона остида қолиб ўлган кимса шаҳиддир; зотилжам касалига йўлиққанидан ўлган кимса шаҳиддир; нифосли аёл боласи туфайли вафот қилса, у ҳам шаҳиддир: у аёлнинг бундай қийинчиликдаги вафоти уни жаннатга олиб боради» (Табароний, 11/11686).

Юқоридаги ҳадиси шарифларда мусулмон зотилжам касалига йўлиқиб вафот қилса, шаҳид бўлиши айтиб ўтилган. Зотилжам бу ўпканинг яллиғланиши ва ўпканинг юқумли касаллиги – пневмония бўлиб, ҳозирги коронавирус ҳисобланади. Демак, бу касалликка гиритор бўлиб, вафот этган ва сабр-тоқат кўрсатган мўъмин-мусулмонлар ҳам шаҳидлик мақомига муяссар бўладилар, иншаАллоҳ. Зотан, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо вабо-ўлат (эпидемия ва пандемия) ҳақида сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бундай деганлар:

سَأَلْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ الطَّاعُونِ فَأَخْبَرَنِي أَنَّهُ عَذَابٌ يَبْعَثُهُ اللَّهُ عَلَى مَنْ يَشَاءُ وَأَنَّ اللَّهَ جَعَلَهُ رَحْمَةً لِلْمُؤْمِنِينَ لَيْسَ مِنْ أَحَدٍ يَقَعُ الطَّاعُونُ فَيَمْكُثُ فِي بَلَدِهِ صَابِرًا مُحْتَسِبًا يَعْلَمُ أَنَّهُ لَا يُصِيبُهُ إِلَّا مَا كَتَبَ اللَّهُ لَهُ إِلَّا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ شَهِيدٍ

“У Аллоҳ таоло хоҳлаган кимсага юборадиган азобдир. Албатта Аллоҳ уни мўъминлар учун раҳматдир. Вабо тегмаган кимса ҳам ўз шаҳрида сабр ва умид қилган ҳамда Аллоҳ ёзган нарсагина етишини билгани ҳолда турса, унга шаҳиднинг савобидек ажр бўлади!” (Бухорий, 4/3474).

Мазҳабимизнинг эътиборли ва машҳур китобларидан бўлмиш “ад-Дурр ал-мухтор” ва “ар-Радд ал-муҳтор” асарларида илм талабида юрганда, вафот қилган ҳам шаҳид кетган бўлади, дейилган:

وَ مَنْ مَاتَ وَ هُوَ يَطْلُبُ الْعِلْمَ بِأَنْ كَانَ لَهُ إِشْتِغَالٌ بِهِ تَأْلِيفًا أَوْ تَدْرِيسًا أَوْ حُضُورًا فِيمَا يَظْهَرُ وَ لَوْ كُلُّ يَوْمٍ دَرْسًا وَ لَيْسَ الْمُرَادُ اَلْإِنْهِمَاكُ

“Кимки илм ўрганаётган пайтда вафот қилса, шаҳиддир. У ёзиш, дарс олиш, ёки агар дарс кунда бўладиган бўлса, дарс жараёнига қатнашиш билан бўлади. Мақсад илмга берилиб, доимо банд бўлиб, қаттиқ қизиқиш кўрсаиш эмас (Яъни, илмий дарс ва илм ўрганиш жараёнида бўлишнинг ўзи кифоя)” (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор. 3-жилд. – Риёз: Дор олам ал-кутуб, 2003. – Б. 165).

Хуллас, “ад-Дурр ал-мухтор” ва “ар-Радд ал-муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:

  • Зотилжам касалига йўлиқиб вафот тганлар;
  • Илм талабида юрганда ўлганлар;
  • Душман билан курашиб ўлганлар;
  • Ғарқ бўлганлар;
  • Оловда куйиб, тасодифан ўтда қолганлар (ўзини ёққанлар эмас);
  • Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар;
  • Девор остида, зилзиладан қолганлар;
  • Қорин оғриқ билан ўлганлар;
  • Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар;
  • Жумъа кечаси вафот топганлар;
  • Сил касалидан ўлганлар;
  • Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар;
  • Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар;
  • Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар;
  • Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва сузгани оқибатида ўлганлар;
  • Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар;
  • Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар;
  • Чаён ёки илон чақиб ўлганлар;
  • Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар;
  • Тўғрисўз ва ҳалол тужжор савдогар бўлиб вафот топганлар;
  • Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар;
  • Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар;
  • Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар;
  • Ҳар куни: “Аллоҳумма, борик лий фи-л-мавти ва фима баъд ал-мавти!” (“Эй Аллоҳ, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар;
  • Ҳар куни “зуҳо” – чоштгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар;
  • Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар;
  • Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар;
  • Фисқ фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам ушлаганлар;
  • Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Ла илаҳа илла анта! Субҳонака, инний кунту мин аззолимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар;
  • Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.

Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида,ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам, охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди. Шаҳидлик улуғ мартаба бўлиб, уни фақат холис ниятли, соф эътиқодли, покиза қалбли инсонларга муяссар қилинади. Аллоҳга холис ибодат қилинг, қалбингиз тоза бўлсин, инсониятга марҳаматли бўлинг, мусулмонларга хайрихоҳ бўлинг, илм-маърифат ўрганишни канда қилманг, илм аҳлига муҳаббат кўрсатинг, шояд Яратган Эгам Сизни ҳам шаҳидлар қаторида айласа! Аллоҳ ҳаммамизга бундай мартабаларни насиб қилсин!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *