РЎЗАДОРЛАРГА НАБАВИЙ БАШОРАТЛАР

1462779006_islam-background

Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду сано, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга чексиз дуруду саловатлар бўлсин. Ҳақ таоло бошимиздаги муборак Рамазон ойини барчамиз учун диний ва дунёвий жиҳатдан манффатли ва баракали қилсин. Бу ойда қилаётган ибодатларимиз, кундузги рўзаларимиз, тунги намозларимиз барчаси қабул бўлсин.

Азизлар, Меҳрибон Раббимиз бу ойда сизу биз каби рўзадорларга, Рамазонни қадрини билган мўминларга Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам орқали жуда сурурбахш башоратлар, улкан мукофотлар ваъда қилганки, уларни ўқиб беихтиёр Аллоҳнинг қули, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммати бўлганимиздан кўнгилларимиз тоғдек кўтарилиб кетади. Қуйида шу набавий башоратларни бирга ўртоқлашсак:

  • Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

Кимки Рамазон ойида чин иймон ила, савоб умидида рўза тутса, олдинги гуноҳлари кечирилади. Кимки, Рамазон ойи тунлари чин иймон ила, савоб умидида тик туриб намоз ўқиса, олдинги гуноҳлари кечирилади. Кимки қадр кечаси чин иймон ила, савоб умидида тик туриб намоз ўқиса, олдинги гуноҳлари кечирилади. (Бухорий ва Муслим).

  • Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

Одам боласининг ҳар қандай яхши амалига 10 баробардан то етти юз баробаргача савоб берилади. Аллоҳ таоло айтганки, “илло рўза бундан мустасно. Чунки рўза Мен учун тутилади ва унинг мукофотини Ўзим бераман. Рўзадор Мени деб шаҳвати ва таомини тарк қилади. Рўзадорга икки шодлик бор: Бири ифтор чоғида, иккинчиси Раббисига йўлиққан чоғда. Рўзадорнинг оғзидан таралган ҳид Аллоҳнинг наздида мушки анбардан кўра хушбўйроқдир. Рўза рўзадор учун қалқон, қўрғондир. Қайси бирингиз рўза тутса, ёмон ва бекорчи гапларни сўзламасин. Агар у билан кимдир сўкишса ё уришса унга: “мен рўзадорман”—десин”. (Бухорий ва Муслим).

  • Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

Сизларга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ унинг рўзасини сизларга фарз қилди. У ойда осмон эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Бу ойда Аллоҳнинг бир кечаси бор. У минг ойдан яхшироқ. Ким у кечанинг яхшиликларидан маҳрум қилинган бўлса, бас, у ҳамма яхшиликдан маҳрум қилинибди. (Имом Аҳмад ва Насаий).

  • Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

Рўза ва Қуръон бандани шафоат қилишади. Рўза айтади: “Эй Раббим, мен уни кундуз кунлари таом ва шаҳватидан ман этганман. Энди менинг у ҳақдаги шафоатимни инобатга ол”. Қуръон айтади: “Мен уни тунлари уйқусидан ман қилганман. Менинг шафоатимни ҳам инобатга ол.” Бас, икковлари рўзадорни шафоат қилишади. (Байҳақий).

  • Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши дедилар: Рамазон ойи кириб келганди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Сизларга улуғ ой келди. Унда бир кеча борки, у минг ойдан яхшироқ. Кимки уни қўлдан бой берса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди. Унинг фойдасидан яхшиликдан бенасибларгина маҳрум бўлади. (Ибн Можа).

  • Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

Рамазоннинг охирги кечасида ул зотнинг умматлари кечирилади. Саҳобалар тарафдан сўралди: “Эй Аллоҳнинг Расули, у қадр кечасими?”. Расулуллоҳ дедилар: “Йўқ, лекин Рамазонда амални тугал қилган кимса ажрини тўлиқ олади”. (Имом Аҳмад).

Изоҳ: Рамазонда гуноҳларнинг кечирилишлигига асосий сабаб қадр кечаси эмас, балки банданинг иймон ва ихлос ила қилган амалидир.

Ботиржон қори

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *