ИЛМ АҲЛИ ВА ТОЛИБЛАРИГА ЭҲСОН ҚИЛИНГ!

222Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий раҳматуллоҳи алайҳи «Тафсири Табарий» ва «Таърихи Табарий» асарлари билан дунёга танилган алломалардан биридир. У болаликда Хуросон томонлардан 4 та дўсти билан Мадинаи мунавварага ўқиш учун борган экан. Беш нафар толиби илм Мадинанинг ўша даврдаги қайсидир мадрасасида ўқишни бошлашибди. Лекин, орадан тўрт ой ўтар-ўтмас уларнинг ўзлари билан олиб келган маблағлари тугаб қолибди. Ҳеч нарсаси йўқ толиблар бир неча кун оч қолишибди. Дарслари ҳам юришмабди, янги китоб-дафтарлар олишга ҳам пуллари қолмабди. Хайр-эҳсон қиладиган ҳам, ҳомийлик қиладиган одам ҳам топилавермабди. Улардан ёши каттароғи: «Аллоҳ бизнинг бу юртларга илм учун келишимизни хоҳламаяпти, шекилли. Ҳеч ким бизга қарагани йўқ. Илм таҳсили ҳам ривожланмади. Бошқа жойга кетиш ёки ўз юртимизга қайтиб, бошқа иш билан машғул бўлишимиз керакка ўхшайди», дебди. Улар эрталаб ўз юртларига бош олиб кетишга келишишибди. Ҳамма нарсани тах килиб, эрталаб жўнашни қасд қилишибди.

Шу кечаси улар турган ҳонадон эшиги тақиллабди. Очишса, бир кимса: «Эҳсоним бор эди», деб туриб «Қўлларингизни очинг», дебди. Уларнинг ҳар бирининг қўлига 3 дирҳамдан пул бериб, қайтиб кетибди. Ибн Жарир раҳимахуллоҳ: «Аллоҳ бизнинг ўқишимизни хоҳлади, мана. Энди, астойдил ўқийлик!», деб шерикларини қолиб ўқишни давом эттиришга ундабди. Мусофир толиблар ўқишга киришиб кетишибди. Берилган уч дирҳам ўша пайтларда роппа-роса 15 кунга етар экан.

Ўн беш кун ўтганидан кейин кечаси ҳона эшиги тақиллаб, ўша эҳсон қилувчи яна келибди. Яна ҳар бирининг қўлига уч дирҳам-уч дирҳамдан бериб чиқибди. Келажакда буюк олим бўлувчи талабалар сергак тортишиб, унинг кимлигини сўрашибди. Ўша кимса ўзининг мушрик яҳудий эканини ва Мадинада фақат унинг оиласи қолиб кетганини айтибди. У «Таврот»да: «Дунёдаги энг яхши хайр-эҳсон толиби илмларга берилганидир!», деган оят борлигини, шунинг учун уларга хайр-эҳсон бераётганини таъкидлабди.

Шу ҳилда ўша яҳудий саховатпеша инсон хар ўн беш кунда келиб, болаларга уч дирҳам-уч дирҳамдан пул берар экан. Бу роппа-роса қирқ марта давом қилибди. Яҳудий ҳисоб қилиб, қирқ марта толиби илмларга эҳсон қилибди.

Шу орада таътил бошланиб қолибди. Ибн Жарир раҳимахуллоҳ таътилда ҳажга отланибди. Маккага келиб, Каъбатуллоҳни тавоф қилиб юрса, олдидан уша яҳудий оппоқ эҳромларда тавоф қилаётган ҳолатда чиқиб қолибди. Бўлажак аллома дарҳол унинг қўлини ушлабди. Унинг аҳволидан сўрабди. Яҳудий ўз қиссасини бундай сўзлабди:

«Мен сизларга роппа-роса қирқ марта эҳсон қилганимдан кейин, қирқинчи эҳсон берган куним кечаси расулингиз Муҳаммад Мустафо соллаллолоҳу алайҳи ва салламни тушимда кўрдим. У зот менга: «Аллоҳ таоло сенинг бу қирқ марталик эҳсонингни қабул қилди! Энди, сенга кофир бўлиб юришинг ярашмайди, мусулмон бўлиб, жаннатдаги ўз қасрларингга эга бўлишинг керак!», дедилар. Мен 17 кишилик бутун оилам билан ўша эрталаб мусулмон бўлиб, исломга кирдим. Мана ҳажга келиб, Аллоҳнинг байтини зиёрат қилмоқдаман».

Эй, Бойлар! Эй, саҳоватпеша инсонлар!

Аллоҳ бир мушрикни толиби илмларга қилган эҳсони туфайли имон неъмати билан шарафлантириб, жаннат қасрларига мушарраф қилган бўлса, севимли пайғамбаримни тушида кўриш шарафига муяссар қилган бўлса, сиз имонли бўлган саҳоватпешалар бу ишни қилсангиз, нақадар буюк фазилатга, нақадар улкан хосият ва шарофатларга эга бўлишингизни тасаввур қила оласизми?!

Эй, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўришни орзу қилаётган инсонлар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушингизда кўриш имкони бор: у ҳам бўлса, ихлосли, келажаги буюк толиби илмларга кўрсатадиган ҳимматингиздир! Жаннатнинг энг осон йули толиби илмларга қилинган холис эҳсонлардир!

Толиби илмларга ҳомийлик қилинг!

Толиби илмларга эҳсон килинг!

Толиби илмларни қўллаб-қувватланг!

Толиби илмларнинг КОНТРАКТ пули учун шу рамазондаёк маблағингиздан бир ҳиссасини ажратиб қўйинг!

Энг яхши уқиётган талабалар учун ҚИРҚ ОЙЛИК стипендия эълон килинг!

Энг ғариб қирқ нафар толиби илмга қирқ номдаги китобларни ҳадя қилинг!

ҚИРҚ НОМДАГИ КИТОБЛАР хадяси акциясини ўтказинг!

Энг яхши мақола ёзган толиби илмга ҚИРҚта китоб беринг!

Қирқ нафар толиби илмга бор йўғи биттадан НОУТБУК олиб беринг!

Толиби илмлардан қирқ нафарини уйингизга таклиф қилиб, қорнини туйғазиб, уларнинг холис дуосини олинг!

Толиби илмлардан қирқ нафарига костюм-шим олиб беринг!

Толиби илмлардан қирқ нафарига «мисвок» тиш ювиш пастасими, қирқта атир совунми, қирқ ҳилдаги ручками олиб беринг!

Қирқ нафар толиби илмга ойлик йўл чиптаси ҳадя қилинг ёки ўзингиз ихлос қўйган бир нафар толиби илмга қирқ марта ойлик йўл чиптаси олиб беринг!

Қирқ нафар толиби илмнинг телефонига қирқ минг сўмдан пул ташлаб туринг!

Баъзи фиқҳий манбаларда фақат илм билан машғул бўлиб, бошқа касб-кор қила олмаётган мударрислар, устозлар, муфтийлар, уламолар, имом-домлалар ҳам толиби илм хукмидадир, дейилган.

Ҳанафийларнинг «Мабсут» китобида касбдан кўра илм таҳсилини афзал кўргани сабабли толиби илм бадавлат бўлса ҳам унга закот берса бўлади, дейилган.

Ҳатто айрим манбаларда: «Толиби илмнинг қирқ йиллик нафақси бўлса ҳам, фақат илм билан машғул бўлгани боис садақа олиши жоиз», деган ривоят мавжуд.

Айрим уламолар: «Толиби илмнинг қалами тиллодан бўлса ҳам закот олиши мумкин!», деган гапни айтиб юришади.

Фатво тўпламларида: «Агар аҳли илм фойдаланиб турган китоблари қиймати нисоб микдоридан ортиқ бўлса ҳам, уларнинг закот олиши жоиз бўлаверади», дейилган.

Ҳанбалий олимлари эса толиби илм ўзига зарур китобларни ололмаётган бўлса, у қарзга ботган одам ҳукмидадир, хоҳ диний ва хоҳ дунёвий китобларни олиши учун унга закот бериш керак, деганлар.

Толиби илмларга боқинг, уларга эътибор беринг!

Илмга ҳомийлик қилинг!

Аллоҳ ва унинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурида қадр-қиймат топаман десангиз, толиби илмларга бефарқ бўлманг!
Илму ирфон ҳомийси бўлиб, дунёдан ўтинг, шунда охиратингиз обод бўлгай!

Ҳамидуллох Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *