ШЕЪРИЯТ ВА АДАБИЁТ БИЛАН ОШНО БЎЛИНГ!

unnamedИслом дини фақат тоат-ибодат, “Қуръон” тиловати, ҳадислар ўқишдангина иборат эмас. “Гоҳ Худо-ю Расул, гоҳ ғамза-ю усул!” деган матал бекорга айтилмаган. Исломда шеърият ва адабиёт ҳам қадрланган. Чунки, шеър ва адабиёт маънавият ва маърифатни оширадиган воситалардан биридир. Яхши шеърга ва адабиётга ошно бўлиб ўсган инсондан ёмонлик чиқмайди. “Қуръон”да ҳам махсус “Шуаро” (“Шоирлар”) номли сура бор. Унда қуйидаги оятлар мавжуд:

وَالشُّعَرَاءُ يَتَّبِعُهُمُ الْغَاوُونَ

أَلَمْ تَرَ أَنَّهُمْ فِي كُلِّ وَادٍ يَهِيمُونَ

وَأَنَّهُمْ يَقُولُونَ مَا لَا يَفْعَلُونَ

إِلَّا الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَذَكَرُوا اللَّهَ كَثِيرًا وَانْتَصَرُوا مِنْ بَعْدِ مَا ظُلِمُوا وَسَيَعْلَمُ الَّذِينَ ظَلَمُوا أَيَّ مُنْقَلَبٍ يَنْقَلِبُونَ

“Шоирларга йўлдан озганлар эргашурлар. Уларнинг ҳар водийда (мавзуда) дайдишларини кўрмадингизми?! Ўзлари қилмайдиган нарсаларни гапиришларини ҳам?! Аммо имон келтирган ва эзгу ишларни қилган ҳамда доим Аллоҳни ёд этган ва (илгари) мазлум бўлганларидан кейин (Ислом равнақ топгач) ғолиб бўлган кишилар (мустаснодирлар). Зулм қилганлар эса, яқинда қандай оқибат сари кетаётганларини билиб олурлар” (Шуаро, 224-227).

Мазкур оятларда шоирларнинг аксар ҳоллари баён этилиши билан бирга имон келтириб, эзгу ишлар қиладиган, ҳеч кимга зулм қилмайдиган шоирлар мақталган. Оятда зулм ва золимлар алоҳида айтилгани эса шоир ва адиблар ҳамда зиёлилар қатламининг асосий ишларидан бири зулм ва золимлар билан курашмоқ эканлигига ишорадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шеърда ҳикмат бор!”, деб марҳамат қилганлар (Термизий, 3/2845). Бунинг сабаби шуки, ҳақиқатда баъзи шеърларда ўзига хос маъно ва ҳикматлар мавжуд. Айримларида эса, аксинча, ёмон маънолар мавжуд. Шунинг учун бундай шеърлардан қайтарилган. Назмнинг яхшиси яхши, ёмони эса ёмондир!

“Қуръон”нинг бадияти, сажъ услубидаги вазни ва унинг фасоҳати олдида лол қолганлар севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни шоир деб туҳмат қилдилар, “Қуръон”ни эса ўзига хос тўқилган шеър бўлса керак, деб ўйладилар. “Анбиё” сурасининг 5-ояти ва “Тур” сурасининг 30-оятида бу ҳақида айтиб ўтилган бўлиб, бошқа бир оятда “Қуръон”нинг шеър эмаслиги таъкидланган ҳолда: وَمَا هُوَ بِقَوْلِ شَاعِرٍ قَلِيلًا مَا تُؤْمِنُونَ – “У бирор шоирнинг сўзи эмасдир. Сизлар (ушбу Қуръонга) камдан-кам имон келтирурсиз”, дейилган (Ҳоққаҳ, 41).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шоир эмас эдилар, шеър тўқимаганлар, шеърга кўп майл қилмасдилар. Бу ҳақида “Ёсин” сурасида айтиб ўтилган бўлиб, бундай дейилган эди:

وَمَا عَلَّمْنَاهُ الشِّعْرَ وَمَا يَنْبَغِي لَهُ إِنْ هُوَ إِلَّا ذِكْرٌ وَقُرْآَنٌ مُبِينٌ

“(Муҳаммадга) шеърни таълим бермадик ва унга (шоирлик) мумкин ҳам эмас. У (ваҳий) фақат зикр (эслатма) ва аниқ Қуръондир” (Ёсин, 69).

Юқоридагидек шоир деган туҳмат сабабли, “Қуръон”дек муқаддас китобнинг шеър эмаслиги сабабли Пайғамбаримиз алайҳиссалом шеърият билан махсус шуғулланмаганлар. Бироқ, ислом пайғамбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гарчи шоир бўлмасалар ҳам, назм ва насрда ижод қилмаган бўлсалар ҳам, шеърият ва адабиётни ёқтирар, барча маънавиятли инсонлар сингари ундан баҳраманд бўлар эдилар.

Имом ат-Термизий бобомиз ривоят қилишларича, Жобир ибн Самура разийаллоҳу анҳу: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида юз маротабадан ҳам кўп ўтирганман. Саҳобалари шеър айтишарди, жоҳилият ишларидан кўпларини эслашарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса суҳбатга жим қулоқ солиб ўтирардилар. Кўпинча улар билан бирга табассум қилардилар”, деганлар (Термизий, 5/2850).

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамма маънавиятли инсонлар қатори яхши шеърларни ёқтирар эдилар. У зот саҳобалари билан ўтириб, исломдан аввалги жоҳилият даврида ўтган ва кейинги давр шоирларининг шеърлари тўғрисида гаплашишар, бирга таҳлил қилишар эдилар. Бир сафар арабларнинг машҳур шоирларидан бири Умайя ибн Абу-с-Салтнинг юзга яқин байтини ўқитиб эшитган эдилар. Бу воқеа “Саҳиҳи Муслим”да нақл қилинган (Муслим, 4/2255).

Умайя ибн Абу-с-Салтнинг мусулмон бўлишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда истаганларидан, “У мусулмон бўлишига сал қолганди!”, деганлар (Бухорий, 8/6147).  У жоҳилият даври шоирларидан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг шеърларини ёқтирганлар. Тоифлик бу шоир 5 ҳ./626 м. йили вафот қилган.

Жоҳилият даврида яшаб ўтган Лабид ибн Рабиъа (ваф. 41 ҳ./661 м.) деган шоирнинг шеърларини эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳлил қилиб, бошқа шоирларнинг шеърлари орасида унинг бир мисрасини энг яхшиси, деб айтганлар:

أَصْدَقُ كَلِمَةٍ قَالَهَا الشَّاعِرُ كَلِمَةُ لَبِيدٍ أَلَا كُلُّ شَيْءٍ مَا خَلَا اللَّهَ بَاطِلٌ

“Шоир айтган сўзларнинг энг тўғриси Лабиднинг: “Аё, Аллоҳдан ўзга ҳар бир нарса бекор!”, деган сўзидир” (Бухорий, 5/3841).

Бу хилдаги яхши шеър ким томонидан айтилишининг фарқи йўқ, яъни, яхши шеърларни ўқиб-эшитишда шоирнинг эътиқодининг аҳамияти йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жоҳилият даврининг шоирларининг шеърларини ҳам эшитганликлари, таҳлил қилиб маъносини тушунтирганлари бунга яққол далил бўла олади. Айтишларича, Ойша разийаллоҳу анҳо Лабиднинг минглаб байтларини ёддан билган эканлар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг байтларини ёқтирганлари ва хонадонларида кўп эшитилганини билдиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айрим ишларга муносабат билдиришда шеърдан ҳам фойдаланганлар. Масалан, бармоқ қонаганини кўриб, ўша даврда машҳур бўлган бунга муносиб бир байтни келтирганлар (Бухорий, 4/2802; 8/6146):

هَلْ أَنْتِ إِلَّا إِصْبَعٌ دَمِيتِ

وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ مَا لَقِيتِ

Ҳал анта илла исбаъун дамийти,

Ва фи сабилиллаҳ ма лақийти!

(“Сен эмасмидинг, ахир зўр бармоқ,

Қонайсанми, Аллоҳга йўлиққанинг чоқ?!”).

Бу шеър Абдуллоҳ ибн Равоҳа деган шоирга тегишли бўлган. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шоирларнинг байтларини муайян ўринларда иқтибос тарзида келтира олганлар. Хандақ қазиш жараёнида эса Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг шеърини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам такрорлаб ишлаганлари ривоят қилинган (Бухорий, 4/3035):

اللَّهُمَّ لَوْلَا أَنْتَ مَا اهْتَدَيْنَا * وَلَا تَصَدَّقْنَا وَلَا صَلَّيْنَا

فَأَنْزِلَنْ سَكِينَةً عَلَيْنَا * وَثَبِّتْ الْأَقْدَامَ إِنْ لَاقَيْنَا

إِنَّ الْأَعْدَاءَ قَدْ بَغَوْا عَلَيْنَا * إِذَا أَرَادُوا فِتْنَةً أَبَيْنَا

Албатта, яхши шеър меҳнатга ҳамдам бўлиб, инсонга ғайрат бериши тажрибадан ўтиб келган. Мазкур шеър иш жараёнида тўлиқ ўқилган ва Расулуллоҳ солалллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар орасида такрор-такрор айтилган. Унинг давомида ушбу байт мавжуд:

اللَّهُمَّ لَا عَيْشَ إِلَّا عَيْشُ الْآخِرَهْ

فَأَكْرِمْ الْأَنْصَارَ وَالْمُهَاجِرَهْ

Аллоҳумма, лаа айша илла айшу-л-охира,

Фа-акрими-л-ансора ва-л-муҳожира!

(“Эй, Аллоҳ! Охират айшидан ўзгаси йўқдир,

Ансор-у муҳожирларни икром қилсанг, кўнгиллар тўқдир!).

Бунинг илк мисраси: “Аллоҳумма, инна-л-ажра ажру-л-охира” ва “Аллоҳумма, иннаҳу ла хайра илла хайру-л-охира”, кейинги “Фа-акрими-л-ансора ва-л-муҳожира!” мисраси эса шоирнинг ўзи ҳам шу жойда бўлгани боис: “Фа-аслиҳи-л-ансора ва-л-муҳожира!”, “Фағфир ли-л-муҳожирина ва-л-ансор!”, “Фағфир ли-л-ансори ва-л-муҳожира!” каби ибораларга ўзгартириб айтилаверган (Бухорий, 4/2961; 5/3795; 3797; 3906; 3932; 8/6414). Демак, наср ва назм муаллиф ва ҳатто шинавандалар томонидан замон, макон ва ихвонга қараб ўзгартирилиши ҳам мумкин экан…

Ҳавозин жанги кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хачирларида келар эканлар, أَنَا النَّبِيُّ لَا كَذِبْ أَنَا ابْنُ عَبْدِ الْمُطَّلِبْ – “Ана-н-Набиййу ла казиб, Ана ибн Абдилмутталиб!” (“Мен пайғамбар, бу эмасдир ёлғон, Мен Абдулмутталибга эрурман ўғлон!”) дер эдилар (Бухорий, 4/2864).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини аслида невараси бўлса-да Абдулмутталибнинг ўғли деб келтиришлари назмий қофия учун бўлгани ўз-ўзидан равшан. Яъни, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шеъриятни, назмни ва унинг қонун-қоидаларини адабиёт ва шеърият шинавандаси сифатида аъло даражада ҳис қила билганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қазо умрасида Маккага кирдилар. Абдуллоҳ ибн Равоҳа разийаллоҳу анҳу у зотнинг олдиларида юриб бундай дердилар:

Кофирларнинг болалари, Пайғамбарнинг йўлин бўшатинг,

Бугун у зот келгани сабабли сизни урармиз.

Зарба мияни жойидан кетказадиган бўлади,

Дўст  дўстини унутадиган тарзда урармиз.

Унга Умар разийалллоҳу анҳу: “Эй, Ибн Равоҳа! Аллоҳнинг Расули ҳузурида, унинг ҳарамида ҳам шеър айтяпсанми?!”, дедилар. Шунда, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, Умар! Уни тинч қўй. Шеър найза ўқидан кўра таъсирлироқдир!”, дедилар (Термизий, 3/2847).

Мазкур ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ва Ҳарами шарифда ҳам шеър ўқилгани зикр қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шеърнинг фойдасини: “Шеър найза ўқидан кўра таъсирлироқдир!”, деб тушунтирганлар. Бошқа ҳадиси шарифда эса ўша даврнинг энг машҳур шоирларидан бири Ҳассон разийаллоҳу анҳу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ тоало Ҳассонни Руҳулқудс билан қувватлаб туради!”, деганлар (Муслим, 4/2490). Руҳулқудс бу фаришта Жаброил алайҳиссаломнинг лақаблари. У ўзига хос “илҳом фариштаси”дир. Ҳассонга шеър ўқиши учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда алоҳида минбар қурдириб берганлар.

Хуллас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шоир саҳобалари кўп бўлган. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Равоҳа (ваф. 8 ҳ./629 м.), Оби-л-лаҳм ал-Ғифорий (ваф. 8 ҳ./629 м.), Зирор ибн ал-Азвар (ваф. 12 ҳ./633 м.), Савод ибн Қориб ал-Аздий (ваф. 15 ҳ./636 м.), Амр ибн Шаъс ал-Асламий (ваф. 19 ҳ./640 м.), Каъб ибн Зуҳайр (ваф. 26 ҳ./646 м.), Фарва ибн Мусайк ал-Ғутайфий (ваф. 30 ҳ./650 м.), Амр ибн Ясрибий аз-Замрий (ваф. 36 ҳ./656 м.), Асвад ибн Сареъ ас-Саъдий (ваф. 42 ҳ./662 м.), Каъб ибн Молик ( 50 ҳ./670 м.), Абу Лайло ан-Нобиға ал-Жаъдий ал-Омирий (ваф. 50 ҳ./670 м.), Ҳассон ибн Собит (ваф. 54 ҳ./674 м.), Валид ибн Уқба ал-Қураший (ваф. 61 ҳ./680 м.), Зу-л-Жавшан аз-Забобий (VII аср), Абу Жарвал ал-Жушамий (VII аср), Аббос ибн Мирдос ас-Суламий (VII аср), Молик ибн Умайр ас-Суламий (VII аср), Абу ас-Санобил (VII аср), Абу Зубоб ас-Саъдий (VII аср)  разийаллоҳу анҳум ажмаъин каби шоир саҳобалар бўлган. Дунёга машҳур “Қасидаи Бурда” номи билан танилган “Бонат суъод” қасидасини Каъб ибн Зуҳайр айтганлар. Имом ал-Бусирийнинг “Қасидаи Бурда”сидан олдинги ҳақиқий “Қасидаи Бурда” мана шудир. Ҳассон ибн Собитнинг эса “Қасидаи Ҳамзия” номи билан шуҳрат қозонган қасидаси ҳозиргача машҳур. Асрлар давомида мазкур икки қасидага шарҳлар битиб келинган, ўқиб-ўрганилган, ёд олинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буюкликларидан бири арабларнинг энг фасоҳатлиси, сўзга чечан эканлиги, ўз даврига мос тилшуноси, барча араб қабилаларининг шева ва лаҳжаларидан хабардорлиги, ҳар бир шева ва лаҳжадаги арабларга ўзларига хос гапира олишлари ҳисобланади. Ибн ал-Асирнинг “ан-Ниҳоя” асарида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Бани Намир элчилари билан гаплашганларини эшитиб, Ҳазрати Али разийалоҳу анҳу: “Биз бир отанинг авлодлари бўлсак, лекин Сиз араб қабилалари вакиллари билан гаплашганингизда, кўп сўзларни тушунмай қоламиз”, дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: أَدَّبَنِى رَبِّى فَأَحْسَنَ تَأْدِيبِى – “Раббим менга одоб бериб, одобимни гўзал қилди”, деганлар (Ибн ал-Асир. Ан-Ниҳоя фи ғариб ал-ҳадис ва-л-асар. 1-жилд. – Қоҳира: ал-Мактабат ал-исломий, 1963. – Б. 4).

Араб тилидаги “одоб” сўзидан “адабиёт” сўзи ҳам олинган. Яъни, ҳикматли ҳадислар соҳиби ўз даврининг адабиёти ва тилини ҳам яхши ва мукаммал билар эдилар. Шунинг учун, бу гапни: “Раббим менга адабиётни ўргатди ва адиблигимни гўзал қилди”, деб тушуниш ҳам мумкин. Буни биз ҳадиси шарифларни ўрганганимизда билиб оламиз. Ҳадис илмида “ғариб ал-ҳадис” йўналиши мавжуд. Уни “ҳадислардаги архаик сўз ва ибораларни ўрганадиган илм” дейишимиз мумкин. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ишлатган, ўз даври ва кейинги даврлар учун фасиҳ, архаик – нодир ва ноёб кўринган сўз ва атамаларнинг маъноси ва изоҳи ўрганилади. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам адабий араб тили билан бирга шева ва лаҳжаларга хос сўзларни ҳам ишлатганлар. Яъни, араб тилини тўғри ва ўз ўрнида ишлатиб, унинг ривожланишига ҳам ҳисса қўшганлар. Масалан, фақат “Саҳиҳи Бухорий”даги “ғариб” сўзларга бағишланган ўндан ортиқ асарлар ёзилган. “Саҳиҳи Бухорий”нинг ноёб сўз ва ибораларини алоҳида ўрганишнинг аҳамияти жуда катта. Араб тилининг ўзига хос фасоҳатини ўрганишда “Саҳиҳи Бухорий” тилшунослар учун битмас-туганмас хазина бўлса ажаб эмас. Шунинг учун, унинг ноёб сўз ва ибораларини муҳаддислардан кўра тилшунослар кўпроқ ўрганиб келганлар. Ноёб сўз ва иборалар билан ҳадиси шарифларнинг асл кўзланган маъно-мазмунидан хабардор бўлинади. Маънолар жилваланишида энг мақбули ва энг муносиб танланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз даври фольклоридан – халқ томонидан яратилган ва халқ орасида кенг тарқалган эртак, қўшиқ, достон, қисса, ривоят, масал, мақол, матал кабилардан ҳам, яъни халқ ижодиётидан ҳам етарлича хабардор бўлганлар. Буни биз ҳадиси шарифларни яхши ўрганганимизда билишимиз мумкин. Зотан, “Қуръон”нинг учдан бири тарих, ўтмишнинг қисса ва ривоятларига бағишланган. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига айтиб берган ушбу ривоятга қаранг:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Исроилга мансуб бир кишини зикр қилдилар. У иккинчи бир кишидан минг динор қарз сўради. Шунда қарз берувчи: “Менга ишончли гувоҳлар келтир!”, деди. Қарз олувчи: “Аллоҳнинг гувоҳлиги кифоя”, деди. Қарз берувчи: “Ундай бўлса, менга кафил келтир!”, деди. Қарз олувчи: “Аллоҳнинг кафиллиги кифоя”, деди. Қарз берувчи: “Рост гапни айтдинг”, деди-да, унга ўша пулни маълум муддатгача берди. Кейин, қарз олган одам кемага ўтириб равона бўлди-да, мўлжаллаган ишларини адо этгач, қарз берган одамга олган қарзини вақтида олиб бориб бериш учун кема ахтара бошлади, аммо бирорта ҳам кема топа олмади. Ноилож, у бир ёғочни олди-да, ичини ўйиб, кавагига минг динор ва қарз берган кишига ёзган хатини тиқиб қўйди. Сўнг, кавак оғзини текислаб беркитиб, ёғочни денгиз соҳилига олиб келди-да: “Ё Парвардигоро, менинг бир одамдан минг динор қарз олганимни ва у гувоҳ келтиришимни талаб қилганда Сенинг гувоҳлигингга рози бўлганини, кафил келтиришимни талаб қилганда сенинг кафиллигингга рози бўлганини биласан. Кейин, мен унинг ҳақини вақтида олиб бориб бериш учун кема топишга кўп ҳаракат қилдим, аммо тополмадим. Энди, бу омонатни сенга ишониб топшираман”, деб ёғочни денгизга ташлади, ёғоч денгизда кўздан ғойиб бўлди.

Сўнг, у ўз юртига борадиган кема ахтара бошлади. Унга қарз берган бояги киши: “Шояд (қарз олган киши) бирор кемада пулимни олиб келиб қолган бўлса, бориб қарай-чи!” деди-да, уйидан чиқиб соҳилга борди. Шунда унинг кўзи ёғочга тушиб, аҳли оиласига ўтин учун яраб қолар, деб уни олди. Уйига боргач, ёғочни арралаган эди, ичидан пул ва бир хат чиқди. Шу аснода қарз олган киши етиб келиб, унга минг динор узатди-да: “Аллоҳ таоло ҳақи, қарзимни вақтида олиб келиб бериш учун тинмай кема ахтардим, аммо ҳозир мен келган кемадан илгарироқ йўлга чиқадиган кема тополмадим”, деб узр айтди. Қарз берган киши унга: “Менга бирор нарса жўнатган эдингми?” деди. Қарз олган киши: “Сенга ҳозир айтдим-ку, ахир, бундан илгарироқ етиб келиш учун кема тополмадим, деб!” деди. Шунда қарз берган киши унга: “Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ёғоч ичида юборган нарсангни сенинг номингдан менга етказди”, деди. Сўнг қарз олган киши ўзи билан олиб келган минг динорни қайтариб олиб кетди” (Бухорий, 3/2291).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга айтиб берган Журайж қиссаси; зинокор маймун ҳақидаги ривоят; ғорда қолиб кетган уч киши ҳақидаги қисса; пес, кўр ва кал ҳикояси; 99 нафар одамни ўлдириб, тавба қилмоқчи бўлган одам ҳақидаги ҳикоя кабилар, аслида, халқ ижодиёти намуналари десак, хато бўлмас. Булар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг халқ билан мулоқоти, уларнинг тили, адабиёти, шеърияти, ижодиётига бефарқ бўлмаганликларини ва ўзлари ҳам дилкаш суҳбатдош бўлганларини англатади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарихни, хусусан, ўша давр учун анъанавий хусусият бўлган насаблар тарихини жуда яхши билганлар. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уруғлар ва насабларнинг келиб-чиқиши ҳақида сўраб-суриштирганлиги ҳадисларда зикр қилинган. Ўзларининг то Иброҳим алайҳиссаломгача бўлган 20 та бобокалонлари ҳақида, насл-насаблари, уруғлари тўғрисида айтиб берганлар. Бир ҳадисда ҳижозликларнинг уруғларини, бошқа ҳадисда эса мадиналик ансор уруғларини бирма-бир санаб берганлар (Бухорий, 4/3515, 3523; 5/3789).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бадиий адабиётга ошно бўлган ҳассос инсон эканлиги у зотнинг лутфларида ҳам намоён эди. Жумладан, у зотнинг: رُوَيْدَكَ سَوْقًا بِالْقَوَارِيرِ  — “Шишаларга эҳтиёт бўлиб ҳайда!”, деган луфтларини эсланг (Бухорий, 1/6149). “Шиша” деганда шишадек нозик аёлларни назарда тутиб гапирганлар.

Ҳадисларда ичида шеърдан бошқа нарса бўлмаган жоҳил, маърифатсиз, ахлоқи суст кимсалар қораланган. Имом ат-Термизий бобомиз ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг бирингизнинг қорни шер билан тўлдирилгандан кўра уни қайнатадиган йиринг билан тўлгани яхшироқдир!”, деганлар (Термизий, 3/2851). Яъни, мусулмон инсон шеърдан бошқа ҳам ҳикматли гапларни, оят ва ҳадисларни ҳам билиши лозим. Бирорта оятни тузук ўқий олмайдиган, балки минг-минглаб байтларни шариллатиб ўқиб ташлайдиган мусулмонларни комил мўъмин-мусулмон дейиш ҳам қийин!

Комил инсон, баркамол маънавиятли киши, ҳурматли аҳли илм одам оят-ҳадислардан ҳам, яхши шеърият ва адабиётдан ҳам баҳраманд бўлган бўлади. Зотан, Жалолиддин Румийнинг “Форсий Қуръон” дея эътироф қилинган “Маснавийи маънавий”сини ўқимаган одам комил муфассир бўла олмайди. “Маънолар отаси” бўлмиш Абдулқодир Бедил шеъриятини тушунмаган инсон ҳадисларнинг маъноларига тўлиқ тушуна олмайди. “Лисон ал-ғайб” дея эътирофга сазовор бўлган Ҳофиз Шерозий шеъриятидан баҳраманд бўлмаган киши комил мутакаллим бўла олмайди. Сўфи Аллоҳёрнинг тажнисларидан завқланмаган толиби илм мулла бўлолмайди. “Ўтган кунлар”ни ўқимаган ўзбек домуллоси ҳатто мақола ҳам ёза олмайдиган бўлади. Шундай экан, шеърият ва адабиёт билан ошно бўлинг!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *