ЖАННАТНИ ВОЖИБ ҚИЛАДИГАН АМАЛЛАР

fbca6d95df50657cf455ebee02300793Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ҳадиси шарифларда: “Фалон ишни қилса, жаннат унга вожиб бўлади!”, деган маълумотлар учрайди. Бу билан ваъда қилинган ишни қилган мусулмон, шак-шубҳасиз, жаннатга киришидан умид қилинади. Бу жуда катта ваъдадир! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадиси шарифларида булар айтилган бўлиб, уларнинг амалга ошишига шак-шубҳа йўқ. Зотан, Аллоҳ таоло карами кенг, ўта меҳрбон, мағфиратли зотдир!

Биринчи амал

Чин ихлос, имон-эътиқод билан таҳорат олиб, икки ракъат намозни Аллоҳнинг розилиги учун махсус ўқиган одамга жаннат вожиб бўлади:

مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَتَوَضَّأُ فَيَحْسِنُ وُضُوءَهُ ثُمَّ يَقُومُ فَيُصَلِّي رَكْعَتَيْنِ مُقْبِلٌ عَلَيْهِمَا بِقَلْبِهِ وَ وَجْهِهِ إِلَّا وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Модомики бирор мусулмон таҳорат олиб, шу таҳоратини гўзал тарзда бажариб, сўнг икки ракъат намозни қалби ва юзи билан ( гўё Аллоҳга) юзланган ҳолда ўқиса, унга жаннат вожиб бўлади” (Муслим, 1/234).

Мазкур ҳадисни саҳоб Уқба ибн Омир разийаллоҳу анҳу одамларга айтиб бераётган пайтда Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу келиб қолиб, у зот ҳам бундай ҳадисни айтиб берган эканлар:

مَا مِنْكُمْ مِنْ أَحَدٍ يَتَوَضَّأُ فَيَبْلُغَ (أَوْ فَيَسْبُغَ) الْوُضُوءَ ثُمَّ يَقُولَ أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُ اللهِ وَ رَسُولُهُ، إِلَّا فُتِحَتْ لَهُ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ الثَّمَانِيَةِ يَدْخُلُ مِنْ أَيِّهَا شَاءَ

“Сизлардан қайси бир кимса таҳорат олса, таҳоратини мукаммал қилиб бажарса, сўнгра “АШҲАДУ АН-ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ, ВА АННА МУҲАММАДАН АБДУЛЛОҲИ ВА РАСУЛУҲУ (“Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир!”) деса, саккиз жаннатнинг эшиклари унга очилади. Улардан хоҳлаганидан киради” (Муслим, 1/234).

Иккинчи амал

Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу ривоят қилишича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари билан бирга ўтирганларида, тобут кўтарган одамлар ўтиб қолибди. Одамлар маййитнинг яхши одам бўлганини айтиб мақтабдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Вожиб бўлди, вожиб бўлди, вожиб бўлди!” дебдилар. Кейин яна битта тобут кўтарган одамлар ўтибди. Одамлар энди маййитнинг ёмон инсон бўлганини айтишибди. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: “Вожиб бўлди, вожиб бўлди, вожиб бўлди!” дебдилар. Одамлар ҳайрон бўлишиб, “Яхши одамнинг тобути ўтса ҳам, ёмон одамнинг тобути олиб ўтилса ҳам, “Вожиб бўлди, вожиб бўлди, вожиб бўлди!” дедингиз. Бунинг сабаби нима?” деб сўрашибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилибдилар:

مَنْ أَثْنَيْتُمْ عَلَيْهِ خَيْرًا وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ وَ مَنْ أَثْنَيْتُمْ عَلَيْهِ شَرًّا وَجَبَتْ لَهُ النَّارُ أَنْتُمْ شُهَدَاءُ اللهِ فِي الْأَرْضِ أَنْتُمْ شُهَدَاءُ اللهِ فِي الْأَرْضِ أَنْتُمْ شُهَدَاءُ اللهِ فِي الْأَرْضِ

“Сизлар яхши деб мақтаган кишига жаннат вожиб бўлди! Сизлар ёмон деб сифатлаган кишига дўзах вожиб бўлди! Сизлар Аллоҳнинг Ердаги гувоҳларисиз! Сизлар Аллоҳнинг Ердаги гувоҳларисиз! Сизлар Аллоҳнинг Ердаги гувоҳларисиз!” (Муслим, 2/949).

Одамлар бирор вафот этган киши ҳақда яхши ёки ёмон деб гувоҳлик беришадиган бўлса, неча нафар одам гувоҳлик бериши керак, деган савол бўлиб қолиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай саволга жаовб сифатида бундай деганлар:

مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَشْهَدُ لَهُ ثَلَاثَةٌ إِلَّا وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Модомики, бирор мусулмон киши ҳақда уч нафар одам (яхши деб) гувоҳлик берса, унга жаннат вожиб бўлади” (Термизий, 3/1059).

Шунда, одамлар: “Икки нафар одам гувоҳлик беришса-чи?!” деб сўрашган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки киши гувоҳлик берса ҳам, шундай бўлади”, деганлар.

Учинчи амал

Саҳоба Абу Саъид ал-Худрий разийаллоҳу анҳу айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бундай ҳадисни айтибдилар:

مَنْ رَضِيَ بِاللهِ رَبًّا وَ بِالْإِسْلَامِ دِينًا وَ بِمُحَمَّدٍ نَبِيًّا وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Кимки Аллоҳни парвардигор деб, исломни дин деб, Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар деб рози бўлса, унга жаннат вожиб бўлади” (Муслим, 3/1884).

Ҳар куни эрталаб ва кеч РОЗИЙТУ БИЛЛАҲИ РОББАН, ВА БИ-Л-ИСЛАМИ ДИЙНАН, ВА БИ-МУҲАММАДИН СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМА НАБИЙЙАН ВА РОСУЛАН”, деб юришни, бу калимани кўп айтишни одат қилиш керак. Бу жаннатнинг вожиб бўлишига сабаб бўлади.

Абу Саъид ал-Худрий разийаллоҳу анҳу бу ҳадис ва калималарга қизиқиб қолиб, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламдан яна қайта-қайта сўраб ўрганиб олибди. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ундан ҳам бошқа амал бор. Жаннатда юз даража юқори бўлади. Ҳар бир даражанинг ораси осмон ва Ер баробарича бўлади”, дебдилар. Унинг нималигини сўраганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг Аллоҳ йўлида жидду жаҳд ва мужоҳада қилиб, ғайрат кўрсатишни айтган эканлар.

Тўртинчи амал

Азон ва такбир айтишни, холис Аллоҳ учун бўлган муаззинлик касбининг савоби ҳам жуда каттадир. У қуйидаги ҳадисда бундай ифодаланган:

مَنْ أَذَّنَ ثِنْتَىْ عَشَرَةَ سَنَةً وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ، وَ كُتِبَ لَهُ بِتَأْذِينِهِ فِي كُلِّ يَوْمٍ سِتُّونَ حَسَنَةً. وَ لِكُلِّ إِقَامَةٍ ثَلَاثُونَ حَسَنَةً

“Кимки ўн икки йил азон айтса, унга жаннат вожиб бўлади. Унинг ҳар бир кунги азонига олтмиш ҳасана, ҳар бир иқомати учун эса ўттиз ҳасана ёзилади” (Ибн Можа, 1/728; Байҳақий, 1/1881; Ҳоким, 1/736-737; Дорақутний, 1/941-942).

Бешинчи амал

Муҳаддислар султони Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг одоб-ахлоқ дурдоналари бўлмиш “ал-Адаб ал-муфрад” номли асарларида қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қилганлар:

مَنْ كَانَ لَهُ ثَلَاثُ بَنَاتٍ يُؤْوِيهِنَّ وَ يَكْفِيهِنَّ وَ يَرْحَمُهُنَّ فَقَدْ وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ اَلْبَتَّة

“Кимнинг учта қиз фарзанди бўлса, уларни паноҳига олиб, тарбия қилиб, уларга меҳр-шафқат билан муомала қилса, унга албатта жаннат вожиб бўлади” (Бухорий, “ал-Адаб ал-муфрад”, 1/78).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ерда “албатта” сўзини гапларини таъкидлаш учун келтирганлар. Одамлар: “Икки қиз фарзанди бўлса-чи?!”, деб сўраганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “икки қиз фарзанди бўлса ҳам”, деб жавоб берганлар.

Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоятида мазкур ҳадисда учта қиз ёки учта опа-сингилни тарбия қилса, ҳам дейилган (Табароний, “ал-Мзъжам ал-авсат”, 5/5157).

Олтинчи амал

“Саййид ал-Истиғфор” (“Истиғфорларнинг хожаси”) деган истиғфорни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ўргатганлар:

أَلَا أَدُلُّكَ عَلَى سَيِّدِ الْاِسْتِغْفَارِ اَللَّهُمَّ أَنْتَ رَبِّي لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ خَلَقْتَنِي وَ أَنَا عَبْدُكَ وَ أَنَا عَلَى عَهْدِكَ وَ وَعْدِكَ مَا اسْتَطَعْتُ أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا صَنَعْتُ وَ أَبُوءُ إِلَيْكَ بِنِعْمَتِكَ عَلَيَّ وَ أَعْتَرِفُ بِذُنُوبِي فَأغْفِرْ لِي ذُنُوبِي إِنَّهُ لَا يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلَّا أَنْتَ لَا يَقُولُهَا أَحَدُكُمْ حِينَ يُمْسِي فَيَأْتِي عَلَيْهِ قَدَرٌ قَبْلَ أَنْ يُصْبِحَ إِلَّا وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ وَ لَا يَقُولُهَا حِينَ يُصْبِحَ فَيَأْتِي عَلَيْهِ قَدَرٌ قَبْلَ أَنْ يُمْسِيَ إِلَّا وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

 “Сенга “Саййид ал-истиғфор”ни ўргатмайми?! У қуйидагичадир:

“АЛЛОҲУММА, АНТА РОББИЙ, ЛА ИЛАҲА ИЛЛА АНТА, ХОЛАҚТАНИЙ ВА АНА ЪАБДУКА, ВА АНА ЪАЛА ЪАҲДИКА ВА ВАЪДИКА МАСТАТОЪТУ, АЪУЗУ БИКА МИН ШАРРИ МА СОНАЪТУ, ВА АБУ’У ИЛАЙКА БИ-НЕЪМАТИЙ ЪАЛАЙЙА, ВА АЪТАРИФУ БИ-ЗУНУБИЙ, ФАҒФИР ЛИЙ ЗУНУБИЙ, ИННАҲУ ЛА ЙАҒФИРУ-З-ЗУНУБА ИЛЛА АНТА!”

(“Эй, Аллоҳ! Сен менинг раббимсан. Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сен мени яратгансан, мен эса сенинг бандангман. Мен имконим қадар сенинг аҳдинг ва ваъдангга содиқман. Ишлаган ишларимнинг ёмонлигидан сендан маноҳ сўрайман. Менга берилган неъмат билан сенга ёлвораман. Гуноҳларимни эътироф қиламан. Гуноҳларимни мен учун кечгин. Зотан, гуноҳларни фақатгина Сен кеча оласан!”).

Сизлардан бирортангиз кеч бўлганда уни айтса, унга тонг отишдант олдин тақдир (ўлим) келиб қолса, унга жаннат вожиб бўлади. Агар уни тонг отганда айтадиган бўлса, кеч бўлгунча унга тақдир (ўлим) келиб қолса ҳам унга жаннат вожиб бўлади” (Термизий, 5/3393).

Еттинчи амал

Азон айтилганда, унга ихлос билан жавоб қайтариш жаннатни вожиб қиладиган амаллардан бири сифатида талқин қилинган:

إِذَا قَالَ الْمُؤَذِّنُ اَللهُ أَكْبَرُ اَللهُ أَكْبَرُ فَقَالَ أَحَدُكُمْ اَللهُ أَكْبَرُ اَللهُ أَكْبَرُ ثُمَّ قَالَ أَشْهَدُ اَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ قَالَ أَشْهَدُ اَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ ثُمَّ قَالَ أَشْهَدُ اَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ قَالَ أَشْهَدُ اَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ ثُمَّ قَالَ حَيَّ عَلَى الصَّلَاةِ قَالَ لَا حَوْلَ وَ لَا قُوَّةَ اِلَّا بِاللهِ ثُمَّ قَالَ حَيَّ عَلَى الْفَلَاحِ قَالَ لَا حَوْلَ وَ لَا قُوَّةَ اِلَّا بِاللهِ ثُمَّ قَالَ اَللهُ أَكْبَرُ اَللهُ أَكْبَرُ قَالَ اَللهُ أَكْبَرُ اَللهُ أَكْبَرُ ثُمَّ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Агар муаззин: “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!” деса, сизлардан бирингиз ҳам: “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!” дейди. Сўнг муаззин: “Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ” деса, сизлардан бирингиз ҳам: “Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ” дейди. Сўнг муаззин: “Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ” деса, сизлардан бирингиз ҳам: “Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ” дейди. Сўнг муаззин: “Ҳаййа ъала-с-солаҳ!” деса, сизлардан бирингиз ҳам: “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ!” дейди. Сўнг муаззин: “Ҳаййа ъала-л-фалаҳ!” деса, сизлардан бирингиз ҳам: “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ!” дейди. Сўнг муаззин: “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!” деса, сизлардан бирингиз ҳам: “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!” дейди. Сўнг муаззин: “Ла илаҳа иллаллоҳ!” деса, сизлардан бирингиз ҳам: “Ла илаҳа иллаллоҳ!” дейди. Ана шундай деса, унга жаннат вожиб бўлади” (Насоий, “ас-Сунан ал-кубро”, 6/9868).

Саккизинчи амал

Жумъа куни алоҳида савобли ишларни ихлос билан амалга ошириш жаннатни вожиб қилади:

مَنْ وَافَقَ صِيَامَهُ يَوْمَ الْجُمُعَةِ، وَ عَادَ مَرِيضًا، وَ شَهِدَ جَنَازَةً، وَ أَعْتَقَ، وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Кимки жумъа куни рўза тутишга муваффақ бўлса, бирорта беморни бориб ҳолидан хабар олса, жанозага иштирок қилса, қул озод қилса, унга жаннат вожиб бўлади” (“ал-Матолиб ал-олия”, 1/807).

Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ булар рўйхатига: وَ شَهِدَ نِكَاحًا – “Никоҳга гувоҳ бўлса”, деб қўшганлар (8/7484).

Тўққизинчи амал

Етимнинг бошини силаса, қарамоғига олса, унга жаннат вожиб бўлади:

مَنْ آوَى يَتِيمًا مِنْ بَيْنِ الْمُسْلِمِينَ إِلَى طَعَامِهِ وَشَرَابِهِ حَتَّى يُشْبِعَهُ اللَّهُ ، وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ، إِلاَّ أَنْ يَعْمَلَ ذَنْبًا لاَ يُغْفَرُ لَهُ

“Кимки мусулмонлар орасидаги етимнинг емиши, ичимликларига қараб, Аллоҳ тўйдиргунча қарамоғига олса, фақат унинг гуноҳини кечириб бўлмайдиган гуноҳ (ширк ва куфр) қилмаган бўлса, унга жаннат вожиб бўлади” (“ал-Матолиб ал-олия”, 2/2556).

Ўнинчи амал

Кўзи ожизни йўлга солиш, йўл кўрсатиш, уни етаклаб юришнинг савоби ҳақида айрим ривоятлар келтирилган. Шулардан бирида бундай дейилган:

مَنْ قَادَ أَعْمَى أَرْبَعِينَ خُطْوَةً، وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Кимки кўзи ожизни қирқ қадам етаклаб борса, унга жаннат вожиб бўлади” (“ал-Матолиб ал-олия”, 2/2617).

Ўн биринчи амал

Инсон ўз фарзандларининг камолини кўришни истайди. Бироқ, кўз ўнгида фарзандлари бирин-кетин вафот қилса, бу унинг учун дунёдаги энг катта мусибат ҳисобланади. Ана шу катта мусибатга сабр-тоқат кўрсатса, унга жаннат вожиб бўлади:

مَنْ دَفَنَ ثَلَاثَةً مِنَ الْوَلَدِ فَصَبَرَ عَلَيْهِمْ وَ احْتَسَبَهُمْ وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ فَقَالَتْ أُمُّ أَيْمَنْ: أَوَ اِثْنَيْنِ؟ قَالَ: وَ مَنْ دَفَنَ اِثْنَيْنِ فَصَبَرَ عَلَيْهِمَا وَ احْتَسَبَهُمَا وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ فَقَالَتْ أُمُّ أَيْمَنْ: أَوَ وَاحِدَةً؟ قَالَ: فَسَكَتَ أَوْ أَمْسَكَ فَقَالَ: سَمِعْتُ أُمُّ أَيْمَنْ: مَنْ دَفَنَ وَاحِدًا فَصَبَرَ وَ احْتَسَبَ كَانَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Кимки учта фарзандни дафн қилса, уларга сабр қилиб, савобдан умид этса, унга жаннат вожиб бўлади. Умму Айман разийаллоҳу анҳо: “Икки фарзанд бўлса-чи?”, деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки икки фарзандни дафн қилса, уларга сабр қилиб, савобдан умид этса, унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар. Умму Айман разийаллоҳу анҳо: “Бир нафар фарзандни дафн қилган бўлса-чи?”, деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сукут қилдилар. Мен Умму Айман разийаллоҳу анҳодан: “Кимки бир нафар фарзандини дафн қилса-ю, сабр қилиб савобдан умид этса, унга жаннат бўлади”, деганини эшитдим” (Табароний, 2/2030).

Ўн иккинчи амал

Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ “ал-Мўъжам” ҳадис тўпламларида қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қилганлар:

مَنْ اَسْلَمَ عَلَى يَدَيْهِ رَجُلٌ وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Кимнинг олдида бир киши исломга кирса, унга (киритган кишига) жаннат вожиб бўлади” (Табароний, “ал-Мўъжам ал-авсат”, 4/3546; “ал-Мўъжам ас-сағир”, 1/439).

 

Ўн учинчи амал

Ноҳақ маҳбуслик оғир мусибатдир. Ушбу мусибатга сабр қилиб, Аллоҳдан бўлганига рози бўлиб, жазавага тушмасдан, хавотир қилмай, батоқат бўлмай, шукрона билан ўтказса, унга савоб берилиши, шак-шубҳасиздир:

مَا مِنْ مُؤْمِنٍ تَقِيٍّ يَحْبِسُ اللهُ عَنْهُ الدُّنْيَا ثَلَاثَةَ أَيَّامٍ وَهُوَ فِي ذَلِكَ رَاضٍ عَنِ اللهِ تَعَالَى مِنْ غَيْرِ جَزَعٍ إِلَّا وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Қайсидир тақводор мўъминни Аллоҳ дунёда уч кун ҳибс қилиб қўйса, бунинг учун у бетоқатлик қилмасдан Аллоҳ таолодан рози бўлса, унга жаннат вожиб бўлади” (Байҳақий, “Шуаб ал-имон”, 12/9641).

Ўн тўртинчи амал

Дуо қилиш ибодатнинг мағзидир. Дуо қилинар экан, у албатта ижобат бўлади. Уни ижобат қиладиган сабаблар ҳам кўп. Дуонинг ўзи ижобат бўлиши билан бирга, сўралган нарса берилиши билан бирга, холис дуо қилиб ибодат қилгани сабабли унга жаннат вожиб бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг 99 (тўқсон тўққиз) та исмини айтиб, “Ё, Аллоҳ! Ушбу муборак номларинг ҳаққи-ҳурмати, менинг дуоларимни мустажоб айла!”, деб дуо қилмоқдир:

إِنَّ لِلهِ عَزَّ وَ جَلَّ تِسْعَةٌ وَ تِسْعِينَ اِسْمًا مِائَةٌ غَيْرُ وَاحِدٍ وَ إِنَّهُ وِتْرٌ يُحِبُّ الْوِتْرَ وَ مَا مِنْ عَبْدٍ يَدْعُو بِهَا إِلَّا وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Аллоҳ азза ва жалланинг тўқсон тўққизта – бир кам юзта исми бор. Чунки, Аллоҳ тоқдир, тоқни севади. Қайсидир банда улар билан дуо қилса, унга жаннат вожиб бўлади” (“Канз ал-уммол”, 1/1935).

 

Ўн бешинчи амал

Бомдод намозини ўқигандан кейин жойида зикр ва тиловат билан машғул бўлиб, яна то қуёш чиққунча ибодатда ўтиришнинг савоби катта эканлиги маълум. Қуйидаги ривоятда эса бу амал жаннатнинг вожиб бўлишига сабабчи экани айтилган:

مَنْ صَلَّى صَلَاةَ الْفَجْرِ ثُمَّ قَعَدَ يَذْكُرُ اللهَ حَتَّى تَطْلِعُ الشَّمْسُ وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Кимки бомдод намозини ўқиса, сўнгра то қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, унга жаннат вожиб бўлади” (“Канз ал-уммол”, 2/3543).

Ўн олтинчи амал

Мусулмонлар юртини асраб-авайлашнинг савоби жуда катта. Ватан учун бўлган жангу жадал, Ватан сарҳадларини қўриқлаш, Ватан ҳимоячиси бўлиш инсонга икки оламда буюк даражалар насиб қилади. Бир ҳадиси шарифда ҳимоячи бўлишнинг шарафли ва савобли иш экани бу тарзда айтилган:

مَنْ رَابَطَ فُوَاقَ نَاقَةٍ وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Кимки туя соғиш вақтичалик Ватан сарҳадларини қўриқласа, унга жаннат вожиб бўлади” (“Канз ал-уммол”, 4/10721).

Ўн еттинчи амал

Инсон кўзларидан ажраб қолиши, ёруғ дунёни бутунлай кўрмаслик ёки аввал кўриб, кейин бирор сабаб билан кўзлари кўрмай қолиши жуда улкан мусибатдир. Ана шу мусибатга сабр қилишнинг ҳам ўзига яраша мукофоти бор. Қуйидаги ривоятда бундай дейилган:

وَ مَنْ ذَهَبَتْ كَرِيمَتَاهُ وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ إِلَّا أَنْ يَكُونَ عَمِلَ عَمَلًا لَا يُغْفَرُ

“Кимнинг икки мукаррам кўзи кетган бўлса, у кечирилмайдиган (ширк) амални қилмаган бўлса, унга жаннат вожиб бўлади” (“Канз ал-уммол”, 3/6026).

Ўн саккизинчи амал

Муайян кечаларнинг фазилатли эканлиги маълум. Бундай муборак кечаларни ибодат билан ўтказиш ихлосли, тақводор, обид мўъмин-мусулмонларнинг одатларидандир. Ана шундай фазилатли кечалардан тўрттаси бу ерда зикр қилинган:

مَنْ أَحْيَا اللَّيَالِي الْأَرْبَعَ وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ لَيْلَةُ التَّرْوِيَةِ وَ لَيْلَةُ عَرَفَةَ وَ لَيْلَةُ النَّحْرِ وَ لَيْلَةُ الْفِطْرِ

“Кимки тўрт кечани тирилтирса (яъни, ибодат билан ўтказса), унга жанна вожиб бўлади. Улар тарвия кечаси, арафа кечаси, қурбонлик ҳайити кечаси ва рамазон ҳайити кечасидир” (“Канз ал-уммол”, 5/12076).

 

Ўн тўққизинчи амал

Китобларда мусофирлар “ғариб” деб тилга олинган. Мусофирликнинг ҳам ўзига раша қийинчилиги, машаққати бор. Мусофирлик инсонга ҳаётий тажрибалар, билим, ибрат ва ўрнаклар ато қилади. Халқимизда: “Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан!”, деган мақол бежизга айтилган эмас. Мусофирлик машаққатларига сабр-тоқат қилиб, аччиқ қилмасдан, шукр айлаб, ўзгаларга машаққати ва оғирини ташламасдан, оиласи ва ўзи учун ҳалол касбу кор қилса, одамларни алдамаса, илм ўрганса, билимини оширса, Яратган Эгамдан савоб умидвор бўлиб, ўз иши билан бўлган, ўзга юртлардаги одамлар ва тутумлардан ўрнак ва ибрат олса, бир ривоятда унга жаннат вожиб бўлиши айтилган:

اَلْغَرِيبُ فِي غُرْبَتِهِ كَالْمُجَاهِدِ فِي سَبِيلِ اللهِ يَرْفَعُ اللهُ لَهُ بِكُلِّ قَدَمٍ دَرَجَةً وَ يَكْتُبُ لَهُ خَمْسِينَ حَسَنَةً اَلْغَرِيبُ فِي غُرْبَتِهِ وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ أَكْرِمُوا الْغُرَبَاءَ فَإِنَّ لَهُمْ شَفَاعَةَ يَوْمِ الْقِيَامَةِ لَعَلَّكُمْ تُنْجَوْنَ بِشَفَاعَتِهِمْ

“Ғариб ўз мусофирлигида Аллоҳ йўлидаги мужоҳид кабидир. Унинг ҳар бир қадами учун Аллоҳ таоло уни битта даражага кўтаради, унга элликта ҳасана ёзади. Ғариб ўз мусофирлигида бўлса, унга жаннат вожиб бўлади. Сизлар ғарибларга икром қилинглар! Чунки, қиёмат куни уларга шафоат қилиш ҳуқуқи берилади. Шоядки, сизлар уларнинг шафоатлари сабабли нажот топсангизлар!” (“Канз ал-уммол”, 6/16690). 

 

Йигирманчи амал

Жамоат намозининг фазилати жуда баланд эканлиги шак-шубҳасиз. Жамоатга эса биринчи такбирданоқ, яъни намознинг аввалиданоқ қўшилишнинг савоби янада кўпроқдир. Бу ҳақида қуйидаги ривоят мавжуд:

مَنْ شَهِدَ الصَّلَوَاتِ الْخَمْسَ أَرْبَعِينَ لَيْلَةً فِي جَمَاعَةٍ يُدْرَكُ التَّكْبِيرَةَ الْأُولَى وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Кимки қирқ кеча беш вақт намозга жамоатнинг аввалги такбирини топиб иштирок қилса, унга жаннат вожиб бўлади” (“Канз ал-уммол”, 7/20282).

Бошқа бир ҳадисда биринчи такбирга етишиб, жамоат билан намоз ўқишнинг хосияти бундай тушунтирилган:

مَنْ صَلَّى أَرْبَعِينَ يَوْمًا فِي جَمَاعَةٍ يُدْرِكُ التَّكْبِيرَةَ الْأُولَى كُتِبَتْ لَهُ بَرَاءَتَانِ بَرَاءَةً مِنْ النَّارِ وَبَرَاءَةً مِنْ النِّفَاقِ

“Кимки қирқ кун жамоатда аввалги такбирни топиб намоз ўқиса, унга иккита озодлик хати ёзилади. Дўзахдан озоднома ва нифоқ (мунофиқлик)дан озоднома” (Термизий, 1/241).

Биринчи такбирнинг фазилатини топиш учун Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ имом билан бирга кетма-кет такбир айтиш керак, деганлар. У зотнинг шогирдлари эса имом санони ўқиб бўлгунча намозхон иқтидо қилиб улгурса, биринчи такбирнинг фазилатини топади, деб ҳисоблаганлар. Айрим олимлар имом “Фотиҳа” сурасининг ярмигача ўқигунча жамоатга қўшилган биринчи такбирнинг фазилатини топади, деган бўлсалар, бошқа олимлар имом “Фотиҳа” сурасининг ҳаммасини ўқигунча жамоатга қўшилганлар биринчи такбирнинг фазилатини топади, дейдилар. Саҳиҳ (тўғри) фатво биринчи ракъатга қўшилган намозхон биринчи такбирнинг фазилатини топади, деган фақиҳлар ҳам бор (Шамсиддин ал-Қўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 1-жилд. – Қозон: Каримия. 1904. – Б. 146).

Йигирма биринчи амал

Саломлашиш исломнинг шиорларидан биридир. Исломда у суннат амал бўлиб, ҳатто алик олиш фарз даражасига чиқарилган. Саломни оммалаштириш борасида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бир қанча саҳиҳ ҳадиси шарифлари мавжуд. Қуйидаги ҳадисларда эса ақалли йигирма нафар мусулмонга чин дилдан “Ассалому алайкум!” деб салом беришнинг фазилати зикр қилинган:

مَا مِنْ مُؤْمِنٍ يُسَلِّمُ عَلَى عِشْرِينَ رَجُلًا مِنَ الْمُسْلِمِينَ إِلَّا وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Модомики бир мўъмин-мусулмон мусулмонлардан йигирма нафар кишига салом берса, унга жаннат вожиб бўлади” (Дайламий, 4/6070).

Муҳаддис Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадис деб келтирилган матнда эса йигирма нафар одамга салом бериб, ўша куни вафот қилганга жаннат вожиб бўлади, дейилган:

مَنَ سَلَّمَ عَلَى عِشْرِينَ رَجُلًا مِنَ الْمُسْلِمِينَ فِي يَوْمٍ جَمَاعَةً أَوْ فُرَادَى ثُمَّ مَاتَ مِنْ يَوْمِهِ ذَلِكَ وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ وَ فِي لَيْلَتِهِ مِثْلَ ذَلِكَ

“Кимки бир кунда хоҳ жамоат ҳолидаги хоҳ ёлғиз-ёлғиз ҳолдаги мусулмонлардан йигирма кишига салом берса, сўнг ўша куни вафот топса, унга жаннат вожиб бўлади. Ўша кечаси вафот топса ҳам, худди шундай бўлади” (“Канз ал-уммол”, 9/25287; “Мажмаъ аз-завоид”, 8/12734).

 

Охирги амал

Инсон ноумид бўлмаслиги керак. Парвардигори оламнинг карами кенг, меҳрбончилиги юксак. Инсон имон-эътиқод, ихлос ва ишонч билан “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммаду-р-Расулуллоҳ!” деса, унга жаннат вожиб бўлади. Имом ан-Насоий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни ривоят қилганлар:

بَشِّرُوا النَّاسَ أَنَّهُ مَنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Одамларга башорат беринглар! Кимки “Ла илаҳа иллаллоҳ!” деса, унга жаннат вожиб бўлади” (Насоий, “ас-Сунан ал-кубро”, 6/10951).

Ҳадисларда фақат “Ла илаҳа иллаллоҳ!” тилга олинишининг сабаби, у тавҳид калимасининг лақабидир. Ундан тўлиқ равишда “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммаду-р-Расулуллоҳ!” тушунилиши керак. Масалан, “Алҳамду”ни ўқи, дейилса, ундан “Фотиҳа” сураси, “Қул ҳуваллоҳу аҳад” деганда эса “Ихлос” сураси тушунилади.

Абу-д-Дардо разийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

يَا أَبَا الدَّرْدَاءِ اِذْهَبْ فَنَادِ مَنْ شَهِدَ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَ أَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ فَقَدْ وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ وَ إِنْ زَنَى وَ إِنْ سَرِقَ قَالَ وَ إِنْ زَنَى وَ إِنْ سَرِقَ فَأُعِدْتُ عَلَيْهِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ فَقَالَ وَ إِنْ زَنَى وَ إِنْ سَرِقَ وَ إِنْ رَغِمَ أَنْفُ أَبِي الدَّرْدَاءِ

“Эй, Абу-д-Дардо! Боргин, кимки “Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ, ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ!” деб калима айтса, унга жаннат вожиб бўлади, деб қичқиргин. Мен: “Ё Расулаллоҳ! Агар зино қилса ҳамми, ўғирлик қилса ҳамми?!” дедим. У зот: “Гарчи зино қилса ҳам, ўғирлик қилса ҳам”, дедилар. Мен бу саволни уч марта қайтардим, у зоти шариф: “Гарчи зино қилса ҳам, ўғирлик қилса ҳам. Гарчи Абу-д-Дардони жаҳли чиқса ҳам”, деб марҳамат қилдилар (Насоий, “ас-Сунан ал-кубро”, 6/10965).

Калимаи тавҳид ва калимаи шаҳодатни айтган билан унинг амалини ҳам қилиш керак. Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади:

مَنْ لَمْ يُشْرِكْ بِاللهِ شَيْئًا بَعْدَ إِذْ آمَنَ بِهِ وَ أَقَامَ الصَّلَاةَ الْمَكْتُوبَةَ وَ أَدَّى الزَّكَاةَ الْمَفْرُوضَةَ وَ صَامَ رَمَضَانَ وَ سَمِعَ وَ أَطَاعَ فَمَاتَ عَلَى ذَلِكَ وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Кимки имон келтиргандан кейин Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаса, беш вақт намозни ўқиса, фарз закотни адо қилса, рамазон рўзасини тутса, раҳбарларни эшитиб, итоат этса, шу ишларни қилиб вафот этса, унга жаннат вожиб бўлади” (Табароний, 3/3443).

Бошқа ривоятда: “Гуноҳи кабиралардан сақланса”, деган қайд мавжуд. Шу жойда гуноҳи кабираларнинг қайсилиги сўралганда эса Аллоҳга ширк келтириш, мусулмон жонни ўлдириш ва жангдан қочиш, деб жавоб берилган (Табароний, 4/3885).

 

ХУЛОСА

Аллоҳ таолонинг меҳрибонлиги, карами кенглигидан умид қилиб, юқорида саналган амалларни ихлос ва ният билан қилмоқлик инсон ўзига жаннатни вожиб қилиб олади, жаннати кимса бўлишига имкон бўлади. Албатта, жаннатнинг вожиб бўлиши Аллоҳга нисбатан эмас. Зотан, Аллоҳ таолога ҳеч ким ҳукмини ўказа олмайди. У мутлақ ирода соҳибидир!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн нафар саҳобасини жаннатий деб башорат қилганлар. Улар тарихда “ашараи мубашшара” (“жаннат башорати берилган ўн нафар зот”) номи билан қолган. Аҳли снунат ва жамоат эътиқодига кўра, бундан бошқа ҳеч кимни жаннатий деб қатъий айтиб бўлмайди. Бироқ, бу дегани жаннатий бўлиш имконияти йўқ, дегани эмас. Мўъмин-мусулмонлар Аллоҳнинг лутфи-карамидан ноумид бўлмасликлари керак. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қнача амалларни қилганларга “жаннат вожиб бўлади”, деганлар. Бу жаннатий бўлишга улкан ва чексиз умид сабабидан айтилган. Умматлар ушбу муборак умидларга ишонган ҳолда ана шу амалларни холис ва ихлос билан адо қилсалар, жаннатий бўлиш учун ўзларига имконият яратган бўладилар.

Аллоҳ таоло қилаётган хайрли амалларимизни қабул айласин! Уларни жаннатий бўлишимизга сабабчи қилсин! Аллоҳ таолонинг ўзи ҳамиша бизни қўлласин, бу амалларни бизга ўргатган севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг шафоатларига нойил қилсин! Омин!

Аллоҳумма солли ъала саййидина ва набиййина Муҳаммадин ва ъала олиҳи ва асҳобиҳи ажмаъин!

Осий ва гуноҳкор, лекин раҳмон ва раҳим Парвардигорининг раҳмати ва суюклиси Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг шафоатлари туфайли жаннатий бўлишидан умидвор

ҲАМИДУЛЛОҲ БЕРУНИЙ.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *