ЖИНСИЙ ТАРБИЯНИНГ ЎЗ ВАҚТИ ВА УСУЛИ БОР

exclamation-markНегадир айрим раҳбарлар бошқа сайёрада яшаётганга ўхшайди. Ўзи шунақами ёки менга шундай туюладими, билмадим. Улар халқдан шунчалар узоқки, одамларни бир фоиз ҳам ҳисобга олишмайди. Бир хонада ўтириб олиб қаерлардандир таржима қилиб олган қарорларини юрт бошида чиқараверишади. Шулар гоҳ гоҳ халққа ҳам аралашиб туришса бўларди, ҳар қалай одамлар устида ҳукм чиқаришга масъул эканларку…
Аслида таълим вазирлиги масъуллари халқнинг, яъни бизнинг пулимизга ишлаётган ходимлар ҳисобланади. Шундай экан, улар халқдан фарзандларини қандай тарбиялаб беришни сўрашлари керак эмасми? Ҳозир имкониятлар бемалол, халқдан овоз олиш жуда ҳам осон. Агар тушунмаган жойимиз бўлса, очиқ баҳс ва илмий таълиллар қилиш мумкин. Фақат халқнинг истагини билишни, халққа чиндан хизмат қилишни исташса бас. Ёки улар бизнинг пулимиздан маош олиб, болаларимизни ўзларининг дидларига, хоҳишларига ёхуд бировларнинг талабларига кўра тарбиялайверишадими?
Нима эмиш, боғчадан бошлаб жинсий тарбия дарси ўтилармиш.
Ҳали жинсини аниқ англамаган боғча боласига жинсий тарбиядан дарс ўтишни қандай тушуниш мумкин?
Ўша онахон ўзи боғча ёшидаги набираларини ўтиргизиб олиб уларга қандай дарс ўтишини бир кўрсатиб бера олармикин?
Биз ота оналаримизнинг ётоғини ҳам кўрмаганмиз, кўрсатишмаган. Бола соғлом ўсиши учун жинсини жуда аниқлаб бериш шартмас, Худойим ўзи ниҳоятда чеварлик билан яратиб қўйган, ўзи вақти келганда тушуниб олади.
Хўп, ҳозир замон бошқача, ҳаммаёқ очилиб ётибди экан, шундан диққат эканлар, бунинг давоси бўлган диний тарбия ва таълим бир четда қолиб, яна баттар очиб бериш, олдинроқдан, яхшироқ очиб бериш қанақасига тўғри бўлади?
Баъзан ҳайрон қоламан. Шаҳарма шаҳар тана сотиб ёки мардикор бўлиб юрган аёллар, эрсиз сарсон хотинлар, ахлоқсиз қизларининг сон саноқсиз муаммоларидан кўзини юмиб олган одамларнинг боғча болаларига жинсий тарбиядан дарс ўтиш ташвишини қилишларини қандай тушунса бўлади?
Жинсий тарбия мавзусини очиқ қилган жамиятларнинг ҳолатини ўрганиб кўрганмикин булар? Улар шу билан нима натижага эришиб, нима каромат кўрсатишибди, бир кўрайлик?
Қизиқ. Ўзлари мактабда ўғил қиз қилиб рақсга туширишади, вояга етган йигит қизларни бир жойга қўйишади, яна жинсий алоқани ўргатишадида, кейин мактабда ҳомиладор бўлиб қолишяпти, деб ёзғиришади. Унинг ўрнига таълимни ислоҳ қилса, тарбия беришни ўрганишса бўлмайдими?
Ақл тўлмай туриб жинсий майлни уйғотиш жуда ёмон оқибатларга, ахлоқсизликларга, касаллик ва ҳатто ўз жонига қасд қилишларга олиб келади. Бу мавзу ҳақида сўзлашнинг ўз вақти ва услуби бор, фақат бу мусулмонча усул, ғарбча эмас. Агар ўзбекман, халқ учун ишлайман дейишса, шуни ўрганиб, замон руҳида татбиқ этишлари лозим.
Бунинг учун биринчи ўринда эркак ва аёл бир хил эмас, бошқа бошқа мавжудот эканини тан олиш керак. Уларнинг хусусиятлари ва фарқларини тўғри англай билиш керак. (Бўлмаса, марҳамат қилиб башариятни ўзлари истагандек бошқатдан яратишсин, балки бира тўла фақат бир жинсли қилиб яратишар.) Қанақадир чайналган сафсаталар, хаёлий тенгликлар ҳақидаги сохта қарашлардан воз кечиш керак. Икки жинс ўртасида ўрни келганда масофа ушлаш лозим. Бўлмаса, шунақа чуқурга қараб кетаверишга тўғри келади ва бунинг охири ҳалокат…
Макатабларда ўзи таълим ҳаминқадар, кўп жойда умуман яроқсиз, одоб йўқ, миллийлик йўқ, тарбия йўқ, диёнат йўқ, мактаб атрофида кимлиги, нималиги номаълум атала ёшларни кўриб ҳар доим одам ачиниб кетади… У мусулмонми, динсизми, ўзбекми, ўрисими, ўғилми, қизми, ўзи ҳам билмайди…
Бунинг ўрнига одоб ахлоқ, ҳаё иффат, дин диёнатни ўргатса бўлмайдими? Агар ёшларнинг интернетдан нотўғри маълумот олиши хавфи бўлса, уни саралай олишлари учун дину ахлоқ мезонлари ўргатилса бўлмайдими?
Яна бир қизиқ савол туғилади: Диний таълим берилса, мактаб динийлашиб қоладиган бўлса, жинсий тарбия ўргатилса, унда мактабни нима деб аташ мумкин бўлади? У қандай даргоҳ бўлиб қолади?
Жинсий тарбия борасида динимизда ва минг йиллик тарихимизда етарли тажриба, таълим бор. Уни замонга мослаб, ўз вақтида ўргатилса бас, муаммо ҳал бўлади. Фақат бунинг учун ўз қадрятларидан бегоналик, ўзликдан қочиш, ғарбпарастлик бўлмаслиги керак…

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *