ФАТВО ҲАҚИДА УЧ САВОЛГА УЧ ЖАВОБ

102479131 — Савол:

Фатовнинг луғатдаги ва истилоҳдаги маъноларини айтинг ва Қуръон ва ҳадисдан мисоллар келтиринг.

Жавоб:

Фатво — футйа (الفتوى-الفتيا) сўзлари луғатда саволга жавоб бериш маъносини англатади. Хоҳ шаръий аҳкомларга тааллуқли бўлсин, хоҳ бошқа мавзуларда бўлсин, умумий саволнинг жавобига араб тилида “фатво” деб ишлатилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Миср подшосининг сўзини ҳикоя қилиб шундай дейди:

يَا أَيُّهَا الْمَلأُ أَفْتُونِي فِي رُؤْيَايَ إِن كُنتُمْ لِلرُّؤْيَا تَعْبُرُونَ

“Эй аъёнлар, агар туш таъбирини қиладиган бўлсангиз, менга тушимнинг фатвосини беринг” (Юсуф сураси 43).

Шунингдек, ҳазрати Юсуф алайҳиссаломнинг дўстининг ушбу сўзини ҳам Аллоҳ ҳикоят қилади:

يُوسُفُ أَيُّهَا الصِّدِّيقُ أَفْتِنَا فِي سَبْعِ بَقَرَاتٍ سِمَانٍ يَأْكُلُهُنَّ سَبْعٌ عِجَافٌ وَسَبْعِ سُنبُلاَتٍ خُضْرٍ وَأُخَرَ يَابِسَاتٍ لَّعَلِّي أَرْجِعُ  إِلَى النَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَعْلَمُونَ

“Юсуф, эй ростгўй зот, бизга еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини ва еттита яшил бошоқни ва шунча қуруғининг таъбирини айт. Шоядки одамларга қайтиб борсам, улар ҳам билсалар”, деди. (Юсуф сураси 46).

Ва яна Қуръонда Сабаъ маликасининг ушбу сўзи ҳам ҳикоя қилинган:

قَالَتْ يَا أَيُّهَا المَلَأُ أَفْتُونِي فِي أَمْرِي مَا كُنتُ قَاطِعَةً أَمْراً حَتَّى تَشْهَدُون

У:«Эй аъёнлар! Менга бу ишимда фатво беринглар. Сизлар шоҳид бўлмагунингизча, мен бир ишга қатъий қарор қилмасман», деди. (Намл сураси 32).

Шу ояти каримларда “фатво” сўзи шаръий аҳкомлардан ташқари мавзулардан қўлланган.

Фиқҳий истилоҳда эса “фатво” сўзи диний саволга жавоб бериш маъносида ишлатилади. Яъни, шаръий аҳкомлардан сўралган саволга жавоб бериш фатво деб айтилади. Масалан Қуръони каримда худди шу маънода истеъмол қилинган ушбу оятни келтириш мумкин:

وَيَسْتَفْتُونَكَ فِي النِّسَاء قُلِ اللّهُ يُفْتِيكُمْ فِيهِنَّ

“Сиздан аёллар ҳақида фатво сўрайдилар. Сиз “Улар ҳақида Аллоҳ фатво беради” деб айтинг” (Нисо сураси 127).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:

أجرؤكم على الفتيا أجرؤكم على النار

“Фатвога журъатлироғингиз жаҳаннамга журъатлироғингиздир” (Доримий ривояти) ҳадисида ҳам фатвонинг айнан шаръий аҳкомларга тааллуқлси, яъни истилоҳий маънодаги фатво назарда тутилган.

2-Савол:

Фатвонинг қисмларини батафсил баён қилинг.

Жавоб:

Фуқаҳолар “фатво”ни уч қисмга тақсимлайди:

  • Ал-фатво ат-ташриъия
  • Ал-фатво ал-фиқҳия
  • Ал-фатво ал-жузъия

Ал-фатво ат-ташриъия

Фатвонинг бу тури Шориъ томондан содир бўлган фатволарга айтилади. Хоҳ у тиловат қилинадиган ваҳй – Қуръон билан бўлсин, ёки тиловат қилинмайдиган ваҳй – суннат билан бўлсин, барибир. Мисол тариқасида қуйидаги оятларни келтириш мумкин:

وَيَسْتَفْتُونَكَ فِي النِّسَاء قُلِ اللّهُ يُفْتِيكُمْ فِيهِنَّ

“Сиздан аёллар ҳақида фатво сўрайдилар. Сиз “Улар ҳақида Аллоҳ фатво беради” деб айтинг” (Нисо сураси 127).

يَسْتَفْتُونَكَ قُلِ اللّهُ يُفْتِيكُمْ فِي الْكَلاَلَةِ

“Сиздан фатво сўрарлар. “Аллоҳ сизга калола ҳақида фатво берур” деб айтинг”. (Нисо сураси 176).

يَسْأَلُونَكَ عَنِ الأهِلَّةِ قُلْ هِيَ مَوَاقِيتُ لِلنَّاسِ وَالْحَجِّ

“Сиздан ҳилоллар ҳақида сўрарлар. «Улар одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовидир», деб айтинг”. (Бақара сураси 189).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини ҳам мисол қилиш мумкин:

أنَّ امْرَأَةً مِن جُهَيْنَةَ جاءَتْ إلى النبيِّ صلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ، فقالَتْ: إنَّ أُمِّي نَذَرَتْ أنْ تَحُجَّ، فَلَمْ تَحُجَّ حتَّى ماتَتْ؛ أفَأَحُجُّ عَنْها؟ قالَ: نَعَمْ حُجِّي عَنْها؛ أرَأَيْتِ لو كانَ علَى أُمِّكِ دَيْنٌ أكُنْتِ قاضِيَةً؟ اقْضُوا اللَّهَ؛ فاللَّهُ أحَقُّ بالوَفاءِ

Жуҳайна қабиласига мансуб бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига келди ва: “Онам ҳаж қилишга назр қилган эди. Аммо, адо қила олмасдан вафот этди. Унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?” – деди. Расулуллоҳ: “Ҳа, унинг номидан ҳаж қил. Биласанми, агар онангнинг зиммасида қарзи бўлса адо қилардингку, тўғрими? Шундай экан, Аллоҳдан бўлган қарзини ҳам адо қилинглар. Аллоҳ вафога лойиқроқ Зотдир” (Имом Бухорий).

Фатво қисмларидан бу нав ваҳй тўхташлиги билан охирига етган.

Ал-фатво ал-фиқҳийя

Фатвонинг бу туридан мурод бирор фақиҳ умумий тарзда, муайян ҳодисга боғламасдан фиқҳий масалаларни баён қилишда очиқлаган маълумотидир. Лекин бу шаръий далиллардан истинбот қилинган ва бирор рисола ё асарда, ёки бирор саволнинг жавобида баён қилинган бўлиши керак. Масалан “Эркак киши хотинига “Сени озод қилдим” деса нима бўлади?” – деган саволнинг жавобидаги тафсилот каби.

Ал-фатво ал-жузъийя

Фатвонинг бу туридан мурод шуки, бирор фақиҳ муайян бир ҳолат юзасидан берилган саволга умумий фиқҳий қоидалар асосида жавоб беради. Масалан, “Фалончивой оламдан ўтди. Унинг ота-онаси, хотини, бир ўғил вабир қизи қолди. Мерос буларнинг орасида қандай тақсимланади” деган саволга берилган жавоб.

3-Савол:

Фатво бериш билан ҳукм қилишнинг фарқларидан келтиринг.

Жавоб:

Фатво бериш билан ҳукм қилиш орасида бир қанча фарқлар бор:

  • Фатво бу шаръий ҳукмни очиқлашга айтилади. Масалан шу иш жоиз, мустаҳаб, макруҳ, ҳаром дегандек. Фатво беришда фатво сўровчига ҳиссий мажбурият юклатилмайди. Яъни шу фатво тақозосига кўра амал қилишинг шарт деб юклатилмайди. Ҳукм қилишда эса қози тарафдан чиқарилган ҳукм тақозосига кўра амал қилиш маҳкумга мажбуран юклатилади.
  • Фатво бу савол сўровчи тарафдан муфтига тақдим этилган саволнинг жавобини очиқлаш, баён қилиб беришдир. Фатво беришда шу иш воқеликка мувофиқ бўлиши шарт этилмайди. Муфти: “Сўралган масаланинг жавоби бундай бўлади” деб айтиб қўяди холос. Айни шу ишнинг воқеликда топилиши ҳамиятсиз бўлади. Қозининг ҳукмида эса воқелик эътиборга олинади.
  • Фатво вожиб, ҳаром, мубоҳ, мустаҳаб, макруҳ, саҳиҳ, ботил каби ҳукмларда ҳам жорий бўлади. Қозининг ҳукми эса мустаҳаб ва макруҳи танзиҳий ишларда жорий этилмайди. Чунки ҳукм бк мажбурлаш демакдир. Мустаҳаб ва макруҳи танзиҳий ишларда мажбурлаш йўқ.
  • Фатво фақатгина фиқҳий масалаларга чекланиб қолмайди, эътиқодий ва ибодатга тааллуқли ишларда ҳам фатво берилади. Қозининг ҳукми эса ақида ва ибодат ишларида жорий этилмайди.

    Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *