«БРИТАННИКА» ЭНЦИКЛАПЕДИЯСИ ВОҚЕАСИ

encyclop_dia_britannica_bigМуҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ Лондонда китоб дўконига кириб, “Британника” номи билан шуҳрат қозонган “Британия энциклопедияси”ни кўриб қолганини айтиб берганлар (“Инъому-л-Борий”, 6-жилд, б. 128-129).

“Британия энциклопедияси” (Encyclopædia Britannica) илк нашри 1768 йилда Эдинбургда чиқа бошлаган. 1901 йилдан бери Америкада нашр қилинади. Ҳозирда энциклопедиянинг бош қароргоҳи Чикагода жойлашган. Бу вақтгача 65 томдан зиёди нашр қилинди. Унда 4000 нафар олим ва мутахассиснинг қарийб 120 мингдан ортиқ мақолалари ўрин олган. Энциклопедиянинг макро ва микро вариантлари, ҳар хил соҳалар ва одамларга бағишланган турлари ҳам бор. 1994 йилдан эса унинг электрон варианти ҳам чиқа бошлаган, айрим қисмлари дунё тилларига таржима ҳам қилинган, интернетда алоҳида сайти ҳам бор.

Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:

“Мен Лондон аэропортида китоб дўконига кириб, “Британника”га кўзим тушиб, уни олишга қизиқиб қолдим. Дўкон эгаси келиб, “Сиз “Британника”ни олмоқчимисиз? Сизда бу китобнинг қайсидир жилдлари борми?” деб сўради. Мен унинг тўлиқ нусхаларини сотиб олмоқчи эканимни, ўзимда бир қанча жилдлари борлигини айтдим ва буни нимага сўрагани билан қизиқдим. Шунда, дўкондор: “Сизда унинг айрим жилдлари бўлса, биз бу китоб жилдларини тўлдирмоқчи бўлганларга умумий нархидан 50 фоиз арзонлаштириб берамиз”, деди. Мен эса бундан ҳайратга тушиб, “Ўзимда қанча жилд борлиги ҳақида менда ҳужжат йўқ-ку!”, дедим. Дўкондор эса “Ҳечқиси йўқ, биз гапингизга ишондик. Сизга қайси жилдлари кераклигини айтсангиз ва мана бу шартномага қўл қўйиб, виза-картангизнинг номерини берсангиз. Биз виза-картангиздан ўзимиз керакли пулни ечиб олиб, китобни орқангиздан Покистонга жўнатиб юборамиз”, деди.

Табиийки, мен унинг гапларига ишонқирамадим. Уни виза-картамнинг номерини билиб, ундан пул ечиб олмоқчи, деб ҳам ўйладим, китобни юбормасдан мени алдайди ҳам деб ўйладим. Мен хорижда кўп бўлганимда, у ерларда айрим китобларни сотиб олиб юртимга борганимда, юртдошларимиз сотувчилари айнан ўша китобларни жуда арзон баҳоларга сотаётганига гувоҳ бўлганман. Ана шу нарсани баҳона қилиб, “Агар мен юртимга борганимдан сўнг бу китобнинг у ерда арзон сотилаётганини билсам, нима бўлади?!” деб олишга иккиланганимни билдирдим. Дўкондор эса кулиб, “Сиз юртингизга боринг, фалон куни фалон соатда мен сизга телефон қиламан. Ўшангача юртингизнинг китоб дўконларини қараб кўринг, агар шу китобни арзон топсангиз, унда мен сизнинг виза-картангиздан пул ечиб олмайман ва сизга китоб жўнатмайман”, деди.

Мен унга ишонқирамаган бўлсам-да, бироқ, унинг ҳиммати ва инсофи олдида паст кетмаслигим шарт эди. Дарҳол шартномага қўл қўйиб, манзилим ва виза-картам номерларини ёзиб бердим. “Британника”нинг ҳамма жилдлари 50 фоиз арзонлаштирилганда ҳам бу дўконда минг доллар атрофида эди.

Покистонга қайтганимдан сўнг биринчи қилган ишим банкка бориб, дарҳол виза-картамни музлатиб қўйдим, шахсан ўзимнинг ижозатимсиз пул ечилмасин, деб банк ходимларини огоҳлантирдим. Сўнг одамларни жўнатиб, китоб дўконларида “Британника”нинг жилдлари бор-йўқлигини ва қанча туришини билишларини айтдим. Ҳақиқатдан ҳам бу ерда, ўз юртимизда “Британника” арзон эди. У нима учун арзон бўлиши, бизнинг китоб савдогарлари қандай қилиб ундай китобларни арзон олиб келишини билмадим-у, лекин унинг нархи биз Лондонда келишганимиздан кўра анча арзон эди. Кейин мен Лондондаги китоб дўкони эгасининг қўнғироғини кута бошладим. Келишилган чоршанба куни айтилган соатда дўкондор қўнғироқ қилди. Мен бу ерда арзон баҳога китобни топганлигимни айтдим. Дўкондор хурсандлигини яшириб ўтирмади, мени табриклай кетди. У кейин ҳам менинг почтамга “Британника”ни қўлга киритганим билан табриклаб мактуб йўллади ва бошқа китоблар керак бўлса, ҳамкорлик қилиб, хизматга тайёрлигини ҳам билдириб қўйди”.

Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ бу воқеани айтиб берар эканлар, бир нарсага эътиборимизни қаратадилар:

“Бу воқеанинг ҳайратланарли жиҳати, номусулмон бир дўкондорнинг инсофи ва хушмуомалалиги эди. Инсоф ва хушмуомалалик бизнинг аксар мусулмонларда йўқолиб кетди. Савдогарлар қандай қилиб бўлса ҳам, мижозларни алдаб, чув тушириб бўлса ҳам уларнинг пулини олиб қолиш пайида бўлишади. Афсуски, ёлғон-яшиқ гаплар, алдовлар, харидорларни алдашлар бизнинг мусулмонлар орасида одатга кириб қолди. Хитойнинг нарсасини Японияники деб сотишлар, асли бошқа бир фирманинг ёрлиғини ўзи истаган молга ёпиштириб сотишлардан уялмайдиган мусулмон савдогарлар бор. Тарозидан уриб қолиш одатга айланди. Мижозларга нисбатан хушмуомала бўлиш эса унутилди. Юртимиз бозорларининг айрим дўконларида: “Олсанг шу, бўлмаса кет!”, деб ҳайдаб чиқаришларни кўриш мумкин. Аслида, номусулмонлар биз мусулмонлардан кўра инсофли ва адолатли бўлганлари сабабли тараққиётга етишганлар”.

Ҳа, инсоф-диёнатни унутмаслигимиз керак. Инсофли ва адолатли бўлинг!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *