ҲАЗРАТИ УМАР ВА ЧЎПОН ҚИССАСИ

1590128679002a1Ҳазрати Умар Маккага отландилар. Маккага яқинлашганларида бир чўпонни учратдилар ва салом бериб:

-Менга битта қўй керак, сотасанми?-деб сўрадилар.

-Сота олмайман.

-Нега?

-Чунки мен фақат чўпонман, сурувнинг эгаси эмасман.

-Яхшиси, қўйни сотиб, пулини ол. Хўжайинингга бўри еб кетти, дейсан, тамом- вассалом.

— Йўқ, бундай қилолмайман.

-Хўп, фойдали таклиф олдинг, нега қабул қилмаяпсан?

-Раббим мени кўриб, суҳбатимизни эшитиб турибди. Унга нима деб жавоб бераман?

Жавоб Ҳазрати Умарни йиғлатди. Излаганлари айни шу инсон эди. У мард, ҳалол ва дунё учун охиратини сотмаган инсон. Мана Аллоҳга бўлган муҳаббатнинг инсонни олиб чиқадиган даража ва мартаба намунаси.

  • Сен кимнинг чўпонисан? Поданинг эгаси ким?

Ҳазрати Умар пода эгасини билиб олиб, чўпон билан хайрлашдилар. Чўпон эса, икки дақиқа аввал хиёнат қилишни таклиф этган, лекин унинг жавобидан йиғлаб юборган баланд бўйли, сийрак сочли бу одам ортидан Ҳайрат билан тикилиб қолди (Ҳазрати Умар эҳромда бўлганлари учун бошлари очиқ эди). Чўпон у зотни танимади ҳам. Унинг азиз кишилигини фақат нуроний юзи ва самимиятга тўла кўзларидан билган бўлса, бодир. Чўпон ёнида хизматчию қўриқчилари бўлмаган Ҳазрати Умарни таниши ва Амирул мўминин, дея мурожаат қилиши ақл олмайдиган ҳол эди.

Ҳазрати Умар Маккага етиб боргач, пода эгасини чақиртирдилар:

-Ўша чўпонни сотиб олишни истайман.

-Уни сизга ҳадя қиламан, мўминлар амири. Лекин нега уни сотиб олмоқчисиз, шуни билмоқчиман.

Ҳазрати Умар бўлган воқеани айтиб берди. Кейин ҳалиги қулни чақиртиришди. Чўпон қаршисида бир кун аввал учратган одам билан хўжайинини кўриб шошиб қолди.

-Энди амирул мўмининга тегишлисан, менга боғлиқлигинг қолмади.

“Менга йўлда сохтакорликни таклиф қилган шу одам амирул мўмининми?!” деб юборишдан ўзини зўрға тийиб қолди чўпон.

Зотан, унинг гапиришига ҳожат йўқ эди. Ҳазарати Умар:

-Сени Аллоҳ ризоси учун озод қиламан, энди эркинсан,-дедилар.

Чўпон қулоқларига ишонмай қолди. Кеча ўзи Аллоҳ ризоси учун Ҳалоллик қилган эди. Бугун эса, уни Аллоҳ ризоси учун озод қилишяпти. Юзларидан мамнуният ёғилиб:

-Аллоҳ сиздан рози бўлсин, мўминлар амири!-деди.

Аллоҳим барчаларимизни Ўзидан ва бошқаларни ҳаққидан қўрқувчи тақводорлардан қилсин. Жаннатмисол юртимизни обод ва гўзал қилсин. Бу синовли кунларни юртимиздан Ўзи кўтарсин ва беморларимизга шифо берсин. Динмиз ва Давлатимиз ривожи ҳамда обод ва гўзал бўлишида ҳизматда турган барча мутасаддиларни Аллоҳ Ўзи мукофотласин.ОМИН

“Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу” китобидан

Шаробиддин Мусабоев

Андижон шахар “Абу Ҳурайра” жомеъ масжиди имом хатиби

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *