ФАРИШТАЛАРНИ РОМ ЭТГАН САҲОБА

f859d8698cebc01345755c19b2af437bУсайд ибн Хузайр. У хушовоз, ёқимли совт эгаси, нутқи мукаммал ва фасоҳатли эди. Мақсадини қисқа ва лўнда тарзда тўлиқ ифода қила оларди. Тингловчилари орасида унинг ваъзини тушунмаган одам бўлмасди. Унинг тиловат пайтини саҳобалар пойлаб юрарди. Чунки у Қуръонни маҳорат билан, қандай нозил этилган бўлса ўшандай бенуқсон ўқирди.

Аслида унинг қалбига иймон нури ҳам айнан шу Қуръон билан кириб борган эди. Маккадан Мадина аҳлини Исломга даъват этиш учун келган Мусъаб ибн Умайр Авсликлар саййиди Усайд ибн Хузайрга бир неча оятларни ўқиб беради. Мисли йўқ тенгсиз гўзал каломни қалб қулоқлари билан эшитган Усайд шу ондаёқ Ислом кириш ва Қуръонни ўрганишга қасд қилди.

Усайд розияллоҳу анҳу Қуръонга қаттиқ боғланиб қолди. Доим масжидда Қуръон тиловат қилиб ўтирар эди. Айниқса тунда одамлар уйқуга кетганда Усайд Қуръонни яна ҳам завқ-шавқ билан берилиб ўқир эди.

Усайднинг хушовоз билан ўқиган тиловати нафақат ерликларни, балки само аҳлини ҳам маст қилиб қўярди. Уни тинглаш учун фаришталар ҳам бир-бирлари билан мусобақалашиб ерга ошиқардилар. Бир куни тунда ажойиб воқеа содир бўлди. У уйининг орқа тарафида Қуръон ўқирди. Ўғли Яҳё ёнида ухлаб ётарди. Сал нарироқда эса жиҳодга чиққанда минадиган оти боғланган эди. Усайд “Бақара” сурасининг аввалидан эндигина тўрт оят ўқиган ҳам эдики боғланган от безовталаниб қолди. Усайд ҳайрон бўлиб тиловатини тўхтатди. Тиловат тўхташи билан от ҳам тинди. Усайд яна давом этди. От бусафар аввалгидан ҳам безовтароқ бўлди ва ҳатто боғланган ипини узиб юборишига оз қолди. Усайд яна тўхтади. Бу ҳолат бир неча марта такрорланди. От ипини узиб унинг ўғли Яҳёга зиён етказишидан хавсираб уни уйғотмоқчи бўлди ва ўрнидан туриб у томон қадам босди. Худди шу он Усайд самода ажойиб манзарага гувоҳ бўлди. Осмонда гўёки чироқ илинган булутлар бор эди. Улардан нур таралиб турарди. Улар шу қадар кўп эдики осмонни тўлиқ эгаллаб олишган эди. Улар Усайднинг бошидан самога қараб ҳаракатланиб кўздан ғойиб бўлишди.

Эрта тонг. Усайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига чопди. Бориб, тунда кўрганларини сўзлаб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Эй Усайд, улар фаришталар эди. Сенинг тиловатингни тинглаш учун келгандилар. Агар тонггача тиловат қилганингда уларни бошқа одамлар ҳам кўрарди. Ҳеч кимдан яширинмас эдилар…”—деди. Доктор Раъфат Пошонинг “Сувар мин ҳаётис-саҳоба”асари асосида

Файзуллаев ФУРҚАТ

Сирдарё вилоят Сардоба туман «Янги қишлоқ» ж/м

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *