АЛЛОҲНИ ҲАРГИЗ УНУТМАНГ!

3Мўмин ҳеч қачон яратган Раббисини унутмаслиги керак. Аллоҳ ҳар он қалбимизда бўлиши лозим. Банда Аллоҳни доимо ёдида сақласа гуноҳлардан тийилади, яхшиликка мойил бўлади. Дунёсидан охиратини аъло баҳолайди. Нафсига, шайтонга эргашмайди, Аллоҳни рози қиладиган, охиратида асқотадиган амалларга одатланади. Қисқа қилиб айтганда Аллоҳни доимо ёдда сақлаш маънан етукликнинг кафолатидир.

Салафи-солиҳларнинг доимий одатларидан бири: улар ҳар бир мажлисда албатта Аллоҳни ёдга олар, Расулуллоҳга саловат айтар эдилар. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қайсики жамоа мажлисларида Аллоҳни ёдга олмаса ва Пайғамбарларига саловат йўллашмаса, қиёмат куни шу ишлари туфайли албатта етишмовчиликка мубтало бўлишади…”—деган ҳадисларини (Имом Аҳмад 2/453) яхши билар эдилар.

Тобеинларнинг энг улуғларидан Ҳасан ал-Басрий айтади: Аллоҳ таоло бизга енгиллик берган. У Қуръонда:

 فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُواْ لِي وَلاَ تَكْفُرُونِ

Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз. (Бақара сураси 152).—деган. Биз қаерда бўлса ҳам Аллоҳни ёдга олишимиз мумкин. Аллоҳнинг зикри учун махсус жой тайин этилмади. Агар шундай қилинганида бандаларга айнан ўша ерга бориб зикр қилиш вожиб бўларди. Ҳарчанд узоқ ва машаққатли йўл босиб бўлса ҳам, Аллоҳ белгилаб берган жойга бориб Уни ёдга олишимиз керак бўларди. Шундай экан, Раббимизнинг неъматини қадрига етайлик ва уни асло унутмайлик.

Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳ ҳаммажлисларига: “Мен билан ўтирмоқчи, суҳбат қурмоқчи бўлсаларинг Аллоҳни унутмасликни шарт қўяман”—дер эканлар.

Иброҳим ибн Адҳамнинг шу одати бугунги уммат учун ҳам керак. Турли чойхоналарда, зиёфатларда ўтирар эканмиз дунё ва унинг ашқол-дашқолларига ботиб қолмасдан, Аллоҳни кўпроқ эсласак, эслатсак ҳаммамиз учун фойдали бўлади.

Довуд Тоий айтган экан: дунёдаги ҳар бир жон сўнгги дамида танасини қаттиқ ташналик билан тарк этади. Лекин, Аллоҳни кўп зикр қилган зокирлар ундай эмас!

Вуҳайб ибн Вард эса: одамлар орасида Аллоҳга энг яқини ҳар бир мажлисни Аллоҳнинг зикри билан очишга одат қилганлардир!—деган.

Ато Сулламий айтар экан: Гуноҳга қўл урган осий банда Аллоҳни ёдга олишда гуноҳидан тийилиб, пушаймон бўлсин. Акс ҳолда зикрининг фойдаси бўлмайди. Чунки қалбида Аллоҳни ёд этиб туриб уятмасдан гуноҳ қилувчи кишига Аллоҳнинг раҳмати эмас, лаънати бўлади!

Элмурод ҚЎЗИЕВ

Андижон Тумани “Холдарбой Хожи” жоме масжид имоми

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *