МУСУЛМОННИНГ ОБРЎСИ

odinochestvo444

Кишининг шахсияти, оила аъзолари, насаби, мансабига таъна етказиб қилинган ҳар бир бадном қилувчи сўз ё ҳаракат унинг обрўсини тўкиш ҳисобланади. Афсуски хозирги кунда бу каби маънавий иллатга гирифтор бўлганларнинг чеки йўқ. Оддий халқ у ёқда турсин, туппа-тузук зиёли илмлилар ҳам бир-бирини обрўсини тўкиб, ортидан бадном қилишни касб қилиб олганлари кузатилмоқда. Шариатда мустаҳаб ё зоида суннат даражасидаги амалларда ихтилофга бориб, бир-бирларини “адашган ваҳҳобий, фалоний пистоний” каби бузуқ тоифаларга нисбат бериб юрганлар йўқ эмас. Аллоҳ инсоф берсин!

Исломда ҳар бир мусулмон шахснинг обрўси шариат қонуни билан ҳимояланган бўлиб, унга дахл қилиш ҳаром қилинган маънавий жиноятлардан биридир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажида юз мингдан зиёд саҳобалар олдида ваъз қилар экан, жумладан шундай деган эдилар:

إن دماءكم و اموالكم و اعراضكم حرام عليكم كحرمة يومكم هذا في شهركم هذا في بلدكم هذا ألا هل بلغت؟

Албатта, бир-бирингизнинг қонингиз, молингиз, обрўйингизга дахл қилмоқ худди шу бугун (қурбон ҳайити куни назарда тутилган) шу ойда шу шаҳар (Макка)да (бошқа жиноятлар қилиш ҳаром бўлгани каби) ҳаромдир! Огоҳ бўлинглар, етказдимми?!

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам деган эканлар:

كل المسلم على المسلم حرام دمه و ماله و عرضه

Ҳар бир мусулмонга бошқа мусулмоннинг қонини тўкиш, молини беизн олиш ва обрўсини тўкиш ҳаромдир! (Имом Муслим, имом Аҳмад ва Байҳақий).

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳума бир куни каъбага қараб деди:

ما اعظمك و اعظم حرمتك و المؤمن اعظم حرمة منك

Сен қандаям буюксан! Ҳурматинг нақадар улуғ! Ва лекин бир мўмин сендан кўра ҳурматлироқдир! (Термизий, ибн Ҳиббон ва Бағавий).

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

المسلم من سلم المسلمون من لسانه و يده

Мусулмон у шундай кишики, бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан етадиган озорлардан саломат бўлишади! (Муслим ва Ибн Ҳиббон).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши деди: бир киши айтди:

يا رسول الله إن فلانة يذكر من كثرة صلاتها و صيامها و صدقتها غير انها تؤذي جيرانها بلسانها

قال هى فى النار

قال إن فلانة يذكر من قلة صيامها و صدقتها و صلاتها و انها تصدق بالأثور من الإقط و لا تؤذى جيرانها بلسانها

قال هى فى الجنة

  • Эй Аллоҳнинг Расули, фалончи аёл айтишларича намоз, рўза ва садақаларни жуда кўп қиларкан-у лекин қўшниларига тили билан озор бераркан? Расулуллоҳ: “у жаҳаннамда”—дедилар.
  • Ҳалиги киши яна деди: Фалончи аёл эса, одамларнинг айтишича намоз, садақа ва рўзани кам қиларкан, ҳатто садақада арзимаган пишлоқ кесимларини бераркан-у ва лекин қўшниларига тили билан озор бермаскан?
  • Расулуллоҳ: “у жаннатда”—дедилар. (Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон).

Азиз ўқувчи, мана шу ҳадисни ўзида олам-олам сабоқ бор. Замонамизда шундай инсонлар борки, салла-чопонни қойиллатиб кийишади. Намоз рўзаларни ҳам ҳавас қилгудек адо этишади. Аммо қаерга борса албатта кимнингдир обрўсини тўкишдан бошқа мавзуга ўтишмайди. Уларни кўрганингизда дарров ҳаёлингизга хозир қайсидир бир аҳли илмни чайнайди деб кутиб турар даражага боришган. Аллоҳ ўшандайларга алданиб, фитналаниб қолишдан асрасин. Киши ҳар қанча ибодат қилсин, агар бировнинг обрўсини тўкиб, ортидан турли ғийбат ва бўҳтонлар ёйиб юрса демак унинг борар жойи дўзах бўларкан. Кундалик фарзларини вақтида адо этиб, нафлларга вақт ажрата олмасада, бировларга озор бермаганлар эса жаннатда бўларкан. Аллоҳ тало барчамизни бир-биримизга нисбатан ҳурматли бўлишимизни насиб этсин!

Андижон туман “Довудхон тўра” жоме масжид имом хатиби

Мадраҳимов Абдуваҳҳоб

Ботиржон қори таҳрир қилди

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *