Қалб офатлари (4-қисм)

Lotin alifbosida

Имом Биргивийнинг “Тариқат ул-муҳаммадия” асаридаги “қалб офатлари” бобидан


qalb-ofatlari4Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта, Аллоҳ сизларнинг гавдангиз ва қиёфангизга эмас балки, қалбингизга боқади». (Имом Муслим).

41) ҲУББУЛ-ФАСАҚА

Қалб ҳасталикларининг навбатдагиси ҳуббул-фасақа яъни, фосиқларни яхши кўриш, уларга мойиллик билдириш, улар билан яқин дўстона муносабат ўрнатишдир.

Фосиқ деб Аллоҳ таолонинг амридан юз ўгирган катта гуноҳ эгаларига айтилади. Уларнинг уч хил даражаси бор:

1- тағобий. Яъни, ўзи хушламаган ҳолда аҳён-аҳёнда гуноҳи кабирага қўл урувчилар;

2- инҳимок. Яъни, гуноҳнинг шаръан ман этилганига парво ҳам қилмасдан, унга одатланиб кетганлар;

3- жуҳуд. Яъни, гуноҳ амални тўғри деб эътиқод қилувчи, унинг ҳаромлигини инкор этувчилар.

Аввалги ики ҳолатда киши фосиқ мўмин дейилади. Учинчи ҳолатга тушган фосиқлар эса иймонидан ҳам ажраб қолиш эҳтимоли бор.

Барира розияллоҳу анҳо бу ҳақда жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини ривоят қилган:

Мунофиқни  “саййид” деманглар. Чунки у (сизнинг тасаввурингизда)  саййид бўлса, бас, Аллоҳнинг ғазабини келтирган бўласиз” (Термизий).

Аллоҳ хорлаб қўйганларга эҳтиром кўрсатиш, уларга таъзим қилиш, уларни улуғлаш, яхши кўриш Аллоҳнинг ғазабини келтиришида шубҳа йўқ. Шундай экан мўмин-мусулмон банда Аллоҳнинг амрига зид амал қлувчиларни севмаслиги, уларга қалбан мойил бўлмаслиги лозим.

42) БУҒЗУЛ-УЛАМО

Мўмин қалбини емирувчи навбатдаги иллат бу шариат олимларини ёмон кўриш, уларга нафрат қилиш, уларнинг устидан кулиш, турли жирканч лақаблар қўйишдир.

Қимматли умрини дарс бериш, китоб ёзиш, фатво бериш, зиё тарқатиш, жамият ислоҳоти йўлида насиҳат, ваъз айтиш каби хайрли ишларга сарфлаган уламолар ҳар қанча ҳурмат-эҳтиромга муносибдирлар.

Бу иллатнинг зидди олимларни Худо йўлида севиш, уларга муҳаббатли бўлишдир. Аҳли илмларни яхши кўриш шаръан мақтовга лойиқ гўзал хулқлардан бўлиб, қиёматда шафотига ноил бўлишга сабабчи бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳнинг хузурига мен танимаган бир киши келиб сўради: “Эй Расулуллоҳ, бир қавмни яхши кўриб уларга қўшила олмаган (яъни улар қилган амални қила олмаган) одам ҳақида нима дейсиз?” Расулуллоҳ дедилар: “Киши севгани билан биргадир” (Бухорий ва Муслим).

Оиша розияллоҳу анҳо онамиз қуйидагича ривоят қилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Ширк қоронғу тунда, қоратош устидаги чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир. Унинг энг қуйи даражаси золимнинг зулмига кўра яхши кўриш ва одилнинг адолатига кўра ёқтирмасликдир. Дин бу Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ғазаб қилишдир” (Ҳоким).

Мингларча таассуфки, бугунги кунда шу иллатга гирифтор бўлган ҳасталар жуда кўпайиб кетди. Ўшандай қалби мажруҳ нокаслар Ватан, миллат, дин, уммат ғамида жидди-жаҳд билан хизмат қилаётган уламоларимизни ёмон кўришади. Буларнинг қора қалбидаги иллат ўзлари қолиб бошқаларга ҳам салбий таъсирини ўтказмай қолмайди. У фитначилар худди асри саодатдаги мунофиқларга ўхшайди. Уламоларимизга турлича лақаблар қўйишиб, устидан кулиб юришади. Агар бирор олим Ватан қайғусида ваъз билан чиқса, унга “маддоҳ домла”, “сарой мулласи”, “қулоқ” каби жирканч лақаблар қўйишади. Булар худди асри саодатда Расулуллоҳга озор беришни ўзларига шарафли касб қилиб олган яҳудийларнинг услубий давомчиларидир. Уларга Аллоҳ бас келмаса бандаси бас келолмайди. Бу бечоралар агар тавба қилишмаса қиёмат куни ўша яҳудийлар сафида бўлишади.

43) АЛЛОҲГА ЖУРЪАТ ҚИЛИШ

Қалб касалликларининг яна бири Аллоҳ таолога қарши журъатли бўлишдир. Аллоҳнинг ғазаби, жазосидан қўрқмасдан, унга қарши чиқувчи безбетларга турли гуноҳи кабира соҳибларини, ҳар хил оқимларга асос солган ва унга эргашган бидъатчиларни, Аллоҳнинг оятларини ўз бузуқ мафкураларига мослаб талқин қилувчи залолатга кетганларни мисол қилиш мумкин.

Бу иллатнинг зидди хавф яъни, Аллоҳдан қўрқишдир. Мўмин ўз гуноҳларини унутмасдан, унга берилиши мумкин бўлган жазоларни эслаб туриши, Аллоҳнинг иқобига бардош бера олмаслигини ҳис этиши натижасида унинг қалбида хавф пайдо бўлади. Қалбида хавфи бўлган мўмин ўз-ўзидан гуноҳлардан тийилади, дили ва тили биргаликда истиғфор ва тавба ила банд бўлади. Бошқаларни айбини ковлаштириш билан мутлақо иши бўлмай қолади. Бу каби ҳолатга эришининг ўзи катта бахт бўлиб, сўфийлар наздида бу мақом илми ладуний деб баҳоланади. Убудийят—асл бандалик, Аллоҳга қуллик мақоми ҳам шудир. Бу мақом соҳиблари ўзларини ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳнинг қули эканликларини асло унутишмайди. Ўзларидан кетишмайди. Шунинг учун ҳам убудият мақоми ибодатдан кўра авлодир, дейилган. Убудият мақомига эришган бандалар ўзларини барча махлуқот олдида мутлақ ҳур деб ҳис этишади. Улар Аллоҳдан ўзгаларга қуллик қилишмайди. Ҳамиша ҳақталаб бўлишади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таолодан ривоят қилиб айтган ушбу ҳадисини келтиради:

Аллоҳ таоло айтган: Иззатим ва улуғлигимга қасам, бир бандамда икки хавф ва икки эминликни жам қилмайман. Дунёда мендан қўрққанларни қиёмат куни (азобимдан) эмин-эркин қиламан. Дунёда (менинг азобимдан ўзларини ) эмин-эркин ҳис қилганларни эса қиёмат куни қўрқувга соламан” (Ибн Ҳиббон).

44) ЙАЪС

Қирқ тўртинчи қалб иллати йаъс яъни, Аллоҳнинг раҳматидан умид қилмаслик. Мўмин Аллоҳ таолодан умидини узмаслиги, ҳамиша Унинг фазли марҳаматидан умидвор бўлиши лозим. Шу билан бирга олдинги ўтган гуноҳларга тавба-тазарру қилиб, солиҳ амалларда ҳам давомийликни қолдирмаслик керак.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, ул зот айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмас даражада кенг қамровли катта мағфират (эълон) қиладики,  ҳатто Шайтон ҳам умидвор бўлиб бўйнини чўзади ”. (Ибн Абу Дунё).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман, Ул зот айтардилар: “Аллоҳ таоло ўз раҳматини юз қисмга тақсимлади. Ундан тўқсон тўққизтасини ўзида қолдириб, ер юзига бир қисмини туширди. Ер юзидаги жамики мавжудотлар ўша бир қисмдан бир-бирларига раҳм қилади. Ҳатто чорполар боласини босиб олмаслик учун туёғини кўтарадилар” (Бухорий ва Муслим).

Аллоҳнинг раҳмати кенг экан деб, амалда дангасалик қилиб, қуруқ умид қилиб юриш ҳам ярамайди. Аксинча, юқорида айтилганидек мўмин яхши амалларга жиддий аҳамиятли бўлиши ва шунинг қаторида Аллоҳнинг раҳматидан умидли бўлиши даркор. Имом Кархий раҳматуллоҳи алайҳ айтишларича, амалсиз жаннатни умид қилиш гуноҳ, сабабасиз шафоатдан умидвор бўлиш ғурур, Аллоҳга итоат этмасдан унинг раҳматидан умид қилиш эса жоҳиллик ва аҳмоқликдир.

45) ДУНЁ ОРТИДАН МАҲЗУН БЎЛИШ

Қалб ҳасталикларининг навбатдагиси қўлдан кетган бойликка ачиниш, ортидан куюниб маҳзун бўлишдир. Бу ҳолат нега қораланади, чунки у Аллоҳнинг қазосига норозилик аломатидир. Камолот ва салоҳиятни мақсад қилган мўмин банда қўлдан кетган мол учун асло ачинмаслиги керак.Бойликни бергувчи ҳам, олгувчи ҳам Аллоҳнинг ўзи эканини ҳамиша ёдда тутмоғи доркор.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринли, йўқотилган бойликка ғамнок бўлиш ҳолати кишини сабр мақомидан жазава, жиззакилик ҳолатига олиб чиқса, шунингдек, қўлга киритилган ютуқ туфайли шодланиш ҳолати кишини шукр ҳолатидан кибр ва туғёнга олиб чиқса бу шодлик ва ғамноклик гуноҳи кабиралардан бўлиб ҳукми ҳаромдир. Агар ўз ҳолларида қолса ҳаром эмас балки, танзиҳан макруҳдир. Лекин камолот шуки дунё келганда ҳам кетганда ҳам банда ўзини бир хил тутсин. Нафсини тарбиялаб шу ҳолатга келтира олганларнинг ҳолига таслим, тафвиз мақоми дейилади ва бу жуда ҳам улуғ мақомдир.

46) ДУНЁ ИШИ ТУФАЙЛИ ХАВФ

Иймонни заифлаштирувчи иллатлардан яна бири дунёвий муаммоларга гирифтор бўлиб қолишдан қўрқиб, ваҳимада яшамоқ. Бу иллат юқоридаги маҳзунлик иллатидан фарқлидир. Чунки юқорида мозийда қолиб кетган мусибат туфайли оҳ-воҳ чекиш ҳақида гап кетган. Бу ерда эса ҳали содир бўлмаган муаммолар ҳақида олдиндан ташвишланиш, хавфсираш ҳақида гап боради.

Киши келажакда қашшоқ бўлиб қолишидан, ё касалга чалинишидан ва ё шулар каби бошқа муаммоларга дуч келишидан қўрқиб, ўзини нохуш ҳис қилиши, вас-васага бориб, ваҳимада қолиш ҳолатлари мумкин.

Агар фақирликдан қўрқиб яшаса бу бошқаларига нисбатан кўпроқ мазаммат қилинади. Негаки, фақирлик пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бошқа кўплаб пайғамбарлар, солиҳ авлиёларнинг ҳоли эди. Аслида фақирлик Аллоҳнинг неъмати ва саодат белгисидир.

Агар ҳали тану-жони соғлом туриб бемор бўлиб қолишдан қўрқиб ташвишга тушса, бунга икки нарса сабаб бўлиши мумкин:

1. одатий ибодатларни тўла-тўкис адо эта олмаслик хавфи туфайли ташвишланиши;

2. беморлик аламига чидай олмаслик хавфи туфайли ташвишланиш.

Биринчи ҳолат бўйича ташвишланиш жоҳилликдан бўлади. Чунки хабарларда айтилишича, беморга соғлик ҳолатидаги каби, балки ундан зиёдроқ савоблар ёзилади. Ширъатул-ислом китобида келтирилган ҳадисга кўра, қиёмат куни офият аҳли бало аҳлига берилган савобу-мукофотларни кўриб, қани энди дунёда баданларимиз қайчилар билан нимталаб ташланган бўлса… деб ҳавасманд бўлишар экан. Демак, банда ҳали бемор бўлмай туриб ташвишланиш ўрнига, ҳатто касалга чалинган ҳолда ҳам сабр-бардошли бўлиши ва ҳолига шукр қилиши лозим.

Иккинчи ҳолат бўйича ташвишга тушганлар эса Аллоҳ таолодан офият, соғлик-саломатлик сўраши даркор.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ибораларни ҳеч қачон тарк қилмаган, кундузи ҳам, кечқурун ҳам доимо такрорлаб юрардилар:

Эй Аллоҳ, сендан дунё ва охират офиятини тилайман. Эй Аллоҳ, сендан гуноҳларимини афу этишинг ва диним, дунёйим, аҳлим ва молимда офият беришингни сўрайман. Эй Аллоҳ, ҳамиша авратларимни (хатоларим, камчиликларим, бошқаларга ошкор қилишга уятли  нарсаларимни) яширгин. Эй Аллоҳ, қўрқинчли нарсалардан омон қилгин. Эй Аллоҳ, мени олдимдан, ортимдан, ўнг, чап тарафимдан ва юқоридан келадиган фитна ва балолардан муҳофаза қилгин. Азаматинг ила остимдан ҳалок бўлишдан паноҳ тилайман” (Абу Довуд).

Ҳали дуч келмаган муаммолар ҳақида олдиндан ташвиш қилиш бу Аллоҳ таоло ҳақида бадгумон бўлиш билан баробардир. Ва ҳолбуки кўплаб ҳадисларда Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумон қилишга амр этилганмиз. Комил мўмин ҳамиша Аллоҳнинг ҳукмига таслим бўлиб, розилик мақомида бўлади. Аллоҳ таоло бандасига нимани раво кўрса шунга бажонудил рози бўлади ва шукр қилади. Шубҳа йўқки банданинг тақдирига нима битилган бўлса, у албатта воқеликка чиқади. Шундай экан ҳали учрамаган бало ҳақида олдиндан ташвиш қилиб, Аллоҳдан бадгумон бўлиб, норозилик изҳор этиш ўта ноқисликдир.

47) ФИРИБГАРЛИК

Қалб ҳасталикларининг навбатдагиси фирибгарликдир. Инсонга ёмонликни раво кўриш, алдоқчилик, фирибгарлик уламолар иттифоқи ила ҳаромдир.

Абдуллоҳ ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу икковлари ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Кимки бизга фирибгарлик қилса, бас, у биздан эмасдир!” (Муслим).

Ушбу ҳадиси шариф нима сабабдан айтилган эди? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кун бозорда бир ғарам егулик олдидан ўтиб қолдилар, ғарам Ул зотнинг эътиборларини тортиб, унинг ичига қўлларини солиб кўрдилар. Қараса унинг ичи нам экан. Шунда Расулуллоҳ: “бу нимаси?!”—дедилар. Сотувчи: Эй Расулуллоҳ ёмғирда қолиб кетган эди—деб жавоб қилди. Шунда Расулуллоҳ: “ундай бўлса ўша нам ерини ташқарига чиқариб қўймапсанда, токи одамлар айбини билишлари учун”—дедилар ва шундан кейин юқоридаги ҳадисни айтган эдилар.

Мўмин сотаётган молининг айбини айтиб сотиши, ҳаридорни алдамаслиги, савдо ишида фирибгарлик қилмаслиги вожиб бўлади. Савдо ишида сотувчи ҳам олувчи ҳам тўғрисўз бўлса савдолари баракали бўлади. Мабодо бирортаси алдов ва фириб йўлига ўтса, орадан барака қочади.

Алдов, фириб нафақат савдо-сотиқ балки, ижара, никоҳ ва барча муомала турларида ҳам бирдек ҳаромдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Рсулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, банда ўзи учун раво кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди” (бухорий ва Муслим).

Киши ниманики ўзи учун раво билса бошқаларни ҳам шунга лойиқ кўриши керак. шундагини камолот ҳосил қилади. Фақат ўзини ўйлаб, бошқаларни алдаб юрувчи худбинларнинг иймони юқоридаги ҳадисга кўра мукаммал бўлмайди.

48) ФИТНАЧИЛИК

Қалб ҳасталикларидан кейингиси фитначиликдир. Фитна деб одамларни изтироб, ихтилоф, машаққат ва балога гирифтор қилишга айтилади. Масалан халқни боғийликка ташвиқ қилиш, подшога қарши чиқишга тарғиб қилиш, ваъз айтишда тингловчиларнинг савиясини ҳисобга олмасдан, тушунмовчилик келтириб чиқарувчи мураккаб тилда гапириш каби ҳолатлар фитнага мисол бўлади. Шунингдек, китоб мутолаа қилишда эҳтиётсизлик қилиб, тушуниб-тушунмасдан  оммага нотўғри тушунча бериш ҳам фитна дейилади. Ёки унинг гапи туфайли одамлар бажариб турган ибодатларини тарк этадиган бўлса, шу каби гаплар ҳам фитна бўлади. Масалан тажвид билан қироат қилишга мутлақо қодир бўлмаган аҳоли орасида “тажвидсиз қироат билан ўқилган намоз намоз эмас” деб айтса ва унинг ортидан шу жамоа намоз ўқишимиздан фойда йўқ экан, деб тарки ибодат қилишса, бу ҳам катта фитна бўлади. Зеро, мутлақо намоз ўқимагандан кўра, тажвидсиз бўлсада қироат қилиб ўқишлик авлодир. Ҳар бир мақомнинг ўз мақоли, ва ҳар бир майдоннинг ўз рижоллари бор. Уламолар айтишган: “кимки ўз даври урф-одатларини билмаса, бас, у жоҳилдир!”. Шундай экан, мўмин омма олдидаги чиқишларида эҳтиёткор бўлса, гапираётган гапларини ўйлаб гапирса фитнадан ҳоли бўлади.

Амри маъруф, наҳий мункар қилиш ҳам юқоридаги қабилдадир. Бу икки амал гарчи қирқ фарздан бўлса-да ўз ўрнини топиб қилинса мақсадга мувофиқ бўлади. Тўғри келган жойда амри маъруф, наҳий мункар қилиб кетавермаслик керак. Одамларнинг ҳолини, савиясини ҳисобга олиш шарт. Акс ҳолда мункарни ортишига сабаб бўлади, мухотобни таассубга батарроқ берилишига омил бўлади, ундан ташқари ўзининг бошига ҳам бало орттириб олиши мумкин. Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтган эканлар: “Кимки биродарига омма олдида ошкора насиҳат қилса, бас уни айблабди. Агар ёлғиз ўзига гапирса, бас уни тузатибди”.

Фитначиликнинг ёмонлигини исботлашда Аллоҳ таолонинг ушбу ояти етарли далил бўлади

“Фитна қатл этишдан ёмонроқдир” (Бақара сураси/ 191).

Шеър:

Майли, бу дунёни тарк этсанггу бот

Изингни изиллаб изламасинлар

Дўстим, энг муҳими, келажак авлод

Сени фитначи деб эсламасинлар! (Х. Ҳамидов).

49) ЛОҚАЙДЛИК

Қалб офатларидан навбатдагиси дин ишларида лоқайд, бепарволикдир. Бу амалнинг ҳукми ҳам ҳаромдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда шундай ҳадис бор: “ҳақиқатни гапирмасдан сукут сақловчи соқов шайтондир!”. Мўмин тиришқоқ, дин ишида масъулиятни ҳис этувчи, ғайратли бўлиши керак лоқайдлик, сусткашлик каби ноқислик белгиси бўлган сифатлардан хазир бўлиши лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зар розияллоҳу анҳуга қуйидагича насиҳат қилганлар: “Агарча аччиқ бўлса-да ҳақиқатни гапиргин!”. Тингловчига оғир ботсада, унинг айбини оммага ошкор қилмасдан ёлғиз ўзига танбеҳ бериб айбини айтиб, тузатишга тарғиб этиш керак. Менга нима, ўзига ўзи жавоб беради—деб лоқайдлик қилиш мўминга яарашмайди. Жамият лоқайдлик билан баттар таназзулга тушади. Маломатчиларнинг маломатидан қўрқмасдан жамият ислоҳотига бел боғлаганлар қиёматда зафар топади.

Лекин, ўзи ва ё бошқалардан зарарни даф қилиш учун сукут қилган бўлса, бунинг ҳукми муросаи-мадоро қабилида бўлиб жоиздир. Балки, баъзи ўринларда ҳатто мустаҳаблик даражасига ҳам кўтарилади. Ҳукамолар айтишар экан: “Ким ота-онасига осий бўлса, фарзандидан яхшилик кўрмайди. Ким бемаслаҳат иш қилса, мақсадига етмайди. Ким аҳли билан муросаи-мадоро қила олмаса яшаш тарзидан ҳаловат йўқолади”.

50) УНС

Қалб ҳасталикларидан кейингиси унс яъни, одамларга, ё бирон нарсага қаттиқ ўрганиб қолиш, ундан ажраб қолганда даҳшатга тушиб қолгудек даражада боғланиб қолишдир. Охират йўлида юрган солик дунё матоларидан бирор нарсага боғланиб қолиши ярамайди. Охират ҳаёти дунё матоларидан кўра хайрлидир. Шундай экан мўмин банда Аллоҳнинг зикрига, тоат-ибодатга одатланиши, қаттиқ боғланиб қолиши керак. қачонки ибодатдан узилиб қолса шунда ўзини нохуш сезиши, даҳшатга тушиши лойиқроқ бўлади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилди, Ул зоти шариф айтдилар:

Ҳар бир инсоннинг учта дўсти бўлади. Биринчи дўсти: берганинг ўзингники, ушлаб қолганинг бошқаларники—дейди. Бу инсоннинг мол-дунёсидир. Иккинчи дўсти: мен доим сиз биланман. Қачонки қабрга борсангиз сиздан ажрайман—дейди. Бу унинг аҳли-оиласидир. Учинчи дўсти—мен сен билан ҳамиша биргаман. Бу дунёда ҳам, қабрда ҳам биргаман—дейди. Бу унинг хайрли амалларидир”. (Суютий).

Давоми бор…

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *