Ислом — ночорларга суянчиқ дин!

10620262_1712191909038058_1385493342050039639_o

Жамоатчилик орасида адо этиладиган намоз, ҳаж ва шулар каби бошқа ибодатлар Исломнинг кўчма маънода қобиғи бўлса, етим-есир, мискин, фақир, ногирону ночорларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш мусулмончиликнинг асли ва мағзини акс эттиради.

Ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидагича дуо қилгани саҳиҳ санадлар ила ривоят қилинган:

اللهم أحيني مسكينا، وأمتنى مسكينا، و احشرني في زمرة المساكين

Эй Аллоҳ, мискин ҳолимда ҳаёт бер! Мискин ҳолимда жонимни ол! Ҳашр куни мискинлар гуруҳида тирилтир!” (Ибн Можа/41266).

Инсониятнинг афзали бўлмиш Ҳабибимизнинг бу дуолари, мискину ночорларни севганидан, уларга суянчиқлик шарафини билганидан, қадрига етганидан эди.

Ул зоти шариф ночорлар олдида ҳамиша камтарона бўлганлар. Қачонки ночорлар орасида ўтирса ёнма-ён ўтирган мискин тиззаларига ўзларининг муборак тиззаларини теккизиб яқин ўтирар, ҳеч улардан жирканмас, ўзини олий тутмас эдилар. Ва доимо таъкидлаб:

إنما انا عبد اجلس كما يجلس العبد

“Мен қулман, қуллардек ўтираман!”—дер эдилар.

Собиқ пайғамбарлардан Сулаймон алайҳиссалом подшоҳи олам бўлишига қарамасдан, масжидга кирганда доим мискинлар сафидан жой олиб: “мискин мискинлар орасида ўтиради”—дер экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари ҳам, Пайғамбаримиз каби ҳастақалб ночору ногиронларни севар, уларнинг дилларига сурур киргизишга ҳарис бўлганлар. Уларнинг дилини оғритиш, ранжитиб қўйишдан қаттиқ эҳтиёт бўлар эканлар.

Ривоят қилинишича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу “Аҳли суффа” саҳобалардан бир иш туфайли ранжиб, уларга қаттиқроқ тегади. Бу ишдан хабардор бўлган Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ҳой Абу Бакр, агар суффа аҳлига ғазаб қилсангиз, Раббингизга ғазаб қилгандек бўласиз”—деб танбеҳ берадилар. Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу дарҳол бориб уларнинг кўнглини олади ва кечирим сўрайди. Суффа аҳли эса: “Эй Абу Бакр бизни хижолат қилманг, Аллоҳ сизни мағфират айласин!”—дейдилар. (Имом Муслим/2504).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтган эканлар: “Пайғамбарларни қўллаб қуввватлаганлар ҳар доим мискинлар, фақирлар ночорлар бўлган. Бой ва мутакаббирлар Аллоҳнинг элчиларини қўллаган эмас”.

Маймун ибн Меҳрон раҳматуллоҳи алайҳ қачонки бирор валимага борса, мискинлар орасига ўтириб олар ва улар билан бир идишдан таомланар эканлар.

Ҳа азизлар, пайғамбарлар ҳам, уларнинг асҳоблари ҳам,  тобеину табаъа тобеинлардан иборат салафи солиҳларимиз ҳам доим кўнгли ярим ночорлар, дили ҳаста ночору ногиронлар билан бирга бўлишни афзал билган. Салафларимиз бой-бадавлатларга яқин бўлишдан имкон қадар узоқ бўлишар эди. Уларнинг бу феъллари бойларни менсимаганлиги ё ҳақир санаганлигидан эмас, балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга мутобаат юзасидан эди.

Демак, дили ўксик фақир камбағалларга, ночору ногиронларга ёрдам қўлини чўзиш, улар билан бирга ўтириш ва дўстона муносабат ўрнатиш, керак бўлганда уларга суянчиқ бўлиш, тўй ва маъракаларида хизматда қоим туриш, қатнашиш булар—ислом ва мусулмончиликнинг руҳияти, мағзи экан. Аллоҳ таоло барчамизни шундай гўзал фазилатлар билан зийнатланишимизни насиб этсин!

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид имоми Ш. Мусабоев

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *