Ислом — раҳм-шафқат дини

8456451_1455025609.377

Мусулмончиликнинг асл мазмун моҳияти Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Ул зотга яқин бахтли замонларда яшаб ўтган солиҳ слафларимизнинг хулқ одобларида, ўзаро муносабатларида тўлиқ аксини топган. Салафларимиз қалбида заррача иймони бор қибладош мусулмон биродарларига нисбатан ўта раҳмдил, илтифотли, меҳр-шафқатли ва аҳилликда умматга ўрнак бўлганлар.

Инсонийлик, одамгарчилик, меҳр-мурувват каби гўзал хулқ атворлардан йироқлашиб кетган бугунги кунимизда салафи солиҳларимиз тарихига бироз назар солиб, ундан ўзимизга тегишли хулосалар чиқарсак, кўп ва хўб ислоҳотлар амалга ошган бўларди.

Имом Шаъроний раҳматуллоҳи алайҳнинг “Танбеҳ ул-муғтаррин” асарига кўра, салафи солиҳларимиз Расулуллоҳга уммат ҳисобланган ҳар бир мусулмон, хоҳ у солиҳ обид бўлсин ё осий бўлсин, бундан қатъий назар уларнинг қалбидаги иймон неъматини қадрлар эдилар. Бировнинг жони ва молига қасд қилиб, моддий зарар келтириш ёки бир мусулмонни ортидан иғво ва ғийбат ила обрўсини тўкиб, маънавий зарар етказиш у ёқда турсин, ҳатто бошқа бир мусулмоннинг улар сабабли гуноҳкор бўлиб қолишларидан ҳам қаттиқ эҳтиёт бўлар эканлар.

Абу Абдуллоҳ Антокий раҳматулоҳи алайҳ: “Агар одамлар сен туфайли гуноҳкор бўлиб қолиш эҳтимоли бўлса, сен раҳм-шафқат юзасидан улардан нарироқ юргин, илло намоз вақтидагина жамоатга қўшилгин”,—деб насиҳат қилар экан.

Абу Абдуллоҳ Мағорибий раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Осийларга раҳмат назари билан боқмаганлар бизнинг йўлдан чиқибди”,—деганлар.

Маъруф ал-Кархий раҳматуллоҳи алайҳ осий инсонга кўзи тушса, унга Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қилар ва у бандага Аллоҳнинг раҳми келишини умид қилар экан. У киши ўз шогирдларига шундай таълим берар эканлар: “Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни инсониятни жаҳаннам йўлидан қутқариб Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлишлари учун элчи этиб юборган. Малъун Шайтон эса мусулмонларни бадном ва шарманда қилиш учун келган”.

Демак, инсониятни жаҳолат ва разолатдан қутулишни чин дилдан ситамоқ бу—Пайғамабаримизнинг хусусиятларидан. Бир мусулмонни айбини очиб, шармисор қилиш, мусулмон душманининг бошига кулфат тушганда шодланиш эса шайтоннинг иши экан.

Бир куни Маъруф ал-Кархий раҳматуллоҳи алайҳ дарё бўйида кетаётса, қўлларида хамр (ароқ) тутган бир неча нафар маст ҳолдаги кишиларга дуч келиб қолибди. Шунда Маъруф ал-Кархийнинг шериклари: “Ҳазрат, бу бетовфиқларга бир дуои бад қилинг”—дейишибди. Маъруф ал-Кархий эса: “Эй Раббим! Бу бандаларинг хозир шу дунёда қандай шоду ҳуррам юрган бўлишса, охиратда ҳам буларни худди шундай хурсанд қилгин!”—деб дуо қилибдилар. Бундан ҳайрон бўлган дўстлари: “Эй тақсир, биз бу Худобезориларни дуоибад қилинг десак, сиз аксини қилдингизку?!”— дейишибди.  Шунда Маъруф ал-Кархий: “Бирор мусулмоннинг зиёнига дуоибад қилишдан Аллоҳ сақласин! Дўстлар, мен уларни охиратда ҳам шод бўлишини Худодан тиладим, рост. Аммо охиратдаги шодлик улар тавба қилса, Аллоҳ кечирса ва Унинг раҳматига ноил бўлишса кейин бўладику…”—деб жавоб берган экан.

Дарҳақиқат, сизнинг шафқатингиз, яхши дуоингиз туфайли кимдир тўғри йўлини топса, бу қандаям бахт!

 

Азизлар, Ислом қўполлик, дағаллик, дилозорлик, адоват, зулм каби маънавий иллатлардан қайтаради. Аксинча, яхшилик, эзгулик, самимият, меҳрибонлик, мусулмонларга нисбатан муҳаббат ва аҳилликка чорлайди! Зеро, Ислом — раҳм-шафқат ва эзгулик динидир!

Халқимизда “Ёмонликни душманингга ҳам раво кўрма!”, деган доно нақл бежизга айтилмаган. Шундай экан, ғанимат умримизни қадрига етиб, имкон борича атрофимиздаги дўсту биродарларимизга фақат яхшилик қилайлик. Фалончи бенамоз, пистончи ароқхўр ва ҳоказо айбларни айтиб мусулмонларни обрўсизлантириш ва шарманда қилиш каби ишлар биз мусулмонларни бир-биримиздан безиб нафратли бўлишга олиб келади. Бу эса шайтон учун айни муддодир. Бизга бирдамлик, аҳиллик, дўстлик, самимият, ўзаро меҳр-мурувват ярашади! Шундай эмасми…?

Андижон шаҳар “Уйғур” жоме масжид ноиб имоми

Содиқов Жалолдин қори

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *