Имом аз-Заҳабий тасаввуф шайхидир!

Lotin alifbosida

Абу Абдуллоҳ Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад аз-Заҳабий (673-748 ҳ./1274-1348 м.) раҳимаҳуллоҳ юздан ортиқ асарлари билан исломий илм-фан ривожига буюк ҳисса қўшган аллома, муҳаққиқ, муаррих ва муҳаддисдирлар. У зотнинг “ал-Кабоир” – “Катта гуноҳлар” асари ўзбек тилига ҳам таржима қилиниб, қайта-қайта нашр қилинган.

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳнинг устозлари жуда кўп бўлганига шак-шубҳа бўлмаса керак. Зотан, унинг ўзлари ўз устозларининг таржимаи ҳолларига бағишланган “Мўъжам аш-Шуйух” асарини 2 жилдли қилиб ёзиб қолдирганлар. Шунга қарамай, асосий илмни уч нафар зотдан таҳсил қилиб олганлар. Улар Абу-л-Ҳажжож ал-Миззий раҳимаҳуллоҳ, Илмуддин ал-Бирзолий раҳимаҳуллоҳ ва Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳдир. Улардан аввалги иккитаси шофеъий мазҳабига тақлид қилувчи, ашъарий эътиқодли олимлардир.  Айниқса, Имом ал-Миззий раҳимаҳуллоҳ ўз дастхатлари билан ашъарий эканлигини тасдиқлаганлигини унинг шогирди Тожиддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ “Табақот шофеъийя ал-кубро” асарида ёзиб қолдирганлар (Тожиддин ас-Субкий. Табақот шофеъийя ал-кубро. 10-жилд. – Ҳалаб: Дор эҳё ал-кутуб ал-арабия, 1964. – Б. 200).

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ эса аввалига ҳанбалий олими ва ашъарий эътиқодли бўлса-да, кейинчалик ўзича йўл топиб (аниқроғи, тополмай) кетганлардан эди. Шунинг учун, Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ “Таърих ал-Ислом” асарининг иловасида:

مع أنّى مخالف له فى مسائل أصلية و فرعية

 “Шу билан бирга мен унга (Ибн Таймияга) аслий ва фаръий масалаларда мухолифман!”, деб аслий ва фаръий, яъни ақидавий ва фиқҳий масалаларда мазкур шайхи ва устози Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳга мухолиф эканини эълон қилганлар. (Имом аз-Заҳабий. Зайл “Таърих ал-Ислом”. 53-жилд. – Байрут: Дор ал-Муғний, 2000. – Б. 329).

Шунингдек, Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ўз шайхи ва устози Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳга насиҳат қилиб, тўғри йўлга йўллаш маъносида битта мактуб йўллаганлар. Ушбу насиҳатнома “ан-Насиҳат аз-заҳабия” номи билан чоп қилинган. Ушбу насиҳатноманинг айнан Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳга тегишли экани ўз исботини топган.

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ бир вақтнинг ўзида бешта “Дор ал-ҳадис” мадрасаларига (ҳозирда бундай илмий муассасалар “Ҳадисшунослик марказлари” дейилмоқда) бошчилик қилганлар. Шу билан бирга, юқорида айтганимиздек, юзлаб асарлар таълиф қилишга муяссар бўлганлар. Жумладан, унинг “Таърих ал-Ислом” асарининг ўзи 53 жилд қилиб нашр қилинган. Алломанинг “Сийар аълом ан-нубало” номли асари муаллифнинг энг муҳим ва ўта фойдали китобларидан биридир. Умрининг охирларида битилган мазкур асар ҳозирда 23 жилдли қилиб нашр қилинган. Ундан олинган парчалар бир катта жилд қилиниб, ўзбек тилида ҳам чоп этилган.

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ тасаввуфни севувчи, тасаввуф аҳлини, тариқат вакилларини яхши кўрувчи, ҳурмат этувчи эди. Унинг ўзи ҳам тасаввуф вакили сифатида маънавий оламдан озуқа олганлардан ҳисобланарди. Бунга унинг юқорида номи тилга олинган “Сийар аълом ан-нубало” асари ёққол гувоҳлик бера олади. Аллома ҳар бир тариқат вакили ва тасаввуф шайхини ҳурмат билан тилга олади, “шайх, зоҳид, ориф, авлиё, пешво, устоз, тоифанинг шайхи, сўфи, обид, кароматлар соҳиби” каби унвонлар билан атайди.

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳнинг тасаввуфдаги шайхи Зиёвуддин Исо ибн Яҳё ал-Ансорий (613-696 ҳ./1216-1297 м.) қуддиса сирруҳу муҳадис, олим, сўфи сифатида ўз даврида танилган зотлардан бўлганлар.  У зот оталари билан бирга 627 ҳ./1230 м. йилда ҳажга борадилар. Муқаддас маконда, Ҳарами шарифда дунё муршиди, буюк тасаввуф намояндаси, суҳравардия тариқати муассиси Шайх Шаҳобиддин ас-Суҳравардий қуддиса сирруҳуга мурид бўлганлар.

Шаҳобиддин Умар ибн Муҳаммад ас-Суҳравардий (539-632 ҳ./1145-1234 м.) қуддиса сирруҳу шофеъий фақиҳи, тасаввуф шайхи, тариқат муршиди, Бағдоднинг шайх аш-шуйухи бўладилар. Халифанинг элчиси сифатида бир неча давлатларга, шу жумладан, Хоразмга ҳам келганлар. Унинг “Авориф ал-маориф” асари шуҳрат қозонган. Бундан ташқари, Қуръони каримга ёзган тафсирлари бор.

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ Зиёвуддин Исо ибн Яҳё ал-Ансорий қуддиса сирруҳу ҳузурларида ҳадисга ва тасаввуфга оид бир қанча китобларни ўқиганлар. Жумладан, муҳаддислар таржимаи ҳолларига бағишланган “Тазкират ал-Ҳуффоз” номли асарларида ушбу устозлари олдида 683-696 ҳижрий (1284-1297 мелодий) йиллар оралиғида – узоқ муддат таълим олганини битиб қолдирганлар (Имом аз-Заҳабий. Тазкират ал-Ҳуффоз. 4-жилд. – Ҳайдаробод: Доират ал-маориф, 1955. – Б. 1504).

Шунингдек, аллома тариқат хирқасини у зот қўлида кийганлар. Одатда муршидлар тасаввуф таълимини битказиб, шайхликка ва комилликка етказган муридларига хирқа – яктак чакмон кийдирганлар. Бу гўё муршиднинг ўз муридига берган оқ фотиҳаси, ижозаси ҳисобланган. Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ “Сийар аълом ан-нубало” асарида буни фахр билан тилга олганлар:

ألبسنى خرقة التصوّف شيخنا الزاهد ضياء الدين عيسى بن يحيى الأنصارى بالقاهرة و قال ألبسنيها الشيخ شهاب الدين السهروردى بمكّة عن عمّه أبى النجيب

“Менга Қоҳирада тасаввуф хирқасини шайхимиз, муҳаддис, зоҳид Зиёуддин Исо ибн Яҳё ал-Ансорий кийдирганлар. У зот айтишича, унга буни Шайх Шаҳобиддин ас-Суҳравардий Маккада кийдирган эканлар. У зот тасаввуфни амакиси Абу-н-Нажибдан олганлар”. (Шамсиддин аз-Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. 22-жилд. – Байрут: Муассаса ар-Рисола, 1985. – Б. 377).

Бу ерда тилга олинган Абу-н-Нажиб Абдулқоҳир ибн Абдуллоҳ ас-Суҳравардий (490-563 ҳ./1097-1168 м.) қуддиса сирруҳу ҳам шофеъий фақиҳи, тасаввуф шайхи, таниқли мутасаввиф бўлиб, машҳур “Низомия” мадрасасида бош мударрис бўлганлар. Унинг “Одоб ал-муридин”, “Шарҳ асмоъ ал-ҳусно” каби асарлари бор.

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ тасаввуф хирқасини кийганлигини “Мўъжам аш-Шуйух” асарларида ҳам айтиб ўтганлар:

و لبس فيما ذَكَرَ الخرقة من الشيخ شهاب الدين السهروردى بمكّة فى سنة سبع و عشرين فلبستُها منه

“Устозим зикр қилган хирқани Шайх Шаҳобиддин ас-Суҳравардийдан Маккада 627 ҳижрий йилда олиб кийганлар. У зотдан эса мен хирқани олиб кийганман!”. (Имом аз-Заҳабий. Мўъжам аш-Шуйух. 2-жилд. – Тоиф: Мактаба ас-Сиддиқ, 1988. – Б. 88).

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ мансуб бўлган суҳравардия тариқати зоҳидликни тарғиб қилувчи, мусулмон зоҳидлик тарихида тузилган дастлабки биродарлик ташкилоти ҳисобланади. У ҳақида шофеъийлик мазҳабига биноан суннийлик йўлини тутган Шаҳобиддин ас-Суҳравардий қуддиса сирруҳу томонидан асос солинган, дейилади. Ушбу тариқат таъсирида Хоразмда кубровийлик, Ҳиндистонда эса чиштийлик тариқатлари шаклланган. Шаҳобиддин ас-Суҳравардий қуддиса сирруҳу қаламига мансуб “Авориф ал-маориф” асари ҳозиргача тасаввуфнинг энг муҳим манбалари қаторида туради. Ушбу асар ўзбек тилига ҳам таржима қилинган.

Ҳозирги кунда салафий ва ваҳҳобий деб аталаётган тоифалар Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ асарларига кучли суянадилар, “Кабоир” (“Катта гуноҳлар”) асарини эса қўлма-қўл ўқиб келадилар. Уни Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг шогирди сифатида ҳурмат қиладилар. Бироқ, улар тасаввуфни ширк деб баҳолаб, тасаввуф аҳлини ҳатто мушрик ва кофирлар деб талқин қиладилар, “Авориф ал-маориф”ни эса ширкона китоб деб иддио қиладилар. Агар тасаввуф нотўғри бўладиган бўлса, тариқат ширк бўлса, Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ нотўғри йўлга мансуб бўлганми, тариқат хирқасини кийиб имондан айрилганми?! Албатта, салафий ва ваҳҳобийларнинг гап-сўзлари ва даъволари нотўғридир!

Шак-шубҳа йўқки, илм тасаввуф билангина шараф топади, олим тасаввуф билангина маънан ва руҳан қувватли бўлади! Тасаввуфсиз мусулмон комил инсон бўлишга эриша олмайди, тариқатсиз эса ҳақиқий тақводор бўла олмайди. Тариқат ва тасаввуф Аллоҳ таолога ҳаққоний бандалик қилмоқдир, у исломнинг таянчи, имоннинг қувватидир!

Сиз ҳам иложи борича Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ каби бирор тариқатга, жумладан, бизнинг юртларда кенг тарқалган нақшбандияга мансуб бўлишга ҳаракат қилинг. Салафий ва ваҳҳобийлар каби тариқат ва тасаввуфни ёмонловчи бўлманг, тариқатни ширк дея кўрманг. Тасаввуф руҳий тарбия демакдир, тариқат шайхлари руҳий тарбиямиз устозларидир. Тариқат Сизнинг тақводорлигингиз гаровидир!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *