Мақбаралар хислати

55504106b8578

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Ватанимизда юзлаб, балки минглаб азиз авлиёларнинг мақбаралари мавжуд. Ислом динига садоқат ва ихлос билан эътиқод қилиб келган халқимиз улуғ алломалар ётган ерларини зиёратгоҳ сифатида эъзозлаб келиши ҳам ҳақиқат. Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, динсиз тузумдан халос бўлганимиздан сўнг, унутилган ва эътиборсиз қолдирилган муборак қадамжолар ҳукуматимиз тарафдан яна қайтадан обод қилинмоқда.

Бироқ шу масалада холис мусулмонларнинг дилига озор берадиган айрим бемаза гаплар кейинги вақтларда авжлаб кетди. Ҳижрий ўрта асрларда яшаб ўтган Аҳмад ибн Таймия (Аллоҳ уни кечирсин)нинг издошлари солиҳ инсонларнинг мақбараларини зиёрат қилувчиларни “ҚУБУРИЙ” деган лақаб билан ҳақоратлашга киришиб кетдилар. Илгари баъзи араб диёрларидан ташқарига чиқмаган бу иллат бугунга келиб интернет орқали бутун дунёга тарқалиб улгурди. Ва кўплаб эътиқоди соғлом мусулмонларни йўлдан озишларига сабаб ҳам бўлмоқда.

Авлиё ва солиҳлар мақбарасини эъзозловчи мусулмонлар эътиқодий талабларидан келиб чиқиб, каъбаи муаззамани ўз қибласи деб тан олган ҳар бир “ла илаҳа иллаллоҳ”дегувчи қибла аҳлини мусулмон деб ҳисоблайди. Аммо, ўзларини слафи солиҳлар йўлидамиз деб иддао қилувчи “салафий” биродарларимиз эса уларни “қубурий мушрик” деб ислом доирасидан ташқарида кўришмоқда. Аллоҳ уларга инсоф берсин.

Аслида азизларнинг қабрлари ёнида табаррукан дуо қилиб Аллоҳдан ҳожат сўраш Исломда янгилик эмас. Балки ўз аслига эга шаръий анъанадир!

Қаранг! Аҳмад ибн Таймиянинг шогирдларидан бири — машҳур ҳофиз Шамсуддин Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ “Сияр..”да Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ал-Ҳажрий ал-Моликий ал-Андалусий раҳматуллоҳи алайҳнинг таржимасида Аббор исмли шахсдан нақл қилиб шундай дейди:

سمعت ابا الربيع ابن سالم يقول: صادف وقت وفاته قحط فلما وضعت جنازته توسلوا به الي الله فسقوا و ما اختلف الناس الي قبره مد الأسبوع إلا في الوحل

Абу Раби ибн Салимдан эшитганман, у айтарди: Абу Муҳаммад ал-Ҳажрийнинг вафот вақти ўта қурғоқчилик кунларига тўғри келган. Унинг тобути ерга қўйилган чоғ одамлар у билан васила қилиб Аллоҳга илтижо қилишди. Бас, Аллоҳнинг амри ила ёмғир ёғди. Унинг қабрини зиёратига келганлар ҳафталаб лой-ботқоқда қолишди. (Сияри аълом ан-нубала. 2- Ж. 252- Б).

Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларига кўра, ҳижрий 505 йили дунёга келган Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ал-Ҳажрий ўз даврида етук аллома, солиҳлар раиси, шайх ул-ислом, ҳофиз ва муҳаддис бўлган. Абу Хубайш: Мариййа шаҳрида Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ал-Ҳажрийдан зўри чиқмаган, деган экан. Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ал-Ҳажрий раҳматуллоҳи алайҳ ҳар йили Муҳаррам ойида вафотига астойдил тайёргарлик кўрар эканлар. Бунинг сабабини тушларида айни шу ойда дорул бақога риҳлат қилиши ҳақида ишора этилгани билан изоҳлар экан.

Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ал-Ҳажрийнинг қабри ёнида Аллоҳга васила этиб дуо қилингани ва у кишининг шарофати ила Аллоҳ тезда ёмғир ёғдиргани ҳақидаги ҳодисани Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам “Тазкират ул-ҳуффаз” асарининг 4-жилд 1371-бетида зикр қилган.

Тарихга аталган манбалардан яна бири “Вафиййат ул-аъйан”да ҳам Қози Ибн Хилликон раҳматуллоҳи алайҳ Маъруф ал-Кархийнинг таржимасида азизлар мақбараси ёнида васила этиб дуо қилиш масаласига доир қуйидаги маълумотни келтиради:

كان مشهورا بإجابة الدعوة و اهل بغداد يستسقون بقبره و يقولون: قبر معروف ترياق مجرب

Маъруф ал-Кархий дуоси ижобат бўлиши билан шуҳрат топган эди. Бағдодликлар унинг қабри олдига келиб Аллоҳдан ёмғир тилашар эди. Ва улар: “Маъруфнинг қабри синовдан ўтган зидди заҳардир!”—деб юришар эди. (Вафиййат ул-аъйан. 5-Ж. 232-Б).

Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ яна “Сияр..” асарида имом Абу Бакр муҳаммад Ибн Ҳасан ибн Фуврак раҳматуллоҳи алайҳнинг таржимасида у кишининг қабри Нисобурда бўлиб, катта зиёратгоҳга айлантирилгани ва у ерда дуолар ижобат бўлиши ҳақида аниқ маълумот бериб, қуйидаги ҳодисани ҳам илова этади:

قلت: كان اشعريا، راسا في فن الكلام، أخذ عن ابي الحسن الباهلي صاحب الاشعري.

و قال عبد الغفار: دعا ابو على الدقاق في مجلسه لطائفة. فقيل له: ألا دعوت لإبن فورك؟ قال: كيف ادعو له و كنت البارحة اقسم على الله بايمانه أن يشفينى

Айтаманки, Ибн Фуврак Ашъарий эътиқодида бўлган. Калом илмида кўзга кўринган раислардан бири эди. Имом Ашъарийнинг соҳиби Абу Ҳасан ал-Боҳилийдан таълим олган.

Абдулғофир айтади: Абу Али ад-Даққоқ бир йиғинда бир гуруҳ одамлар ҳаққига дуо қилди. Шунда у кишига: Ибн фувракни ҳаққигаям дуо қилмайсизми? – дейилди. У киши эса: ундай улуғ зотнинг ҳаққига дуо қилиш мендек ожизга қолибдими, бу қандаям жоиз бўлсин..? Ва ҳолбуки менинг ўзим ҳар тонг у кишининг иймонини ўртага қўйиб Аллоҳдан дардимга шифо сўрайман… (Сияри аълом ан-нубала. 17- Ж. 215-216- Б).

Шунингдек, имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ худди ўша манбада ватандошимиз, ҳадис илмининг султони, буюк олим имом Бухорий бобомизнинг таржимасида келтиришича, Самарқандда 464 йили қаттиқ қурғоқчилик бўлади. Одамлар тинмай оммавий дуолар қилиб илтижо этишларига қарамасдан ёмғир ёғмайди. Шунда солиҳ инсонлардан бири Самарқанд қозисининг хузурига келиб, менда бир таклиф бор: сиз бошчилигингизда катта жамоа бўлиб Хартангга борамиз ва Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг қабри олдида Аллоҳдан васила этиб ёмғир сўраймиз, шояд Аллоҳ ёмғир берса…—дейди. Қози домла қандай ажойиб фикр деб, у кишини алқаб рози бўладилар. Шу таклиф билан қози домла шаҳар халқи ила Хартангга имом Бухорий қабри олдига келиб дуо қилади. Одамлар йиғлаб қабр соҳиби Бухорийни ўртага қўйиб Аллоҳга ёлборишади. Яратганнинг раҳми келиб ўша вақтнинг ўзида самода булутлар пайдо бўлади ва бир ҳафта давомида тинимсиз ёмғир ёғади. Самарқандликлар ёмғир тинишини кутиб бир ҳафта Хартангда қолиб кетишади. (Сияри аълом ан-нубала. 12- Ж. 469- Б)

Азиз мусулмон диндош биродарлар! Юқоридаги маълумотлар ишончли ва эътиборли олимлардан аниқ ҳужжат ўрнидадир! Ислом уммати Ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳ дунёга келгунига қадар бу масалада ҳеч ихтилофга бормасдан ҳамфикр бўлган! Азиз авлиё ва алломаларнинг мақбараларида Аллоҳдан тавассул қилиб ҳожат сўрашнинг ҳеч зарари йўқ! Аксинча фойдаси бор!

Аллоҳ таолодан ёрдам сўрашда Унинг дўстларини шафоатчи қилиб дуо қилиш асло ширк эмас! Фақат дуода ҳақиқий бергувчи Аллоҳнинг ўзи, азиз авлиё ва алломалар эса орадаги Аллоҳнинг бизга нисбатан тақволи ва солиҳроқ дўстлари деб эътиқод қилинса бас!

Ботиржон қори

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *