МАЙЙИТХОНА ЗИЁФАТЛАРИ ҲАҚИДА “МАЖМАЪ УЛ-МАҚСУД”ДА НИМА ДЕЙИЛГАН?

1t66666666666666Маййит чиққан жойда таом тайёрлаб, зиёфатга ўхшаш эҳсонлар қилишнинг макруҳлиги ҳанафий мазҳаби уламолари томонидан аввал-у охир айтиб келинмоқда. Замонамиздаги баъзи бир домлалар ва айрим уламолар эса бунга қарши чиқишиб, “Ота-боболаримиз давридан келаётган” бу маросимлардан воз кечгилари йўқ. Бироқ, “ота-боболар”нинг бу ишлари фиқҳга кўра “фосид урф” ҳисобланишини хаёлларига ҳам келтиришмайди. Ушбу уламолар бу маросимлардан бутунлай воз кечиш ёки уни тартибга солиб ўзгартириш йўлини ўйлашмаяпти. Балки, бу маросимларни ўтказиш лозимлигига далил ахтариш билан овворалар. Ана ўша уламолар борган тўй-маъракаларида мавъизалар қилиб, омма ёшларни эски катта-катта китобларни эмас, замонавий адабиётларни эмас, фақат туркий тиллардаги китобларни, шу жумладан, “Мажмаь ул-мақсуд” китобини ўқиш кераклигини ҳамиша таъкидлаб, даъват қилиб келишмоқда. Ҳолбуки, ушбу асарда ҳам мазкур зиёфатларнинг макруҳлиги айтиб қўйилган:

“Ва боки (зарари) йўқдур таом тайёр қилмоқ ўлган одамга тегишлик одамлар учун. Ушбудек “Китоби табйин”да мазкурдур. Мубоҳ эмас зиёфат қилмак уч куннинг ичида. Ушбудек “Татархония”да мазкурдур”

(Мақсудхўжа ибн Мансурхўжа. Мажмаъ ул-мақсуд шарҳи Мухтасари Виқояи туркий. 1-жилд. – Тошкент: Ильин, 1902. – Б. 231).

Мазкур иқтибосда “таом тайёр қилмоқ” деганда қўни-қўшнилар ва дўст-у ёрларнинг ўлик чиққан хонадонга таом пишириб олиб боришлари кераклиги назарда тутилган. Буни “Мажмаь ул-мақсуд” дан олинган қуйидаги иқтибосдан ҳам билса бўлади:

“Ва мустаҳабдур ўлган одамга тегишлик қўшнилариға ва узоқ қариндошлариға таом тайёр қилиб юбормак. Ва ўлукни эгаларини бир кеча-кундузгача тўйғузгай! Пайғамбар алайҳиссалом сўзларини тўғрисидинки, саҳобаларга айдилар: “Оли Жаъфарга таом қилинглар!”, деб. Бас, батаҳқиқ, саҳобалар аларга тўядургон таом олиб келдилар. Бул ҳадисни ҳасанликға Термизий нисбат берди ва тасҳиҳ қилди бул ҳадисни Ҳоким. Ва илтижо қилғай ўлук эгалариға таом емакда. Зероки, ғам ва андуҳ ман қилур аларни таом емакдин. Бас, суст ва беқувват бўлурлар”.

(Мақсудхўжа ибн Мансурхўжа. Мажмаъ ул-мақсуд шарҳи Мухтасари Виқояи туркий. 1-жилд. – Тошкент: Ильин, 1902. – Б. 232).

Демак, юқоридаги иқтибосдан маълум бўладики, аслида ўлик чиққан хонадонда таом тайёрлаб ошхўрлик ва зиёфат қилиш эмас, балки у ерга қўни-қўшнилар ва узоқ қариндошлар ўз уйларида таом тайёрлаб, бир неча кун олиб бориб туришлари ҳамда мусибат соҳибларини овқатлантириб туришлари суннат ва мустаҳаб иш экан. Зотан, мусибат етган хонадоннинг ўзида таом тайёрлаб, эҳсон ва зиёфатлар ташкил қилиш ҳанафий мазҳабига кўра макруҳ бўлиб, уни “Мажмаь ул-мақсуд”да келтирилган қуйидаги иқтибосдан ҳам тушуниб олиш мумкин:

“Ва макруҳдур таом тайёрламак ўлган куни ва учунчи куни ва етти кундин кейин ва ийд кунларда ва гўристонга таом олиб бормак мавсумларда ва Қуръон ўқумақ учун одам чақирмак ва солиҳларни ва қориларни йиғмақ хатм қилмак учун “сураи Анъом”ни ё “сураи Ихлос”ни ўқутмак учун. Бас, ҳосил шулки таом тайёрламак емак учун Қуръон ўқуган вақтда макруҳдур!”

(Мақсудхўжа ибн Мансурхўжа. Мажмаъ ул-мақсуд шарҳи Мухтасари Виқояи туркий. 1-жилд. – Тошкент: Ильин, 1902. – Б. 232).

Юқоридаги масала “Мажмаь ул-мақсуд” китобининг “Соҳиби маййитга тегишлик масалаларни баёни” фаслида келтирилган. Демак, айрим уламолар ва баъзи бир домлалар айтишганидек, ота-боболаримизнинг ҳаммаси ҳам маййит чиққан хонадонларда муайян кунларда зиёфатмисол эҳсонлар қилишни ёқлашмаган экан, аксинча, уларни макруҳ деб билишган экан. Ота-боболарнинг барча ишлари ҳам ҳақ ёки шариатга мувофиқ бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам, шариатда “фосид урф” тушунчаси мавжуд. Зотан, барча даврларда ҳаққа эргашган, ҳақни айта олган, ҳаққа амал қилган ота-боболар ва омил уламолар бўлган.

Шундай экан, “Мажмаь ул-мақсуд”ни ўқишни тарғиб қилаётганларнинг ўзлари мазкур китобни тўлиқ ўқиб чиқишса, маъқул иш бўларди. Ўқиб чиқишган бўлса, ундаги ўлган куни, учинчи, еттинчи ва ҳайит кунлари таом тайёрламоқнинг макруҳлиги айтилган масалаларга амал қилишмаётган экан-да! Афсус!

Ҳанафий мазҳаби олимлари маййит чиққан кунларда ва муайян кунларда зиёфатмисол эҳсонлар уюштиришни макруҳ деб келишган. Макруҳлигининг эса бир қанча сабаблари бор. Агар ана шу сабаблар бартараф этилса, хайр-эҳсон савобли иш эканлигида шак-шубҳа йўқдир! Чунки маййит номидан қилинган садақот ва хайр-эҳсонларнинг савоби албатта унга етиб боради. Гап бу ҳақида эмас, балки муайян кунларда зиёфатмисол эҳсонлар уюштиришнинг макруҳлиги ҳақида. Нима бўлганда ҳам, тўй ва маъракаларни ихчамлаштириш, уларни тартибга солиш, турларини камайтириш ва мувофиқлаштириш Мусулмонлар Диний идорасининг фатволари ва Давлатнинг сиёсати даражасида кўрилаётган бу кунларда маййит чиққан хонадонларда бўладиган ушбу маросимларга тарғиб ва ташвиқ қилиб юриш ҳанафий мазҳаби китобларини тўла билмаслик ва уларга амал қилмаслик билан бирга воқеълик фиқҳини ҳам тушунмаслик даражасидаги фаҳм-фаросатсизликдир!

Маййит чиққан хонадонларда муайян кунларда маросимлар ташкил қилган “ота-бобо”ларнинг “фосид урф”ининг асли шариатда бидъат ва макруҳ бўлиб чиққанлигини бугунги айрим уламолар ва баъзи бир домлалар онги-шуурига сиғдира олмаётган бўлсалар, бундай муайян кундаги зиёфатмисол маросимларнинг ҳанафий мазҳабида бидъат ва макруҳ эканлигини шу мазҳаб китобларидан иқтибос олиб ва келтириб айтаётган аҳли илмларда нима айб?!

Хуллас, Аллоҳ таоло мутаассибликдан, кўр-кўрона жоҳилликдан ва динга чуқур кетиб ғулувга берилишдан Ўзи асрасин! “Ота-боболар!” деб туриб тўғри илмга ва соф ақидага хиёнат қилиб қўйишдан сақласин! Аҳли сунна вал жамоа таълимоти, ҳанафий мазҳаби ва мотуридий ақидасидан айирмасин! Амийн!

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *