ТИЛЁҒЛАМАЧИ МАДДОҲ БЕЛИНГИЗНИ СИНДИРАДИ

c-aqwalwaf3al056Абу Мусо розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саламдан ривоят қилади: Бир одам бошқа бир одамни юзига мақтай кетди. Маддоҳликдан муболаға қилиб осмонларга кўтариб мақтарди. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи эшитиб тургандилар. Ҳалиги маддоҳга қарата: “Биродарингизни ҳалок қилдинглар! ёки “Биродарингизни белини синдирдинглар!”—дедилар. (Имом Бухорий. Адаб ал-муфрад / 334).

Аслида мўмин киши кимдан яхшилик кўрган бўлса, уни қадригша етмоғи, эхсон қилувчига миннатдорлик билдирмоғи, унинг ҳаққига дуои хайр қилмоғи суннатдан. Аммо, бу ривоятда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи ва саллам нега бундай дедилар?

Мадҳу санонинг ҳам чегараси бор. Ортиқча мақтов мақталмишнинг белини синдиради, ҳалок қилади. Буни қандай тушуниш мумкин. Оддий мақтов қанқасига мақталмишнинг белини синдириши мумкин? – деган саволлар туғилиши табиий.

Мақтову олқишлар кўпинча, инсон нафсини семиртирувчи, хузур-ҳаловат бағишловчи ёқимли сўзлардан иборат бўлади. Ҳар қандай нафс эгаси тилёғламачи маддоҳлар олдида бироз бўлсада ўзидан кетиб ужбга берилади. Маддоҳнинг олқишларига маҳлиё бўлган нафс ўз гуноҳларини унутади. Ўзига бино қўйиб яхши амалига суянч пайдо қилади. Демак, ужбнинг киши қалбида пайдо бўлишига кўпинча тилёғламачи маддоҳлар сабаб бўлади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: ул зот айтдилар:

«Агар ҳеч гуноҳ қилмасаларинг, сизлар учун унданам ёмонроқ нарсадан қўрқаман. Ужбдан, ужбдан….» (Ҳофиз Баззор).

Одатда осий инсон ўз гуноҳини билади ва Аллоҳдан хавфу-ражода бўлади. Тавба қилиб Худодан умидвор бўлади. Аммо, гуноҳи йўқларни, одамларнинг мақтовига сазовор бўлганларни эса Шайтон ужб билан алдайди.

Ужбнинг энг ёмони хато фикр ва нотўғри ақидаси билан ужбланишликдир. Аҳли бидъат, аҳли залолатларнинг ҳаммаси ужбнинг шу турига мубтало бўлишган. Улар ўзларининг хато фикрларига юқори баҳо беришлари туфайли залолатда мунтазам қолиб кетишади. Бундайлар ҳақида Аллоҳ таоло айтадики:

«Улар бу дунё ҳаётидаёқ сайъи-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир», дегин. (Каҳф. 104. Тафсири ҳилол).

Ужб балосига гирифтор бўлган инсон гўёки маънавий бели синган мажруҳ инсон кабидир. Худди шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир мўминнинг қалбида ужб пайдо қилувчи маддоҳларга: Сен унинг белини синдирдинг!—дедилар.

Бир куни Абдуллоҳ ибн Умар бир маддоҳнинг юзига туфроқ сочиб юбордилар ва: Расулуллоҳ бизга: “Маддоҳларни кўрганда юзига туфроқ сочиб юборинглар!”, деб амр қилган—деди. Юзига туфроқ сепилиб шармисор бўлган маддоҳнинг кўзлари очилиб тавбага келиши учун шундай чора кўришга чақирган бўлсалар ажаб эмас.

Содиқов МУҲАММАДАМИН

Андижон туман “Кўк тўнли ота” жоме масжид имом хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *