АГАР МАСЖИД ҚУРСАНГИЗ…

ee73fd8b4bАбу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

احب البلاد إلى الله مساجدها و ابغض البلاد الى الله اسواقها

Шаҳарлар ичида Аллоҳга энг маҳбуб ерлар бу масжидлар, энг мабғузлари эса бозорлардир. (Имом Муслим).

Масжидда намоз ўқилади, ваъз айтилади, турли зикрлар бажарилади. Масжид банданинг охирати учун ишланадиган муқаддас макондир. Шу жиҳатдан Аллоҳ таоло масжидларни яхши кўради. Бозорларда эса кўпроқ алдов, фириб, ёлғончилик ишлари содир этилади. Бу ишлар Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган гуноҳлардир.

Кимки бир масжид қурса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан алоҳида қаср барпо тайёрлаб қўяди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

من بنى مسجدا يبتغى به و جه الله بنى الله له مثله فى الجنة

Кимки Аллоҳнинг ризоси талабида масжид бино қилса, Аллоҳ у бандаси учун жаннатда худди ўшанга ўхшаш бино қуриб қўяди. (Имом Бухорий).

Шу мазмундаги кўплаб ҳадислар бойларни масжид қуришга иштиёқларини оширади албатта. Аллоҳ барчамизни масжид қурадиган даражада ҳимматли бойлар қаторига қўшсин.

Масжид қурмоқчи бўлганлар иложи борича кенгроқ қуриши ва шу билан бирга ер эгасини рози қилиб қуришлари лозим бўлади.  Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳу ҳикоя қилади:

Пайғамбаримизнинг амакиси Аббос ибн Абдулмуттолибнинг Мадинадаги масжид билан ёнма-ён ҳовлиси бор эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўша ҳовлини масжидга қўшиб кенгайтирмоқчи бўлди ва Аббосга: шу ерингни менга сот — деди. У кўнмади. Умар ибн Хаттоб: ундай бўлса менгга ҳиба қил — деди. Бунга ҳам рози бўлмади. У ҳолда ўзинг масжидга шу ерни қўшиб, масжид ҳудудини кенгайтир—деди. Бунга ҳам рози бўлмади. Умар ибн Хаттоб сени бошқа иложинг йўқ. Шу учта шартдан бирини танлайсан деди. Аббос ибн Абдулмуттолиб барибир кўнмади. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: бирон одамни танла. Орамизда ҳакамлик қилсин — деди. Аббос Убай ибн Каъб орамизни келиштириб қўяди, деди ва унинг олдига бордилар.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттобга:

  • Аббосни рози қилмасдан ҳовлисидан чиқара олмайсан — деди. Умар ибн Хаттоб:
  • Бу ҳукмингга Аллоҳнинг китоби ё Расулуллоҳнинг суннатидан ҳужжатинг борми? — деди. У:
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатидан ҳужжатим бор — деди.
  • У нима экан? — деди Умар розияллоҳу анҳу. Убай ибн Каъб жавоб берди:
  • Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман: Ул зот айтар эдилар:

إن سليمان ابن داود لما بنى بيت المقدس جعل كلما بنى حائطا اصبح منهدما فاوحى الله اليه ان لا تبنى فى حق رجل حتى ترضيه فتركه عمر فوسعها العباس بعد ذلك فى المسجد

Довуд алайҳиссаломнинг ўғли Сулаймон алайҳиссалом Байт ал-мақдис қурилиши жараёнида ҳар куни девор кўтарарди. Эрталаб эса деворлари бузилган ҳолда топиларди. Шунда Аллоҳ таоло унга ваҳий қилдики, бировни ерига уни рози қилмагунча бино қурмайсан—деб.

Шу воқеадан кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аббос ибн Абдулмуттолибнинг ҳовлисидан кечди. Кейинроқ Аббос розияллоҳу анҳунинг ўзлари ўша ҳовлисини масжидга қўшиб юбордилар. (Абдурраззоқ ривояти).

Нодирбек КЕНЖАЕВ

“Бува таваккул” жоме масжид имом-хатиби

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...