«УМУМ АЛ-БАЛВА» ҚОИДАСИ

 

b6d1245s-1920Ислом енгиллик тарафдоридир. Шариатимиз инсониятнинг қийналишини эмас, балки осонлик билан ибодат қилишини, енгиллик билан яшашини истайди. Инсон тоқатидан ортиқча ишлар унга ҳеч қачон юклатилмайди, талаб этилмайди. Касаллик, заифлик, имконсизлик ҳолатлари доим эътиборга олинади. Шу нуқтаи назардан ислом фиқҳида махсус қоидалар ишлаб чиқилган бўлиб, унга биноан оғир вазиятдаги муаммоларга ечим топилади. Ўша қоидалардан бири “умум ал-балва” қоидасидир. Хозир шу қоида ҳақида қисқача ўрганамиз.

Ислом фиқҳига доир манбаларда “умум ал-балва” (عموم البلوى) термини кўп учрайди. Масалан, бирор ҳукмнинг иллатини баён этишда “умум ал-балва” қоидаси туфайли шундай бўлади—деганга ўхшаш ибора келтирилади.

Бу сўз луғавий жиҳатдан “кенг қамровли бало” маъносини англатади.

Фиқҳ истилоҳидаги маъноси ҳам луғавийсидан узоқмас: яъни, фуқаҳолар тилида “умум ал-балва” – деб жуда кўп инсонлар гирифтор бўлган ва сақланиш узрли бўлган умумэҳтиёжий ҳолатларга айтилади. “Умум ал-балва” қоидасининг “аз-зарурат ул-омма” (الضرورة العامة), “аз-заруратул-мосса” (الضرورة الماسة) “ҳожатун-нос” (حاجة الناس) деган номлари ҳам бор.

Усулийлар бу қоидани қуйидагича таърифлаган:

ما تمس الحاجة اليه فى عموم الاحوال

Умумий ҳолатларда эҳтиёж тушадиган нарса

Фиқҳий қоидалар ичида (المشقة تجلب التيسير) “Машақққат енгилликни жалб этади” — қоидаси  “Умум ал-балва” қоидасига боғлиқ қоида бўлиб, шариатдаги жамики рухсат ва енгилликлар шу қоидага таянади.

“Умум ал-балва” қоидаси сабабли шаръан рухсат этилган амалларга қуйидагиларни мисол қилиш мумкин:

Нажосатдан афу этилган миқдори билан намознинг жоиз бўлиши;

Бурга ва бит кабиларнинг қони теккан либос билан намознинг жоиз бўлиши;

Кўчада либосларга сачраган лой билан намознинг жоиз бўлиши;

Нажосатнинг ювиб сиқилгандан кейин қолган изи билан намознинг жоиз бўлиши;

Шунингдек, ҳанафий мазҳабимиз фуқаҳоларига кўра, игна учи миқдорида кийимга сачраган сийдик билан намознинг жоиз бўлиши ҳам “Умум ал-балва” қоидасига асосланади;

Пашша ва у каби майда ҳашоратларнинг оёқларида илашиб келган нажосат инсон бадани ё либосига тегса ҳам, у билан намоз ўқилса, сақланиш машаққат туғдиргани учун “умум ал-балва” қоидасига кўра жоиз бўлаверади;

Зарурат юзасидан, жон сақлаб қолиш учун ўлаксани истеъмол этиш;

Махси ва оёқ кийимларни ерга ишқаш билан покланиши;

Ҳунармандга буюритма қилиб савдо қилишдаги байнинг шаръан жоизлиги ҳам ўша қоидага биноандир. Асли қоидага кўра ҳали мавжуд бўлмаган йўқ нарсани сотиш мумкин эмас, аммо ҳунармандга буюритма қилиб йўқ нарсага олдиндан савдолашиб пул тўлаш ва ясатиш бу омма орасида кенг тарқалган ҳолат бўлиб, ундан сақланиш мушкул ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, зарурат юзасидан у савдони жоиз деб ҳукм қилинади.

Холидов ФАРОХИДДИН

“Усмон Зиннурайн” жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *