АҚЛНИ ЛОЛ ҚОЛДИРУВЧИ ҒАЙРИ ОДДИЙ ИШЛАРНИНГ ТУРЛАРИ

2200

Инсон тарафдан содир этилувчи, ақлни лол қолдирувчи ғайри оддий ишлар уч турга бўлинади:

1. Пайғамбарларнинг мўъжизалари;
2. Авлиёларнинг кароматлари;
3. Кофирларнинг кўзбўямачиликлари.

Мўъжиза деб солиҳ инсон тарафдан, пайғамбарлик даъвоси билан содир этилган ғайри оддий ишга айтилади. Пайғамбарларнинг ғайри оддий ишларини “мўъжиза” деб номланишига сабаб шуки, уни пайғамбарлардан бошқалар асло амалга ошира олмайди, ожизлик қилишади. Масалан ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг ҳассаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафдан ойнинг иккига бўлиниши кабилар.

Каромат Аллоҳ таолони яхши танийдиган ориф, солиҳ инсонлар тарафдан, у орқали пайғамбарликни даъво қилмасдан содир этилган, ақлни лол қолдирувчи ғайри оддий ишларга айтилади. Аҳли сунна вал-жамоа уламолари “Авлиёларнинг каромати жоиз ва ҳақдир” деб таъкидлаб айтадилар. Мўътазилий ва улар каби фикрловчи айрим эътиқоди бузуқ тоифалар авлиёларнинг кароматларини инкор этишади.

Мўъжиза билан каромат орасида бир қанча фарқлар бор:
1. Пайғамбарларнинг мўъжизаларини кофирлар, мусулмонлар, солиҳлар, фосиқлар ва осийлар ҳам кўриши, гувоҳ бўлиши мумкин. Авлиёларнинг кароматларини эса фақат ўзларига ўхшаган авлиёлар кўради холос.
2. Мўъжизани пайғамбарлар қачон хоҳласа ўша вақтда амалга ошира олади. Аллоҳга бир дуо қилсалар бас, Аллоҳ уларнинг талабини беради. Авлиёларнинг каромати эса ҳамиша ҳам содир бўлавермайди. Махсус вақтларда, Аллоҳ уларни тоат-ибодатга тарғибини ирода қилган чоғларда бўлади.
3. Учинчи фарқ шуки, мўъжизанинг мўжиза эканини пайғамбар билади ва Аллоҳдан унга берилган мўжизаси эканини аввал тан олади. Кейин бошқаларга ошкор этади. Агар пайғамбар ўз мўъжизасини инкор этса, иймонидан ажрайди. Каромат эса, уни авлиёлар тан олмайди. Яъни, бу менинг кароматим деб ошкора тан олмайди, балки камтарлик юзасидан, бу бошқа азиз инсонлар (масалан устози, муршиди ва ҳоказо) билан боғлиқ каромат, ўшаларнинг баракоти туфайли содир бўлган каромат деб айтади.
4. Пайғамбарлар ўз мўъжизаларини халққа ошкор қилишга буюрилганлар. Авлиёлар эса кроматларини яширишга маъмур.
5. Пайғамбарлар ўзлари кўрсатган мўъжизани бошқа инсон қила олмайди деб қатъий айта оладилар. Авлиёлар эса ўзлари тарафдан содир бўлган кароматни бошқа инсонлар қила олмайди, деб айтишга ҳақлари йўқ.

Инсон ақлини лолу-ҳайрон этувчи ишларнинг кейинги тури бу Аллоҳнинг душманлари тарафдан содир этилувчи кўзбўямачиликдир.

Аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби уламолари наздида унинг ҳақиқати шуки, шайтонлар Аллоҳнинг душманларининг истагига кўра ҳар хил суратларга киради. Уларнинг хоҳишини амалга оширади. Масалан бир нарсани одамлар олдида чумчуқ ё каптарга айлантиради.
Аҳли сунна эътиқодига кўра, мўъжиза ва кароматларни тан олинади, ишонилади, ҳақ деб иймон келтирилади.

Аллоҳнинг душманларининг ғайри оддий ишларига эса алдов ва кўзбўямачилик — деб қаралади. Улардан содир бўлган ғайри оддий ишлар, қиёматда уларнинг зиёнига, жаҳаннамдаги уқубатларининг яна ҳам кўпайишига, дўзахдаги даражаларини оширилишига сабаб бўлади, деб эътиқод қилинади. Имом Насафийнинг «Баҳр ул-калом» асари асосида

Cирожиддин МУХИДДИНОВ

Сурхондарё вилояти олтинсой тумани  «Саййд Мухиддинхон» жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *