САМОВИЙ КИТОБЛАР ТУШИРИЛГАН ОЙ

hilal-2Ҳар бир нарсанинг қадри унинг фазилати ва хусусиятига қараб белгиланганидек, ойларнинг қадри ҳам унда содир этилган шарафли ишларга кўра белгиланади. Аллоҳнинг фазли ила бошимизга муборак Рамазон ойи соя солиб турибди.  Бу ойнинг ўзига хос кўплаб фазилатлари бўлиб, улардан бири Илоҳий каломимиз – Қуръони каримнинг айнан шу ойда нозил этилганидир. Бинобарин Рамазон ойининг номларидан бири “Қуръон ойи”дир. Аллоҳ таоло қуйидагича баён қилади:

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِيَ أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ

Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. (Бақара сураси / 185).

Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу оят тафсирида шундай дейди: Қуръони карим жумла бутун ҳолида “Лавҳ ул-маҳфуз”дан Рамазон ойининг қадр кечаси пастки осмонга туширилган ва “Байт ул-изза”га жойлаштирилган. Кейин Жаброил алайҳиссалом 23 йил мобайнида уни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга олиб тушган. (Тафсири Хозин).

Рамазон ойи нафақат Қуръони карим нозил этилган мобрак ой, балки кўплаб  самовий китоблар ҳам шу муқаддас ойда нозил этилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: Иброҳим алайҳиссаломнинг саҳифалари Рамазон ойининг учинчи кунида нозил этилган (бир ривоятда биринчи тун). Ҳазрати Мусонинг Тавроти эса Рамазон ойининг олти кечаси ўтгач нозил этилган. Исо алайҳиссаломнинг Инжили эса Рамазон ойининг ўн учинчи куни нозил бўлган. Довуд алайҳиссаломнинг Забури Рамазондан ўн саккиз кеча ўтгач нозил бўлган. Фурқон (Қуръон) эса Муҳаммад алайҳиссаломга Рамазон ойининг йигирма тўртинчи куни нозил бўлган. (Имом Аҳмад 28/191. Ибн Жарир 3 / 127).

Бу ривоятга кўра, Қуръони каримнинг ерга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлиши ҳам айнан Рамазон ойига тўғри келган. Ибн Исҳоқ, Абу Сулаймон Дамашқийлар шу фикрда бўлишган.

Cирожиддин МУХИДДИНОВ

Сурхондарё вилояти олтинсой тумани  «Саййд Мухиддинхон»

жоме масжид имоми

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *