РАМАЗОНДА ЎЛГАНЛАР ЖАННАТГА ТУШАДИМИ

17243Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар:

Рамазон ойи кирса Жаннат эшиклари очилади, Жаҳаннам эшиклари қулфланади, шайтонлар кишанланади.

Ҳадисни Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган бўлиб, унда муборак Рамазон ойининг фазилати ҳақида сўз борган. Аллоҳ таборак ва таоло Рамазон ойи шарофати билан жаннат эшикларини ланг очар ва жаҳаннам эшикларига қулф осар экан.

Авом орасида шу ва бунга маънодош ҳадисларинг зоҳири асосида шаклланиб қолган бир тушунча бор: “Рўзада ўлган одам жаннатга тушади!”.

Ҳақиқатанам шундайми? Жаннат эшиклари Рамазон ойида қазо қилганларга очиқ бўладими? Улар тўғри жаннатга кириб кетадиларми?

Тўғри, Рамазонда вафот топиш хайрли хотиманинг аломати. Аммо Рамазон ойида қазо қилганларнинг ҳаммаси ҳам тўғри жаннатга тушади деб ишониш нотўғри! Рамазон ойида ҳамма ўлим топиши мумкин. Кофир ҳам, мунофиқ ҳам, шу қаторда мўминлар ҳам. Аммо жаннат эшиклари Рамазон ойининг қадрига етган, унинг рўзасини Аллоҳнинг буйруғи ўлароқ фарз деб эътиқод қилган ва шу эътиқодига биноан саҳардан то шомга қадар емоқ, ичмоқ ва аҳли билан жимоъ қилмоқдан нафсини тийган, шунингдек, ғийбат, фисқ-фужур каби маънавий иллатлардан ҳам Рамазон ҳурмати учун воз кеча олган сабр-бардошли мўминлар учун очилади ва айнан шуларга жаҳаннам эшиклари ёпилади. Улар гарчи Рамазонда ўлим топмасалар ҳам Аллоҳ таоло уларга жаннат эшигини ҳамиша очиб қўяди ва жаҳаннам эшикларини ёпиб қўяди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида шундай деганлар: Жаннатнинг саккизта эшиги бор. Улардан бири “Райён” деб номланган. Ундан фақат рўза тутганлар киради. Бу ҳадисни Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилганлар. демак Рўзадорлар учун «Райён» номли эшик доимо очиқ!

Лекин кофир мунофиқлар эса Рамазонда ўлсалар ҳам, ҳатто қадр кечасида жон таслим қилсалар ҳам, иймонсиз кетар экан улар учун жаҳаннам эшиклари ҳамиша ланг очиқ бўлади. Жаннатдан уларга ҳаргиз жой берилмайди. Зеро Аллоҳ кофир ва мунофиқларни жаннатдан маҳрум қилган. Яъни улар учун жаннат эшикларини ёпиб қўйган.

Демак, кимки ўзи учун жаннат эшикларини ҳамиша очиқ бўлишини ва дўзах эшикларининг ёпиқ бўлишни истаса Рамазони шариф ойи ҳақида соғлом этиқодга эга бўлсин! Рамазон улуғ ойлигини, уни Аллоҳ улуғлаб қўйганини, унда рўза тутиш фарз қилганини билсин! Билибгина қолмасдан Рамазони шариф амалларини амалда ҳам бажарсин. Рамазонда тақиқланган моддий ва маънавий нарсалардан тийилсин. Таровеҳ намозини адо қилсин. Хатми Қуръон қилсин ё эшитсин. Эътикоф ўтирсин. Қадр кечасини изласин ва тунлари қоим бўлсин. Шу амалларни бажариб Аллоҳдан умид қилсин. Аммо ҳаргиз амалларига суяниб қолмасин!

Шаробидин МУСАБОЕВ

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид имоми

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *