ИХЛОС СУРАСИНИНГ УЧ ФАЗИЛАТИ

9c7bf86c3b363baa5dda07b87a96bb6dИхлос сурасини севганни Аллоҳ ҳам севади

Имом Муслим Оиша онамиздан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир одамни аскарларга бошлиқ қилиб ҳарбий юришга жўнатди. У лашкарга имом бўлиб намоз ўқиб берарди ва ҳар ракатни “Ихлос” сураси билан тугатар эди.

Юришдан қатийшгач, имомнинг бу ишини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб беришди. Расулуллоҳ: “ундан сўрангларчи, нега шундай қиларкин?”—дедилар. Саҳобалар ҳалиги бошлиқдан сўрашди. У: “Чунки Ихлос сураси бу Аллоҳнинг сифатидир. Мен уни ўқишни яхши кўраман”—деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга етказиб қўйинглар, Аллоҳ азза ва жалла ҳам уни яхши кўради”—дедилар. (Имом Муслим /813 ва Бухорий /7375).

Уни севган жаннатий бўлади

Имом Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, мадиналик ансорий саҳобалардан бир киши Қубо масжидида имомлик қиларди. У намозда Фотиҳа сурасидан кейин зам сура ўқишдан олдин ихлос сурасини ўқир ва кейин бошқа сурани зам қилиб рукуъга кетар эди. Бу одатини ҳар намозда ва ҳар ракатда канда қилмас экан.

Намозхонлар унга бу ишини гапиришди. Сен қанақа имомсан, нимага ҳар ракатда Ихлос сурасини зам қилиб, у ҳам етмагандек ортидан яна битта сура зам қиласан?! Ё фақат Ихлосни ўзини зам қил, ёки уни ўқимасдан бошқа сурани зам қил—дейишди.

Имом: “мен бу одатимни тарк қилмайман. Хоҳласаларинг шу, хоҳламасаларинг ўзларингга бошқа имом топиб олинглар”—деди. Қавм ичида ундан кўра Қуръон ва суннатни яхши биладиган бошқаси йўқ эди. Бошқа одамни имомлик қилишига кўнгиллари бўлмади.

Бир куни Қубога Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб қолди. Жамоат ҳалиги имомнинг одатини Ул зотга айтиб беришди. Пайғамбаримиз уни чақириб:

  • Сени ҳар ракатда бир марта “Ихлос” сурасини ўқишга нима мажбур қиляпти?”—деб сўради. У:
  • Эй Аллоҳнинг Расули, мен “Ихлос” сурасини яхши кўраман—деб жавоб берди. Расулуллоҳ:
  • Шу муҳаббатинг сени жаннатга олиб киради! – дедилар. Сунани Термизий /2901

Уни ўқиб юрган бой бўлади

Саҳл ибн Саъд Соъидийдан ривоят қилинди: Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига келиб фақирлик ва турмуш танглигидан шикоят қилди. Унга Расулуллоҳ: “Ҳар қачон уйга кирганингда салом бериб кир. Агар уйда ҳеч ким бўлмаса менга саловат айт ва бир марта ихлос сурасини ўқи”—деб тавсия қилди. У айтилган тавсияга амал қилиб бой бўлиб кетди. Ҳатто қўшниларига ҳам ёрдам қилар даражага етди. Тафсири Қуртубий.

Cирожиддин МУХИДДИНОВ

Сурхондарё вилояти олтинсой тумани  «Саййд Мухиддинхон»

жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *