ТАРИҚАТ ВА ШАРИАТ ФАРҚИ ЁҲУД “АВВАЛ ШАРИАТ СЎНГРА ТАРИҚАТ” ҚОИДАСИ

f3b7859ccdd2d7e0b388a9167e2f3d9a_XLСир эмаски ҳозирги даврда интернет алоқаси кескин равишда ривожланиб бормоқда ва шу билан бир қаторда баъзи ёшларимиз бу имкониятдан тўғри ва унумли фойдаланмасдан турли хил оқим аъзоларига алданиб айниқса тариқат ва шарийат ахкомларидан ва қонун- қоидаларидан  бехабар ҳолда, Аллоҳ  таоло унинг қалбини очиб, ибодат халоватини солиб қўйган, аммо на тариқат илмидан ва на шариат илмидан беҳабар тўғридан-тўғри Тариқат йўлига кириб кетишлари кишини хайратга солади, шунинг учун тариқат ва шариат орасидаги фарқни оз бўлсада эслаб ўтсак яъни қайси бири аввал зарур эканлиги тўғрисида хулоса чиқарсак.

Баъзи бир ўзини аҳли тасаввуфдан санайдиганлар: “Тариқат-ҳақиқатдир, шариат илми зоҳир, шунинг учун ҳамма эътиборни тариқатга қаратмоқ керак”, дейдилар. Баъзилари эса,шариат илми билан машғул кишиларни “адашиб юрганлар”деб айтадилар ва уларга паст назар билан қараб, ҳатто сўрашгани ҳам жирканадилар. Керак бўлса, шариат илми олимлари, яъни фақиҳлар билан тариқат илмининг баъзи бир кишилари орасида ихтилофлар чиқиб, бир-бирларини ҳақорат қилиш даражасига бориб етадилар. Албатта, бошлиқлар орасидаги бу ихтилоф шогирдларга ҳам ўтиши турган гап. Хўш, кимни гапи тўғри экан? Бу саволга жавоб тариқасида тасаввуфнинг илм тарзида шаклланиши бошида турган улкан сўфийлар ҳолига назар солсак. Биринчи табақага мансуб катта сўфийлар ва зоҳидлар шариатнинг барча амрлари ва наҳйларига тўлиқ амал қилар эдилар. Бу ҳақиқатни тасаввуфнинг энг катта душмани бўлган Ибн Таймия ҳам ўзининг “Фатволар китоби”да эътироф этиб, қуйидагиларни ёзган: “Жумҳури салафдан Фузайл ибн Ийз, Иброҳим ибн Адҳам, Абу Сулаймон ад-Дороний, Маъруф ал-Кархий ва бошқа мутақоддимлар, шунингдек, шайх Абдул Қодир, шайх Ҳаммод, шайх Абул Баён каби мутааххирлар агар солик ҳавода учиш, сув устида юриш даражасига етганида ҳам шаръий амр ва наҳйлардан чиқиши мумкинлигини ҳаёлларига ҳам келтирмаганлар. Балки у ҳамма амрларни бажо келтирмоғи, ман қилинган нарсаларни тарк қилмоғи лозимлигини уқтирганлар. Китоб ва Суннат ҳамда салафи солиҳларнинг ижмоъи айни шунга далолат қилади”. Абу Язид ал-Бистомий раҳматуллоҳи алайҳидан қилинган ривоятда қуйидагилар айтилади: “Агар кароматлар берилиб, ҳаттоки, осмонга кўтарилаётган кишини кўрсангиз, то унинг амр ва наҳйни тутганини, чегарада турганини ва шариатни адо этаётганини кўрмагунингизча, унинг билан алданиб қолманг”. Ҳақиқий сўфийлар доимий равишда илм маърифатга, хусусан, шаръий илмларни пухта эгаллашга даъватда бўлганлар.

“Ал-бурҳон ал- муайяд” китобида зикр қилинишича, тасаввуфнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири бўлмиш шайх Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни айтган: “Сизлар: “Ҳорис айтди, Абу Язид деди, Ҳаллож гапирди”, дейсизлар. Бу қандоқ гаплар ўзи? Сизлар: “Шофеъий айтди, Молик айтди, Аҳмад деди, Нўъмон деди”, деб айтинглар. Олдин равшан муомалаларни тўғриланг, сўнгра ортиқча гаплар билан ҳузурланманг.Аввал шариат пойдеворларини илм ва амал билан мустаҳкамланг. Ундан сўнг ноаниқ илм аҳкомлари ва амал ҳикматлари ҳақида ҳиммат кўрсатинг. Бир соатлик илм мажлиси етмиш йиллик ибодатдан афзалдир, яъни фарзлар устига зиёда қилинган ва киши илмсиз равишда қиладиган ибодатлардан. Аллоҳ таоло зинҳор жоҳилни валий қилиб олмайди. Агар кимни валий қилиб оладиган бўлса, унга таълим беради. Валий ҳеч қачон ўз дийни фиқҳида жоҳил бўлмайди. У қандай намоз ўқишни, рўза тутишни, закот беришни ва ҳаж қилишни яхши билади”. Демак бундан маълум бўладики, аввал шариат аҳкомларини яхшилаб ўрганиб, сўнгра тариқат йўлига кирмоқ зарурлиги яққол кўриниб турибди. Дарҳақиқат, аввал шаръий илмни ўрганиб олмаган киши ибодатни ўринлатиб, чиройли ҳолда адо этиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам, катта шайхлар ўзларига қўл бериб ибодатга ўзини бағишламоқчи бўлган кишиларни олдин шаръий илмларни эгаллаб олишга буюрганлар. Минг афсуслар бўлсинким, шайхликни даъво қилувчи кўпгина инсонлар ва муридликни даъво қилувчиларнинг аксарияти шаръий илмлардан бехабар ёки бўлмаса озроқ хабардор бўлганлари учун тасаввуфга ҳам доғ туширганлар ва туширмоқдалар. Шариат билан тариқат орасидаги алоқа иккиси бир-бирини тўлдиради. Улар орасида ихтилоф бўлиши мутлақо мумкин эмас. Агар баъзи бир гаплар чиққан бўлса, икки тарафнинг ўзи ҳам танқид қиладиган, Қуръон ва Суннатдан ташқаридан олинган нарсалар ҳақида бўлиши мумкин. Ушбу мавзуда улуғларимизнинг ўгитлари жуда кўп.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, барчаларимиз ҳам аввало шариат илмини қонун даражасида сўраб, чиройли ҳолатда ўрганиб амал қилиб сўнгра тариқат илмидан етишган комил Пиру устозга қўл берсак мақсадга мувофиқ бўлади. Аммо интернет орқали турли хил гуруҳларга қўшилиб, алданиб, турли миш-миш ва бидъату хурофотларга берилиш, мумкин эмас. Шариатимиз бундан қайтаради, бирликка ва ҳар бир инсон бир мазҳабга эргашишга буюради. Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин, ҳидоятда мустаҳкам қилсин. Жаннатмисол юртимизни турли хил бало-офатлардан, фитналардан Ўзи сақласин. ОМИН! Манбалар асосида

Ш.Мусабоев

“Абу Ҳурайра” жомеъ масжиди имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *